Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Бир ишни қилурман деб қасам ичганлар уни қилолмайдилар…”

“Бир ишни қилурман деб қасам ичганлар уни қилолмайдилар…”
14 Mart 2017 - 9:00 'да юкланди ва 989 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Қуръони ўқишга вақти ёхуд имконияти бўлмаган кимсалар учун кучи, қиймати ва келтирадиган фойдаси Қуръон қувватидан кам бўлмаган сўзлар бор.

“Тарихи Муҳаммадий” муалифи Алихон Тўра Соғунийнинг ушбу асарида жанобимиз Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарнинг бир хутбаси бор.

Алихон Тўра ёзади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка тушган кунларида бутун аскарга қарата бир хутба ўқидиларким, бу ўқиган хутбада инсонлар учун дунё ва охиратлик энг керакли сўзлар келтирилган эди. Агар биз мусулмонларга шу хутбадан бошқа ҳеч сўз Расулуллоҳдан қолмаган тақдирда ҳам, ёлғиз шу хутбанинг ўзи икки дунёда бизга раҳбарлик учун етарлик бўлур эди. Бу қутлуғ хутбани ҳадис олимларининг алломаларидан бир неча зотлар ўз китобларида келтирмишдурлар.

Мен фақир китоб ёзувчиси бу хутбанинг асли арабчасини ислом оламининг алломаси Ибн Қаййим Жавзийнинг “Зодулмаъод” деган китобидан кўчириб ёздим. Буни ўқиганлар тушуниб, унинг мазмунидан фойдалансинлар, деб ўз тилимга таржима қилдим. Ҳутбанинг таржимаси қуйидагича:

“Ҳамд санодан сўнгра айтадурманки: – сўзларнинг энг тўғриси Қуръон сўзидир. Инсоннинг энг ишончли нарсаси унинг иймонидур. Динларнинг яхшиси Иброҳим Халилуллоҳ тутган Ислом динидур. Йўлларнинг яхшиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидур. Сўзларнинг шарофатлиги Аллоҳнинг зикридур.

Эргашмоққа энг лойиқ нарса шу Қуръондур. Дин ишларининг улуғи фарзларидур, энг ёмони анинг қўшимчаларидур. Ўлимларнинг яхшиси шаҳидлар ўлимидур. Кўрларнинг кўри – Ислом динидан чиққанларидур. Ишнинг яхшиси охиратда фойдалигидур. Бошлашнинг яхшиси эргашилганидур. Кўрликнинг энг ёмони – дил кўрлигидур. Устинги қўл остингдаги қўлдан яхшидур. Узрларнинг энг ёмони ўлим етгандаги айтилганидур. Пушаймонлар ёмони охират пушаймонидур. Баъзи бир ихлоси йўқ киши намозга кеч келур. Қайси бирлари ёлғондан Аллоҳ зикрини тилида қилур. Тил ёлғони – гуноҳларнинг зўридир. Бойликнинг энг яхшиси – кўнгил бойлигидур. Озуқларнинг энг яхшиси – тақво – ибодатдур. Барча яхшилик боши Худодан қўрқмоқдур. Кўнгил сақлаган нарсаларнинг энг яхшиси – Аллоҳга ишонмоқдур. Дин ишларида гумон қилмоқ – куфрдур. Ёқа йиртиб, соч юлиб йиғламоқ жоҳилият одатларидир. Яширин хиёнатлар – тамуғ тошларидур. Закотсиз йиғилган олтин-кумушлар – дўзах тамғасидур. Ёмон қўшиқлар айтиш – шайтон сурнайидур. Чағир (ароқ) ичиш барча бузуқлик онасидур. Хотунлар (ёмонлари) шайтон тузоғидур. Ёшлик – телбаликнинг бир бутоғидур. Касбларнинг энг ёмони – судхўрликдур. Шаққий (ёмон) онасидан туғилгандаёқ шаққий туғилур. Ҳар бир кишининг борар жойи тўрт газ ердур. Ҳар ишга охирида баҳо берилур. Барча ишнинг асоси туганчисидур. Тушларнинг ёмони – ёлғончининг тушидур. Ҳар келгувчи бизга яқиндур. Мусулмонни сўкмоқ – гуноҳдир, унга қурол кўтармоқ – куфрдур, уни ғийбат қилмоқ – улуғ ёзуқдир (гуноҳдир). Мўъминнинг қони ҳаромдур. Шунга ўхшаш анинг моли ҳам ҳаромдур. Бир ишни қилурман деб қасам ичганлар уни қилолмайдилар, Аллоҳ уни ёлғончи қилур. Киши хатосини кечирганни Аллоҳ кечирур, уни афв қилганни афв қилур. Аччиғини ютган кишиларга Аллоҳ улуғ ажр бурур. Мусибат кўриб сабр этгувчиларни ўрнини тўлдирур. Риё қилгувчи кишиларга Аллоҳ ҳам риё қилур. Кўплаб сабр қилгувчиларга савоб қатма-қат бўлур. Амрини тутмаганларни Аллоҳ азоб қилур. Эй бори Худоё, менинг ва ҳам умматларимнинг гуноҳини кечиргил”, деб уч марта айтдилар.

Сўнгра халққа қараб:

– Ўзим учун, сизлар учун Аллоҳдан афв ўтинаман, – деб сўзни тўхтаттилар”.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар