Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тўрт юз йиллик аросат

Тўрт юз йиллик аросат
08 Mart 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1023 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Исломни ким қандай англайди-2

Бизни балолардан тўғри таълим-тарбия – илм-фан ва фойдали ҳунарлар қутқаради. Таълим-тарбия тизими тўғри йўлга солинмас экан, баъзи бир ақли ноқислар ўйлаётганидек, бизни на Россия, на-да Америка ва на-да милярдлаган бойликлар иқтисодий-маънавий инқирозлар комидан олиб чиқа олади. Биз қолган умримизда ҳам чаламуллоларча, “ўзимники тўғри” дея, ўзимизни-ўзимиз алдаб юраверамиз.

Демак, барчаси ўзимизга боғлиқ. Тўрт юз йиллик аросатдан ўзимизни ўзимиз қутқармасак, бизга ҳеч ким ёрдам бера олмайди.

Бу учун биз ишни ота-боболаримизнинг бошини дунёда сарбаланд қилган, уларни илм-фаннинг баъзи бир йўналишларида эришган ютуқлари билан башарият гултожига айлантирган ислом динининг асосоларини ўрганишдан бошламоғимиз керак.

Бизнинг кунлармизда, кўпчилик ислом дини хусусида билиб-билмай гапиради, тушунчаси бўлмагач, ғанимнинг фикри билан мусулмонлар ҳақида хулосалар ясайди.

Сўзимиз бошида таъкидлаганимиздек, зиёлиларимиз орасида бу одат болалаб боряпди. Халқнинг ҳаёт-момотига масъул бўлган зиёлиларнинг Ҳақ ва халқ иродасига қарама-қарши юриши, саводсизлик ва жаҳолатдан бошқа нарса эмас.

Таассуф-ки, бундай кишилар аслида “зиёли” деб аталишлари керак эмас.

Аслида, ислом дини қандай дин ўзи?

Сўзни халқ орасида кенгайиб бораётган мозорларни билиб-билмай зиёрат қилишнинг одобидан бошласак:

Ўлганлардан тирикларга талафот ёки наф етмаслиги ислом ақидаларини тўғри англайдиган ҳар қандай бандага маълум.

Пайғамбарлар ва авлиёлар ҳам Тангрининг ожиз бандалари. Улар азалида инъом этилган бурч ва вазифаларини ўтаб, дорулфанодан дорулбақога рихлат этарканлар, ҳам жисмонан, ҳам руҳан бу дунёдан узиладилар. Дунёда уларнинг амалга оширган ишлари ва ибратлари қолади. Улар ўлиб туриб ҳам, одамлар ҳаётини изга солганларида, Илоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Аллоҳ ягонадир, деган иборанинг бир бурда қотган нонча қадр-қиймати қолмасди.

Туғилмайдиган, туғдирмайдиган, завол топмайдиган, бордан йўқ этадиган, йўқдан бор этадиган буюк Зот – ягона Аллоҳ эканми, демак, қолган барча нарсалар, одам тугул, ой, қуёш, юлдузларнинг вақти-соати етиб таназзулга юз тутиши аён ҳақиқатдир.

Банда қўлидан Аллоҳ хоҳиш-иродасидан ташқарида бирор-бир иш келганда, у ҳеч қачон ўлмасди, қора тупроққа қоришмасди.

Тириклардан ҳам ўзларига, ҳам ўтганларга наф борлиги Яратувчининг синов дунёсида берган имкониятидандир. Бу имконият Қуръони каримни тўғри англашда, Суннатни бекаму кўст бажариб, тариқатдан адашмасликда намоён бўлади. Инсон шу йўл билан ўзини жаҳаннам азобидан қутқаради. Ўтганларнинг хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, ўзлигини англайди. Шамга интилган парвона сингари эзгуликлар касб этиб, Яратганнинг жамолига интилади. Супуриб-сидириб, қабрлар бошида Аллоҳ каломидан қироат этиш – тирикликнинг ақл шамчироғини чархлайди, хотирани ўткирлаштиради. Наслларнинг ўтмишлари билан боғлиқлигининг ўчмас рамзи сифатида авлодларга ибрат намунаси бўлади.

Тириклар ўликларга эмас, ўликлар тирикларга муҳтождирлар. Ўтганларни яхшилик билан эслаб, дуо этиш уларнинг гуноҳларини кесиб, савобларини оширади.

Яхши амаллар икки дунёда ўлмайди. Ҳеч бир иш жавобсиз қолмайди.

Имон билан яшаган кимса яхшиликка интилади, Аллоҳ азобидан қўрқади, ёмонликка ботинолмайди. Хиёнатдан, ноҳақ одам ўлдиришдан, порахўрликдан, ёлғончиликдан, ҳасадгўйликдан, иғвогарлик ва риёдан қочади. У Тангри ҳаммасини кўриб туришини билади.

Шунинг учун ҳам исломни тўғри англаб, унинг қонун-қоидалари асосида қабристонлар, табаррук қадамжолар зиёрат қилинса, мўмин билиб-билмасдан қиладиган гуноҳидан мосуво бўлгани баробарида, тоат-ибодатга чевриладиган чексиз савобга эришади.

Жазо кунини тан олмаган, Яратганини танимаган жоҳил ҳам ҳаётнинг қисқалигини, ўлимнинг ҳақлигини инкор этолмайди. Шунинг учун у ўлимдан илгари ҳаётдан фойдаланиб қолишга интилади. Ўз қорни ва шаҳвоний нафсининг қулига айланади. Уни дабдабали ҳаёт, шуҳрат ва юзаки обрў қизиқтиради. Шунинг учун Аллоҳга ишонмайдиганлар тугул, дин аҳкомларини чала англаган ислом мулозимлари ҳам шахсий манфаати ва обрўси йўлида ҳар қандай разилликдан қайтмайди. Уларнинг фикрича, чўнтагига ёки шахсиятига нақд фойда келтирмайдиган ҳар қандай одамийлик, эзгулик ва бошқалар ғамини ейиш маъносиз қуруқ сўздир. Улар виждон амри билан Аллоҳнинг розилиги учун ўз ҳаётини камтарликка, меҳнатсеварликка ва хайрихоҳликка бағишлаган кишиларга масхаралаш кўзи билан қарайди. Бундай шахслар ўзгаларнинг ҳам қадр-қимматини бойлиги ва мансабига қараб белгилайди. Унга нафи етмайдиган инсондан ширин сўзини ҳам дариғ тутади.

Одамлардан яширинча қўлидан келган ёвузликни қўллаб, ҳавойи нафсини қондириш учун яшаган разил шахс билан бутун вужудини халққа манфаат етказишга ва умрини покликка бағишлаган кишининг оқибатлари бир хил бўлса, иккиси ҳам ҳиссиз тупроққа айланиб кетаверса, унинг руҳи – жинояти жазосини ва бунинг руҳи – меҳнати роҳатини кўрмай қолаверса, жамиятда ўз нафсининг хилофига ўзгага яхшилик қилиш ва озгина ҳалолга қаноат қилиб ўзини ҳаромдан қайтаришнинг қиймати қолмайди. Диний ахлоқий поклик, ҳалоллик ва виждон тушунчалари ҳеч қандай маъно касб этмайдиган қуруқ сўз бўлиб қолаверади.

Мўминнинг эътиқодича, у беҳуда яшаётгани йўқ, у маълум мақсад учун яратилган. У энг олий мақсад – Аллоҳнинг розилигига эришиш учун, Аллоҳ буюрганидек ўзини бу тайёрлов курсисида ҳақиқий олий ҳаётга тайёрлаш учун яшайди. Мўмин диний эътиқод туфайли динсизлар фойдаланаётган ҳаёт манфаатларидан ҳеч бирини йўқотмайди, балки пок ва ҳалол бўлгани учун улардан кўра лаззатли руҳий ором ва сукунатли ҳаёт кечиради. Динсизлар ва мунофиқлар мўминнинг қалбидаги абадий ҳаётга ишонч лаззатига ва ўзини қуруқ кимёвий моддалар йиғиндиси деб эмас, балки бутун коинот Яратувчиси тарафидан алоҳида аҳамиятга молик бўлган абадий руҳ ва ақл соҳиби деб қадрлай олиш неъматига ҳеч қачон эриша олмайдилар. Аллоҳга ишонмаслик билан киши дунё кулфати ва ташвишига, оғир касалликлар ва хавф-хатарларига чап бериб қололмайди. Мўминнинг мана шу оғир ҳолатларда топа оладиган тасаллийси, руҳий ором ва саботидан шу бахтсизликни ҳам бахтиёр ҳаёт ўрнида ўтказа олиш имкониятидан бу шўрликлар ўзини маҳрум қилгани қолади, холос.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар