Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Комил инсонга ўлим ҳам нажот

Комил инсонга ўлим ҳам нажот
12 Mart 2017 - 10:00 'да юкланди ва 975 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Хатоларнинг такрорланмаслиги ва ғалабалар устоз-шогирдчилик муносабатларидан туғилади.

Устоз кўрмаган кимса арзирли мувафаққиятларга эриша олмайди. Хато устига хатога йўл қўяди. Ҳалол билан ҳаромни фарқламайди. Ҳатто у жиддий нарсалар хусусида фикр юритишга сабот тополмайди.

Абдулхолиқ Ғиждивоний айтганидек, “Аввал дўст, сўнгра йўл излаш лозим”.
 
Тариқатга, яъни йўлга кириш – инсоннинг ўз устидан ҳукмронлигини ўрнатиш дегани.
 
Балким сиз буни англамаётгандирсиз.
 
Устоз топа олмасангиз, яхши дўст изланг, хатоларни камроқ такрорлашга эришасиз. Яхши дўст ўртача устоздан устун туради. Аммо яхши дўст топишдан кўра, бир хуржун олтин топиш осон. Бизнинг замонда олтин топган кимсанинг дўстларидан воз кечиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас!
 
Устоз-шогирдчилик муносабатлари шаклланмаган жамиятларда тарқоқлик, парокандалик ҳукмрон бўлади. Миллат руҳий поракандаликка учраб, мамлакатда маънавий ўпирилиш бошланади.
 
Шу ўринда “Устоз отадан улуғ” иборасига изоҳ бермасак бўлмайди. “Устоз отадек улуғ” деб ҳам айтишади.
Биз буни нотўғри ҳисоблаймиз.
 
Шу боис, сўзимизга Ҳазрат Навоийнинг шеъридан икки мисрани тиргак этсак, иддоаларимиз ишончлироқ чиқади.
Табиат жоҳидин руҳингни қутқарким, хуш эрмасдур,
Қафас қайди аро булбулга бўлмоқ мубтало асру.
 
“Табиат жоҳидан руҳингни қутқарким” деган сўзлар нимани англатади?
 
Ҳар бир одам туғилганда табиатнинг ўзгармас қонунлари асосида дунё юзини кўради. Унинг феъл-атворида бир маромда такрорланадиган қотиб қолган қонунлар мажмуаси мавжуд. Шеърда, муқаддас китобларда келган ва пайғамбарлар орқали инсониятга туширилган илоҳий қонунлар билан феъл-атворга қўшимча ишлов бериш ҳақида сўз боряпти. Фикр замирида таълим-тарбия ётади. Камолот, охир-оқибат, устозлар сайқал берган одоб ва ахлоққа боғланади. Инсон устозлардан таълим-таърбия дарсини олмаса, у руҳини табиат жоҳилликларидан қутқара олмайди. Умри ғафлатда ўтади.
 
Ҳазрат “…хуш эрмасдур”, деганда, берилган имкониятдан фойдаланмаганлардан надомат туяяпти. Фикрини кучайтириб, “Қафас қайди аро булбулга бўлмоқ мубтало асру”, деркан, у устоз кўрган шогирдни жаннат боғларидаги сайроқи булбулга ўхшатади. Уни ортиқ жаҳолатда (қафасда) ушлаб бўлмайди. Жаҳолатга йўғирилган ҳаёт чексиз моддий бойликларга йўл очган бўлса ҳам, яъни (қафас олтин бўлиб, ичида қизил гул битса ҳам) унинг ҳушёр кимса, (булбул) учун танани тирнаб озор бергувчи тиканча ҳам аҳамияти йўқ, дейилмоқда.
 
Комил инсон жоҳилликлардан чекиниб яшайди. Уни жаҳолат ичидаги бойликларга кўмиб, авраб бўлмайди. (Қафасдаги булбулни) “…булбулга бўлмоқ мубтало асру”, ўлим қутқаради.
Ҳазрат Навоий эрксиз ҳаётнинг мис чақача қадр-қиймати йўқлигини, бу йўлда ойдинликка бошловчи зот – устоз эканлигини уқтиради.
 
Шу маънода “Устоз отадан улуғ” иборасида олам-олам маъно борлигини англаймиз. Ҳар қандай ота ҳам фарзандини биологик жиҳатдан дунёга келтиргувчи манба ҳисобланади. Устоз эса шогирдга унинг ўзлигини англатувчи руҳоний “ота”дир.
 
Камдан-кам оталар фарзандларига устозлик этиш бахтига эришадилар. Шу жиҳатдан устозлик юки оталик юкидан оғир. Шунинг учун ҳам “Устоз отадек улуғ” сўзи қулоққа эриш чалинади. Ота фарзанд учун улуғ ва қийматли зот. Аммо таълим-тарбиясиз фарзандлар оталарини танимасликлари ҳам бор гап.
 
Яна оталар аниқ мақсад йўлида фарзандлар дунёга келишига камдан-кам ҳолларда сабабчи бўладилар. Устозлар эса аниқ мақсадни кўзлаб шогирд етиштирадилар. Яхши оталар ҳам аслида яхши устозлардан таълим оладилар. Улар устоз кўрмаганларида, яхши ота бўлолмасдилар. Ҳар қандай одам ота бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай отадан устоз чиқмайди!
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар