Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Билмайман, фолбин ҳам билмайди…

Билмайман, фолбин ҳам билмайди…
10 Mart 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1222 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Исломни ким қандай англайди-4

3. Аллоҳ инсониятга ҳақиқат йўлини кўрсатиш учун қадим замонлардан бошлаб ўзлари ичидан бирини воситачиликка танлаб келган ва уларга фаришталар орқали илм ва маърифат илҳом қилган. Улар “расул” ёки “пайғамбар” деб аталадилар. Уларнинг энг охиргиси 570–632 йиллар мобайнида яшаб, Аллоҳ тарафидан топширилган шарафли вазифани мукаммал ўтаган Ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васалламдир.

Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васаллам ақл ва ахлоқда баркамол, маънавий дунёси гўзал бир зот эди. У кишининг муборак сўзларидан намуналар:

  • “Инсонийлик ва маънавий гўзалликни камолга етказиш учун Аллоҳ мени инсониятга юборди. Ибодатларнинг энг афзали бир иймонли кишининг қалбига хурсандчилик солишдир”.
  • “Ўзинг учун яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўрмагунингча мусулмон бўла олмайсан”.
  • “Тили ва қўлидан бировга зарари етмайдиган кишигина мусулмондир”.
  • “Илм ўрганиш ҳар бир эркак, аёл мусулмон устидаги вазифасидир”.
  • “Бешикдан қабргача илм изла”.

4. Аллоҳнинг фаришталар орқали ўз пайғамбарларига жўнатган китобларига ишониш, хусусан, бизнинг муаллим пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васалламга нозил этилган Қуръони Каримни – Аллоҳнинг муқаддас китоби деб ишониш. Қуръони Каримда одам фарзандларига бу дунё ва охиратда зарур бўлган ўгитлар; аввал замондаги пайғамбарлар қиссалари, ҳар турли фойдали ваъзу насиҳатлар, дуо ва ибодат қилиш йўллари, дунёда қай тариқа умр ўтказмоқ низомлари ва турли шариат аҳкомлари келгандир.

Қуръон қиссалари катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бир бутун ибратлар занжиридир. Қуръоннинг асосий қисмини Яратувчини яралмишга танитувчи оятлар ташкил қилади. Қуръон ер, осмон, қуёш, тоғу тошлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар, хуллас, ташқаридан бир доно ақлли куч идора қилиб турганини кўрсатувчи гўзал ва бепоён табиатни ўрганишга, борлиқ ҳақида фикр юритишга чақиради.

5. Қайта тирилишга ишониш. Албатта бир томчи сувдан шу қадар мураккаб аъзоларга эга бўлган танани яратган Аллоҳга чириган, тупроққа айланган жасадни янгилаш – қайта руҳ индириш мушкул бир иш эмас.

Одамнинг энг олий аъзоси бўлган бурунни олиб кўрайлик.
Бу бир оддий гўшт. Лекин у қандай қилиб ҳид сезади, буни фан ҳали аниқлай олгани йўқ, ҳолбуки, ҳид ўзи нима, деган савол ҳам ҳануз жавобсиз қолмоқда. Одамнинг асл хамиртуриши бўлган томчи сувда на гўшт, на суякдан асар бор эди. Ундан ҳар бир аъзоси минглаб академиклар, профессорларнинг бошини қотираётган мўъжиза – одамни яратган Зотга унинг чириган суяклари ва тўзиган тупроқларидан қайта ясаш ҳеч иш эмас.
6. Инсоннинг ҳаёти иккига бўлинади: ишлаш ва имтиҳон дунёсидаги қисқа ҳаёти ҳамда жазо ва мукофот уйидаги абадий ҳаёти.

Жаннат – ҳаётини Яратувчининг розилигини истаб, унинг фармонига итоаткорлик билан ўтказган софдил, хайрихоҳ кишиларнинг яшайдиган ҳақиқий ватанидир.

Дўзах – бебаҳо умрини нафсига қулчиликда ўтказган, ҳаёт ҳақиқатини тушунмаган жоҳилларнинг абадий жазоланадиган жойи.

Инсон туғилганидан бошлаб ўтган ҳар дақиқа – унинг умр биносини бир чеккасидан бузишга бошлайди ва тугаш тарафига яқинлаштиради. Умр муҳлати битгач, ўтган ҳар қанча узун ҳаёти унга бир нафасда ўтгандек ёки ялт этиб чақмоқ чақнаб кетгандек туюлади.

Умр муддати инсон ихтиёрига вақтинча берилган катта сармоядир.

Ақлли кишилар шошилиб, тадбиркорлик билан бу умр сармоясидан фойда ундириб қоладилар. Улар умрларини Яратувчининг маърифати ва муҳаббатига, эзгулик ва хайрихоҳликка, ўзини комил инсон қилишга сарфлайдилар.
Аллоҳ розилигини топиш учун қилинган ҳар бир эзгулик зое кетмайди.

Улар синов муддатини ўтаб боришлари билан, ўзларидан илгари бориб турган амаллари савобига жаннат саройларидан сотиб оладилар.

Нодонлар умр сармоясини туганмас деб ўйлашади; улар бу умр сармоясини беъмани маишатга, нафс-ҳавога сарфлашади, фойда чиқариш у ёқда турсин, сармоя эгаси олдига қуруқ қўл билан боради ва қандай жазога ҳукм қилишини кутишдан бошқа чора тополмай туради.

Жаннат Аллоҳнинг ясатилган зиёфатхонаси, унга ўзини разолатдан тозалаган покиза кишиларгина киритилади. Ҳаёт ҳаммомидан ўзини шайтоний нафс ва кибрдан, худбинлик ва худпарастлик кирлигидан тозаламай чиққан кишиларга бу зиёфатхонага киришга йўл йўқ!

Шу маънода Навоий:

Камол эт касбким, олам уйидин
Сенга фарз ўлмагай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмоқ, биайниҳ,
Эрур ҳаммомдан нопок чиқмоқ,

дейди.

7. Тақдирга ишониш.

Тақдир ўлчов маъносидадир.

Аллоҳ бутун борлиқни муайян ўлчов ва қонуният асосида яратган.

Оламдаги барча ўзгаришлар, ҳодисалар Яратувчи асос солган қонунга, ўлчовга мувофиқ бўлади. Тақдир ва ихтиёр мазкур қонунлар мажмуаси доирасида фаолият кўрсатади. Оқибатларнинг ижобий ёки салбий тус олиши, тақдир ва ихтиёр соҳибининг не қадар илоҳий қонунлар билан уйғун ҳаракатланишига боғлиқ. Қонунларга терслик кўрсатилган ўринларда терслик, ҳамоҳанглик мавжуд ўринларда омад ва илгарига силжиш рўй беради.

Аллоҳ яратган муайян қонунлардан ташқарида на қуёш ва ой, на-да инсон ҳаракатлана олади. Аллоҳнинг ирод қилганидан ташқарида мавҳумод ҳукм суради. Бу – йўқлик деганидир. Йўқликни на хаёлда гавдалантириб бўлади, на-да тасаввур қилиб бўлади.

Жарроҳ беморнинг қорнини ёраётганини кўрган жоҳил одам уни жаллод деб ўйлайди. Бу заҳматнинг остидаги ҳикматни тушунмайди. Шунга ўхшаш, инсоннинг бошига тушган мусибатлар: ўлим, касаллик, очлик, муҳтожлик – барчаси остида биз билмаган ҳикматлар яширингандир.

Агар касаллик бўлмаганда эди, киши соғлиқ, хотиржамлик қадрини билмаган бўларди.

Аллоҳ ақл ва ихтиёр бериб ёмонликни яхшилик билан қайтаришга, очликни овқатланиш билан, касални даволаниш, камбағалликни ишлаш билан даф қилишга буюрган.

Барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ асос солган қонуният ўлчовидан ташқари эмас деб ишониш иймоннинг ажралмас бир қисмидир.

Тақдирга ишонган киши мусибатларда ўзини йўқотмайди. Аллоҳдан савоб умид қилиб, нажот йўлини излайди, ютуқлар олдида эсанкираб қолмайди. Тақдирга ишонч мўминга сабот, олға интилиш, қўрқмаслик ва қалбига бошқа йўл билан етиб бўлмайдиган лаззатли ором бағишлайди.

Оламда ҳеч иш пала-партиш эмас экан, демак, ифлос, разилона ҳаракатлари оқибатидан яна яхшилик кутиш ёки қилган яхши амалларнинг зое кетишидан умидсизланиш тақдир эътиқодига бутунлай хилофлиги ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак!

Билмайман, фолбин ҳам билмайди асло,
Қазою қадар не ҳунар қилишин.
Лекин мен қўрқмасдан айта оламан,
Бир сўзни, бу сўзга имоним бутун.
Ким – эзгулик бўлса иши, мақсади,
Фалакдан эзгулик келиши тайин,

деган экан машойихлардан бири.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васаллам “дин покликдир” дейдилар.

Ислом – киши маънавий дунёсини инсонийликка номуносиб бўлган барча қабоҳат ва разолатлардан пок тутувчи беназир восита бўлиш билан бирга бадан соғлиги учун тозаликка ҳам катта аҳамият беради. Чунки бадан тозаланмагунча кўнгил равшан бўлмайди, хира кўнгил эзгулик ҳис-туйғуларидан маҳрумдир. Шундай экан, бизлар ҳар сонияда ҳам маънан, ҳам жисмонан покланиб туришга руҳиятимизни мосламасак, охират кунида бўладиган катта маъракага ҳақиқий тайёргарлик билан бора олмаймиз.

Инсон ҳаёти ҳайқириб оқгувчи бир дарё бўлса, мана шу дарёнинг икки қирғоғининг бирида эзгулик соҳили, иккинчисида жоҳилият соҳили қўним топган.

Умр дарёси одамизод яралган кундан буён ҳар икки соҳил орасида талош бўлиб келади.

Эҳтиёж сувига айланган жоҳилият баъзида дарёнинг ўзанини оқаваларга тўлдириб, лойқалатиб оқса, баъзида маънавият гултожи бўлмиш маърифат чиркинликлар билан тўйинган лойқаларни ўз йўлидан супуриб ташлаб, жаннатнинг зилол сувидек зумратланиб оқишни бошлайди.

Бир-бирларининг тирикликларини таъминлаб турувчи бу икки унсур инсонийлик жамияти тараққиёти учун ўта муҳим омил бўлиб, уларнинг бир-бирларига нисбатан чуқур зиддиятлари мусобақаси кимошди савдосидаги сингари авж олиб турмаганда, ақл ва идрок таназзулга учраб, одамийлик кўчаларини ёввойи ўтлар босган бўларди.

Кўпгина жамиятларда узоқ йиллардан буён жоҳилият соҳилларини маърифатпарварлик соҳиллари ўз назорати остида сақлаб келаётган бўлса, бизнинг жамиятларда маърифатпарварлик соҳилларини жоҳилият соҳиллари ўз таъсирида ушлаб келади.

Маърифатпарварлик хислатлари ҳукмронлик қиладиган жамиятларда халқ вакиллари – зиёлилар, раҳнамолар ва раҳбарларнинг кўз қарашлари нисбатан шаффоф, ўзлаштирган билимлари асосли ва ниятлари холис, ўзлари бир-бирлари билан яқин маслакдош, ҳамкор бўлганлари учун ҳам натижалар кўпроқ инсонпарварлик ҳосилларини бераётгани сингари, айтганларимизнинг акси бўлган жамиятларда халқ бошида турганларнинг халқнинг орзу-умидларига тескари ҳаракатланиши, албатта, асрлар асносида тескари натижалар бериб келмоқда.

Бу икки ҳолат алоҳида-алоҳида халқларнинг хос ғалабалари ёки мағлубиятлари бўлмай, умуминсониятнинг биргаликдаги қўлга киритган ғалабалари ва муштарак мағлубиятлари эканлигини назаримиздан қочирмаслигимиз зарур…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар