Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ақлнинг йўли – демократия

Ақлнинг йўли – демократия
15 Mart 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1040 марта ўқилди.

(Туркия туркчасидан таржима)

Донияда (бу янглиш хабар, Солиҳ Норвегияда яшаяпти, – таҳр.) сургунда яшаётган ўзбек мухолифати лидери Солиҳ, «Радикал» газетасига Каримовнинг Туркиянинг ёрдамига маҳкум эканини, аммо Туркиянинг манфаатлари Ўзбекистонда демократияни қўллашда эканини таъкидлади.

Жейда ҚОРОН
Радикал, 15 январ, 2001 йил

Жейда Қорон: Бош Вазир Буленд Ежевит бир пайтлар сизнинг шеър китобларингизга сўзбошилар ёзар ва сизнинг «эрк масаласини баланд кўтарганингизни» айтар эди. Собиқ Президентлар Ўзал ва Демирал ҳам сизга қўл-қанот кериб, ёрдам бермоқчи эдилар, энди нима бўлди-ю ёрдамга энг муҳтож бўлган бир даврда сизни четга чиқардилар. Нима бўлдики, «бу масала» Туркиядан қувилди?

М. Солиҳ: Туркияга илк келганимда бутун сиёсий лидерлар билан танишгандим ва бир туркистонлик ўлароқ Туркия сиёсий ҳаётидаги соғ-сўл (чап-ўнг қанот партиялар) масалаларига аралашмасликка қарор бергандим. Раҳматли Ўзал Ўрта Осиёга сафаридан кейин жуда тушкун кайфиятда қайтганди. У ердаги режимларнинг минтақада беқарорлик пайдо қила бошлаганини ўз кўзлари билан кўрганди.

1993 йили 17 апрелида Ўзал билан учрашишимиз керак эди, аммо насиб қилмади, ўша куни Ўзал вафот қилди. Кейин Бош вазирлик пайтида Демирал ҳам мухолифатни қўллашга сўз берди, аммо Каримовнинг тазйиқи билан сўзидан қайтди. Каримов кучлиларга бош эгиб, заифлардан нафратланадиган шахс. Туркиянинг дипломатик чекинишларини «ожизлик» деб қабул қилди ва дарров актив ҳужумга ўтди. «Туркия менинг душманимга бошпана берди», деб элчисини чақириб олди. Тазйиқ мен Туркиядан чиқиб кетгунча давом этди. Ниҳоят, мен 1994 йилда Олмонияга кетдим. Аммо Туркиядан ҳафа бўлмадим, чегаралар уники, истаганини бу чегарадан чиқариши мумкин.

Ҳа, у пайтлар Туркиянинг ёрдамига эҳтиёжимиз бор эди, бугун ҳам бор. Аммо биз «ёрдам» дер экан, демократиянинг экспорт қилинишини истаётганимиз йўқ, биз демократияни ўз қўлларимиз билан, қувғинлар, қамоқлар, идомлар исканжасида қуришга маҳкуммиз. Биз «ёрдам» дер экан, бу оғир босқичда Туркия каби бир қардош ўлканинг сиёсий ва маънавий ёрдамини назарда тутдик.

Жейда Қорон: Президент Сезар Ўрта Осиё саёҳатини Ўзбекистондан бошлади. Туркия Тошкентга ҳарбий ва техник ёрдамлар ваъда қилди, бунга қандай қарайсиз?

М. Солиҳ: Бу зиёратга жуда севиндик. Сезар ҳар нарсани ўз кўзи билан кўрди. Биз мухолифат ўлароқ Туркиянинг Турк Жумҳуриятларига яқинлигини доим истадик, бунинг учун нимани ичга ютиш керак бўлса, ютдик. Туркиянинг Ўрта Осиё сиёсатини НАТО стратегияси доирасида юритгани кутилган самарани бермади. НАТОнинг Совет давридан кейинги «Ўрта Осиё давлатларининг демократияга юмшоқ ўтиши» умиди рўёбга чиқмади. Зотан, бу режимларнинг ўзагини ташкил қилган раҳбар кадрлар демократияга душманлик руҳида вояга етган кишилар эди. Улар «халқимиз демократияга тайёр эмас», дер эдилар, чунки уларнинг ўзлари тайёр эмасдилар. Бу ҳақиқатни кўриш учун ҳам ўн йил керак бўлди. Бу босқичда Туркиянинг Ўрта Осиё сиёсати ўзгармагани каби Ўзбекистонга ҳам муносабати ўзгармади, албатта. Ўзгарган доим Каримов ва унинг «Туркия сиёсати» бўлди. Энди ҳурматли Каримов оғир аҳволда. Халқ йўқсилликдан исён қилишга тайёр вазиятга келган, мухолифлар зиндонларга сиғмаяпти, радикал исломчилар ўлка чегараларига тинимсиз хавф солмоқда ва ҳурматли Каримов, албатта, яна Туркияни қучоқлайди, ундан ёрдам истайди, бу энг ақлли иш, чунки Туркия ёрдам этмоқ истаган давлатлар ичида ғарази энг оз бўлган давлат.

Ишонингки, Каримов бу оғир аҳволдан тўла қутулмагунча Туркиядан юз ўгирмайди, Туркия сиёсатини ўзгартирмайди. Туркия бундан фойдаланиши керак. Масалан, Туркия бугунгача ҳеч талаб этмаган «инсон ҳақлари ва демократлашув»ни бемалол тилга келтириши мумкин.

Каримовнинг «Туркия аллергияси»дан қўрққан баъзи турк бюрократлар «Каримовни ҳуркитиб юбормайлик, оғалик қилмайлик», дея бошладилар. Ваҳоланки, 1994 йилгача ўзбеклар Туркистон турклари саналарди, Туркия туркларини эса «усмонли турклар», дейишарди.

Каримов бугун минбардан «биз турк эмасмиз» деган бўлса, бу фақат шу сўзларни айтган одам учун тўғри бўлади. Бир замонлар менинг боболарим сизнинг боболарингизга оғалик қилган эдилар. Оғалик карвони Аҳмад Яссавийнинг Онадўлига йўллаган муридларидан то (Отатурк бошчилик қилган) Қуртилиш Жабҳасига қурол-аслаҳа етиштириб турган Истанбулдаги ўзбек дарвишларининг хонақоҳигача, ундан Бухоро Жумҳуриятининг Антанта исканжасида қолган Туркияга юборган олтинларига қадар узангандир. Энди навбат укамиз Туркияга келибди. Хитой нима дейди, Русия нима дер экан, деб истиҳола қилмасдан, вазифангизни бажармоқ фурсати келди… Оғанинг авваламбор, укалар ўртасида адолатни ўрнатмоғи лозимдир. Сўнгра тўғриликни, диёнатни ўрнатмоғи керак. Ва оғанинг бир золимни қўллаши ҳеч мумкин эмас. Ўзбекистоннинг диктаторлик билан бошқарилиши қандай қилиб Туркиянинг миллий манфаати бўлиши мумкин? Йўқ, бу Туркиянинг манфаати бўла олмайди. Жуда нари борса, бу Ўзбекистонда ширкат қурган, ўзбек диктаторининг ҳаром дастурхонига яқин уч-тўрт бизнесменнинг манфаати бўлиши мумкин. Бу минтақада Туркиядан олган миллионларини текин олишга интилмаган, олган қарзини вақтида тўлайдиган номусли бир ҳукумат бўлсайди, бу Туркиянинг манфаати бўларди. Фақат бундай зеҳният Ўрта Осиёни идора қилаётган лидерларга бегонадир. Бундай зеҳният демократик сайловлардагина ҳокимиятга келиши мумкин. Демак, у ерларга демократиянинг келиши Туркиянинг воз кечиб бўлмайдиган манфаатидир.

Жейда Қорон: Каримов сизни ўзига қарши уюштирилган суиқасдда айблади, бу воқеага алоқангиз борми?

М. Солиҳ: Каримов ўз-ўзига суиқасд тайёрлади, аммо жуда муваффақиятсиз тайёрлади бу суиқасдни. Бир кишини ўлдирмоқ учун олтита жойда бомба портлатиш қайси доҳий провокаторнинг ақлига келган экан?

Бомба портлатганларга «агар айбни мухолифатга юкласанглар, қутулиб кетасизлар» дейишди ва улар ҳам рози бўлишди, аммо маҳкамадан кейин дарҳол ўлдирилдилар. Шундай қилиб «суиқасд» сценарийси ҳам улар билан ерга кўмилди. Маҳкама жиноятни очиш учун эмас, уни ёпиш учун қилинди. Бу маҳкама портлашларда менинг иштирокимга оид битта ҳам далил топа олмади. Бу провокация «ЭРК» Партиясини сайловларда қатнаштирмаслик учун қилинганди. Ва «ЭРК» сайловларда қатнаша олмади.

Жейда Қорон: Сизнинг миллиятчи ва диндор эканлигингиз ҳақида гап-сўзлар бор. Ўзбекистондаги диний оқимларга қарашингиз қандай?

М. Солиҳ: Сўфилар «Мўминмисан?» деган саволга «ИншОллоҳ, мўминман!» деб жавоб берарканлар. Мен ҳам уларга тақлид қилиб, «ИншОллоҳ, диндорман!» деб жавоб бераман. Лекин бу мендан бошқани қизиқтирмайди, менинг эътиқодим бу. Ўзбек миллиятчиси эмасман, чунки ўзбекларни этник жиҳатдан бошқа турклардан айри бир миллат ўлароқ кўрмайман.

Жейда Қорон: Туркияда баъзи доиралар тарафидан шариатчи ва миллиятчи қатламлар билан исмингизни боғлаб гапиришади, бу миш-мишларнинг манбаи қаерда сизнингча?

М. Солиҳ: Менга шариатчи деганларга аввалроқ бир жавоб бергандим, шуни яна такрорлайман: «…Оллоҳга инонаман, агар инонмоқ шариатчилик бўлса, ўзбекларнинг деярли ҳаммаси шариатчидир. Бир-икки ўзлигини танимаган ўртага чиқиб «мен Ваҳҳобийман» ёки «мен Ҳизбут- таҳрирчиман» дея Диктаторнинг тегирмонига сув қуйиб, унинг диндорларга қилаётган зулмини янада ошишига сабабчи бўлган бўлди, афсус. Аммо ўзбекларни на диний таассуб ва на-да коммунистларнинг атеизми тўғри йўлдан адаштира олади. Туркистон турклари муслимон ўлароқ доим ўрта йўлни тутиб келгандирлар. Улардан «тубдандинчи» (фундаменталист) чиқара олмайдилар. Мен Туркияда қолганим муддат ичида диндор билан ҳам, диндор бўлмаганлар билан ҳам кўришдим ва бу бир куни мен учун муаммо бўлади, деб ўйламадим. Каримовнинг менга қарши пропагандаси Туркияда ғийбат ва миш-миш даражасидан юқорига кўтарилмагандир.

Жейда Қорон: Каримовнинг бир Президент сифатида халқ тарафидан қўллаб-қувватлангани ҳақида гапириш қийин, у қандай қилиб ҳокимият тепасида қолишга муваффақ бўлаяпти?

М. Солиҳ: Каримов классик бир диктатор сифатида атрофидаги ҳаммадан шубҳаланади. Икки-уч кишини истисно қилганда, атрофидаги кадрларни давомли алмаштириб туради. Ҳокимиятда қолишнинг яна бир таянчи, КГБ ва миршабдаги ўзбек бўлмаган зобитлар. Улар яхши пул эвазига жосусликни ҳам, муҳофизлик вазифасини ҳам исталган савияда бажаришади. Бу вазифани бир ўзбек бажаришдан бош тортиши мумкин. Шунинг учун ҳам Каримовнинг ҳеч ўзгармаган Бош Вазири бир арман хотиннинг ўғли… Бу одам ўзига шу қадар ишонадики, Ўзбекистонда туғилганига қарамасдан, ҳали ҳам ўзбекчани ўргангани йўқ… Ўзбекистон зиндонларида сиёсий ва диний қарашлари сабабли тахминимизча 40 мингга яқин одам ётибди. Каримовнинг яқинда эълон қилинган амнистияси халққа ачиганидан эмас, балки янги маҳбусларга қамоқхоналарда ўрин қолмаганидан олинган бир тадбир, холос. Каримов режими КГБ ва миршабнинг кучи билан оёқда турибди. Бу икки ташкилотнинг персонали сўнгги 5 йил ичида ўн баравар кўпайтирилган. Бу ташкилотда ишлаганлар катта маош оладилар, давлатнинг турли имтиёзларидан фойдаланадилар. Муҳими, бирор жиноят қилсалар, иши ҳеч қачон судгача бормайди уларнинг иши.

Жейда Қорон: Ўзбекистон халқи нега Каримовга қарши исён қилмайди ҳеч?

М. Солиҳ: Халқ исённинг остонасида турибди. Каримовнинг қўрқувли рўёси бўлган «исломий террористлар» ичида ўтган йил 700 тагача мужоҳид бор эди, бугун уларнинг сони 3 мингга етди. Бу мужоҳидларнинг ақлли сиёсати эмас, Каримовнинг ақлсиз сиёсати мевасидир. Халқ бу золим ва ғаддор режимдан қутқараман, деган ҳар қандай тўдани қўллаш даражасига келтирилгандир.

Жейда Қорон: «ЭРК» Партияси сифатида ўзбек халқига таклиф қилган альтернативингиз нимадир?

М. Солиҳ: «ЭРК» Партияси Ўзбекистонда миллий бирликни ўрната олишга қодир ягона ташкилот, десак муболаға бўлмайди. 1991 йил декабр ойида халқ «ЭРК» Партияси таклиф қилган режим альтернативини маъқуллаганди, аммо Каримов сайловларни очиқчасига сохталаштириб, ҳокимиятда қолиш муғомбирлигини кўрсатди. Бизнинг альтернативимиз: демократик ва ҳуқуқ давлатидир. Иқтисодда – эркин бозор, сиёсатда – халқчил демократиклашув…

Жейда Қорон: Каримов ва сиз ҳаққингизда кўп гаплар айтилган саргузаштлар бор, Парламентда бир тепки еганингиз ва Каримовга иккита мушт туширганингиз ҳақида, масалан. Бу воқеа қандай юз берди?

М. Солиҳ: Парламентда Каримовга «туширган муштлар» доим сўз шаклида бўлган, жисмоний муштлашувга қадар таназзул қилмадим. Каримов ҳам мени тепмаган, агар тепса, албатта, «қарши таназзул» қилишга мажбур бўлардим…

2001

(80)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (231-236-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар