Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Буни Мирзиёев биладими?

Буни Мирзиёев биладими?
08 Mart 2017 - 18:49 'да юкланди ва 2287 марта ўқилди.

Тошкент милицияси ҳеч бир изоҳсиз “Жиззах” кафесига рейд уюштириб¸ юзга яқин одамни ушлаб кетди

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган “Жиззах” кафесига 3 март куни кечқурун итлар билан қўққисдан бостириб кирган милиция ходимлари хўранда ва кафе ходимларининг ҳаммасини автобусга босиб, ички ишлар бўлимига олиб кетган. Олиб кетилган мижозлардан бирининг айтишича, улар тонгга қадар кўчада ушлаб турилган ва турли жарима солингандан сўнг, қўйиб юборилган.

Шикоят

“Жиззах” кафеси бошқарувига алоқадор ходимнинг 8 март куни “Озодлик” радиосига айтишича¸ 3 март кунги кутилмаган милиция рейди кафе мижозлари орасида кучли саросима туғдирган ва кафе фаолиятига жиддий зарар еткизган.

Шу муносабат билан “Жиззах” кафеси директори милиция рейди ва ўз ишчиларининг ноҳақдан жаримага тортилишини ўрганиб чиқиб¸ мижозлар йўқотилгани ортидан етган иқтисодий зарарни қоплашда ëрдам сўраб Президент халқ қабулхонаси ва Бош прокуратурага арз қилмоқчи.

“Мен кафенинг директорини танийман, Жасур деган бир йигит. Ўша куни у милиция ходимларига “нима асосда итлар билан бостириб кирдиларинг, қани текширишга ҳужжатларингни кўрсатинглар” деса ҳам, ҳеч ким қулоқ солмади. Итлар билан ҳамма ёқни искатиб чиқишди. Менимча наркотик излашди, лекин ҳеч нарса топишолмади. Хўранда ва кафе ишчиларини туртиб-суриб автобусга тиқишди. Оддий одамларга ҳам худди ашаддий жиноятчини ушлагандай муомала қилишди. Жарима қилинмаган одам қолмади, ҳисоб. Доимий мижозлар қўрқиб, кафега келмай қўйди, “, деди кафе фаолиятидан яхши хабардор суҳбатдош.

Рейд тафсилотлари

3 март куни кечқурун соат 10 лар атрофида “Жиззах” кафесига уюштирилган рейд пайтида айни кафеда бўлган мижозлардан бири ўзи гувоҳ бўлган кутилмаган “босқин”ни батафсил ҳикоя қилди:

– Биз, хўрандаларни ҳам аямай Исузи автобусига тиқишди. Ички ишлар бўлимида, тонгги соат 5 гача ташқарида, совуқда турдик. Бир йигит нима учун турганини сўраган эди, икки милиция ходими уни уриб изоляторга олиб кириб кетишди. Ҳамманинг паспорти текширилди. Кимнинг паспорти йўқ бўлса¸ изолятор қилинди. Кимни вақтинчалик пропискаси бўлмаса, жаримага тортилди. Водийдан келган бир мактаб директори бор экан. Унинг хизмат сафари гувоҳномаси ҳам бор экан. Ўшани кўрсатувди¸ милиция ходими уни йиртиб ташлади ва энди ҳужжат йўқлигини айтиб¸ жаримага тортди, дейди 3 март кунги рейд гувоҳи.

Рейд маҳали “Жиззах” кафесида овқатланиб ўтирган бошқа бир хўранданинг айтишича¸ тўсатдан бостириб кирган милиция ходимлари кафе директорига ҳам ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган¸ рейд сабаблари ҳақида изоҳ бермаган.

“Оддий одамларга ҳам худди ашаддий жиноятчини ушлагандай муомала қилишди. Менинг паспортим бўлса ҳам Тошкентда прописканг йўқ экан деб, жарима қилишди. Жарима қилинмаган одам қолмади, ҳисоб”, деди кафе мижозларидан яна бири.

Милиция тасдиқлади

Чилонзор тумани Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, 3 март куни шундай рейд бўлгани ва “Жиззах” кафеси мижоз ва ишчиларининг ўша тунда милиция бўлимига олиб келинганини тасдиқлади.

«Бизда фақат кечаси ишлайдиган «Манзил-6» гуруҳи бор. Улар Исузи автобусида тунги навбатчиликка чиқишади. Асосий вазифаси – ҳужжатсиз юрган фуқароларни ушлаб олиб келиш ва жаримага тортиш. Лекин нима сабабдан “Жиззах” кафесига боришган, буни билмайман. Балки бирор сигнал тушгандир», деди мулозим.

Тошкент шаҳар милициясида ишлаган собиқ зобит суҳбатда бу тадбирнинг милиционерларга солинган жарима планини бажариш учун уюштирилган бўлишини тахмин қилади.

“Тошкент шаҳрида ишлайдиган милиция ходимларига солинган жарима плани бор. Менинг, эшитишимча, ҳар бир ходим 4 миллион сўмлик жарима манбаи топиб келиши керак. Бу режа бажарилмай қолган ва Чилонзор тумани ИИБ бюджет олдидаги қарздорлигини ёпиш учун шундай тадбир олган бўлиши мумкин”, деди собиқ ички ишлар зобити.

Ҳозирча бундай рейднинг қайси асосда уюштирилганига оид расмий маълумотга эга эмас.

Мирзиёев тадбиркорлик субъектларини текширишни деярли тақиқлади¸ аммо…

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони га асосан, 2017 йил 1 январидан тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишнинг барча кўринишлари тақиқланди.

Бозорлардаги савдогарлар¸ қолаверса¸ каттаю кичик бизнес субъектлари йиллар давомида “қора маскалилар” деб аталган сирли гуруҳ босқинига учраб келган Ўзбекистонда бу фармон тадбиркорларни назорат тизимлари бедодлигидан қутқариш чораси сифатида кўрилган эди.

Аммо Шавкат Мирзиёевнинг ўзи прокуроратура ходимлари билан 7 январь кунги учрашувда давлат назорат органларининг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашуви давом этаëтганини эътироф қилган эди:

-Тадбиркор йўлига қарши чиқиш давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқишдир. Афсуски, бу борада айтилаётган гаплар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан мансабдор шахслар томонидан тадбиркорларга нисбатан таъмагирлик ҳолатлари ҳали-бери учраб турибди. Бу эса тадбиркорларда ҳақли норозилик уйғотмоқда. Бундай ҳолатларнинг ҳар бири бўйича айбдор шахсларни аниқлаб,сўзсиз жиноий жавобгарликка тортиш шарт, -деган эди Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев прокурорлар билан учрашув¸ қолаверса бошқа йиғинларда ҳам тадбиркорлик фаолиятига тўсқинликлар қўйилиши ишсизликнинг кўпайиши, бунинг ортидан эса жиноятчилик ўсишига сабаб бўлишини таъкидлаган.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Каримов алайхил-лаъна хам бир гап гапириб кейин Унинг тескариси ижро этиларди агар фоидали иш булса. Агар халк зарарига гапирса у хам тезда ижро этиларди! Натижа факат ёмон, халк зарарига ижролар буларди!!!

    08/03/2017 21:10
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар