Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

М. Фармонованинг ҳаёти ҳамон хавф остида

М. Фармонованинг ҳаёти ҳамон хавф остида
15 Mart 2017 - 11:00 'да юкланди ва 1602 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(қирқ иккинчи мақола) 

М.ФАРМОНОВАНИНГ ҲАЁТИ ҲАМОН ХАВФ  ОСТИДА

Мастура Фармоновага берилиши керак бўлган “Олтин қалам” мукофотининг олти миллион сўмини қароқчиларча тортиб олганлиги ва унинг бир неча йиллик маошини ҳам туя қилганлиги ҳамда уни бир эмас, икки маротаба куппа-кундуз куни ўласи қилиб калтаклатганлиги ҳам Ўзбекистон миллий телерадиокомпания раҳбари Алишер Ходжаевнинг эҳтиёжини у қадар қондирмаган кўринади. Уй калитини бермагани жуда-жуда, қаттиқ ботган ва алам қилган, шекилли.

Лекин раиснинг ўринбосари Олим Тошбоевга ҳам қойил қолиш керак. Чунки у ўзига, ўз рафиқасига ва ҳаттоки,  А.Ходжаевга улуш-“доля”ни ўз ходимларидан қандай қилиб тортиб олиш ва тортиқ қилишнинг ҳадисини олгани унинг катта маҳорати борлигидан дарак дейишга асос бўлади. Ахир, ходимига “Олтин қалам”га берилган нақд олти миллион сўмни ура солиб олиб қочишнинг ўзи бўладими? Бунақанги юлғичликни амалга ошириш учун одам ўта чаққон ва ўта сурбет бўлиши талаб этилади. Ана шундай сифатлар ЎзМТРК раҳбари ва унинг маънавият ишлари бўйича ўринбосарида бўлмасдан бошқа кимларда ҳам бўлсин. Ҳар бир ходимнинг қайсидир биридан турли кийим бош ва яна қай биридандир оёғига ва яна қаёғигадир усталик билан нарсалар ундириш учун катта мактабни ўтаган бўлиши шарт. Сабаби кейинги ўн йил давомида А.Ходжаев даврида ана шундай мактабнинг ҳар томонлама мустаҳкам пойдевори яратилди. О.Тошбоев эса худди шу таълим масканини аъло баҳолар билан битириб уни амалиётда қойилмақом этиб бажараётганлардан бири. Гапираверсанг, барибир буларнинг бари бир-икки китобга сиғмайди.

Айниқса, ўз ходимларини қаттиқ қўрқув остида ушлаб туриш узлуксизлигини таъминлаш уларнинг яна муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Агар шундай йўл тутилмаса кўпгина сиру-асрорлар фош бўлиб қолиши мумкин. Бири устимдаги кийимимни тортиб олди дейиши ва яна бошқа бир нарсаларини бериб қўйганлигини оғзидан гуллаб қўйиши тайин. Мана масалан, М.Фармонованинг шунча миқдордаги пули тортиб олингани ва бир неча йиллик маошининг берилмай келаётгани ҳамда бир неча маротаба уртўқмоқ остига олинганидан қарамасдан шу бугунги кунларда ҳам унга нисбатан таъқиб-у тазйиқлар тўхтаганича йўқ. Аксинча, таҳдид кучайгандан кучаймоқда.

Аммо шунинг баробарида уни ҳимоя қилиши ва унга ёрдам қўлини чўзиши мумкин бўлганлар отлиққа бўлса-да, биронта ташкилотнинг ўзи ҳам йўқ. Негаки, уни ким ва кимлар, қайси идоранинг вакиллари томонидан кузатув ва таъқиб остига олинаётганлиги ва хўрланаётганлигини кўпчилик жуда яхши билиб қолишган. Шунинг учун ҳам улар бундайин ишкал ишга аралашишдан ўзларини имкон қадар тийишга ҳаракат қилишади.

Бундан бироз муддат илгари Фармоновани “хориж радиоларидан бирига интервью берадиган бўлсанг, сени ўлдириб кетамиз” дея таҳдид қилиб қўрқитишганлиги ҳақида тўхталган эдик. Бироқ у чет эл радиосига ўзига бўлаётган ноҳақликлар борасида ҳали лом-лим демасидан бурун икки марта дўппосланди. Иккинчи марта эса айнан мен билан учрашиб ўз дардини тўкиб сочганлиги учун ҳам шу ҳолат қайта такрорланган. Чунки менга гапириб берган арзу-ҳоллари хориж матбуотида чиқиб кетиш эҳтимоли яна кучайганлигини улар жуда яхши англаб етганлар. Сабаби мен “Ёшлар” телеканали муҳаррирлари Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулованинг ноҳақ ишдан олинганлигини бир эмас икки маротаба икки чет эл радиосида гапирганман. Масаланинг жиддийлиги ҳам шундан бўлган.

Бугунги кунда ҳам айнан ЎзМТРК раҳбари шахсан А.Ходжаев ҳамда унинг режим ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Шодмоновнинг топшириғи билан журналист М.Фармонованинг уйига келишиб унга дўқ-пўписа қилиб кетаётганларнинг кети узилмаяпти. Айниқса, режим ва хавфсизлик хизматининг телевидениядаги бўлимининг ходими Фазлиддин Худойқулов ва Ўзтвнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий муҳарририятининг бош муҳаррири Мадамин Сафаровлар унинг уйигача бостириб келишиб “Нарзулло Охунжонов билан алоқангизни узинг, у билан мутлақо гаплашманг, ундан узоқроқ юринг. Бўлмаса яна оқибати бундан-да баттар бўлиши мумкинлиги”дан қаттиқ огоҳлантиришган. Бу ҳам етмаганидек, уни ҳар-хил ҳақоратли сўзлар билан таҳқирлаб шахсига тегадиган гап сўзлар қилишган. Бундай ҳатти-ҳаракатлар мунтазам равишда такрорланиб турганлигини ва бу каби ҳақсизликлардан чарчаб ҳафсаласи пир бўлиб бораётганлигини М.Фармонова бизга бир неча карра гапириб берди.

Бундан ташқари,  бу жабрдийда журналист аёл кўчаларда ва умуман, бозор учарларда ҳам бемалол юролмайдиган бўлиб қолганлиги ва уни доимо ортидан кимдир таъқиб қилиб юришини жуда яхши ҳис қилишини яширолмади. Энг қизиғи, яқингинада “Олой” бозорининг бекатида турганида Ўзбекитсон миллий телерадиокампанияси раиси А.Ходжаевнинг режим ва хавфсизлик хизмати бўйича собиқ ўринбосари Баҳром Ўтанов тўйиб ичиб олганлигидан маст бўлиб оёғида зўрға турса-да, Мастура Фармоновага ташланиб қолган. Унинг йўлини кесиб-тўсиб турли бўлар-бўлмас, қўпол сўзлар билан сўкиб, унга “сени бир кунмас бир тинчитаман” дея дўқ ура бошлаган. Бу ҳолатни кузатиб турганлар эркак кишининг бир аёлга нисбатан қилаётган бу қадар ҳақоратли сўзларини эшитиб бу маст-аластдан нафратланишган. Шу тариқа Б.Ўтанов деган режим ва хавфсизликнинг собиқ ходими анча вақтгача шунақанги йўлтўсарлик билан Мастура опани қўрқитишга уриниб уни ушлаб туришга ва оғзига келган гаплар билан шахсини ерга уришга роса чиранган. Унинг бу каби йўлтўсарлиг-у, қўпол муомаласидан опа зўрға ўзини олиб қочишга эришган.

Мастура Фармонованинг бошига шунчалар кўргуликларни солиб ҳам тинчимаётган ЎзМТРК раҳбарияти нимадан чўчишаётган бўлиши мумкин? деган савол ўз-ўзидан кўндаланг бўлиши табиий бир ҳол. Бунчалар ташвишланишмаса, талвасага тушишмаса улар? Нима уларнинг қилғили-гу, қинғирликлари тўла қўриқхонанинг катта қулфи ҳали тўла очилмаганлигидан безовталиги шу қадарми? Ҳамма гап аслида шунда. Энг аввало жуда катта ва қамрови янада кенгроқ сирларнинг фош бўлиши уларнинг тинчини бузган бўлса не ажаб.

Айни кунларда ҳам журналистнинг ўз мурожаатлари бўйича  Ўзбекистондаги биронта энг юқори инстанцияларгача бўлган ташкилотлардан ҳам бирор бир натижа бўлмаганидан кейин охири Тошкентдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ваколатхонасига боришга қарор қилганлигини ҳам тушунса бўлади. Лекин шунга қарамасдан ҳам барибир уни орқасидан кузатиш ва таъқиб қилиш иши давом этмоқда, экан. Энди бу ЎзМТРК раҳбарияти унинг ортидан аёлллардан ёлланган айғоқчи қўйиб кузатувни амалга оширишни йўлга қўйишибди. Бу изқувар-пойлоқчи опа М.Фармонова қаёққа борса унинг ортидан қадамба-қадам, изма-из юриб, ўша борган жойигача бориб уни пойлашдан чарчамаяптикан. БМТнинг ваколатхонасигача бориб ҳам унга нисбатан шантаж ишларини қойилмақом қилиб бажараётган экан.

Яна бир нарсани таъкидлаш жоизки, Мастура опа телерадиокомпания раҳбарияти билан ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш мақсадида судлашиш жараёни ҳам кетаётганлиги борасида бизни хабардор қилганди. Унинг натижаси нима билан тугади. Ҳозирча бизга бу ҳақдаги тафсилотлар маълум эмас. Сабаби кейинги бир неча ой мобайнида Мастура Фармонова билан на телефонда ёки бошқа бир алоқа воситаси орқали боғланишнинг имкони бўлмаяпти.

Бу Ходжаев деганларининг бу қадар ваҳшийлигига қараганда, журналистларга қарши курашни ва уларни қатағон қилишнинг бунақанги усул ва услубларини қўллашни ҳали ЎзМТРКга раҳбар бўлиб келмасидан олдин, анча илгари бошлаган кўринади. У президент ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосарлиги пайтиданоқ бу борада анчагина тажриба орттирган кўринади. Сабаби ўша лавозимда ишлаб юрган пайтлардан бошлабоқ анча-мунча журналистларнинг бошига кулфатлар ёғдирилганлиги бежиз эмаслиги ўз-ўзидан маълум бўлиб қолади. Айнан ўша даврларда ишлаган вақтидаги фаолияти давомида неча нафар журналистларнинг қатағонга учратилганлигининг таҳлилини бошқа бир мақолаларимиз учун мавзу қилиб қолдирамиз.

Яхшиси, бу ЎзМТРК раҳбарининг ўз қўл остида ишлайдиганлар ҳақида бор бўй-басти билан имкони борича энг минимаълумотларгача бўлган далилларни тўплайдиган одатини тарк этмайдиганлиги ва бу борада ўта жонбозлик кўрсатгани сари ўзи ҳақидаги минилардан ҳам мини бўлган маълумотлар ошкор бўлиб бормоқда. Энг ажабланарлиси унинг кўлами янада кенгайиб кетмоқда. Шунинг учун айтадилар-да бировга чоҳ қазисанг ўзинг тушасан, деб.

17.12.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар