Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Васила Иноятова Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев бошчилигида демократик ислоҳотлар ўтказилишига ишонмаслигини билдирди

Васила Иноятова Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев бошчилигида демократик ислоҳотлар ўтказилишига ишонмаслигини билдирди
08 Mart 2017 - 11:42 'да юкланди ва 2025 марта ўқилди.

“Эзгулик” жамиятининг Фарғона вилоят бўлими собиқ раҳбари, Швецияда истиқомат қилаётган Рафиқ Ғаниев Ўзбекистонга киритилмаган. Ғаниев 6 март куни Стокҳолмдан Тошкентга учиб келган. Бироқ Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилган деган сабаб билан чегарадан ўтказилмаган.

“Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятованинг Би-би-сига айтишича, ҳамкасби учиб келаётгани ҳақида унга хабар берган.

“Шифохонада бўлганлигим сабабли кутиб олиш учун ўғлимни юбордим. Ўғлим Рафиқ акани жуда яхши танийди. Аммо Рафиқ ака аэропортдан чиқмаган. У киши билан бирга учиб келган турмуш ўртоғини Ўзбекистонга киритишган”, – дейди Васила Иноятова.

Инсон ҳуқуқлари фаоли вазиятни ўрганиш учун Тошкент халқаро аэропорти паспорт назорати бўлимига борган. У ердаги масъуллар Рафиқ Ғаниев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2015 йили Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинганини ва бу ҳақда инсон ҳуқуқлари фаолининг хабари бўлганлигини айтишган.

“Паспорт назоратига кирсам, улар баённома тузишган экан. Танишиб чиқдим. Унда, фуқаролигим йўқлигини билардим. Балки ўтиб кетарман, деган ниятда келгандим, деб Рафиқ аканинг ва янганинг гапларини ёзиб қўйишибди”, – дейди Васила Иноятова.

“Эзгулик” жамияти фаолининг айтишича, Рафиқ Ғаниев Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев четдаги фуқароларни қайтаришимиз керак, деган гапига ишониб Ўзбекистонга қайтган.

“Тил ва иш бирлиги бўлиши керак. Президент шу гапларни сайловдан олдин гапирди. Президентнинг айтган гаплари билан амалда бир бўлмаётганини кескин қоралайман. Ўзбекистон виртуал порталга ёзиш урф бўлди. Лекин бу шикоятлар 26 йил бу борада ҳеч иш қилмаган одамларнинг қўлига тушаяпти. Уларнинг вазифаси эса ариза ёзган шахсни чақириб, маҳалла орқали босим ўтказиб тушунтирш хати ёзиб олиш билан якунланаяпти, холос”.

Васила Иноятова Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев бошчилигида демократик ислоҳотлар ўтказилишига ишонмаслигини билдирди.

Рафиқ Ғаниев “Эзгулик” жамияти тузишда ва унинг Фарғона вилоят бўлимини юритишда фаол бўлгани айтилади. Ҳозир 63 ёшни қаршилаган Ғаниев 2006 йили Ўзбекистонни тарк этган.

Ватанга қайтиш илинжи

Ўзбекистонни Ислом Каримов бошқарган даврда кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари ва диндорлар таъқиблардан қочиб ватанни тарк этган.

Каримов вафотидан сўнг ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев ўзининг чиқишлари ва халқ дардини тинглаш кераклиги борасидаги гаплари билан четда қочқинлик мақомини олган ўзбекистонликларда умид учқунларини ёққанди.

Айримлар бу борада Шавкат Мирзиёевга виртуал портал орқали мурожаат қилишганини ва Ўзбекистонга қайтиш онлари жуда яқинлигини айтишган эди.

Баъзи мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоллари янги Президентдан ислоҳотлар кутишаётганини ва бу вақт оралиғида Шавкат Мирзиёев томонидан йўл қўйилаётган хато-камчиликлар ҳақида гапирмай туришликни афзал билишини билдиришганди.

Манба: www.bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар