Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Режим қизиган чуқур

Режим қизиган чуқур
14 Mart 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1250 марта ўқилди.

Қирғизистон жанубида икки ой давомида Ўзбекистонга ўтиш учун ҳаракат қилган қуролли гуруҳ ҳақида Ўрта Осиё ва рус матбуотида чиққан мақолаларни ўқиб, одамнинг кўнгли беҳузур бўлади. Авваламбор, матбуотнинг оғзидан чиқаётган терминологияга бир эътибор беринг: ваҳҳобийлар, фанатиклар, фундаменталистлар, бандитлар, жангарилар. Бу иборалар орқасида робот бор. Қўлига Калашников автоматини олган, юраксиз, қалбсиз, меҳр-шафқатсиз бир робот бор. Бу робот ким чиқса, ҳеч ҳаяжонланмасдан роботчасига совуққон бир шаклда ўлдираверади.

Матбуот Қирғизистон жанубида жон олиб, жон бераётган ўзбек ёшларини шундай робот қилиб тасвирламоқда. Ҳолбуки, бу қўлига қурол олган ҳар бир ёшнинг ўз тақдири бор. Бирорта газетачи ёки журналист шу қуролланган ёшлар қаердан пайдо бўлди, уларни ким қуролланишга мажбур қилди, деган бир саволни ўртага қўйгани йўқ.

Бундай саволни ўртага ташламадилар, чунки бундай савол уларнинг манфаатига тўғри келмасди. Шундай савол ўртага ташланганида, бу қуролланган ёшларнинг Ўзбекистондаги мустабид режимнинг қурбонлари экани маълум бўлган бўларди. Бу ёшларнинг ягона гуноҳи Оллоҳга ишонганлари ва шунинг учун юртидан қувғин қилингани фош бўларди. Ва юртга қайтиш учун қўлига қурол олишдан бошқа чоралари қолмагани маълум бўларди.

Москвада чиқадиган «Коммерсант» (25.09.1999) газетаси битта ўзбек десантчиси тилидан шундай деб ёзади: «Бу ҳақиқий уруш – оддий уруш эмас, фанатиклар билан уруш».

Бу ўзбек десантчи оғайнимиздан сўрамоқчимиз: Сизни Оллоҳга ишонганингиз учун ўз ватанингиздан қувсалар, мол-мулкингизни мусодара этсалар, ўзингизни энг хавфли жиноятчи деб, дунёга эълон қилсалар, сиз фанатик бўлмасмидингиз? Бу ҳам етмагандай, ака-укаларингизга ҳужум қилсалар, уларнинг ҳам мол-мулкини мусодара этиб, ўзларини зиндонга ташласалар, қийноққа солсалар, сиз фанатик бўлмасмидингиз? Хотинингизни, болаларингизни ифлос таҳдидлар билан қўрқитсалар, оқсоч онангизни, мўйсафид отангизни сўроққа тутиб, калтакласалар, сиз бу тубанликка қарши нима қилган бўлардингиз? Сиз бу бедодликдан, зўравонликдан дод дея, қаерга, кимга мурожаат қилган бўлардингиз? Миршабгами, прокуроргами, КГБгами? Президентгами – бу мақомларнинг қайси бирига шикоят қилиб борган бўлардингиз? Мен аминманки, ҳеч бирига боролмаган бўлардингиз, чунки зулм ўтказаётганлар ўша мақомларнинг ўзларидир. Бу ҳолат нормал инсон учун битта альтернатив, битта йўл қолдиради. Бу ҳам фанатиклар йўлидир. Золим режимга фанатикларча нафрат, унга қарши фанатикларча кураш йўли бу.

Шунақа, десантчи ошна, сизнинг қаршингизда фанатиклар турибди, эҳтиёт бўлинг. Уларни сизнинг орқангизда турган ҳукумат шу нуқтага келтирди. Бу одамлар сизнинг ёлғончи матбуотингиз тасвирлагани каби жоҳил фундаменталистлар эмас, балки нима учун курашаётганини билган онгли инсонлардир.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Турсунбой Охуновнинг гапига қараганда, бу одамларнинг 60 фоизи олий маълумотли кишилар. Демак, интеллектуал жиҳатдан ҳам сиздан юқори мартабадаги одамлар қаршингизда турибди.

2000

(79)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (229-231-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар