Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ташриф, ташвиш ва уркалтак

Ташриф, ташвиш ва уркалтак
12 Mart 2017 - 11:00 'да юкланди ва 1532 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттиз тўққизинчи мақола) 

ТАШРИФ, ТАШВИШ ВА УРКАЛТАК-1

2013 йил 19-август эди. Эрталаб тахминан соат тўққиз яримларда менга ЎзТвда ишлайдиган Мастура опа Фармонова қўнғироқ қилиб радио томонларга бораётганлигини айтди. “Агар вақтингиз бўлса бир учрашсак, сизга айтадиган гапларим бор эди”, деб қолди. Мен эса “бўпти, фақат тушдан кейин келинг”, – дедим. У киши рози бўлди. Овози-оҳанги, гапиришидан бошига бирор бир ташвишли иш тушганлиги шундоқ сезилиб турарди. Тушдан кейин яна телефон қўнғироғи чалинди. Мастура опа келганди. Радио уйи биносининг  иккинчи қаватидаги иш кабинетимга таклиф қилдим. Опа негадир бу бинога киролмаслигини айтди. Шундан сўнг радио ҳудудига яқинроқ бўлган жой-ташқарида гаплашадиган бўлдик.

Ҳурматли ўқувчи, агар эсингизда бўлса, мен А.Ходжаевнинг қилмишу-кирдикорларини фош этувчи билдиришномани президентга ёзганлигим ортидан ЎзМТРКда шов-шув кучайиб кетганлигини илгариги мақолалардан бирида ёзгандим. Ушбу воқеанинг бир учи опага етиб борганлиги боис мен билан кўришиш нияти пайдо бўлганлигини бир ҳамкасбимиз айтганди.

Тушдан сўнг чамаси соат 13.30 ларда ишхонамизни ўраб олган 4-5 метрли баланд темир панжаралардан ташқарида опа билан учрашдик. Битта компанияда ишласак-да, илгари бирон марта ҳамсуҳбат бўлмаганимиз учун бир-биримизни таниб олишимиз бироз мушкулроқ, ўнғайсизроқ кечди. Салом-аликдан сўнг мен дарҳол Фармоновага: “Кечирасиз, сизни ичкарига таклиф қилганимда нега рад этдингиз?” деган мазмундаги саволни бердим. Опа эса менга юзланар экан, шундай деди: (ҳали-ҳали қулоғимнинг остида ушбу жавоб жаранглаб туради) ”Ие, сизнинг хабарингиз йўқ экан-да, мени телерадиокомпания ҳудудига умуман киритишмайди. Бунинг учун рухсат йўқ.”

Нимага? –  ҳайрон бўлдим мен. – Сизда, ахир, ичкарига кириб-чиқишда кўрсатиш мумкин бўлган компаниянинг ҳужжати бор эмасми?” Шу пайт Мастура опа сумкасидан муддати 2014 йилнинг 1 январигача бўлган, бемалол ичкарига киришга рухсат берувчи ҳужжатни чиқариб кўрсатди. “Унда нимага киролмайсиз, опа?” дедим ҳайронлигим ошиб. М.Фармонованинг айтишича, ЎзМТРКнинг раиси-шахсан Алишер Ходжаевнинг топшириғига кўра, унинг ишхонага кириши мутлақо таъқиқлаб қўйган. Хуллас, ишхонага киролмайди. Лекин, 1 ярим икки йилдан буён ишдан ҳам бўшатилгани йўқ экан. Шу вақтдан бери на ойлик маошини ололади ва на ишдан бўшатишиб ҳисоб-китобини, яъни ва на “расчётний”сини беради. Шу аснода анчадан буён сарсон-у саргардон бўлиб юрганлигини изтироб билан гапириб берди. Бу каби қатор ноҳақликлардан шикоят қилиб бормаган идора-ю ташкилотлари қолмапти.  ИИВ, бош прокуратура, МХХ, Вазирлар Маҳкамаси ва энг юқори ташкилот биладиганимиз – президент аппаратигача борибди. Лекин биронтасидан жўяли ва аниқ жавоб ололмапти. Шунинг учун ҳам ҳамкасбим-опа менинг ёнимга ўз дард-у ҳасратларини айтгани ҳамда нажот истаб келган экан. Сабаби, А.Ходжаевнинг кирдикорларини фош этувчи билдиришномамнинг президент девонига юборилганидан сал ўтмасдан хавфсизлик кенгашига МТРК раиси чақиртирилиб, гўёки унинг таноби тортилиб қўйилганлиги билан боғлиқ шов-шувлар урчиб кетганди. Эҳтимол, опа шу боисдан келгандир деган фикр хаёлимдан ўтганди.

Айтганимдай бўлиб чиқди. Опа менга: “Сиз бу раисдан қўрқмасдан ёзганлигингиз ва ёзганларингизнинг таъсири катта бўлганлиги ҳақидаги гапларни баъзи ҳамкасбларимиздан эшитдим. Бундан руҳланганимдан, бор экан-ку тирик одамлар деб келдим”, – деди Фармонова. Аммо у айни пайтнинг ўзида юқорида айтиб ўтилган ташкилотларнинг эшигини тақиллатиб боришдан ҳам қўрқиб қолганлигини яширмади. Айниқса, агар ББС ёки “Озодлик” ёхуд бошқа бирон бир хориж матбуотига интервью берадиган бўлса, ўлдириб юборишларини айтиб қўрқитиб қўйишганлигидан ҳам огоҳ этди.

-Сизга нисбатан бу каби ҳатти-ҳаракатларни ким амалга ошираяпти? – сўрайман опадан. Фармонова: ”Албатта, биринчи навбатда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг режим ва хавфсилик бўлими бўйича раис ўринбосари Баҳром Ўтанов ҳамда унинг ходимлари Фазлиддин Худойқулов, Хуршид Расулов ва ҳоказолар раиснинг бевосита топшириғи асосида худди шундай амалиётлар билан шуғулланмоқда, – деди.

Опа ички бир қўрқув ва изтироб билан хўрсина-хўрсина бу борадаги фикрларини давом эттирди: “Биласизми, булар мени бундан бир ярим ой олдин нима қилишди? Шикоят билан мурожаат қилиб бормаган жойим қолмаганидан ва бу идоралардан ҳеч бир жўяли жавоб бўлмаганидан кейин, ахийри шу хориж матбуотларидан бирига ўз арз-додларимни айтишга имкон бормикин деб, шунга йўл қидириб юрган пайтларимнинг бир кунида бу тўданинг аъзолари мени йўлда уриб-дўппослаб, роса тепишиб, беҳуш қилиб кетишди. Энг даҳшатлиси, дастлабки ҳужумданоқ бўйнимнинг орқа қисмига қўлга кийдириладиган, қўрғошиндан қуйилган махсус мослама-ускуна билан чунонам қаттиқ уришдики… ўша жой чуқур бўлиб ўйилиб қолди. (Худди шу чуқур бўлиб қолган орқа бўйин қисмини кўрсатар экан, ҳам ҳижолатдан, ҳам хўрлик-аламдан опанинг кўзидан сим-сим ёш оқарди.) Ана шу калтаклар зарбидан маматалоқ бўлган жойлар ва олинган жароҳатларни даволатишим учун бир ой вақтим кетди. Шунча муддат ичида зўрға ўзимга келдим. Ҳозир тўғриси, нажотсиз бир кимсага айланиб қолганман. Кўчалардаям юрагимни ҳовучлаб қўрқа-қўрқа юраман. Сиз ҳақингизда бир ҳамкасбимдан суриштиргандим. Шунча, яъни беш нафар фарзандингиз бўлатуриб журъат билан қўрқмасдан бу одамнинг (раиснинг демоқчи) устидан ёзиб, уни қаттиқ силтаганингиз менга қандайдир куч бағишлади ва бу қўрқув бироз орқага чекингандай бўлди. Шунинг учун сиздан бу адолатсизликларга қандай қилиб барҳам беришимиз мумкинлиги борасида бирор бир жўяли маслаҳат-ёрдам сўрамоқчи эдим…”

Шунда Мастура опанинг гапини бўлдим:

– Ҳа, бу шунча жароҳат олган экансиз, “03” (тез ёрдам), “02” (ички ишлар), қолаверса прокуратура ҳамда бошқа органларга мурожаат қилмадингизми? Нима, улар сизга қулоқ тутишмадими? Ҳеч бир ерда бу калтаклаш билан боғлиқ ҳолат-жараён қайд қилинмадими?

Опа деди: “Қаёқда, дейсиз? На “03” ва на “02”да, умуман, ҳеч бир жойдан бу ҳолатга доир қайд қилинган ҳужжатни топа олмайсиз. Ҳеч бир ерда бу ҳақдаги тафсилотларни акс эттирувчи қоғозни ҳеч ким кундуз куни чироқ ёқиб ҳам қўлга кирита олмайдиган даражадаги ўта тубан ва хуфёна эҳтиёти шарт чора-тадбирларни қўллашган. Сабаби бундайин ҳаракатларнинг барчаси олдиндан ёзиб-чизиб берилган махсус режа асосида олиб борилади. Шунинг учун ҳеч бир ташкилот бу ҳолатни қайд этишни ўз бўйнига олмайди. Эртага бир балони орттириб олишдан қаттиқ чўчийди. Нега деганда режим ва хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилган бу каби махфий ишларнинг бирон бир жойдан “ҳиди” чиқиб ошкор этиладиган бўлса, ўша идорами ё муассасагами ўт кетди, шўрига шўрва тўкилди деяверинг. Шу боис ҳам бу борадаги ишлар сир тутилиши аниқ…”

Опанинг гапига қулоқ тутаётиб, шундоқ ёнгинамизда бир қизил кўйлакли киши суҳбатимизни жуда яхши тинглаб турганлиги ва яна сал нарироқда яна бир кимса бизни зимдан кузатаётганлигини пайқаб қолдим. Зотан, сал кузатувчанроқ одам буни яққол сезиши мумкин эди. Ана шунинг учун ҳам Фармоновага бироз нарироқ бориб суҳбатимизни давом эттиришимиз лозимлигини нигоҳим билан “тушунтирдим” ва опа бу имо-ишорамни дарров илғаб олдилар ҳамда шу аснода биз ўша “қулоқ”лардан узоқлашиш чорасини кўрдик.  Шунга қарамасдан, кузатаётганларнинг ҳар иккиси ҳам бўш келмасликка ҳаракат қилди: алланималарни баҳона қилиб бизга яқинлашиб, нима ҳақда сўзлашаётганлигимизни охиригача эшитишга уриниб кўришди. Аммо бунинг уддасидан чиқа олмаганиданми, шу он улар қаёққадир даф бўлгандай бўлди. Шундан сўнг бизнинг суҳбатимиз бемалол давом этди, десам бўлади. Шу орада бир ярим – икки соат вақт ўтиб кетибди.

…Мастура Фармонованинг гапларини тинглаб мен бир нарсага амин бўлдимки, ЎзМТРК раиси Алишер Ходжаев деганлари менинг билганларимдан кўра, даҳшатлироқ ва ваҳшийроқ экан. Чунки бу шахс раис сифатида ўмариш ва қўпоришда телерадиокомпаниянинг узоқ ва яқин тарихида мисли кўрилмаган даражадаги рекордни ўрнатган. Айниқса, бу қутлуғ маънавий даргоҳни исловотхонага айлантириш борасида рекорд даражасини янада “юксакка” олиб чиқиб, уни “янгилаган”.

Бюджет маблағлари ва айниқса, валюта тушумларини талон-тарож қилишнинг шундай усуллари ишлаб чиқилганки, уни фақатгина ҳар қанақанги тулкини ҳам ярим йўлда қолдириб кета оладиганлар амалга ошириши мумкин. Бу борадаги қинғирлик, қароқчиликларни гапираман, ёзаман десангиз китобга сиғмайди. Маиший бузуқликда-ку, ўзининг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосарининг том маънодаги ҳақиқий устози эканлигига шубҳа ҳам қолмади. Бу ҳақдаги далилларга асосланган фикр-мулоҳазаларни баъзи ҳамкасбларимдан эшитиб, рости ёқа ушладим. Бир томондан, энди бунчалик ўпиришлар натижасида қўлга киритилган ва орттирилган ҳаром бойликлардан қурдирилган ҳашаматли саройлардан бир нечтасини жазманларига тортиқ қилишига қараганда, бу раис анча “ҳотамтой” чиқиб қолган кўринади. Ҳали бу нима эмиш?!  Қолганини эшитинг: Ҳаттоки, у, яъни Ходжаев порага чет элдан 400-500 минг фунт-стерлинг турадиган виллани олганлиги ва бу борада соққа ишлашнинг янгича йўналишларини очганлигини ҳамма ҳам билавермаса керак, албатта. МТРК раиси хорижга бориб, пора ўрнида қимматбаҳо вилланинг калитини олган пайтда бу ҳақдаги махфий келишувни фақат шу вилланинг ўзбекистонлик соҳиби ва Ходжаев – иккаласи билган, холос. Аммо чет элдан қайтиб келганидан бироз ўтиб, яъни бир ҳафта ўтмасдан ишдан ҳайдалган бир ходим ўз лавозимига силлиққина тарзда қайта тайинланиши ҳамоно вилла савдоси-ю ва унинг умумий суммаси ҳақидаги маълумотлар бутун миллий телерадиокомпания узра яшин тезлигида тарқалиб кетди…

Биз қамоқхона, яъни ёпиқ зоналардаги уриш-калтаклашлар, қийноқ-зулмлар ҳақида кўп эшитиб, қулоғимиз шунга ўрганиб қолган. Лекин… Мана, ўша зона-қамоқхоналардан ташқарида, бутун аҳоли, халқ, инсонларнинг кўз ўнгида – очиқ жамиятда ҳам исталган-исталмаган одамни, ҳатто табиатан заифа яратилган аёл кишини бемалол уриб-калтаклаб, қийноққа солиб кетишганига нима дейсиз? Боз устига, бу аёл ўғри-каззоб, фоҳиша ё муттаҳам эмас, аксинча, ЎзМТРК раҳбариятининг айни шундай салбий ҳатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлиб қолган, раҳбариятнинг адоғи кўринмаётган кирдикорларига тўла ақли етадиган бир онг – интеллект соҳибасидир! Аёл боши билан қаламнинг қаттиқ нонини еб, кўз нурини тўкиб, тўрт нафар фарзандини ҳалол меҳнати эвазига боқаётган олий маълумотли бир аёл, тележурналист! Қолеверса, жамиятдаги зиё аҳлининг бир вакиласи!

Бўғзингга тиқилаётган аччиқ изтиробни ютиб… ҳайқиргинг келади: бу қадар бедодлик, бу қадар шафқатсизлик ва хўрлик яна қайси жамиятда, қайси мамлакатда бор?!

Кимдир кимлардир тарафидан бир зиёли аёл катта шаҳарда, катта йўл устида шу даражада ваҳшийларча калтакланса-да, лекин бу тубан муштумзўрлар ҳеч қаерда ҳеч кимга жавоб бермаса, жавобгарликка тортилмаса?! Энди айтинг-чи, унда жазони ижро этиш муассасаларидаги вазият билан очиқдаги ҳолатни бир-биридан нечоғлик фарқ қилиши мумкин? Ёки  қатор журналистларга нисбатан шунчалик адолатсиз, ҳатто ваҳшиёна муносабатда бўлаётганлигига қарамай, катта бир мамлакатда ҳеч ким отининг қаншарини қайтаришга журъат этолмаётган Алишер Ходжаев ва унинг гумашталарига ёпиқ зоналардан ташқари ҳудудларни ҳам бирин-кетин “зоналаштириш”дек ақлга сиғмас даражадаги катта ваколат бериб қўйилганми?! Бу даражадаги очиқ ва бетизгин зўровонликни эшитиб, бошқа қандай хулосага келиш мумкин, ахир?…

27.10.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар