Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Таъқиқланган тарих

Таъқиқланган тарих
16 Mart 2017 - 12:00 'да юкланди ва 1218 марта ўқилди.

Бутун онгли ҳаётим давомида халқимнинг озодлиги, унинг рус мустамлакасидан қутулиши камина учун, бир ўзбек зиёлиси учун энг буюк орзу бўлган эди. 1990 йилгача нима ёзган бўлсам, – шеърми, мақолами – ҳаммасида у ёки бу шаклда, маъжозий ёки тўппа-тўғри маънода ўша хаёлдаги озодлик, хаёлдаги эркка талпинишни кўриш мумкин. Буни асло бир юксак хусусият деб айтаётганим йўқ. Ҳар ким бир орзу билан яшайди, мен ҳам ўша «ҳарким»лардан биттаси эдим, менинг ҳам орзум бор эди.

Шунинг учун 1990 йил 20 июн куни Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида қабул қилинган «Ўзбекистоннинг Мустақиллик Декларацияси» мен учун ва менинг дўстларим учун нафақат сиёсий, балки шахсий, фардий ҳодиса эди.

«Мустақиллик Декларацияси» бошқа бировлар томонидан эмас, ўзимиз бино қилган «ЭРК» Партияси томонидан Олий Кенгашга тавсия қилингани ва депутатларнинг аксарияти томонидан қўллаб-қувватлангани эса бу шахсийликни янада кучлантиради гўё. Гўё бир гуруҳ ўзбек зиёлиси ўз эгоизмини халқ эгосига ортиб, жамоатчилик олдига олиб чиққан-у, халқ ҳам уни тасдиқлатгандай. Гўё биз қулоқларини динг қилиб турган Москвани шундай алдагандик. Унинг ўткир кўзларини шундай шамғалат қилгандик. Бизда шу ғолиблик туйғуси бор эди.

Лекин Ўзбекистон раҳбарияти бундай тарихий бурилишга на руҳий, на-да сиёсий жиҳатдан тайёр эди. Компартиянинг Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон шўъбаси мустақиллик ғоясига қарши эди. Декларация муҳокамасида ўртоқ Каримов қатнашмади, ўринбосари, Министрлар Совети Раиси Мирсаидовни минбарга чиқарди. Мирсаидов Мустақиллик декларацияси ёзилган қоғозни минбардан силкиб, «бу бир парча қоғоз-ку, бу билан нимага эришмоқчисизлар», дея депутатларга хитоб қилган эди. Ўртоқ Каримовнинг ўзи йўқ эди, ҳар эҳтимолга қарши бу муҳокамадан узоқроқ туриш учун Мажлислар залини тарк этганди. Каримов икки ўт орасида қолганди.

Декларацияни қабул қилаётган Мажлисга очиқ қарши чиқолмасди, чунки уни Президент қилиб ўша мажлис сайлаганди. Агар Мажлис истаса, бир ёқадан бош чиқарса, Каримовни ҳокимиятдан узоқлаштириши мумкин эди. Мажлисда шундай салоҳият бор эди. Иккинчи томондан, Декларация қабул қилинса, «ЭРК» Партияси тавсия қилган шаклда, ўзгаришсиз қабул қилинса, Москва Каримовга қарши тадбир олиши мумкин эди. Ҳар ҳолда, Каримов шундай деб ўйларди.

Мажлис Мирсаидовнинг гапини тингламади ва кўпчилик бўлиб Декларациянинг овозга қўйилишини талаб этди. Мажлис раиси овозга қўйилишига тўсқинлик қила олмади. Декларация овозга қўйилди ва Мажлис айнан «ЭРК» Партияси тавсия қилган вариантни сўзма-сўз қабул қилди. Бу Каримов ва унинг атрофидагиларни саросимага солди. Декларация қабул қилингандан сўнг Ўзбекистон Марказқўмининг иккинчи секретари Ефимовнинг Москва билан гаплашгандаги талвасасини мен кўрдим. Агар декларация қабул қилинган шаклда матбуотга эълон қилинса, бу Ўзбекистоннинг Совет Иттифоқидан тўла мустақил бўлди, деган гап эди. Бундан даҳшатга тушган раҳбариятнинг Декларацияга «Союзний договор» деган бир жумлани илова қилиш учун қилмаган найранги қолмади. Биз бу иловага қарши чиқдик, чунки бу Мустақиллик ғоясини қарийб йўққа чиқарарди.

Қолаверса, депутатлар «ЭРК» Партияси вариантига овоз берганди, уни ўзгартириш қонунан мумкин эмас эди. Биз, бир ҳовуч депутатлар, бу ўзгартиришнинг киритилмаслиги учун қўлимиздан келгунча ҳаракат қилдик, аммо коммунист найрангбозлар Москвадан қўрққанидан халқ сайлаган 500 та депутатнинг иродасига тупириб, бу хоинона ўзгартиришни киритдилар. Боз устига, матбуотда эълон қилар экан, Мустақиллик Декларациясидаги «Мустақиллик» калимасини «суверенитет» деб ўзгартириб, халқ иродасига иккинчи зарбани урдилар. Учинчи зарба 1991 йил март ойида келди. Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати март ойида ўтган Референдумда бор овози билан ўзбек халқини Совет Иттифоқида қолишга чақирди. Ва ўзбек халқи бу чақириққа «лаббай» деб жавоб берди. Ҳар ҳолда, Референдум натижаси шуни кўрсатарди.

«ЭРК» Партияси ўз ғояси ҳимояси учун референдум куни майдонга ёппа-ёлғиз чиқди. Албатта, «ЭРК»нинг Мустақилликни ёқлаб тарқатган варақалари Каримов ҳукуматининг Совет Иттифоқини ёқлаб қилган пропагандаси олдида ҳеч эди. Аммо бизни бир нарса – Мустақилликка бўлган мустаҳкам ишонч ҳаракатга келтириб турарди. Бу ишонч шуур остидаги бир кучга, бир инстинктив сезгига таянган ишонч эди. Бу сезги дунёнинг олтидан бирини эгаллаган буюк Империянинг – Советлар Иттифоқи деб аталган бир давлатнинг куни битганининг сезгиси эди.

1990 йилнинг 20 июн куни мен учун, менинг дўстларим учун ўз ватани озодлигини ҳар нарсадан устун қўя билган инсонлар учун тарихий бир кундир. Бу кун бизнинг байрам кунимиздир. Бу байрамни нишонлаётганлар бугун кўп эмас, аммо кун Келажак – кўпаяжакдир. ИншоОллоҳ, кун келиб бу байрамни бутун Ўзбек халқи яшаяжакдир.

(20.06.2001)

(82)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (236-239-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар