Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркистон донишмандлари

Туркистон донишмандлари
10 Mart 2017 - 8:00 'да юкланди ва 745 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(61)

ТУРКИСТОН ДОНИШМАНДЛАРИ

Ақлий ва фанний илмларға китоб тасниф қилган мусулмон уламо ва ҳукамолари ниҳоят кўпдур. Инчунин, Туркистон музофотиға ўсуб шаръий ва ақлий илмларға китоб тасниф қилган ниҳоят машҳур уламоларни адади неча юздан ўтадур.

Бу китобимиз ақлий ва фанний илмларға тааллуқ учун ақлий ва фанний илмларға китоб тасниф қилган ва ниҳоят машҳур Туркистоний уламо ва ҳукамо ва муаррих мусаннифларни* мунда ёзармизки, ушбудур. Агарда ақлий ва нақлий илмларға китоб тасниф қилган Туркистон уламоларини ҳаммасини аҳволи ва таснифотини ёзмоқ лозим бўлса, ушбу китобимиздан ҳам каттароқ бир китоб тайёрламоқ керак бўладур.

Шайх ур-раис Ибн Сино. Бу Али луғат, мантиқ, жуғрофия, мусиқа, ахлоқ, кимё, абтоли аҳкоми нужум, табиат, мофуқ ат-табиат, ҳикмат, тиб, расад, нужум, илми наботот, илми тавҳидға юздан зиёда китоб тасниф қилгандурки, мусулмон ҳукамоларини аввалидур. Аксар китоби Оврупо тиллариға таржима бўлган ва фарангийлар Ависин атайдурлар. Вафоти 428 санағадур.

Абу Наср Фаробий замонидаги барча тилларни билар эканки, «қонун» деган асбоби тағаннийни* ижод қилиб экан. Барча тасниф қилган китоби 80 қадар. Ва илми тавҳид, фиқҳ, мусиқий, риёзий, ҳайъат*, мантиқ, ҳикмат илмлариға таснифоти бор. Вафоти 339 санағадур.

Хожа Фахриддин — ҳикмат, тиб, фалакиёт, ҳайъатға таснифоти бор, вафоти 868 санаға.

Ҳаким Азрақий Марвий — ҳикмат, тиб, шеърға. Бадриддин Самарқандий — тибға. Нажибиддин Самарқандий — тибға. Абдураҳмон Хоразмий — ҳозирги настаълиқ хатни ижод қилган, вафоти 9-асри ҳижрияға. Абу Язид Балхий — тиб, ҳикмат, ташриҳға*. Абдураҳмон Марвозин — ҳайъат, тиб, ҳикматға. Абдураззоқ Ҳиротий — тарихға, вафоти 887 санаға. Абу Иброҳим Гургоний — тибға, 531 санаға. Шариф Хоразмий — тибға, Аҳмад бин Табиб Сарахсий — тиб, мантиқ, жуғрофия, тарих, ҳикмат, мусиқи, илми тавҳид, фалакиёт, илми жабрға, вафоти 283 санаға, барча таснифоти 50 қадар.

Абу Машъар Балхий — ҳайъат, нужумға, ўндан зиёда таснифи бор ва илми ҳадисға шуғли кўп экан, вафоти 286 санаға. Абу Жаъфар Хоразмий — юнон тилиға моҳир, нужум, илми жабр, жуғрофия, ҳикмат, ҳайъатға таснифи бор. Аҳмад Фарғоний — ҳайъат, нужумға таснифоти борки, лотин тилиға таржима бўлгон, вафоти 226 санаға. Муҳаммад Чағминий Бухорий — ҳайъатға, мўътабар китоби бордур.

Али Қушчи Самарқандий — ҳайъат, жуғрофия, сарф, ҳисобға таснифоти бор, вафоти 879 санаға. Шамсиддин Самарқандий ҳандаса, риёзияға таснифоти бор, вафоти 600 санаға. Мирзо Улуғбек Қўрагоний Самарқандий — ҳайъат, нужумға гўё мужтаҳид экан. Самарқандға расадхона бино қилди. Зиж китобини тасниф қилганки, фаранг тиллариға таржима бўлган, вафоти 853 санаға. Муҳаммад Хўжандий —ҳайъат, нужум уламосидан ва устурлоб истеъмол қилингандур. Али бишни Можур ва ўғли Ҳасан — ҳайъатға таснифоти бор. Абдуллоҳ Фарғоний — ҳайъат, риёзий уламосидандур. Абу Райҳои Хоразмий — юнон, ҳинд тилиға моҳир, 40 сана саёҳат қилиб, тарих, жуғрофия, нужум, фалакиёт, тиб, тарихи табиий, ҳайъатға 26 мужаллад китоб тасниф қилгон ва бир нечаси фарангий тилиға таржима бўлган, вафоти 430 санага.

Ғиёсиддин Самарқандий — риёзий илмиға моҳир эди. Ғиёсиддин Муҳаммад Ҳиротий — тарихга таснифи бор, вафоти 942 санаға. Муҳаммад Фарғоний — тарихга таснифи бор. Ҳофизи Абрў Ҳиротий — тарихга таснифи бор, вафоти 834 санаға. Абу Саид Самъоний — 30 жилд тарихга таснифи бор, вафоти 562 санаға. Абдураззоқ Самарқандий — жуғрофияға таснифи бор. Мир Абдулкарим Бухорий — тарихга таснифи борки, фарангиға таржима бўлгандур.

Булардан бошқа ақлий илмларға китоб тасниф қилган бир неча Туркистоний донишмандларни тарих ва таржимаи ҳол китоблариға кўриладур. Ушбу маҳалға шу юқориға баён бўлганлар ила иктифо* қилдук. «Қомус ул-аълом»[1] («Илмларнинг денгизи») ва«Туркистон уламоси»[2] рисоласидан мухтасар нақл қилинди.

(Давоми бор)

*
Мусанниф – китоб тузувчи
Тағанний – нағма  
Ҳайъат – астрономия
Ташриҳ – анотомия
Иктифо – кифоя

[1] Ш. Сомий (1850—1904) 1888—80 йилларда Истанбулда нашр этган 6 жилдлик қомус.
[2] И. Гаспрали (1851—1914) асари.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар