Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бир ёлғоннинг тарихи

Бир ёлғоннинг тарихи
13 Mart 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1128 марта ўқилди.

Ҳар бир нарсанинг, ҳатто ёлғоннинг ҳам тарихи бўлади.

Ўзбекистонда «ислом фундаментализми» деган бир ёлғон бор. Унинг тарихи бир ҳақиқат тарихига параллел равишда ёзилди. Ўша ҳақиқат тарихига бир кўз ташлайлик. Ислом Каримов 1991 йил президентлик сайловларида ҳийла ишлатиб, ғалаба қозонганидан кейин, мухолифатни тамоман йўқ қилишга қарор қилди. У биринчи зарбани мухолифатнинг энг фаол қисми бўлган талабалар ҳаракатига урди. 1992 йил 16 январда талабалар ўққа тутилди, иккита ёш шаҳид бўлди, кўпчилиги яраланди.

Бош тарафдан, сайловдан сўнг Ўзбекистондаги мухолиф гуруҳлар ўртасида «бирлашиш» ғояси актуал ҳолга келганди. 1992 йил март ойида амалда бирлашган мухолифатнинг биринчи мажлиси – «демократик форум» бўлиб ўтди.

Бирлашув жараёни ҳукуматнинг қўрқувини икки карра оширди. Мухолифатни тутиб турган учта устун бор эди. Талаба ёшлар ҳаракати, зиёлилар, диндор гуруҳлар. Бу мозаика, бу ранг-баранглик Ғарб ўлкаларида кам кўринадиган ҳодиса, аммо бизники каби эндигина асоратдан қутилган мамлакатлар учун нормал эди.

«Мустақиллик» ғояси талаба учун ҳам, зиёли ва диндор учун ҳам энг долзарб масала эди. Мустақиллик ғоясининг байроқдори эса сиёсий мухолифат эди. Шу боис учта айри-айри гуруҳ мухолифатни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида саҳнага чиқдилар. Бу рангдор ижтимоий платформа, аслида, ҳар қандай сиёсий ҳаракатнинг орзу қилган нарсаси эди. Учта дунёқараш, учта зеҳниятнинг битта сиёсий шамсия остида тўпланиб, олий бир мақсадга йўналиши жамиятларни истиқрорга олиб келади.

Истиқрор эса халқнинг яратиш кучини намоён қилиш учун олтин фурсатдир. Бу куч тўлақонли намоён қилиндими – иқтисодда юксалиш бошланади, бўҳронлар даври тамом бўлади. 1990-92 йилларда Ўзбекистонда шундай истиқрорни қўлга киритиш имкони бор эди. Бу имконни мухолифатчилар юзага келтирди, десак муболаға бўлади. Бу имкон, юқорида айтганимиздек, мустақилликка чиқиш даврининг оний туҳфаси эди. Биз ақли салимни ишга солиб, ундан фойдаланишимиз лозим эди.

Ҳукумат бунга йўл қўймади. Албатта, истиқрорни истамагани учун эмас – ҳукумат ҳам истиқрор истамоқда эди, аммо мухолифатсиз истиқрорни орзу қилаётган эди. Тоталитар давлатларда бўладиган, қабристондаги каби сукунатли истиқрорни.

Тўла ҳукмронлик истиқрорини орзу қилаётганди ҳукумат. Чунки ўша даврнинг сиёсий жиҳатдан энг фаол учта ижтимоий гуруҳи мухолифат тарафида эди ва бу кучларнинг мухолифат билан тўла интеграция бўлишига йўл қўйиб берилса, ҳукуматнинг йиқилиши муқаррар эди. Ҳукумат ўзининг йиқилиши эвазига келадиган истиқрорни ҳеч истамасди. У ўз ҳокимиятини сақлаб қолиши учун қон тўкишга ҳам ҳозир эди. Ҳукуматнинг бу кайфиятини ўша пайтда президент Каримов шу сўзлар билан ифода қилганди:

«Минглаб одамларнинг тинчлиги учун юз-юз эллик боши бузуқнинг бошини тўғрилаб қўйишимиз мумкин».

«Бузуқ бошларни тўғрилаш» кампанияси, юқорида эслатганимиздек, 1992 йил январида бошлаб юборилди. Биринчи зарба мухолифатнинг учта таянчидан бири бўлган талабаларга тушди. Талабалар ўққа тутилди. Энг фаоллари қамоққа олинди, ўқув юртларидан ҳайдалди. Талабалар шаҳарчаси темир панжаралар билан ўраб олинди. Бу талабаларни сиёсий ҳаётдан изоляция қилишнинг мудҳиш рамзи эди. Кейин навбат мухолифатнинг иккинчи таянчи – зиёлиларга келди. Уларга ҳам моддий, ҳам маънавий тарафдан тазйиқ бошланди. Жуда кўплари мансабидан олинди, баъзиларига қарши сохта жиноий ишлар очилди, баъзилари калтакланди, шантаж қилинди, матбуотда номига лой чапланди. Бу тезда ўз таъсирини кўрсатди, жуда кўп зиёлилар мухолифат сафларидан узоқлашдилар.

Мухолифатнинг учинчи таянчи бўлган диндорларга нисбатан тазйиқ янада шиддатлироқ бўлди. Улар ошкора сохта айблар билан бирин-кетин қамала бошлади. Ёки «Исломи ҳизби» лидери Абдулла Ўтаев каби бедарак йўқола бошладилар.

Шуни айтиш керакки, диний гуруҳларнинг ҳаммаси ҳам мухолифат тарафдори эмасдилар: масалан, ўша пайтдаги Ўзбекистон Муфтийси Муҳаммад Юсуфнинг атрофидаги гуруҳ Президентлик сайловларида Каримовга овоз берди. Ёки ўзини «ваҳҳобий» деб атаган гуруҳ ҳам сайловларда мухолифатга қарши овоз берган. Мухолифатни қўллаган диндорларнинг аксарияти диндорлар қатлами марказини ташкил қилган нуфуздан иборат эди.

Бу халқ ичида энг кўп хайрихоҳи бўлган қатлам эди. Агар сайлов холис бўлганида эди, мухолифатга берилган овознинг расмий эълон қилинган рақамдан жуда юксак бўлганини кўрардик ва бунда диндор қатламнинг муҳим ҳиссаси бўлган бўларди. Ўзбекистон ҳукумати 1992 йил бошида диндорларга мухолифатнинг кўмакчиси сифатида қараб, репрессия бошлар экан, ҳали «ислом фундаментализми» терминининг нақадар сеҳрли ибора эканини синаб кўрмаган эди.

Бу иборани айтган заҳот бутун дунё лом-мим дея олмай, жим қолажагини ҳали билмас эди. Буни 1992 йил баҳорига келиб, Намангандаги «Адолат» гуруҳи аъзоларини ҳибсга ола бошлаганда сезиб қолди.

Кўрдики, «ислом фундаментализми» тамғаси билан ҳибсга олинганлар дунёнинг ҳеч бир ерида ҳимоя қилинмайди. Ва бу иборани ҳукумат шундай севиб қолдики, мана, етти йилдир ҳеч оғзидан тушмайди.

Мана, 7 йилдир мўътадил диндорлар ҳам, марказдаги диндорлар ҳам, ҳатто диндорларни ҳимоя қилган демократлар ҳам, ҳатто инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг аъзолари ҳам «фундаменталистлар» деб айблана бошлади. Мана, камина ҳам шу айбланаётганлар ичида. Ҳатто президент Каримов Ўзбекистон телевидениесидан каминани назарда тутиб, «демократ эмиш, демократ ҳам намоз ўқийдими?» деб бақирибди. Президентдан илҳомланган бир мухолифатчи оғайни ҳам кеча «Озодлик» радиосига чиқиб, намоз қилган демократлардан ҳафа бўлиб гапирибди. Бу одамлар атеизмни рад қилган ҳар қандай одамни «фундаменталист» деб аташга тайёрлар. Бу коммунистча агрессив зеҳният. Букрини гўр тузатади, холос.

«Ўзбекистонда ҳеч қандай ислом фундаментализми йўқ. Ислом Каримов фундаментализми бор». Бу гапни етти йил аввал айтган эдим, бугун яна такрорлаяпман. Чунки етти йилдан бери Ўзбекистонда сиёсий ва эътиқод ҳуррияти йўқ. Етти йилдан бери «ислом фундаментализми» баҳонасида мухолифат вакиллари ва оддий диндорлар қамоққа олинмоқда, қийноққа солинмоқда, ўлдирилмоқда.

Бу зулм, зўравонлик халқда режимга қарши нафратни янада кучайтирмоқда ва баъзи инсонлар зулмдан қутулиш чорасини қуролланиш ва жиҳоддан изламоқдалар. Жамиятдаги гуруҳларни радикализм кайфиятига олиб келган нарса ҳукумат ўтказаётган зулмдир.

Бугун ҳукумат Ўзбекистонда халқ норозилигини назорат қилиш учун катта шаҳарлардаги ҳар бир уйга биттадан маҳалла оқсоқоли қўйиб, куну-тун қоровуллаб турибди. Кўчаларда ҳар одимда миршаб, ҳар ўн одимда аскар, ҳар ўттиз одимда КГБчига дуч келасиз. Яъни мамлакат фавқулодда ҳолат эълон қилинган бир минтақа каби, буюк бир фожеани кутаётган бахтсиз бир жамият каби, боши букик турмоқдадир.

(78)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (226-229-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар