Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Навоийдан Навоийгача

Навоийдан Навоийгача
15 Mart 2017 - 16:28 'да юкланди ва 639 марта ўқилди.

БОЙСУНҚУР

Фикрлашни чексизлик орқали бўйнига олган ҳар қандай шахс учун нарсаларга ном бериш энг қийин ҳисобланади. Агар ном бердингизми ёки тасвирладингизми демак, ғайб пардалари кўтарилиб кетади, йўллар очилиб кетади, воқеликдаги муаммолар ечилиб кетади ва хоказо. Мутафаккирлар шундай дейишади.

Навоий бир ғазалида бунга урғу беради:

Эй Навоий, иста маъни оламиким, келди дун,
Ҳар кишиким майли ушбу дунёи дун саридур.

Охирги 500 йил ҳақида гурунг кетганда мутаффаккир шоир Рауф Парфи “балки биз ўлган миллатдирмиз”, деган жумлани айтган экан. Охирги 500 йилликнинг бўшлиғини Навоий образи компенсасия қилиб тўлдирмоқда, албатта. Ҳозир ҳам. Орада ва ҳозир ҳам ирреал дунёда яшаётгандаймиз: мавҳумлик орқали- психологик қарашларимиз билан дунёга, воқеликка ном бермоқчи бўламиз, шу асосда яшаймиз, шу асосда жамиятни қурмоқчи бўламиз. Тескариси бўлиши керак эди.

Навоий замонидан кейин Туркистон ирреаллик даврига қадам қўйди. (Аслида Навоий замонидан олдин бу касалликнинг аломатлари кўрина бошлаганди.) Дин бошқа, ҳаёт бошқа, жамият бошқа, давлат бошқа, сиёсат бошқа шаклидаги фикрлаш тарзи одамлар онггини эгаллаб қўйди. Ҳозир ҳам шундай. Давом этмоқда. Ирреализм даври.

Ғарб дунёси жамиятда демократик конструксиялар яратгани боис ирреаликдан реаллик дунёсига қадам қўйди: жамиятдаги ўзаро тенг муносабатларда реалликнинг-тирикликнинг сифатлари намоён бўла бошлади. Бу бошқа мавзу, албатта.

Навоий ислом маданиятига туркий тил орқали энг катта ҳисса қўшган шахс ҳисобланади, албатта. Унгача форс тилида инсонга ҳаёт бергувчи реалликни кўп ва хўп тасвир этишган, ном беришган эди.

Навоий зудлик билан форс тилида яратилган шаклларни олиб маъно оламига туркий тил кийдиради. Яна ўткан йўлдошлари келиб қолган жойдан чексизлик томон ёлғиз бир ўзи сафар қилади. Кундаликларида- ғазалларида ушбу сафарларини қайд этади, ном беради. Лекин у бораётган, кезаётган манзилларда дунёдаги бир улуғ Одам отининг чангги қолган эди.

Ул қуёш васлин тиларсен, бўл мужаррад, негаким,
Кўкка Руҳуллоҳни еткурган анинг тажридидур.

“Дунё маданияти бу коллектив меҳнат.”- деган эди бир шоир. Фақат ушбу меҳнат эгалари ҳаётда бир-бирларини умуман кўришмаган, вақт узунасида бир-бирларидан узоқ яшашган. Лекин уларни боғловчи бир нарса бор- реаллик. Мутафаккирлар наздида Реаллик Жаннат, дўзах тушунчаларини берувчи сарҳадларни ҳам қамраб олади. Навоий ҳам, масалан, “Хамса” бошланишида осмонларнинг сифату феълларини тасвирлаб беради. Навоий реаллик орқали атрофида кечаётган воқеликни достон шаклида тасвир этганда қандай бўларди деган савол одамни қийнайди. Бу аслида ҳар қандай ижодкорнинг энг, энг орзуси ҳисобланади. Навоийдан сал олдинроқ яшаган Данте бунга уннаб кўради. Лекин ном беришда адашиб кетади. Воқелик билан реаллик чегарасини ўрнатолмайди, чалкашиб кетаверади, натижада зиддиятли, бир- бири билан ўрни алмаштирилган тасвирга дуч келамиз.

20 аср бошларида реаллик кўзи билан дунёга қарайдиган ижодкорлар пайдо бўлди. Айниқса, А.Фитрат асарлари залолатга кетиб қолган, яъни тирикликдан узилиб қолган воқеликни тасвирга олади, ном беради. Чўлпон “Уйқуда ул пари” деб Навоий замонидан кейинги жамиятда кечиб келаётган трагизмни абсолют нуқталардан айтади: уйғониш одамнинг қўлидан келади ҳам қўлидан келмайди дейди.

(Орада Машрабнинг ҳаракатлари –ёзган ғазаллари ирреал ҳаётда яшовчилар учун алаҳсирашдек туюлади.)

Воқеликка чексизлик орқали аниқ ташхис қўйилса, ўлик жамиятни тирилтириш мумкин экан. Ирреаликдан реаликка қайтариш мумкин экан. Бунинг учун ўзбек бадиий тафаккури Навоийдан Навоийгача йўл юриши керакдир, эҳтимол.

Манба: ADABIYOT MANZARALARI

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар