Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўртадаги узоқ танаффус…

Ўртадаги узоқ танаффус…
17 Mart 2017 - 8:00 'да юкланди ва 809 марта ўқилди.

Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР

Қора мушук

Тунда ҳамма ухлайдиган пайт,
Йўқолади мушук бирпасда.
У ишига бўлолмас лоқайд,
Йиғи ўғирлайди, нокас-да!

Сассиз қолиб кетар, чақалоқ,
Ташқарида адашган йиғи.
Алла бошлар, она, кўз мудроқ,
Юрагида муҳаббат чўғи.

Мудрай бошлар, шунда товуш ҳам,
Муҳаббатнинг меҳрини туйиб.
Бу қилади мушукка алам,
Инграр шунда, бўғзи йиртилиб.

Товуш қочиб, кичик йиртиқдан,
Чақалоққа ёпишади, боз.
Уйғонади, она ҳам бирдан,
Кўкрагига талпинар, Овоз.

***

Сиёҳдонга тикилиб, баъзан,
Қоғоз излай бошлайди, кўзлар.
Қақраб ётар қурқшаган ўзан,
Тилларингдан сув сўрар, сўзлар.

Ўртадаги узоқ танаффус,
Қирғоқларни келтирмас яқин.
Хоҳиш дарё бўлолмас, афсус,
Ёмғир туғмас чаққан ҳар чақин.

***

Чумоли бошига тикса, гар байроқ
Ва жанггоҳга кирса, шерларга қарши.
Шерларнинг байроғи бўлмаса, бироқ,
Ҳар тукида бўлса, мингта қиличи,
Охирда, душманга бўлади мағлуб.

Бир байроққа уйса, ҳар қандай қавм,
Аъламдек ўрласа, ёрқин бир ғоя,
Ўтмишдан келажак олади таълим,
Битта туғ нусратга бўлар, сармоя.

***

Баъзида ўзимники эмас бу қалам,
Ўзимники бўлмайди, ётган болишим.
Бегонадек туюлар, минг йиллик кулбам,
Ўз-ўзини ўғирлар, баъзида ҳушим.

Ойнага термуламан, нотаниш кимса,
Еб қўйгудек боқади, бўлиб норизо.
Шундай пайтлар юрагим, “тарса” ёрилса,
Барисига бир йўла, У қўйса имзо.

***

Ёлғизлик ҳақида жуда кўп фикр,
Фироққа ўхшашроқ туйғусин таъми.
Кимларга туюлар, ёлғизлик тахир,
Кимгадир, шириндир, буларнинг жами.

Ким учун ёлғизлик – ялангликдир, бас,
Одамзот ундаги – яланғоч дарахт.
Ёлғизлик ҳақида юрак басма-бас,
Сайрайди қушчадек, хорликдан карахт.

* * *

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар