Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Табиат” деган сўз ўзи “яралмиш” демакдир

“Табиат” деган сўз ўзи “яралмиш” демакдир
09 Mart 2017 - 10:00 'да юкланди ва 1125 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Исломни ким қандай англайди-3

Ислом файласуф шоири Абул-ало ал-Мааррий охиратга ишонмаган фикрсиз кишиларга хитоб қилиб айтади. “Мен охиратга ишончим сабабли дунёда сендан кўра бахтсизроқ яшаётган ерим йўқ. Сендан кўра ҳаётнинг ҳамма имкониятларидан яхшироқ фойдаланиб яшаётганимни кўриб турипсан. Сен охиратга ишонмаганинг учун мендан кўра бахтлироқ бўлиб қолганинг ҳам йўқ. Бу қисқагина умрда ҳам шундай экан, сен айтганингдек ўлим билан қисса тамом бўлса, (сенинг ноқис ақлингча) мен ҳеч нарсага куйганим йўқ. Воқелик менинг ишончимга мувофиқ чиқса, ўлганимдан сўнг иккинчи чин ҳаётимиз бошланиб қолса, сен қаерингни чимчилаб қоласан ва вақт ўтгандан кейин нима ҳам қила оласан?!”

…Ислом – ҳаққоният ва инсонийлик динидир. У поклик, хушхулқлик, ҳаё, инсоф, шижоат, меҳр-оқибат ва ватанпарварлик каби инсоний фазилатларга чақиради. Ислом оқкўнгил, тоза виждонли ҳақиқий инсонни яратишда тарбиянинг икки воситасини қўллайди; илмга асосланган эътиқод ва ибодат.

Илм Аллоҳни танитади.

Киши Аллоҳни билиши илмига яраша бўлади.

Шунинг учун табиат сирларини кашф этган, аниқ фанлардан тўла маълумотга эга бўлган инсофли табиатшунос олимлар Яратувчининг нақадар буюк ақл ва қудрат эгаси эканлигини бошқалардан яхшироқ тушунадилар.

Ибн Сино: “Одам аъзолари илмини ўрганмай туриб киши комил иймонли бўла олмайди”, деган эди.

Ислом биносининг беш рукни (асоси, устуни) бор: 1. Иймон (Ашҳаду ал-ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ), 2. Намоз, 3. Рўза, 4. Закот, 5. Ҳаж.

Иймон. Етти нарсага шубҳасиз ишониш билан киши ислом сафига киради.

Булар: Аллоҳга, фаришталарга, пайғамбарларга, самовий китобларга, қайта тирилишга, охират ҳаётига, тақдирга ишонишдир.

1. Етук ҳикмат ва ўзгармас қонуният асосида қурилган олам ва унинг ичида ҳар бири алоҳида олам бўлган инсонни яратган азалий ва абадий зот – Аллоҳга ишониш.

Бу гўзал мутаносиб табиат шундай қонунли ва ҳикматли бўлиб, ўз-ўзидан тасодифан мавжуд бўлиб қолиши ақлга сиғмайдиган афсона. Дарвоқе, “табиат” деган сўз ўзи “яралмиш” демакдир.

Ер юзидаги барча тирик мавжудот кислород ютиб, карбонад ангидрид чиқаради. Бундан ташқари, ёнувчи двигателли техникалар, заводлар – ҳаммаси ёниш учун кислород сарфлайди. Бир одам бир кеча-кундузда 1,6 кг кислород ютади. Ер атмасферасида эса ҳаммаси бўлиб фақат 15. 000. 000. 000. 000. 000 тонна кислород бор. Бу тақдирда, олимларнинг ҳисоб-китобига қараганда, 300–400 минг йил ичида кислород охирги қатрасигача қолмай тугаши керак эди. Лекин табиатни яратган, унда жонли мавжудотлар яшашини ирода қилган доно Зот кислород етказиб бериши учун ўсимликлар дунёсини яратди. Ўсимликлар табиатни булғовчи корбонат ангидрид газини ютиб, бир йилда 18 миллиард тонна тоза кислород ишлаб чиқаради. Бу эса тирик мавжудот ва техника сарф қиладиган кислороддан бир неча баробар ортиқ.

Ё Аллоҳ! Наҳотки ўсимликлар ўзларича тасодиф билан кислород чиқарса, улар ҳам кислород ютадиган бўлишлари мумкин эди-ку?

Наҳотки, истеъмолчилар талабидан ортиқчаси билан ишлаб чиқариши ҳам тасодиф бўлса, ҳисоб-китобдан хабарсиз ўсимликлар олами озроқ кислород чиқариб қўйиши ҳам мумкин эди-ку?

Шунинг учун Шайх Саъдий бундай деган экан,

Дарахтларнинг кўм-кўк япроқлари ҳар
Оқилга Худони танитур дафтар.

Нарса кўзга кўринмас бўлганидан унинг йўқлиги тушунилмайди, масалан, симда электр қуввати борлигини чироқни ёритганидан биламиз. Кўринмас ҳавонинг борлигини ҳаводан нафас олаётган жондор ҳеч бир инкор этолмайди. Шунингдек, инсон кўзи идрок этолмайдиган, фақат ақл ва илм билангина билинадиган зарурий Аллоҳнинг мавжудлигини унинг асари бўлган мўъжиза табиатдан ва ажойиботларда борлик табиатдан устун турадиган одамзоднинг борлигидан биламиз.

Файласуф шоир Мирзо Бедил айтади:

Худонинг борлиги исбот этиш номусидан покдир.
Чироқ ё шам билан излаб топилур нарсамас офтоб.

Табииёт фанларидан маълумотга эга бўлган баъзи фикри саёзроқ кишилар табиатдаги қонуният ва сабаб-оқибатликни кўриб, уни ташқаридан идора этувчи кучга ҳожатини сеза олмай қоладилар. Ер ўзи ўқи атрофида айланишидан кун ва тун алманишинишини, қуёшнинг атрофини айланиб чиқишидан фасллар ўзгаришини билиб олиши билан шошилиб, уни шу тартибда ясаган ва унга айланиш қувватини бераётган Яратувчини инкор эта бошлайди. Мустақил, ўз ақли билан олам қандай қилиб мана шу қадар интизом ва тадбир билан қурилиб қолгани ва ишлаётганини фикр қилиб кўрмайди.

Тўғри, автомабил маълум қонунларга кўра, яъни иссиқлик қуввати поршенларни ҳаракатлантириши ва улар узатгич орқали ғилдиракларни айлантириши қонунига асосланиб юраверади, ёқилғи ва иссиқлик, поршен, узатгич ва ғилдиракларни ана шу қонундан фойдалана оладиган тартибда жойлаштириш ва ясаш учун қанча-қанча конструкторлар бош қотиради, тинимсиз меҳнат қилади, яна ҳаракатга келиши ва давомли ишлаши учун уни ҳайдовчи идора этиши лозим.

Бепоён коинот механизмини, мўъжиза одамни айтмай қўя қолайлик, балки энг майда чумоли ҳам ҳозирги энг зўр техникадан минг бор мураккаброқ ва ҳайратланарлироқ эмасми?! Наҳотки борлиқ ўз-ўзидан, тасодифан ёки аста-секин ривожланиб шундай бўлиб қолган деган сафсатани ақлингиз кўтарса?!

2. Олам жумласидан бўлган кўзга кўринмас, илоҳий мавжудот – фаришталар борлигига ишониш. Улар Аллоҳнинг ҳукмини бузмайдиган, итоатли, ибодатли ва ўзларига белгиланган вазифаларни сўзсиз бажарувчи мавжудотлардир.

Билиш керакки, мусулмон, албатта, “Ла илаҳа иллаллоҳи Муҳаммадур росулуллоҳ”ни тили билан айтиб, дили билан тасдиқлаган ва Қуръони каримни Аллоҳнинг китоби деб тан олган кишидир.

Қуръони каримни Аллоҳ таолодан Муҳаммад алайҳис-саломга Жаброил олиб келган.

Жаброил малакдир. Малоикалар нурдан яратилган махлуқлардир. Инсонга ўхшамайдилар, улар емайдилар ва ичмайдилар, уйланмайдилар ва туғилмайдилар. Улар доимо Аллоҳга ибодат қиладилар, Аллоҳ буюрган ишларни бажаришда Аллоҳга итоатсизлик қилмайдилар.

Улар ер ва осмондалар, лекин биз уларни кўрмаймиз.

Малоикалар чиройли суратда шакллана олиш хусусиятига эгалар. Ўша суратларда уларни кўриш мумкин. Жаноб Расулуллоҳга Жаброил алайҳис-салом бир киши суратида келар эдилар. Гоҳо бошқа суратда ҳам келар эдилар.

Кишиларнинг яхши ва ёмонлигини ёзиб борувчи кузатиш фаришталари ҳам бор. Яхшиликларни ёзувчи фариштанинг номи Роқиб ва ёмонликларни ёзиб борувчисининг исми эса Отид. Улардан бошқа фаришталар ҳам кўп. Аллоҳнинг ҳузурида даражаси катта бўлган тўрт малоика бордир: Жаброил, Азроил, Микоил, Исрофил.

Уларнинг исмлари ҳамда сифатлари Қуръони карим ва пайғамбаримиз ҳадисларида келган.

Қуръонда келган ҳар бир нарсага ва пайғамбаримизнинг айтган сўзларига рост деб ишонишимиз шартдир. Фаришталар бор деб имон келтириш – ғойибга имон келтиришдир, чунки улар бизнинг кўзимиздан ғойибдирлар. Биз учун Аллоҳ ва унинг Расулидан эшитган нарсага ишониш фарздир.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар