Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Рустам Азимов учун Туркия ҳақиқати

Усмон Ҳақназаров: Рустам Азимов учун Туркия ҳақиқати
14 Mart 2017 - 11:55 'да юкланди ва 5460 марта ўқилди.

Ушбу мақолада биз сизга қандай қилиб Каримов режими томонидан таланган турк тадбиркорлари ўзбек бош вазир ўринбосари Рустам Азимовга Ўзбекистондаги “қулай” сармоя муҳити ҳақидаги барча ҳақиқатни қатъий тарзда билдиришганини айтиб берамиз. Шундай қилиб…

Рустам Азимовнинг Туркияга шармандали ташрифи

Шу йилнинг 27 феврал куни бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги ўзбек делегацияси ўзбек иқтисодига турк сармояларини жалб қилиш масаласида Туркия президенти ва бош вазири билан учрашиш учун Истанбулга келди. Аввал Р.Азимов “Бейлербейи” резиденциясида президент Ражаб Эрдўғон тарафидан қибул қилинди. Кейин эса ўзбек меҳмонни Туркия бош вазири Бинали Йилдирим ва бошқа ҳукумат аъзолари қабул қилишди.

Ушбу учрашувларда Рустам Азимов Туркияга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси билан, ўзбек иқтисодига 4,5 миллиард доллар миқдорида турк сармоясини жалб қилиш учун келганини баён қилди. Р.Азимовнинг ташрифи мақсадидан хабардор бўлган турк тарафи 1 март куни Анқарада илгари Ўзбекистонга сармоя киритган турк тадбиркорлари билан учрашувни ташкиллаштирди.

Ушбу учрашувда Ўзбекистон томонидан ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Улфат Қодиров, Анқарадаги элчихонанинг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Йигиталиевлар ҳам иштирок қилишди. Турк томонидан эса бош вазир Бинали Йилдирим, бош вазир ўринбосари Туғрул Туркаш, иқтисодиёт вазири Ниҳот Зайбакчи ва қатор турк тадбиркорлари қатнашишди.

Аввало учрашувда  Рустам Азимов “оташин” нутқ билан чиқиш қилди ва оғиз кўпиртириб Ўзбекистондаги сармоя муҳитини жаҳон иқтисодиётидаги ноёб ва жаннатга ўхшаш бир ҳодиса сифатида мақтади. Кейин сўз собиқ «Turkuaz-Tashkent» савдо мажмуаси соҳиби, иқтисодий жиноятлар содир қилганлиги учун 2011 йилдан 2013 йилгача ўзбек қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаган Воҳид Гунешга берилди. Биз В.Гунеш нутқининг тўлиқ матнини келтириб ўтишни лозим топдик, чунки бу ерда Ўзбекистондаги сармоя муҳити, Каримов режими амалдорларининг турк тадбиркорларига бўлган муносабати ҳақидаги барча ҳақиқат ифода қилинган. Шундай қилиб…

Воҳид Гунешдан оғир ҳақиқат

“Ҳурматли жаноб президент, жаноб бош вазир! Ҳурматли турк ҳукумати аъзолари, тадбиркор ҳамкасблар! Ҳозиргина жаноб Рустам Азимов Ўзбекистондаги сармоя муҳитини жаннатга ўхшаш бир нарса сифатида мақтади. Ҳозир эса мен бу сармоя “жаннат”и ўзи аслида нимани англатишини айтиб бермоқчиман.

Рустам Содиқович мен ўзбек тилида гапираман. Чунки қўрқаманки сизнинг таржимонларингиз менинг барча гапларимни таржима қилишдан қўрқишлари мумкин.

Рустам Содиқович, аввало мен ўзбек ҳукуматининг бош вазир ўринбосари сифатида, сиз ҳақингиздаги энг асосий ҳақиқатни айтиб ўтишни ҳоҳлар эдим. Жаноб Азимов, сиз, ҳудди марҳум ҳўжайинингиз Ислом Каримов каби, – Туркия ва туркларнинг ашаддий душманисиз. Каримов ҳукумати ва режимининг содиқ аъзоси сифатида, сиз нафақат барча турк, балки бутун туркийликдан нафратланасиз. Сизни “туркий бирлик” ва “туркий биродарлик” каби сўз бирликлари ваҳимага солади, туркий сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Мен ҳаттоки сизнинг жабрдийда ўзбек халқини севишингизга ҳам шубҳа қиламан.

Сиз бу ерга ўзингизнинг ишончингиз учун ёки ўз мамлакатингиз халқига ёрдам бериш иштиёқида келмадингиз. Сиз фақатгина Ўзбекистонни Ислом Каримов ва унинг режимидан қолган ахлатдан тозалашга қарор қилган янги президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига биноан келдингиз.

Биз президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Аммо шу билан биргаликда биз, Мирзиёевга ўзи бошлаган ташаббусларни муваффақиятли амалга ошириш насиб этишига ишонмаймиз. Чунки ўзбек ҳукуматининг асосий лавозимлари ҳалигача, ўзбек иқтисодиётида, сиёсатида ва жамиятида ўзгаришлар бўлишини жудаям истамаётган Каримовчи-амалдорларга тегишли.

Очиқ айтаман: Ўзбекистон иқтисоди КГБ идораси қўлларида бўлишда давом этар экан, шахсан мен ҳеч қачон Ўзбекистонга ушбу мамлакат иқтисодига сармоя киритиш учун бормайман. Тоғут Ислом Каримов 2016 йилнинг август ойида вафот этди. Олдимизда 2017 йилнинг март ойи. Яъни, президентлик лавозимига Шавкат Мирзиёев ўтирганидан буён ярим йил ўтди. Аммо МХХ раиси Рустам Иноятов ва Давлат Солиқ қўмитаси раҳбари Ботир Парпиев ҳалигача ўз лавозимларида қолмоқдалар ва Ўзбекистон иқтисодини бошқаришда давом этмоқдалар.

Мен аминманки, бу икки махлуқ ҳар қандай йўллар билан президент Шавкат Мирзиёевнинг ижобий ташаббусларига тўсқинлик қилишади. Мен аминманки, бу икки очкўз қудалар Ўзбекистондаги муваффақиятли ва ҳалол тадбиркорларнинг бизнесини тортиб олишда давом этишади. Иноятов ва Парпиев – ўзбек халқи ва давлатининг душманларидир. Мен уларнинг этник ўзбек эканлигига ҳам шубҳа қиламан.

Мен ўзбек буджетига солиқларни тўлашни ҳоҳлаганимда, Давлат солиқ қўмитаси раҳбари Ботир Парпиев менга одам юбориб, ушбу пулларни давлат ғазнасига тўламасдан, пулнинг ярмини нақд доллар кўринишида унинг ўзига беришимни талаб қилди. “Агарда пулларни давлат ғазнасига тўлашга урунсанг, менинг қўмитам текширувларидан қочиб қутулолмайсан!”- деган Б.Парпиев. Менинг ўзбек қонунчилигини бузишдан бошқа чорам қолмади.

Мен тарафдан олиб кирилган импорт маҳсулотлари учун Ўзбекистон Божхона қўмитасига давлат божини тўлашни истаганимда эса олдимга МХХ раиси Рустам Иноятовнинг вакили келиб ушбу пулларни давлат ғазнасига тўламаслигимни талаб қилди. “Ушбу пулларнинг ярмини бизга тўланг, шунда сизни шахсан раиснинг ўзи ҳимоя қилади. Агарда пулларни божхонага тўласангиз, биз сизга эртагаёқ маска-шоу уюштирамиз”,- деди Рустам Иноятовнинг одамлари ва мени Ўзбекистон қонунларини бузишга мажбур қилишди.

Иноятов ва Парпиев – давлат миқиёсидаги ўғри ва босқинчилардир. Улар ўзбек халқини ҳар сонияда ва ҳар дақиқада талон-тарож қилишмоқда. Ва мен ушбу қароқчиларнинг ҳали ҳам Ўзбекистонда ҳокимиятда қолаётганларини кўриб, ҳаттоки Шавкат Мирзиёевнинг яхши ниятли бошланғич қадамларига ҳам ишонмайман.

Энди эса мен Туркиялик ўз ҳамкасбларимга мурожаат қилмоқчиман. Жаноб ҳамкасблар, жаноб Азимовнинг ваъдаларига ишонманг. Президент алмашишига қарамай, Ўзбекистон очкўз чекист Рустам Иноятов ва унинг қудаси Ботир Парпиев тарафидан бошқариладиган катта бир қамоқхоналигича қолмоқда.

Шуни эсдан чиқарманг: Ўзбекистон иқтисоди КГБлик элементлар қўлида қолар экан, республика ҳокимиятида Рустам Азимов каби одамлар ишлашда давом этар экан, ҳар қандай чет эллик тадбиркор ўз сармоясига жавобан қамоқ муддати олишади.”

Рустам Азимов ушбу гапларни боши эгик ҳолда эшитиб ўтирди.

Воҳид Гунешдан сўнг, қачонлардир ҳудди у каби Каримов режими ваъдаларига алданган текстилчи тадбиркорлар чиқиш қилди. Турк тадбиркорлари Тошкент шаҳри туманларидан бири ҳақида қизиқ бир тафсилотни айтиб беришди. Шундай қилиб…

Юнусободни сайр қилишга борманг, бойлар!..

Турк текстилчиларининг сўзларига қараганда, Рустам Иноятовнинг мххчилари тадбиркорларга атай “тузоқ” уюштиришади, асосан бу ҳодисалар тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида юз беради. “Нега улар буни айнан Юнусободда қилишади? Чунки ушбу туман прокурори Илхом Усмонов Рустам Иноятовнинг малайи. У ушбу лавозимга шахсан Иноятов томонидан, ўзбек махсус хизматлари раисининг уйида ошхона ва хўжаликка кўз-қулоқ бўлиши учун тайинланган”,- дейди Туркиялик текстилчи. Уларнинг айтишича, Юнусобод прокуроридан ҳаттоки кўплаб ўзбек ҳукумати амалдорлари ҳам қўрқишар экан.

Агарда ўзбек мххчилари кимнингдир бизнесини тортиб олмоқчи бўлишса, улар Юнусобод туманидаги кафе ва ресторанларда “пистирма” ёки “тузоқ” уюштиришади. Ва қачонки юқори лавозимли амалдор-танишлар “тузоқ” қўйилган тадбиркор тарафини ола бошлашса улар йўлига Илхом Усмонов чиқиб, бу иш шахсан Рустам Иноятов назорати остида эканлигини айтади. Шундан сўнг ҳар қандай амалдор тадбиркор ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан чекинади.

“Агарда сизга Юнусободдаги кафе ва ресторанлардан бирида иш масаласида учрашувни таклиф қилишса, бундай учрашувларга ҳеч қачон рози бўлманг. Юқори эҳтимол билан у ерда Иноятов мххчи-қароқчилари сизнинг ёнингизга гиёҳванд модда, ёки диний варақалар ташлаб қўяди, ёки сизнинг суҳбатингизни видео ёки аудио лентага ёзиб олишади”,- дея бир-бирларига маслаҳат беришди турк тадбиркорлари.

Юнусобод тумани прокурори Илхом Усмоновнинг Иноятов “контора”сининг қароқчилик фаолиятига алоқадорлиги ҳақидаги Турк тадбиркорлари ҳикоялари Ўзбекистоннинг сармоя муҳити ҳақидаги ҳақиқатга чизгилардан бири бўлди.

Сўнгсўз ўрнида

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган ижобий ташаббусларга қарамай, чет эллик, асосан Туркиялик сармоядорлар ўзбек иқтисодига маблағ ётиришга шошилмаяптилар. Бундай шошмасликнинг сабаби эса бошланган ташаббусларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ва тугатилишига бўлган ишончсизликдир. Чет эллик сармоядорлар томонидан бундай ишончсизлик учун асос эса, Ўзбекистон иқтисодини назорат қилишда давом этаётган МХХ раиси Рустам Иноятов ва Давлат солиқ қўмитаси раҳбари Ботир Парпиевнинг ўз лавозимларида қолаётганларидир.

Шу сабабдан Рустам Азимов Туркиядан фақатгина 1 миллиардлик сармоядорлик шартномаси билан қайтди. Шавкат Мирзиёев Рустам Азимовнинг Туркияга қилган ташрифи натижаларидан ўз норозилигини билдиргандан сўнг, ўзбек Бош вазир ўринбосари 6 март куни яна турк сармояларини сўраш учун Ражаб Эрдўғон олдига учиб кетди.

Аммо Туркия президенти ва бош вазири яна бир бор Р.Азимовга, “Туркия раҳбарияти ва ҳукумати турк тадбиркорларининг ўзбек ҳукуматига бўлган ишончларини зўравонлик билан қайтара олмасликлари”ни айтишган. Натижада Р.Азимовнинг Истанбулга иккинчи ташрифи ҳам муваффақиятсиз якунланди.

Сармоядорларни алдаш ва уларнинг ишончини йўқотиш оқибатлари мана шундай бўлади!

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
14.03.2017

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар