Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Қудратли” Т.Қодиров қаёққа қочди?

“Қудратли” Т.Қодиров қаёққа қочди?
17 Mart 2017 - 10:00 'да юкланди ва 1825 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(қирқ учинчи мақола) 

“ҚУДРАТЛИ” Т.ҚОДИРОВ  ҚАЁҚҚА ҚОЧДИ?

Уни роса қидиришди. Лекин топиша олмай роса сарсон бўлишди. Нима бўлганлиги ҳеч кимга маълум эмас. Бировлар хаста бўлибди, дейишса яна бировлари қаёққадир қочибди деган гапни айтишади, дейди биз билан суҳбат чоғида теговчи. Бу орада уч-тўрт ой ҳам ўтиб кетаяпти. Бироқ, “қудратли” Т.Қодировдан дарак йўқ.

Кунларнинг бирида биз адвокатим ва яна бир киши билан унинг ишхонасида ўтиргандик. Бир пайт бир аёл билан бир эркак ҳовлиқиб кириб келди. Иккиси ҳам дастлаб гапларини у қадар тушунтира олмадилар. Улар сал ўзларига келганларидан сўнггина гап нимада эканлигини секин-аста салмоқланиб сўзлашга ўтишиб уни тўғри англатишга ҳаракат қила бошладилар.

Хонага кириб келганлардан бири аёл-бу ўзини Шоира Ҳасанова деб таништирди. Иккинчиси эса эркак киши-аёлнинг қайнукаси эканлигини айтиб исмини айтишни ҳам унутди. Шоира ва қайнукасининг айтишларига қараганда, унинг турмуш ўртоғи Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлимининг бошлиғи Усмон Азизовни бир неча кун олдин миллий хавфсизлик ходимлари қўлига занжир солиб олиб кетишган. Ҳозирда у қайсидир изольятор-ҳибсхонада ётибди. Умр йўлдоши билан мутлақо учраша олмаяпти. Гап нимадалигини ҳам билмайди. Шошиб қолганлигидан нима қилишини ҳам билмай қолган. У ўзини ўтга ҳам чўққа ҳам ҳарчанд урмасин ҳеч ким унга ёрдам беришни истамаган. Аксинча, негадир ундан ҳамма ўзини олиб қочишга уринган. Шунданми унинг боши қаттиқ гангиб қолган.

Лекин эри-Усмонни ушлаб кетишгандан кейин бир кун ўтар-ўтмасдан унинг уйида вақтида улардан ўттиз минг доллар сўраганида бериб турмаганлигидан норизо-Собира Бўлдиева пайдо бўлган. Нима гаплигини билсада, Собира қурғур ҳам ўзини билмаганликка солиб нима бунчалик ташвишда эканлигини сўрай бошлаган. Гўёки ишлар чатоқлигини билгач ўз ёрдамини аямаслигини билдирган ва шу жойнинг ўзида тўғридан-тўғри ўзининг эски таниши бўлган “таниқли” бутун Ўзбекистонга машҳуру жаҳон бўлиб кетган ва ўз навбатида лицензиясидан маҳрум этилган сохта адвокат “қудратли” Т.Қодировга қўнғироқ қилган. Шоиранинг менга ҳозир адвокатнинг кераги йўқ, бошқа адвокат топдик деб айтишига қарамасдан Собира эса ундан бошқаси ҳал қила олмайди, дея уни “обработка” қилиб кўндиришга урина бошлаган. Хуллас, ундай деб бундай деб Шоирани авраган Собира ахийри шу ўзи айтган сохта адвокатни олдиришга кўндирган. Ўша куннинг ўзида уларнинг учаласи ҳам учрашишга келишиб олишган.

Келишилганидек, уларнинг учрашуви ва ўзаро суҳбати чоғида Т.Қодиров бирданига олдинига икки минг АҚШ доллари талаб қилган. Шундан кейингина ишга киришишини айтган. Шоира шунда унга “Агар сиз адвокат бўлсангиз олдиндан мен билан шартнома тузмайсизми” деган саволни ўртага ташлаган.

Бу гапдан энсаси қотган “адвокат” Қодиров Т Ш.Ҳасановага: “Агар кўнсангиз шу, менга ишонсангиз шундай йўсинда ишлайман. Мана ўртада турган инсон ўзингизнинг яқин танишингиз Собира турибди. Унга қандай ишонсангиз менга ҳам шундай ишонаверинг. Шартнома деганлари бу бир оддий қоғоз бўлса. Унинг бир зиғирчалик аҳамияти йўқ. Сизга иш битиши керакми ё бошқа нарсани истаяпсизми? Мен шу соҳада 40-50 йилдан буён ишлаб тажриба орттириб келаяпман. Эрингизнинг бу “статья”лар билан подвалга олиб туширилиши ўта жиддий ҳолат. Бу билан ҳазиллашиб-ўйнашиб бўлмайди, синглим. Сизга турмуш ўртоғингизнинг бус-бутунлиги, соғ-саломатлиги керакми ёки эртага бир-икки кун ўтмасданоқ мурдаси чиқишини хоҳлаяпсизми? Миллий хавфсизлик деган идоранинг ходимлари уни қўлга олибдими, бу аслида бутунлай, батамом иши пишиб бўлибди, дегани аслда.

Лекин мен сизнинг тагингиз бухоролик, яъни “землячкам” эканлигингизни ҳисобга олиб жуда ҳам арзон нарх сўраяпман. Аслида бу берадиган икки минг долларингиздан бир чақа ҳам менга қолмайди. Чунки, агар билсангиз, қулоғингизга чалинган бўлса, МХХ ходимлари бу пулларни сариқ чақага ҳам олмайди. Аммо мен уларни шу пулга кўндираман. Бунинг йўллари бор. Менга ва Собирага эса кейин алоҳида ўзингиз кўнглингиздан чиқариб берарсиз. Бу маблағ аввало сизни эрингиз билан учраштириш ва келажакда унга ҳеч нарса, яъни қўл теккизмасликлари, қийноққа солмасликлари учунгина, холос. У ёғини эса алоҳида гаплашамиз. Хоҳласангиз шу, бўлмаса ўзингиз биласиз. Агар кўнмайдиган бўлсангиз, мана яқиндагина ҳали ўн-ўн беш кун ҳам бўлгани йўқ. Худди ўша эрингиз ётган подвалдан биттасининг ўлиги чиқди. Биров бир нарса дея олгани йўқ. Бу тизимдагиларни биласизки, хоҳлаган ишини қилади. Лекин биров уларга ғинг дея олган эмас, дея олмайди ҳам. Шунинг учун сизга ичиб ачиб кетаяпти.”

Бу гапларни эшитган Шоиранинг пешонасидан совуқ тер чиқиб кетган. Бунинг натижасида нима иш қилишини билмасдан талвасага тушиб қолган. Бу каби ҳолатга тушиб қолганлигидан унумли фойдаланган Собира Бўлдиева эса дарҳол гапни илиб кетиб “Ана кўрдингизми, турмаларда нималар бўлаётганлигини-ю, қандай қилиб одамларни бир икки кунга бормасдан азоб бериб, қийнаб бўлар-бўлмас айбларни қўйиб, агар бўйнига олмайдиган бўлса, оқибати нима билан тугаётганлигини. Келинг, яхшиси шунинг учун рози бўлинг, кеч бўлиб қолмасин тағин. Нима анқайиб турибсиз? Бўлинг, тезроқ! Ҳозир ёнингизда қанча бор, ўзи? “ дея уни шошилтирган. У бу каби ундовлардан қўрқиб кетиб эрига бирон зиён-заҳмат етмаслиги учун ҳозирда сумкачасида 1000 доллари (минг доллар) борлигини айтади. Унинг шунча миқдордаги маблағи борлигини эшитган заҳоти Собира: “Бўпти, ҳозирча шу ёғини бериб туринг, қолганини кейин берасиз, фурсатни бой берманг” дея унга газ беради. Шокка тушиб қолган Ш.Ҳасанова мажбурлигидан минг долларни Собирага узатган ва у эса ўз навбатида бу пулларни Тўра Қодировга берган. Шунда Шоира қачон мени турмуш ўртоғим билан учраштирасизлар, деган савол билан уларга юзланади. Шунда ҚодировТ: “шу бугуноқ кечга бориб сизга қўнғироқ қиламиз” деб Шоирани ишонтиради. У бечора эса “бугун хўжайиним билан учрашар эканманда” деб бу иккала фирибгарнинг тун ярмигача қўнғироғини пойлаб ўтиради. Сабри тугаб қайтиб уларга қўнғироқ ҳам қилади. Афсуски, ҳар икки товламачининг ҳам телефонлари ўчирилган эди. Бу ҳолатдан ғазабланган Шоира эрталабгача мижжа қоқмай асабийлашиб, ич-этини еб чиқади.

Машмашанинг қизиғи эртаси куни бошланади. Шоира кун узоғи елиб-югуриб Собирани зўрға излаб топади ва у билан анча-мунча талашиб-тортишишлардан сўнг эса улар иккиси ҳам бояги сохта адвокатининг ёнига боришади. У бу ҳолга чидай олмаганидан бунақанги ёлғончиликлардан тўйиб кетганлиги ва тезда олган пулларини қайтариб беришларини талаб қила бошлайди. Шунда улар бир зумда ўз қиёфаларини ўзгартиришади ва ўзлари олдиндан тўқиб қўйган баҳонани ҳам келтиришади. Нима эмиш Тўра Қодировнинг МХХдаги таниши қаёққадир сафарга кетиб қолган эмиш. Шу боисдан иш бироз орқага суриладиган бўлиб қолибди. Буни эшитиб у янада тажанглашаркан, агар пулни қайтармасаларингиз ҳозир бориб устингиздан тегишли жойга арз қиламан, деб айтади, у. Икки фирибгарнинг кўзлари ўйнаб қўрқиб кетганидан “ҳозир туман прокуратурасига борамиз, у ерда бизни бир киши кутиб турибди, ўша жойда ҳаммаси ҳал бўлади” дейишади, ҳовлиқишиб. Ана шу гаплардан сўнг Шоира бироз ҳовуридан тушади ва улар прокуратурага боришади. Ҳақиқатдан боришса, бир киши уларни кутиб турган бўлади. Уни улар адвокат деб таништиришади. Бундан ҳайрон бўлган Ш.Ҳасанова “яна бир адвокатнинг нима кераги бор, ахир. Сиз адвокат эмасмисиз? Менинг ортиқча тўлайдиган пулим йўқ. Нима сизлар мени ўйнатаяпсизлар?” дея жиғибийрон бўлади.  Қодиров Т. уни  сабрли бўлишга чақиради ва “сизлар бу киши билан олдин прокурорга кириб чиқингизлар, кейин масалани нимада эканлигини тушуниб хурсанд бўласиз” деган хитоб билан уни тинчлантиришга уринади. Лекин Қодиров негадир Шоира билан биргаликда прокурорнинг қабулига кириб чиқишдан ўзини олиб қочишга уринади. Худди шу ҳатти-ҳаракатлари билан ҳам у ўзининг лицензиясиз-сохта адвокат эканлигини билдириб қўяди.

Шундан сўнг нима бўлса бўлди, дея прокурорнинг қабулига ҳалиги киши билан кириб ҳафсаласи пир бўлиб чиққан Ш.Ҳасанова уларнинг ҳар иккаласининг ҳам ҳақиқий фирибгар эканлигини билиб қолади. Шу аснода у ва унинг шериги Собира билан қаттиқ жанжаллашади ҳамда пулини қайтариб беришларини талаб қилади. Чунки прокурор унинг ўзини эрига қўшилиб жавобгарликка тортилиши эҳтимоли юқорилигини унга эслатгани қаттиқ алам қилади. Бу ўртада бояги одам ғойиб бўлиб қолади. Шоира уларга қараб менинг пулимни қайтариб беринглар, дея қаттиқ бақириб-қичқириб жар сола бошлашига қарамасдан, пуллар ҳозир ёнимизда йўқ, эртага қайтариб берамиз деб ишни пайсалга сола бошлашади. Шу пайт Собира Қодировга қараб пул қаерда деса, у бўлса бояги одамга бергандим дейди ва шу аснода иккаласи жиққамушт бўлиб қолишади. Қарасаки, булардан бир иш чиқмайди. Вақт кетаяпти. Турмуш ўртоғи эса бир неча кундан буён қон ютиб подвалда уни кутиб ётибди. Ҳеч бир адвокатнинг конкрет саъй-ҳаракатини сезмаяпти. Шунда Ш.Ҳасанова бугуноқ ўзи берган маблағни уйига олиб келиб бермаса тегишли жойга мурожаат қилишга мажбур бўлишини уларга яна бир бор эслатиб қўяди-ю, бошқа бир тузукроқ адвокат қидира бошлайди. Шу-шу излаб-излаб, сўраб-суриштириб тўғри биз ўтирган адвокатнинг хонасига кириб келади.

Шоира Ҳасанова бизга айтиб берган мана шу воқеалар асосида сохта адвокат Тўра Қодиров ва Собира Бўлдиевалар устидан шикоят хати ёзиб барча тегишли органларга жўнатади. Лекин биз унинг қандай натижа билан якунланганидан хабаримиз бўлмади. Аммо биз шу ўртада бу иккала шоввоз-фирибгарлар яна қаёққадир жуфтакларини ростлаб қолганликлари ҳақида шов-шувлар кенг тарқалиб улгурганди. Бундан уларнинг ўлжаси ким бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмасди.

19.01.2015 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
ЕХҲТ анжуманида расмийлар Б.Абдуллаев ҳақидаги саволларни очиқ қолдирди
Бобомурод Абдуллаевнинг онаси: ‘Болам, қўрқма! Мен сени тўғри ўстирганман’
Интиқор (Қорабозорчилик)
Давлат тўнтаришида айбланаëтган журналистнинг онаси Мирзиëевдан ëрдам сўради
Муҳаммад Солиҳ: Мустақил журналист Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар) ва Акром Маликов (Абдуллоҳ Нусрат)нинг ҳибсга олиниши ҳақда мулоҳазалар
Давлат адвокати журналист Абдуллаевнинг онасидан пул сўради
МХХ ертўласида қолаётган журналистнинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
БМТнинг диний эксперти: Мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади
Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, ўғли билан кўришишга рухсат беришини сўраб терговчига ариза билан мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган
Ўхшаш хабарлар