Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Алишер бойми ёки гадойми?

Алишер бойми ёки гадойми?
14 Mart 2017 - 10:00 'да юкланди ва 1823 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(қирқ биринчи мақола) 

АЛИШЕР БОЙМИ ЁКИ ГАДОЙМИ?

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам бу дунёда шундай очлар борки, уларга қандай таъриф беришни ҳар тарафлама  ўйлаб қоласан, киши. Негаки, биз айтаётган бундай кимсалар аслида ўта бой. Бой бўлганда ҳам ҳамма топган-тутганлари фақат ва фақат харом йўл билан топилган. Барчаси давлат ва халқ мулкини талон-тарож этиш ҳамда бировларнинг ризқини қийиш ҳисобига орттирилаётгани сир бўлмай қолди. Чунки, бугунги Ўзбекистонда, айниқса, иқтисодий бўҳронлар оқибатида юзага келган ҳалокатли муҳитда оддийгина ўртача ойлик-маошга яшаш янада мушкуллашмоқда. Ҳаттоки, биргина нафақа-пенсияларнинг ўз вақтида берилмаётганлиги билан боғлиқ оғир-ачинарли ҳолатни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Мамлакат аҳолисининг жуда кўп қисми шундай бир мураккаб шароитда зўрға кун кечираётган бир пайтда баъзи лавозимдор кимсаларнинг ўз терисига сиғмайдиган даражада бойиб бораётганлиги эса жамиятдаги оддий ҳолатга айланиб бўлди. Сабаби мустақил деб ном олган бир давлатда ана шу йўналишдаги 25 йиллик қароқчилик, талон-тарожлик  амалиёти ва тажрибасини кўравериб одамларнинг ҳам кўзи ҳам ўзи ўрганиб қолди.

Худди шундай қинғирлик-ўғриликлар билан бойиб ўзининг босар-тусарини билмай қолган чиновниклардан бири шубҳасиз бу Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси Алишер Ходжаевдир. Ҳозирча биз бу кимсанинг давлат ва халқ мулкини ўмариш йўли билан қандай қилиб катта хазина эгасига айланганлиги ҳақида ҳозирча сўз юритмоқчи эмасмиз. Айнан шу борадаги далиллар ҳам етарли даражада. Ҳаттоки, айтиш мумкинки, унинг кўлами кўпчилик ўйлаганидан ҳам кўра кенгроқдир. Вақти-соати етиб бу борада ҳам бошқа бир мақолаларимизнинг бирида батафсилроқ тўхталамиз. Шунинг учун бу ерда олғирликнинг бутунлай бошқа бир шаклидан фойдаланганлиги билан боғлиқ алоҳида бир муҳим жиҳатга диққат-эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Яъни бу Алишербой деганлари бойлик орттиришнинг шундай бир усулини танлаганки, буни эшитиб ақлингиз шошади, ҳангу-манг бўлиб қоласиз. Наҳотки, бу очофатга давлат-халқнинг мол-мулкини ноқонуний йўллар билан ўзлаштириш орқали ўз чўнтагини қаппайтиргани етмаган бўлса, дея ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Чунки, бу наҳанг бойишнинг бундай усуллари билангина чекланиб қолмасдан, балки ўз ходимларининг ҳам ойлик-маошларини ҳам қандай қилиб бўлсада, ўз ҳамёнига уришнинг минг бир хиллари-ю йўлларини қўллашда ҳар қандай киссавурни ҳам ортда қолдираётгани унинг нақадар абжир эканлигининг белгиси ва кўрсаткичларидан бири деб бемалол айтиш мумкин бўлади. Негаки, у ЎзМТРКга раҳбар бўлиб ишини бошлаган дастлабки онлариданоқ ўз фаолиятини худди шу йўналишдаги қинғирликлардан бошлаган. Бунга биргина компаниянинг барча ходимларидан пластик карточкага ўтасан, дея мажбурий тарзда ариза ёздириб олинганлиги ва бора-бора пулни нақд бериш йўқотилиб турли баҳоналар билан маошлар вақтида берилмасдан уни ҳам бир неча, яъни 4-5 бўлакларга бўлиниб берилганлигининг ўзи яққол мисолдир. Бунинг ўзи алоҳида бир  мақолага мавзу бўлажак. Гап ҳозир бу йўсинда ҳам эмас. Бу ерда ўзгаларнинг, яъни шахсан ўз ходимларининг маош пулини ўзлаштиришнинг бутунлай бир бошқа бир устамонлик йўлига ўтилганлиги борасида сўз бормоқда.

ЎзМТРК Ходжаевнинг ўз шахсий томорқасидай бўлиб қолган. Хоҳлаган-билган ишини, қилғилиғини қилиши, бажариши ҳам мумкин. Унга ҳаттоки, қонундан ташқари бўлган барча ваколатлар қўшимчаси билан берилган. Бўлмаса, Ўзтвнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий муҳарририятининг муҳаррири Мастура Фармонованинг ўз ишидан бўшаганлиги ҳақидаги бирор бир буйруқ бўлмай туриб бир ярим-икки йилдан буён иш ҳақининг берилмаслигини қайси ақлга сиғдириш мумкин. Бу ҳам етмаганидек, бу ходимни ҳали ишдан олинганлиги ёки ҳайдалганлиги билан боғлиқ буйруқнинг йўқ эканлигига ҳам қарамасдан ўз ишхонаси бўлган миллий телерадиокомпания ҳудудига киритилмай қўйилганлигини эса нима деб, қандай баҳолашни ҳам билмайсан, киши.

Яъни шахсан раиснинг оғзаки топшириғи асосида Фармонованинг компания ҳудудига кириб-чиқиши мутлақо таъқиқлаб қўйилган. Бундай таъқиқ билан у ўз ишхонасига киролмасдан 2 йилга яқин сарсон-саргардон бўлиб юрган. Бунақанги антиқа усул билан унинг ишлашига изн беришмаган.  Шунинг баробарида ойлик маошини ололмаган. Мастура опанинг айтишича, лекин унга маош ёзилиб турилган ва кимдир уни олиб турган. Бу каби ноҳақликлардан дод деб бормаган-ёзмаган ташкилот-у идоралари қолмаган. Лекин уларнинг бирортасидан жўяли бир жавоб ололмаган. Ҳеч бўлмаса, ҳисоб-китобини қилиб “расчётнойим”ни олиш учун ундан олдин ишдан бўшашиши ва бу учун ариза асосида “обходной” тўлдиришига ҳам изн берилмаган.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг-чи. Шунча вақт компания ҳудудига кириши таъқиқлаб қўйилган ходимнинг 2 йилга яқин бўлган давр мобайнидаги маошини ким бериши керак ва кимдан талаб қилиниши лозим. Бунинг учун аслида жавобгар ким бўлиши лозим. Журналистники шунчалик овора этиб барча юқоридаги инстанциялардагилар тинглашни хоҳламаётган бир вақтда у қандай йўл тутсин. Унинг айби нимада ўзи? Нега унга бундай йўл тутилаётганлигининг туб сабабини тушунтирмаяпти? Ёки шундай йўл тутиш асносида жавоб беришни мақбул топишмаяпти? Ишдан бўшатилганлиги ва ёхуд ишдан ҳайдалган бўлса-да, бу ҳақда бирор бир буйруқ бўлмаса, уни тақдим қилишмаса-да, ходимнинг ўз ишхонасига кириши таъқиқлаб қўйилиши нечоғлик қонуний? Бу ҳолат мавжуд қонунларнинг қай бирининг қайси модда, банди-қисмига мос келаркин? Уни шундай йўллар билан таъқиқлаб қўйиш билан шунча вақт ишлатмасдан ёки ишлашига имкон бермасдан ва шу асосда ойлик маошини олишига тўсиқ-тўғаноқ бўлган кимсалар наҳотки жавоб беришмаса? Ахир, Мастура Фармонованинг ейман, ичаман, кийаман деб турган бир-икки эмас, тўрт нафар фарзандининг ҳоли шунча вақт қандай кечдийкин, деб ўйлайдиган компанияда биронта бир мард топилмадимикин? Қизиғи шундаки, шунча вақт давомида унга маош ёзилиб турганлиги ҳақида айтиб бу борада уни хотиржам қилиб туришга уриниб кўришган. Лекин шу билан биргаликда ушбу маошларни ведомостга қўл қўйиб бошқа кимдир биров унинг номидан олаётганлиги ҳақидаги хабар ҳам унинг қулоғига етиб турган.

Шу жойда ўрни келганида таъкидлаш жоизки, М.Фармоновадан Халқаро “Олтин қалам” мукофотини топширилишидан бир неча кун  ва ҳаттоки бир кун олдин ҳам  икки миллион сўм  нақд пул олиб берилиши Олим Тошбоев томонидан қаттиқ талаб қилинган. Менинг сизларга берадиган бунча пулим йўқ, бўлган тақдирда ҳам бермасдим деган жавобни олишган опадан. Ўша вақтдаги “Ўзбекистон” телерадиоканалининг директори Олим Тошбоев Мастура опага туни билан ҳатто ярим кечаси соат 02.00 ларда ҳам қўнғироқ қилиб худди шунча миқдордаги пулни мукофотни олишдан илгари олиб келиб берилмаса, иши чатоқ бўлиши мумкинлиги ва бундан Ходжаевнинг хуноби чиқиши ҳамда бу ёмон оқибатларга олиб келиши борасида ҳам жиддий огоҳлантириш билан чиққан. Бу каби дўқ-пўписавий қўнғироқлар ҳам ўз самарасини бермаган. Мукофот дипломи ва 6 миллион сўми бўлган пластик карточкасини қўлига олгач ҳам уни тинч қўйишмаган. Ўттиз саккизинчи (Мамлакатни ким бошқараяпти? Қаранг-38) мақолада ёзилганидек, устомон Олим Тошбоев Фармоновани қандай йўл билан бўлсада, уни алдаб-авраган ҳолда ундан пластик карточкадаги пулни нақд қилиб бераман дея жами олти миллион сўмнинг ҳаммасини олиб қочиб уни қўлга киритишга муваффақ бўлган. Балким шунинг учундирки, М.Фармонованинг телерадиокомпания ҳудудига кириб-чиқиши таъқиқлангандир. Худдиким, бу ходим ишхонага кириб ушбу пулни О.Тошбоев ёки А.Ходжаевдан талаб қилиб туриб оладигандек.

Ана шундай ҳолатнинг юз беришидан чўчиганликлари учун ҳам бу борада оғзаки топшириқ асосида таъқиқ қўйилгандир. Ҳа, бу раис-Алишербой ва директор Олимтой М.Фармоновага тегишли бўлган мукофот пулининг олти миллионини куппа-кундузи олиб қочиб бўлса-да, туя қилишга эришибди. Бу ишни иккаласи жуда яхши эплабди. Улардан бу каби қароқчиликнинг кутилишини-ку мумкин бўлган амалиёт эди, деб қараса бўлади. Лекин шундан сўнг мукофот пулидан мосуво бўлган ходимнинг ўз ишхонасига қўйилмагани қанақаси бўлди? Шу ҳолатни тушуниш жуда ҳам қийин кечаётгандек. Аслида вазиятнинг бу қадар чигаллаштирилиши ва бу қадар мураккаблаштирилишининг боиси бу МХХча “приём”-услубнинг ишга солинаётганлигидан далолат дея тахмин қилиш мумкин, холос. Чунки бу ташкилот ва унинг ходимлари ўз линиясидан бошқа ҳеч қандай идорага на прокуратура ва на судга ёки яна қайсидир вазирликка ҳисобот бермайди. Шунинг  учун ҳам ўз билганича иш тутади. Уларга ҳеч ким халақит ҳам қилмайди. Яхшиси, тинч юрайлик дейди. Бу тизим ва унинг баъзи бир ходимлари шунчалик чексиз-чегарасиз ҳуқуқ-у ваколатларга эга. Ҳозирча шундай бўлиб турибди.

Нима бўлганида ҳам М.Фармонова шу ишхонадан ойлик маош олиб тўрт нафар фарзандларини едириб-ичириб, кийдириб, боқиб катта қилаётган, вояга етказаётган-ўқитаётганди. Нега энди МТРК раҳбарияти томонидан ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ ва бирор бир асос бўладиган сабаб бўлмасада уни ишхонага киритилмаслиги ҳар қандай ходимни ва унинг атрофидагиларини жиддий хавотирга солиши табиий. Бунинг устига уни ишдан бўшатиш тўғрисида тегишли буйруқ бўлмагани ҳолда ойлиги маоши ёзилиб кимдир уни олиб ишлатиб турган бўлса. Бу қандай ҳол бўлди? Янаям қизиғи шундаки, шу маошни ким олаётганлиги номаълум, лекин имзо қўйилиб олинаётгани аниқ бўлган. Бундан чиқди, энди ушбу маошни Ходжаев билан Тошбоев туя қилаётган бўлиб чиқади-да. Чунки, ўз ходимининг компания ҳудудига кириб-чиқишини ҳам таъқиқлаб қўйган ҳам худди шу икки раҳбар ва раҳбарчалар-ку. Қолаверса, Фармонова ўша вақтдаги нафақат режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосар Баҳром Ўтановнинг, балки раис жаноблари бўлган Алишер Ходжаевнинг ҳам жуда кўп қилмишлари, хусусан, ишқий саргузаштларга йўғрилган сирларидан воқифлиги ҳам уларни қаттиқ хавотирга солган бўлиши аниқ.

Шунингдек, ўз вақтида бу иккала масъул лавозимдор шахслар Фармонованинг уйини маиший ишратхонага айлантирмоқчи бўлиб калитини сўраганида рад жавобни олганликлари ҳам уларнинг юрагига ханжар урилгандек, нафсонияти қаттиқ лат егандек бўлган кўринади. Бу ҳам етмаганидек мукофот пулини улар кўзлаганидек Мастура опа ўз хоҳиши билан эмас, балки ўзлари зўрға катта машаққат билан қўлга киритганликлари янада алам қилган бўлса ажабмас. Демак, бундан келиб чиқадики, бу икки очофатнинг нафсига зид бўлган ушбу ҳодисаларнинг жами йиғилиб ана шундай йўл билан ўч олиш уларнинг катта ва асосий мақсадига айланганлигини одатий ҳолат дейиш мумкин.

Лекин барибир савол туғилади. Ойлик маош нафақат М.Фармонованинг ўз эҳтиёжи учун бўлган маблағ, балки тўрт нафар фарзандларининг ҳам ризқи-рўзи, ҳақи эди-ю. Ахир, бу МТРК раиси компанияни бор-будини, таг-томири билан қўпориб, давлатнинг улкан маблағини ўғирлаб-ўзлаштириб бойигани етмаганмиди? Ходжаевнинг бу ҳатти-ҳаракатларини у талон-тарожлик, ўғирликдан тўймагани боис, яъни еб тўймаган ялаб тўярмиди деганларидек, тўрт нафар фарзанднинг ризқи-ҳақига кўз олайтиргани бу унинг тиланчиликнинг ёпиқ турига ўтганлигидан дарак эмасми? Унинг бундайин қинғирлик томон юришларидан Алишер бой эмас, аслида Алишер гадой экан деган хулоса ўз-ўзидан келиб чиқмайдими? Ана шундай қинғирлик-ўғирлик, талон-тарожлик қилиб кун кўргандан кўра, ҳар куни эрталаб тонгдан туриб “Буюк ипак йўли” метросига туташган йўл, яъни президент машинаси билан ўтадиган трасса тагида туннелда Алишер Ходжаев дўпписини қўлига тутиб тургани маъқул-ку. Ҳа айтганча, дўпписи бўлмаса, икки қўлини ҳовуч қилиб тутиб туриши унга кифоя. Ҳеч бўлмаганда, ўтган-кетган телерадиокомпания ходимлари ва бошқалар унинг катта лавозимдор эканлигини ҳисобга олишиб ўч-тўрт сўм эмас, балки каттароқ танга ташлаб кетар ва у шу билан ўзини анча ўнглаб оларди, балки. Шунинг баробарида ҳали яна қурилиб битказилмаган қатор ҳовлилари-ю, супермаркетларини битириб олармиди? Чунки, тўрт гўдагини зўрғадан ёлғиз ўзи боқиб катта қилаётган ходима-онанинг маошига, яъни унинг болалари ризқига кўз тикиб уларнинг ҳаққига хиёнат қилгандан ва бу билан катта гуноҳга ботгандан кўра, худди ўша туннелда икки соатча оёқда турса ҳеч бир жойи камайиб қолмасди.

Ахир, унинг тўрт мучаси соппа-соғ-ку. Айниқса, президент трассаси бўлганлиги учун ушбу туннелда ўзининг асл ишхонаси бўлган МХХдагилар эрталаб ва кечқурун кўпроқ хизмат юзасидан пайдо бўлишади. Зора, улар ўз соҳасининг ходимини эрта тонгдан келиб яхши ният билан бир нарса сўраб-тилаб турганлигини кўриб ҳеч бўлмаганда ўзлари ҳар кун бўлмасада, ҳафтада, ойда ундириб турадиганлар тоифасига мансуб бўлган баъзи бир учарлари ўз “доля”ларидан бир қисминими, бир чимдиминими сафдош-у соҳадоши бўлган Алишер Ходжаевга уялганларидан ҳам ташлаб кетиши шубҳасиз. Ҳар ҳолда бу жаноб шу жабҳада анча йилдан буён жавлон уриб меҳнат қилган, тер тўккан. Ҳеч бўлмаганда бошқа-бегона бир кўзларнинг олдида паст кетмасликка ҳаракат қилишиб уни қўллаб-қувватлаб туришар. Хуллас, ўз ходимаси ва унинг тўрт нафар фарзандининг ризқи-рўзи, ҳаққини туя қилган ЎзМТРК раисининг бойлиги ҳам ўғирликдан ҳам гадойликдан деб айтадиган ЗАМОН аллақачон пишиб етилган десак, асло муболаға бўлмайди.

28.11.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар