Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳийлакор Ходжаевнинг хуружи ёки уркалтак

Ҳийлакор Ходжаевнинг хуружи ёки уркалтак
13 Mart 2017 - 7:00 'да юкланди ва 1195 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(қирқинчи мақола) 

ҲИЙЛАКОР ХОДЖАЕВНИНГ ХУРУЖИ ЁКИ УРКАЛТАК-2

Биз ушбу мақолани бежизга “Уркалтак-2” деб номламадик. Сабаби “ёмоннинг кучи япроққа…” деганларидек, Ходжаев ва у бошлиқ гуруҳнинг хуружи, зўровонлиги иккинчи маротаба ҳам яна шу журналист аёл-Мастура Фармоновага қаратилганлиги бизни ажаблантирмасдан қолмади, албатта. Негаки, бу опахон мен билан учрашиб икки соатча ўз дардларини тўкиб-сочиб бўлганидан кейин ўзи ёзиб қўйган шикоятларининг нусхасини эртаси куни менга олиб келиб беришни ваъда қилиб уйига қайтаётганида, у яна “ноъмаълум” кимсалар томонидан аёвсиз тарзда калтакланган. Уни шу қадар дўппослашганки, калтаклар зарбидан ҳушидан кетиб йиқилган. Бу нохуш ҳодиса “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг орқа томони ва “Ўзбектуризм”нинг олди қисми, яъни икки бино ўртасидан ўтган йўлда содир бўлган. (Бу воқеа тафсилотлари ҳақида 37-чи мақоламизда батафсил маълумот берганмиз.)

Жуда қизиқ ва ҳар қандай кишини бефарқ қодирмайдиган даражадаги  ажабтовур ҳолат: Яъни Ўзтвнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий муҳарририяти муҳаррири Мастура Фармонова иккинчи маротаба обдон калтакланди. Ажабо!? Нега? Нечун бу нохуш ҳолат яна такрорланди? Журналист аёлни шу даражада дўппослатиш кимга, нимага зарур бўлиб қолди? Нима сабабдан аёл киши, бир заифага нисбатан айнан шундай қабиҳ йўл тутилмоқда? Бунинг асл сабаби нимада бўлиши мумкин?…

Тағин бир жиддий жиҳат: Нима учун М.Фармонова мен билан учрашганидан сўнг шунчалик уртўқмоқ остида қолди? Бир аёлга шунчалар азоб бериш ва уни хўрлаш, шу қадар дўппослашнинг боиси не?…

Бундайин фитна-ю буюртмаларнинг ортида фақат бир одам, у ҳам бўлса, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси, МХХ полковниги Алишер Ходжаев турганлигини аксарият ҳамкасбларимиз жуда яхши  билиб туришибди. Сабаби эса маълум: Бу журналист раиснинг ҳақиқий башарасини фош этувчи  кўпгина ўғирликларию қинғирликларидан яхшигина хабардор. Нафақат хабардор, балки ҳаттоки, уни шундайин қинғир ишларга жалб қилиш орқали шерикка айлантирмоқчи бўлганларида у бундайин қабиҳликларга қўл урмаслигини айтиб, воз кечган. Айниқса, А.Ходжаев ва Б.Ўтановларнинг маиший бузуқлиги билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларнинг анча-мунчаси ҳақидаги маълумотларга эгалиги ҳам калтакланишнинг жиддий омилларидан бири бўлса, ажаб эмас. Энг диққатлиси шуки, бу иккала раҳбар – раис ва унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари М.Фармоновадан “уйингизнинг калитини икки-уч соатга бериб туринг” деб сўраганида, у: “мен бундайин ифлос ишларга ўз уйимнинг калитини нега беришим керак, менинг уйим сизларга ишратхона бўлиб қолганми?” дея “қалтис” жавоб қилгани ҳам ана шундай душворликларга сабаб бўлганлиги аниқ. Шунингдек, бу икки маишатбознинг айнан кимларни қаёққа олиб бориши хусусида ҳам опанинг хабардор бўлиб қолганлиги воқеаларнинг янада салбий тус олишини жадаллаштирган ҳамда опанинг бир марта эмас, балки икки маротаба ўласи қилиб калтакланишига омил бўлган.

МТРК раҳбарининг нафақат маишатбозлиги, балки компания ходимларини хорижга жўнатиш, “борди-келди”си билан боғлиқ сохта ҳужжатлар тайёрлаш, рўйхатлар тузиш орқали ҳам кўплаб маротаба валюталарни ўзлаштиришдек қинғирликларига гувоҳ бўлиб қолганлиги ҳам журналист аёлнинг шунчалик жабр-зулм кўришига, оғир изтироблар чекишига жиддий сабаб бўлгани аниқ. Чунки, ўзининг айтишича, М.Фармонова хорижга бориб келмаган бўлса-да, бориб келганлар рўйхатида ўз исми-шарифини кўриб ҳайрон бўлган ва бу масала билан ҳам қизиқиб қолиб, сўраб-суриштириш ортидан асл ҳақиқатнинг тагига етган.

Бундай “нозик” масалани ўрганишга унчалик ҳам қизиқмаслик ҳақида баъзилар маслаҳатгўйлик ҳам қилганлар. Аммо М.Фармонова бу каби чақириқларга қулоқ тутмаган. “Катталарнинг ишига аралашмаслик хусусида”ги ана шундай “доно” маслаҳатларга ўз вақтида қулоқ солмаганлар ва “хаджаевча” “ички тартиб”га амал қилмаганлар не кўйларга солинишини, ҳақиқатни суриштириш қандай оқибатларга олиб келишини бошқаларга-да қаттиқ ибрат сифатида “кўрсатиб қўйиш” учун ҳам  журналист аёлга нисбатан шу қадар зўровонлик очиқ-ошкор, намойишкорона ижро этилганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Янада даҳшатли томони шундаки, Тошкентдай шаҳри азим-пойтахтнинг марказида бир инсон-аёл зоти уч-тўртта эркак томонидан беҳуш этиб йиқитилмагунича ўласи қилиб уриб-тепиб, оёқ-ости қилиб дўппосланади ҳамки, буни биров сўрамайди-сўроқламайди. Бу Ходжаев деганлари хоҳланган одамини истаганича таҳқирласа-да, ҳатто қайта-қайта уриб майиб-мажруҳ қилишга буйруқ бериб, инсонларга руҳий зарба етказилса-да, бу каби қора қилмишлар учун ҳеч ким жавоб бермаса, жавобгарликка тортилмаса… Шунинг баробарида буюртма ила калтакланганларнинг исми-шарифи шифохона маъмурияти томонидан тегишли тарзда рўйхатдан ўтказилиб, қайд этилмагани бу борадаги шубҳа-ю гумонларнинг янада ортишига омил бўлмоқда.

Ҳаттоки, ҳайвон хасталаниб қолган тақдирда ҳам ветеринар врач унинг қандай касалликка йўлиққанлигини кўриб-текшириб рўйхатдан ўтказади. Унга алоҳида касаллик варақаси очади. Лекин минг афсуски, Мастура Фармонова ваҳшийларча калтакланиб беҳуш ҳолатда шифохонага олиб келинса-да, на милиция, на прокуратура, на суд, на МХХ ва на касалхоналарда бу ҳолат қайд этилади. Айнан ўша пайтда бу муассасаларнинг рўйхатга оладиган дафтарлари “ишламай қолади” негадир…

“Нега шундай экан-а?…” деган савол яна-яна ва яна жамият олдида кўндаланг бўлаверади….

Бу дегани – ушбу ҳолат режимнинг зулм машинаси ЎзМТРК узра нақадар даҳшатли тарзда ишга солинаётганлигининг яққол далили дегани эмасми?…

Эътибор қилинг, оддий бир кишининг эмас, кимсан – Ўзбекистон телерадиокомпанияси муҳаррирининг бир эмас, икки маротаба бу қадар калтакланиб-эзғиланиши ҳуқуқ-тартибот органларининг назаридан қолиб кетишини қандай баҳолаш мумкин, ахир? Нима бу бутун бир мамлакатни “зоналаштириш”нинг янгича усулига ўтилаётганлиги ва унинг янада кенгроқ миқёсда оммалаштирилишидан даракми? Ёки МХХ кадри бўлган А.Ходжаевга ўз ходимларини хоҳлаганича таҳқирлаши, хўрлаши учун  шу қадар бемисл даражадаги ҳуқуқ-у ваколатлар берилганми? Бу соҳа ходимлари шунчалик жиловсизми?…

Сабаби, телерадиокомпаниянинг яқин ўтмишига мурожаат қилинадиган бўлса, яқин тарихда ЎзМТРКга раҳбар бўлиб келган бирон бир шахснинг даврида журналистлар бу қадар тубанликнинг қурбони бўлмаган, хўрланмаган. Янада хатарлиси, улар ҳеч қачон ҳеч вақт очиқ жойда, ҳамманинг кўз ўнгида –  кўчаларда “номаълум” кимсалар томонидан калтакланиб кетилмаган. Айниқса, ана шундай жисмоний ва ҳам руҳий зарбаларга бардош беролмасдан баъзи ходимлар бу оламни тарк этишга мажбур бўлиши кузатилмаган. Бундайин зўровонликлар, тубанликлар орқали ходимларнинг нафақат ўзлари, ҳатто оила аъзоларига бу қадар зиён-заҳмат етмаган. Аммо минг афсуслар бўлсинким, А.Ходжаев раҳбарлиги мобайнида, унинг хийла-ю найрангга асосланган фитнаси боис жуда кўплаб тўрт мучаси соппа-соғ, етарли куч, билим-малакага, иқтидорга эга бўлган мутахассис-ходимлар ана шундай аччиқ қисматга рўбарў этилдилар. Бунга мисоллар етарли…

14.11.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар