Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Флоранинг Татянада не иши бор?

Флоранинг Татянада не иши бор?
13 Mart 2017 - 11:00 'да юкланди ва 5053 марта ўқилди.

(Ёхуд Иноятовнинг узоқ вақт мансабда қолишининг баъзи сирлари)      

Икки мингинчи йилларнинг бошларида И.Каримов ўзи иштирок этган халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги сессияси якунидан сўнг журналистларга интервью берар экан, жумладан: “Кейинги вақтларда хотинлар ҳам худдиким ўзиям давлатнинг устида туриб ҳокимиятни бошқараётгандек, ҳукуматнинг ички ишларига ҳам, кадрлар масалаларига ҳам бўлар-бўлмаган ҳолатларда аралашиб кетаётганлиги одамни ҳайрон қолдираяпти-да, ё тавба” дея кинояли луқма ташлаб, энсаси қотгандек бўлганди, агар ёдингизда бўлса.

Айнан шу “хотинлар масаласи” бежиз тилга олинмаганди, яъни бу ҳақда шунчаки гапирилмаганди. Каримовнинг билиб-билмай оғзидан чиқиб кетган бу луқма-аччиқ кесатиқнинг замирида муҳим бир нарсаларга жиддий ишорат бор эди, албатта. Сабаби, катта-катта лавозимдаги кишиларнинг аксарияти ишдан кетиш эҳтимоли кучаяётган бир вазиятда нима қилиб бўлса ҳам, ҳар қандай писмиқона, ғирром, жирканч йўллар билан бўлса-да, имкон қадар ўз мансабини сақлаб қолишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилиши бор гап. Жамиятнинг маразига айланиб қолган бу ёзилмаган қонун жамиятни ислоҳ қилиши керак бўлган – ёзилган, тасдиқланган конституциявий қонунлардан кўра фаолроқ, жадалроқ ва ҳатто шиддат билан ишлаши бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Чунки сўнгги пайтларда креслодан айрилишнинг оқибатлари яхшилик билан тугамаётганлигига мисол ва далиллар кўп. Шунинг учун пихини ёрган кимсалар тақдири фожиавийлик гирдобига тортилмаслиги учун минг бир турли найранг-у хийлаларини ишга солганлиги ва бу алалоқибат ўша айёр мулозим учун ижобий натижа берган ҳолатлар ҳам қайд этилганлигини тасдиқловчи фактлар йўқ эмас.

Бундан олдинги мақоламизда президентнинг калтагини еб назардан қолиш даражасигача етиб келса-да ва ҳаттоки, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олинган бўлса-да, лекин барибир МХХ раиси Иноятов маккорлик билан ўз лавозимини сақлаб қолганлиги ва унда қандайдир сирлар бор эканлиги ҳақида ёзгандик. Бугун ана шу хусусда жонли мисол бўлиши мумкин бўлган воқелик борасида сўз юритмоқчимиз.

Юқорида дастлаб биз бекорга айнан Каримовнинг сўзларидан иқтибос келтирмадик. Боиси, кейинги вақтларда Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Акбаровна ҳокимият ишларига зимдан, аммо фаол тарзда аралашишни бошлаган ва табиийки, умр йўлдошига тиришиб-тармашиб бўлса-да, ўз ҳатти-ҳаракати, югур-югури билан таъсир ўтказа бошлаган. Хусусан, кадрларга бориб тақаладиган ва бу билан боғлиқ жуда кўп масалаларда ўз сўзини ўтказган ҳолда пировардида у ҳал этувчи роль ўйнай бошлаган.

Ана шундай ҳолатларнинг деярли барчасини ўзининг “темир дафтар”ига алоҳида қайд этиб юрган ва Татьянахонимнинг феъл-атвори, ҳатти-ҳаракатидан жуда яхши хабардор бўлган Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов еган тепкисидан кейин мажбуран ариза ёзиб қўйган бир пайтда бундайин “қулай фурсат”ни қўлдан бой бериб қўйиши мумкинми? Албатта, йўқ. Агарда у ушбу имкониятни бой берадиган бўлса, унинг оқибатлари нима билан тугаши ва бу қандай кутилмаган фожиаларга олиб келиши мумкинлигини жуда яхши билган,  кўз олдига келтирган…

Шу боис ўзи учун қўрқинчли ва даҳшатли бўлган ҳолатдан қутилиш мақсадида бирдан ўзини касалга солиб касалхонага ётиб олиш ҳаракатини қилган. Бу билан иш битдими? Йўқ. Қизиғи, мақоламизнинг кульминацион нуқтага олиб борадиган чизиғи шу ердан бошланади, диққат қилинг!

Айни нуқтадан бошлаб давлат миқёсидаги ўта жиддий бўлган бу масалага хотинлар аралашади. Таъбир жоиз бўлса, давлат, мамлакат, халқ тақдирига бевосита ва билвосита дахлдор ва ўта масъул бўлган бу икки шахс – Каримов ва Иноятов ўрнига уларнинг хоним-ойимлари масалани ўзлари оилалари манфаатига “ҳал қилиб” юборадилар. Қандай қилиб дейсизми?

МХХ раҳбари баҳона касал бўлиб оёғини узатиб ётиб олгандан кейин унинг турмуш ўртоғи Флора эри ва бутун оиласининг жар ёқасига келиб қолган вазиятидан қутқариш ташвишига тушиб,  бу “нозик” масалага “ечим топиш” учун Татьяна Каримова билан қандай қилиб бўлмасин учрашиш, кўришиб, гаплашиш тадоригини кўра бошлайди. Чунки бу аёл ўта сипо ва ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам кўнгилга йўл топа олади. Қай даражада “маҳорат” эгаси эканлигини президентнинг оиласига қимматбаҳо совғаларни улашиш борасида бир неча маротаба исботлаган. Шу боис ушбу жиддий, муаммоли масалани кўндаланг қўйишда ва уни ҳал этишда асосан нимага урғу берилиши зарурлигини у олдиндан жуда яхши билган.

Шундай қилиб, Флора ўзи ва эрининг “канал”ларини ишга солиш орқали Т.Каримова билан боғланади. Шу аснода бу икки аёл бир-бири билан кўришиш жойини ҳам белгилаб олишади. Уларнинг учрашув жойи сквердаги “Баҳор” ресторанининг қаршисида жойлашган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси биноси этиб белгиланган. Чунки Татьяна ушбу жамғарманинг кўпчилик ҳам билавермайдиган “раиси” ҳисобланган, яъни номигагина нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланган бу жамғармага аслида у “раҳнамолик” қилган.

…Ниҳоят, келишилган жойда Флорахон ва Татьянахон учрашишган. Албатта, икки соатга яқин давом этган ўзаро суҳбатни жуда ҳам енгил кечган деб айтиш мушкул. Аввало таклиф этилиши лозим бўлган катта миқдордаги миллионлар гаплашилаётган вақтда унинг миқдори тилга олинмасдан рақамлар фақат қоғозда ёзилган ҳолда узатилади ва унга кўзи тушган томон ўша акс этган рақамларга ўз розилигини билдириши керак. Ниҳоядаги рақамлар уни қониқтирган бўлса керакки,  охири бир тўхтамга келинган ҳолда яна шу ернинг ўзида бир кичкина тадбир уюштириш баҳонасида учрашишга келишишган.

Айтилганидек, ҳафта сўнгида жамғарма биносида ўтказилган тор доирадаги тадбир баҳона учрашув уюштирилиб, келишилган миқдордаги сумма тегишли қутида худдиким “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасига келган “беғараз ёрдам” шакли ва ниқоби остида машинадан-машинага ўтказилган. Бу ўз-ўзидан иш пишганлигини ифодаловчи илк муваффақиятли ҳаракатнинг натижаси эканлигини тасдиқлайдиган амалиёт бўлган.

Буни қарангки, бу каби олди-бердиларнинг устасига айланган Татьяна хоним асосан умр йўлдошининг қисқа сафар билан пойтахтни тарк этган кунлари айнан шу шаклдаги “тадбир”ларни уюштиришга ошиқадиган бўлиб қолган ва бежизга эмас…

Чунки, бу амал тортиқ этилаётган, ташиб келинаётган ва уйга жойланаётган ушбу қутилар ўзининг энг яқин кишиси томонидан бехосдан суриштирилиши, бу “қути”ларнинг нима эканлиги билан қизиқиб қолиш эҳтимолини иложи борича камайтиришнинг ўзига хос ва ўзига мос усули ҳам бўлган. Яъни Каримов шохида юрган бўлса, Каримова хоним доимо баргида юриш маҳоратини ишга солган.

Ўзбекистон миллий хавфсизилигининг асосий-бош биноси Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, ундан сўнг “Зарафшон” ресторани келади ва худди шу ернинг ўзидан сайлгоҳ кўчасининг одамлар билан гавжум қисми бошланади. Кейинги вақтларда ушбу кўчанинг икки томонида ҳам маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, хусусан, чойхоналардан тортиб ошхона ва Адлия вазирлигининг шундоқ биқингинасида яна бир янги ресторан ҳам ишга тушиб фаолият кўрсата бошлаганди. Кундуз куни ҳам ўша кенг йўлак одамлар билан тўла бўлади, лекин кечга бориб гавжумлик янада қуюқлашади. Бу маскан пойтахт аҳолисининг севимли дам олиш гўшасига айланиб улгурганди.

Қай бир кун “фалокат босиб”, президент кечга томон ўша жойга яқин бўлган параллел йўлдан ўтаётган маҳалда у ердаги кучли ёруғликка кўзи тушиб қолади. Худди шу прожекторлар ва ранг-баранг лампалар ёруғлиги узра осмонга қараб қуюқ тутунларнинг ўрлаётганлигини ҳам назардан қочирмайди ва бу не ҳол эканлиги билан ўзича қизиқиб, “эртагаёқ бу масала билан шуғулланиш лозим”лигини юрагига тугиб қўяди. Лекин негадир безовта бўлиб, сабри чидамайди. Дачасига кириб-кирмасдан МХХ раисини чақиртириб, ўша кўрган жойи – “шуълакор маскан”нинг асли не эканлиги, нимага айлантирилганлигига доир саволлар билан кўмиб ташлайди. Иноятовнинг ҳали оғзидан гапи чиқиб-чиқмасдан яна ўша “Дархон”да рўй берган “томоша” бошланади. Иноятовнинг анча “практика”си ошиб қолган эканми, бу сафар у ўзини олиб қочишга уринади. Лекин, Каримовнинг ҳам ўзига ёқмаган мулозимларни “теппакалаваш” қилиш “практика”си кам эмас экан чоғи, тепки МХХ раисининг кетига эмас, балки сонига келиб тушади. Жон томирими, қон томиригами урилган зарб уни барибир анча эсанкиратиб қўяди.

Ана шундай аянчли ҳодисадан сўнг ростакамига чўлоқланиб қолган МХХ раҳбари шифохонага ётқизилиб, қони таҳлилдан ўтказилганида, у қаттиқ қўрқувдан ўзига шакар хасталигини орттириб олганлиги маълум бўлади. Бу сафар унинг масаласи ўта чигаллашиб, келгусидаги тақдири янада қоронғилашаётганидан анча алаҳсираб, эсанкирайдиган бўлиб қолган.

Ана энди завжаси Флорахонга аҳволнинг жиддийлигини англатади. Бор-будини олиб бориб бериб бўлса-да, ушбу балодан қутқарилмаса, бу ёғига поезд сўнгги бекатига етиб келиб, қисмати жуда ҳам аччиқ якунланиши мумкинлиги кўз олдидан бирма-бир ўта бошлайди. Айниқса, мабодо, оёғи тойиб ишидан айриладиган бўлса, ҳолига маймунлар йиғлашини яхши биларди. Чунки, шундоғам миллий хавфсизлик тизимида уни у қадар ҳам жини суймаётганлар сафи кундан-кунга кенгайиб бораётганди. Бунинг устига баъзи ҳолларда ўз сўзини ўтказиши қийин бўлган яна бир қанча ходимлари унинг устидан анчагина жиддий маълумотлар папкасини йиғиб юрганлиги ҳақида ҳам шов-шувли гап-сўзлар урчиб кетганди. Шу сабабдан ҳам бу гал худди олдингидек олиб борилиши керак бўлган “ўзини қутқариб қолиш амалиёти” ўз-ўзидан осон кечмаслиги аниқ эди.

Бу сафар ҳам Иноятовни бу балодан қутқариш илинжида унинг турмуш ўртоғи Флорахон енг шимариб ишга киришади. Улар қанчалик ўзларининг кенг имкониятларини ишга солишмасин, чиранишмасин, лекин ундан бирор бир натижа чиқишига бўлган ишонч кундан-кунга сўниб борарди. Чунки, Т.Каримова ўзини лалига солиб, негадир учрашишга мойиллик билдирмаётганди. Нима сабадандир гаплашишга унчалик ҳам ошиқмаётганди. Шундан сўнг Иноятовлар оиласи “Татьяна балки нархини ошириш учун ҳам шундайин шумлик йўлига ўтиб олган бўлиши мумкин”, деган ўйга боришади. “Балки, у энди иккинчи уринишим барибир бесамар кетади, дея ўзига ишонқирамаётгандир? Ёки у шунчалик ҳам “тўйиб” қолдимикин? Ўзини олиб қоча бошлаганига қараганда “хўжайин”ни кўндира олмагандир, балки…” Эр-хотин ана шундай хаёл-фаразлар оғушида қолиб кетишади.

Бироқ, Иноятовлар ҳам анойилардан эмас. Уларнинг ҳам алоқалари кенг тармоқли. Манфаати пул, бойликка бориб тақалганда бу оила ҳам “чуқур илдиз отган”. Фақат унинг “калит”и ичкарида эмас, балки юрт ташқарисидадир. Сабаби, мамлакат ичкарисида ва умуман, жамиятда, жамоасида, аҳоли ўртасида шахсан МХХ раиси ва оиласи, ҳаттоки қудаси Ботир Парпиевнинг ҳам кейинги дамларда кундан-кунга ҳурмат-эътибори, обрўси буткул йўқолиб бормоқда эди. Қаердаки бу икки оила ҳақида гап кетса кўпчиликнинг кўнгли айнийдиган даражада бўлиб қолган. Чунки уларнинг зулмидан одамлар жуда ҳам ҳориган-чарчаган, пичоқ суягига қадалиш даражасига етиб бораётганди. “Бу ҳолдан Татьянахоннинг хабари йўқ”, деб ўйлайдиганлар хато қилишади. Шунинг учун ҳам Иноятовлар Каримовага чиқилиши керак бўлган йўлни ичкаридан эмас, балки мамлакат ташқарисидан  қидираётгандилар.

Р.Иноятовнинг шунча олиб борган саъй-ҳаракати-ю маҳоратини кўрингки, хориж давлатларининг биридан тўғридан-тўғри Т.Каримовага чиқадиган ва ўз сўзини ўтказа оладиган кимса – “калит”ни ҳам топишди. “Энди ҳаммаси силлиқ кечадиган бўлди”, дея хурсанд бўлишди, улар. Лекин Татьяна барибир Флора билан юзма-юз учрашиб гаплашишдан бош тортди. Тўғрироғи, истамади. Бу сафар фақат ишончли кишилар орқали олиб борилган мулоқот янада мураккаб кечганлиги аниқ. Барча масала келишилиб, ваъдалар ҳам берилди. Нархлар ҳам осмон қадар бўлиб кетганлигини гапирмай қўяқолайлик. Сабаби, бу “савдо”дан бохабар бўлган баъзи манбаларнинг айтишларига қараганда, Татьяна Акбаровнанинг ваннахоналари тагларигача тахлам-тахламлардан иборат “кўк”ининг кўклови қуюқлашиб, тоша бошлаган. Ушбу ҳолдан тасодиф бир ҳолатда хизматкорлардан бири ҳам хабардор бўлиб қолган ва бу ҳақдаги маълумот ўша куниёқ бутун пойтахт узра ёйилиб бўлган.

Келишилган масалалар рисоладагидек ҳал этилган бўлса ҳамки, афсуски, асосийси амалда қолиш билан боғлиқ бўлган масала юзасидан жўяли бир натижа бўлавермаган. Татьянахон бу сафар хўжайинини кўндиришга жуда ҳам қийналган, қаттиқ қаршиликка учраган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. И.Каримов балки унинг борган сари нафси ҳакалак отиб бораётганлигидан хабардор бўлиб, хавотири ошган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, иккинчи маротаба амалга оширилган “олди-берди”сида қаттиқ қўрқиб кетган Рустам Иноятов шаҳарда ва айниқса, сайлгоҳда (яъни ўз номида бўлмаса-да) ўзига тегишли бўлган бир қанча савдо шохобчаларидан тортиб, адлия вазирлигининг биқинидаги ресторанларгача унинг қизларига инъом қилиб юборганлиги борасидаги маълумотнинг бир учи президентнинг қулоғигача етган.

Бу ишдан натижа чиқавермагач, Иноятовлар жуда ҳам тушкунлика туша бошлашган. Буёқда эса, берилган ваъдаларни бажаришга қурби етмаётганлиги ва вазият жуда мураккаблашаётгани боис талвасага тушиб аччиғланиб қолган, ҳатто ғазабга тўлган Татьяна Акбаровна  эридан аразлаб Францияга – қизининг қасрига учиб кетиб қолади. Шу билан узоқ вақт келмасликка қарор қилади. Табиийки, турмуш ўртоғининг ушбу ҳаракати И.Каримов учун кутилмаган бўлса-да, айнан унинг айтганини бажармаганлиги учун тумшуқ қилиб кетиб қолганлигидан барибир юраги хижил бўлиб юради. Бу ҳолдан унинг кундан-кун хавотири орта бошлайди. Давлат раҳбари сифатида атрофидагиларнинг доимий диққат-эътиборида, мунтазам кузатув остида эканлигини ҳис этганлиги боис ушбу ноқулай вазиятдан юраги ғаш бўлиб, ҳижолатдан ўзини қаерга уришини билмай узоқ вақт аросатда қолади, чуқур ўйга ботади. Ва ниҳоят, иложсизликда қолган ва энг яқин кишиси-рафиқаси ёнида бўлмаслиги ўзи учун ҳам шармандали ҳам хавфли эканлигини англаган Каримов оиладаги носоғлом муҳитга барҳам бериш мақсадида бу сафар ҳам Иноятовнинг ўз ишига қайтишига изн беришга мажбур бўлади…

Анча-мунча сармоясидан айрилган ва қўрқув даҳшатидан ўзига қандли-диабет хасталигини орттириб олган МХХ раҳбари Рустам Иноятов эса “Хап саними, шошмай тур ҳали!…” дея кўнглига туккан шумликни креслосига қайтган кунидан бошлаб амалга оширишнинг пайига тушади. Яъни, Каримовнинг фарзандларини инсон ақлига сиғмайдиган йўллар орқали сайлгоҳдаги тунги клубга жалб этиб, қандай қилиб қасд олиниш кераклигини кўрсатиб қўйишнинг пинҳона усулига ўтади. Бу борада Иноятов ўз олдига қўйган қасд олишдек ғаразли мақсадига маълум маънода эришди ҳам…

Лекин МХХ раҳбарининг умр бўйи шу тизимда кечган шунча йиллик хизмати мобайнида фақат эгриликка, фитнакорликка, талончиликка, ёвузликка йўғрилган ҳатти-ҳаракатлари ўзи ва оиласининг жамиятдан бегоналашишига олиб келди бугун… Қинғир ва тубан йўллар билан бўлса-да қўлга киритгани – шу узун йиллик лавозим, мол-дунё, шон-шуҳрат кошки эди эл, юрт равнақи, халқ фаровонлиги, бахтиёрлиги, том маънодаги озодлиги йўлида сарф этилганда, Ҳақ олдида ҳам халқ олдида ҳам юзи ёруғ бўларди. Эсиз, шунча умр, шунча қудрат, шунча бойлик, шунча шуҳрат; булар кимга вафо қилибдики, қарийб чорак аср ўз халқининг қонини ичиб, юрт бойлигини четга ташиган ва ташитган Иноятовга вафо қилса?…

Сўнги вақтларда Иноятов ҳаттоки, энг яқинларидан узоқлашаётганлигини ва борган сари яккаланиб қолаётганлигини ҳис этаётган бўлса ажаб эмас. Шунинг учун ҳам у баъзи бир “тадбир”ларга тараддудланиб қолганлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Ҳа, айтмоқчи, Татьяна Каримова турмуш ўртоғидан фақат бир мартагина аразламаган. Бошқа бир аразларга сабаб бўлган бошқа бир амалдорлар билан боғлиқ тафсилотлар ҳам талайгина…

Абдуворис Салом

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар