Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мирзиёев буни ҳам билмайди ҳар холда…

Мирзиёев буни ҳам билмайди ҳар холда…
10 Mart 2017 - 18:15 'да юкланди ва 2204 марта ўқилди.

Мирзиёв келгани учун “Тез ёрдам” ҳам тўхтаб қолди, демоқда Бухороликлар

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи бошланиши билан шаҳарга кирувчи автомобил йўллари ёпилди. Шаҳарнинг марказида ҳам автомобил қатнови чекланди. Айрим бухороликлар ҳатто “Тез ёрдам” машиналари ҳам шаҳар марказига қўйилмагани ҳақида айтдилар.

Бухоро шаҳрининг Баҳоваддин маҳалласида истиқомат қиладиган, исми сир қолишини сўраган бемор ватандошлардан бири, соғлиғи ёмонлашиб қолгани сабабли “Тез ёрдам” чақиргани, аммо уларнинг автомобили тўхтатиб қолингани учун, докторлар пиёда келганини айтди:

“Мазам бирдан қочиб, аҳволим оғирлашиб қолди. “Тез ёрдам” чақирдик. Бир соатдан сўнг дўхтирлар ҳаллослаб кириб келишди. “Нега бунча кеч қолдиларинг, бир соатда одам ўлиб қолиши мумкин”, деб норозилик билдирсам, “Э, ака, мошинамизни милисалар ўтказмади, пиёда келяпмиз”, деди. Аввалги президентимиз келганда шундай бўларди, энди ҳам ҳеч нарса ўзгармабди”, деди бухороликлардан бири.

Бухоро шаҳар Шошилинч тиббий ёрдам марказининг ўзини таништирмаган мулозими, “Тез ёрдам” автомобилларининг тўхтатиб қолинганидан хабари йўқлигини айтди:

“Бизга бундай хабар келгани йўқ. Балки президент кортежи ўтаётганда 5-10 минут ушланиб қолинган бўлиши мумкин. Лекин шикоят тушгани йўқ”, деди Шошилинч тиббий ёрдам маркази мулозими.

Қоракўл туманидан Бухоро шаҳрига бориш учун йўлга чиққан, аммо машинаси шаҳарга киритилмагани учун қайтиб кетган тадбиркор Акмал Бозоровнинг айтишича, президент келиши муносабати билан вилоят марказига элтувчи йўллар шаҳардан анча берида тўсилган:

“Бухоро маркази ҳозир қамал ҳолатини эслатади. Йўналишдаги автобуслар, маршруткалар бирортаси юрмаяпти. Мен ҳам бир иш билан шаҳарга тушмоқчи эдим. Шаҳарга 10 километр қолганда инспекторлар тўхтатиб, ортга қайтаряпти. Пиёдалар ўтяпти, холос”, деди Акмал Бозоров.

“Озодлик” радиоси билан суҳбатлашган бухоролик Иброҳим ҳам шаҳарда транспорт қатнови чекланганини айтди:

“Вилоят ҳокимлиги атрофидаги йўллар ёпилган. Лекин биз ҳозир бозорга келдик, бу йўл очиқ. Туманлардан келадиган автотранспортлар шаҳарга киритилмаётганини биз ҳам эшитдик”, деди Иброҳим.

Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасига қилган ташрифи чоғида президент оддий одамлар билан учрашгани хабар қилинган эди.

***

10 март куни Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Баҳоуддин Нақшбанд мавзолейини зиёрат қилди.

Бу мақбарани янада ободонлаштиришга топшириқ берган президент, Бухоронинг дунё тамаддуни ва ислом маданиятига қўшган катта улуши ҳақида гапирган ҳамда Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш таклифини киритган.

Президент шу куни Бухоро темир йўл вокзалида бўлиб, йўловчилар учун яратилган шароитлар билан ҳам танишган.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар