Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жуғрофия ўқумоқни нафъи

Жуғрофия ўқумоқни нафъи
14 Mart 2017 - 8:00 'да юкланди ва 892 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(62)

ЖУҒРОФИЯ ЎҚУМОҚНИ НАФЪИ

Одам боласини қанча илми зиёд бўлса, дунё, тарих, жуғрофия илмидан хабари бўлса, шунча яхшидур. Бу илм одамға бутун дунёни ва кўб нимарсаларни билдирадур. Дунё одамларини дин ва мазҳаби, тириклик ва рафтори, тараққий ё таназзул сабаби, яхши ва ямонликлари, мамлакатларни тинч ва осойиш ё зулм ва жаврға тургони, хулоса, бутун аҳволи дунёни, подшоларни қуввати, давлати, одамларнни одати, ер юзини аҳволини билдиратургон ушбу илмдур.

Ҳозир ер юзидаги одамларға қараганда, аксар мусулмон тоифаси илму фан, давлат ва ҳукумат тўғрисиға кейин қолиб, илмлик мусулмонларға қараганда биз туркистонийлар замонидан бехабар қолибмиз.

Масалан, Хитой ва Ҳиндистон мамлакат ва одамлари тўғрисиидаги билгумиз бутун бекор ва беаслдур. Аксар дунё ишлари тўғрисиға ҳам бизларни билишимиз хатодур, яъни дунёдан хабаримиз йўқдур. Оврупо ё Русияни ўн беш яшар бир шогирди бизни эллик яшар савдогар ё муллотарошимиздан дунё илми тўғрисиға яхши хабардордур.

Ер юзидаги илмийлик мусулмонларнмизни ҳам бу жўғрофия илмиға саъйлари кўб, фақат биз туркистонийлар бу илмдан бебаҳрамиз. Замонамизға парахўд, темир йўл, ҳавоға учатурғон асбоблар, тилигроф (мухбири ҳавойи) ва бошқа минглар навъ мошиналар (ҳикмати табиийъя) деган илмни худо халқ қилгон кунидан Оврупо уламоларини саъй ва ғайрати ила чиқорилди.

Узоқ йўллар яқин бўлди, билинмас ерлар билинди. Они учун билгувчилар истило қилиб мамлакатимизға келдиларки, кўрармиз ва бизларға сироят* қиладурлар. Шарқ ила Ғарб аросиға қатнов, муомала, мажлис очилди. Яна ота-бобомиз эшитмаган шаҳарлар отини эшитармиз, кўрмаганларни кўрармиз, билмаймизки надур.

Ёинки ерни ўртаси хатти истивога*, кеча ва кундуз доим баробар бўлган сувратға, бизни Туркистонға на учун гоҳ узун ва қисқа бўлуб, кунимиз 9 ила 15 соат аросига юрадур? Ҳар қанча ерни шимол ё жанубидаги чет (қутб)лариға қараб борилса, кун ва ё тун узаядур? Қутблар тарафиға бир—икки, ҳатто, 6 ойғача кун ботмайдур? Петербург шаҳриға қиш олти соат, ёз 19 соат кундуз бўлиб турадур? Сабабн нима, деб бир киша сўраса ёинки бир ой кун ботмайдургон жойға мусулмонни ибодатлари ва амри наҳйини қандай баржой келтуруладур?

Ёинки на учун кеча ва кундузни фарқи ер ила осмончадур? Ҳар шаҳарни тулу* ва ғуруби* на учун олдин ва кейиндур деб сўралса, бизлар, хусусан, уламомиз на жавоб берармиз? Билмаймиз, ёинки «ундай бўлмаса керак»дан бошқа жавоб айтолмасак керак. Бу саволларға жуғрофия ўқумагунча жавоб бериб бўлмайдур ва жуғрофия илми жавоб берадур.

Шаръий саволларға жавоб бермоқ уламойи дин зиммасиға лозимдур. Аммо на фойдаки, бизлар хатти истиво ила қутб аросидаги ҳодиса ва ихтилоф, кеча ва кундуздан хабаримиз йўқдур. Ани учун мункир ё мулзам бўлармиз. Дини исломға ушбу сабабдан ажнабийлардан таъна тегадур.

Мазкур хабарлар ва ҳодисаларға мункир бўлмоқ, маълум бир нимарсаға мункир бўлгандекдур. Ерни лўндалиги, ҳаракати бутун ер юзидаги донишмандларға маълум эмиш ва аммо биз билмаймиз.

Истанбул, Миср, Ҳинд ва Арабистон бўлсун, ҳар бир ўқугон донишманд мусулмон уламоси ушбуға иқрор ва ҳатто, ерни юруши, юмалоқлиги шариатға зарар келтурмайдур, деб китоблар тасниф қилдилар. Фақат биз туркистонийларға маълум йўқдур. Мухтасар шулки, жуғрофия илми катта ва керакли илм ва билмасликдан билмоқ, ўқумоқ афзалдур, хусусан уламомизға. Пайғамбар алайҳиссалом айдилар: «Ҳолитул ҳукамои» («Ҳукамолар қила аралаш бўлингиз»).

(Давоми бор)

*
Сироят – таъсир
Истиво – қиём (туш) пайти
Тулу – кун чиқиш
Ғуруб – кун ботиш

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар