Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимининг ҳоли шунчалар хароб…ми?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимининг ҳоли шунчалар хароб…ми?
17 Mart 2017 - 16:04 'да юкланди ва 1589 марта ўқилди.

Шундай қилиб, мана, 2017 йилнинг 11 март куни Тошкент шаҳар 3-сон болалар шифохонасини ёпилишига ҳам сабабчи бўлдик….

Кутилмаганда набирамнинг тоби қочиб қолди.

“Тез тиббий ёрдам” машинасини чақиргандик, Тошкент шаҳар 3-сонли болалар шифохонасининг гўдаклар бўлимига олиб бориб ташлади.

Тошкентдагилар Учтепа туманининг “Штаб” деб аталадиган ҳудудида жойлашган бу шифохонани “Она-бола” деб аташади.

Эндигина 6 ойлик бўлган набирам билан бизни уч болали аёл ётган палатага жойлаштиришди. Битта хонада болалар билан қўшиб ҳисоблаганда 8 киши бўлдик.

Касалхона биноси ниҳоятда эски. Афтидан, бу ердагилар ана шу эскини ямагунча эслари кетган: Эвини қилиб таъмирлашган.
Бўлимдаги 40 она-ю 40 нафар болага биттагина ҳожатхона, юз-қўл ювишга биттагина раквина.
Эрталаб боласи биғиллаган аёлларнинг ҳожатхонада турнақатор туришини кўринг….

Касалхонага жойлашишимиз биланоқ палата врачи гўдагимни кўрган киши бўлиб қўлимга укол-дорилар рўйхатини тутқазди: “Ойиси, буларни қанчалик тез келтирсангиз, муолажаларни шунчалик тез бошлаймиз” деди ўта мулойимлик билан, “Лекинчи, анальгин- димедрол уколи ўзимизда бор, шприц ҳам биздан” ғурурланиб қўшиб қўйди у.

Набирамнинг ҳарорати 38.8 эди.

Барибир уйдагиларнинг дори-дармон келтиришларини кутишди.

Икки соат ўтар-ўтмай муолажалар бошланди.

Ҳарорат туширадиган дори қабул қилган гўдагимнинг ҳарорати тушиб, муолажанинг таъсир кучи кетгач, яна кўтарилиб кетиб, бизни юрак ўйноқ қиларди. Шу аснода сал кам бир ҳафтани ўтказдик ҳисоби.

Касалхонада мени таажжубга солган нарса шу бўлдики, ҳар куни кечқурун навбатчи ҳамшира гўдакларнинг “история”си(касаллик тарихи)га оналардан имзо йиғишини канда қилмасди.

“Бу нима ўзи, аввал ўқиб кўрсам бўладими?” сўрадим ҳамширадан.

Мендан бунингдек талабни кутмаган ёшгина ҳамшира таажжуб ва ҳайрат-ла қаради:
“Мана, болангизга бугун эрталаб, кечқурун – бир кунда икки маҳал ампициллин, кечқурун бир маҳал анальгин- димедрол укол қилдик, ампициллин новакаинда эритилди. Мазкур муолажаларга керагича шприц ишлатилди. “Мана шу укол-дорилар боламга қилинди. Бир маротабалик шприц кўз олдимда очилди” дея тасдиқлаб имзолаб беришингиз керак” дея уқтирди у.

“Қизим, – дедим ажабланиб, Кечирасизу, новакаин билан ампициллинни ўзим пулимга сотиб олиб келдиму? Ўзим пулимга харид қилган дорига ўзим имзо ҳам қўйишим керакми ҳали?” кулдим ҳазил аралаш. Муолажага навбатда турган аёлларни менинг гапимдан ғаши келиб, афтлари бужмайиб кетди: “Хола, шу гўдагингизнинг бош кўзидан садақа” деб қўявермайсизми, гапни кўпайтирмай. Нима, сиздан ош-нон сўрашибдими? Буларниям тирикчилиги шуни орқасидан-да!” деди улардан бири энсасини қотириб. Ҳамшира эса зўрға ўзини босганича, “Эй, холажон, таомили шунақа. Биздан шуни талаб қилишади” дея елка қисди.

Ростдан ҳам боласи учун нималарга рози бўлмайди киши! “Хай, ке, болагинамнинг бош-кўзидан айлансин” дедиму, “История”нинг ҳамшира кўрсатган саҳифаларига жимжимадор имзоимни қўйиб беравердим, “Ҳайрият-ей, умрим давомида мендан ҳам кимдир имзо сўраркан, менинг имзоим ҳам кимгадир керак бўларкану” деб кулиб қўйдим.

Ҳар куни кечқурун шу ҳол такрор: “История”ларга оналарнинг имзо қўйиш маросими денг….

Биласиз, гўдаклар тун бўйи оч қолиб бир-икки безовта қилишади.

Палатамиздаги оналар гўдаклари йиғласа, кўкракларини тутиб қўя қолишади, мен эса набирамга суъний овқат тайёрлаш учун элеткр чироғини ёқишимга тўғри келади. Ёққаним заҳоти этларим жунжикиб кетади. Негаки, набирамнинг, ўзимнинг тўшагимдан “ҳўкиздек, ҳўкиздек” тараканлар ёруғликдан қўрқиб тум-тарақай қоча бошлашади. Бирини ўлдириб, бирини тутишга ҳам улгурмай қоламан. Улар шунақнаги тез ҳаракат қилишадики! Набирамнинг қулоғига кириб кетишидан қўрқиб, гўдакнинг қулоқчаларига пахта тиқиб қўяман. Боланинг овқат идишини ювиб қўйиш истагида ошхонага йўл оламан. Бу ердаги чироқни ёқсангиз, Худо беради: минглаб эмас, миллионлаб тараканчалар овқат тарқатадиган столнинг устида урмалаб юришган бўлади. Дарҳол қайнаб турган човгумни оламану, тараканларга “ҳужум” қиламан. “Вой, тавба, касалхонадаям шунақа кўп таракан бўлиши мумкинми?!” Тараканларнинг кўплигидан эси оғиб қолади кишини. Ҳар қалай, 5 кун даволанган бўлсак, Тошкент шаҳар 3-сон болалар шифохонасининг анча-мунча тараканларига қирон келтирдик….

Эрталаб ҳамширалардан бирига “Таракан дори қилсанглар бўлмайдими? Озиқ-овқат қўйиладиган шкафчалар-ку, таракан уя бўлиб кетган, ҳатто тўшакларни ҳам ишғол қилишган. Ошхонани-ку, айтмаса ҳам бўлаверади. Ҳар куни тунда минглаб таракан ўлдираяпман” дедим нолиб.

– Таракан шунчалар кўпки, дори қилгандан наф йўқ. Тараканни йўқ қилиш учун дезинфекция қилиш керак. Дезинфекция қилиш учун эса касалхонани ёпишга тўғри келади-да, – жавоб қилди ҳамшира лўндагина қилиб.

– Ёпиш керак бўлса, бирор ҳафтага ёпган маъқул эмасми? Таракан энг кўп инфекция тарқатувчи эмасми? Шусиз ҳам бетоб болаларнинг ҳаётини хатарга қўймасдан?, – деганимча қолавердим. Ҳамширанинг мени эшитишга фурсати бор эканми, кетди-ю – борди….

Бу тасодифми, билмадим, касалхонага тушиб қолганимизнинг тўртинчи куни шифокору ҳамширалар, ошпазлар, ҳамма-ҳаммаси типирчилаб қолишди: СЭСдан (санитария эпидемиология станцияси) текширувчилар келибди.

СЭС ходимлари кўп куттиришмади. Ҳаял ўтмай хонага тахминан 30 ёшлардаги йигит ўзига тенгдош иккита оқ халатли қизча билан кириб келди. Қизлардан бири қўлидаги саватчадаги таёқчаларни олиб биз ва гўдаклар ётган кроватларнинг чангидан гуё “намуна” олди.

– Сизлар СЭСдан бўлсангиз, бу арзимаган чангларни қўйинглар, энг аввало, битта илтимос, тараканларимизни йўқ қилиб берсангизлар бўлгани, – дедим СЭС вакилларига.

– Таракан борми? – сўради елкасига оқ халат ташлаб олган йигитча.

– “Борми?” ҳам гапми? Миллионлаб, босиб кетган. Овқатланишга кўнгли тортмайди кишини….

Палатадош аёллар ҳам фикримни қувватлашди.

Йигит дафтарига нималарнидир қайд қилиб қўйди-да, на ҳа деди, на йўқ, ҳамроҳлари билан чиқди-кетди.

СЭС ходимлари кетгач, 10 дақиқалардан сўнг бошқа бир ёшгина аёл киши кириб келди. Дераза токчалари чангини кўра бошлади.

– Бизга тараканларни йўқ қилиб берсангизлар кифоя дегандик? – гап қотдим СЭС вакилига.

– Тараканми?

– Жудаям кўп, битта-иккита бўлганида гапириб ҳам ўтирмасдик. Кечалари болаларимизнинг тўшакларидан ўрмалаб чиқмоқда.
Қўрққанимиздан гўдакларнинг қулоғига пахта тиқиб қўйиб ётибмиз…. Биз бу ердаги ҳамшираларга таракандан шикоят қилдик. Улар “Дори билан тараканни йўқ қилиб бўлмайди, дезинфекция қилиш учун касалхонани маълум муддат ёпиш керак” демоқда. Ёпиш керак бўлса, ёпишсин, тараканни йўқотишсин аввал, шундай эмасми?

Навбатдаги СЭС ходими ҳам дафтарини қоралади-қоралади-да, палатани тарк этди.

Шу орада ошпаз хотиннинг “оналар, овқатга” деган овози эшитилди.

Ошхонага борсак, қарангки, бугунги кашага шакар қўшилибди. Ошпаз опа кашанинг устига пичоқнинг учида сариёғ ҳам қўйиб тарқатмоқда. Тухум ҳам бор. Бу тўрт кун давомидаги биринчи ҳолат эди. “Ана, бўларкан-ку?” дедим кулиб. Бу ошпаз опага ёқмади.

Ўша куни тушликка илк маротаба (биринчи ва охиргиси бўлса ажабмас) котлет ҳам беришди!

Ҳақиқий томоша 10 март куни, СЭС ходимлари келиб-кетишганларидан кейин бошланди.

Тушликдан кейин каридорда “завотдел” аёлнинг даҳшатли қичқириғи эшитилди: “Ярамаслар! Ялқовлар! Ҳаммаси санларни деб бўлди! Турларинг баринг! Нега ялпайиб ўтирибсанлар! Тушунтириш хатларингни ёзларинг! Тез!…” Овоз шу қадар важоҳатли, шу қадар баланд эдики, овознинг даҳшатидан мазмунини англаб олиш душвор эди.

Ўша куни “Гўдаклар бўлими”даги тиббиёт ходимлари учун қиёмат қойим бўлди. Барчаси бир-бирларидан кўчириб, “Тушунтириш хати”ни “ижод қилишди”.

Кейин билсак, СЭС ходимлари “Гўдаклар бўлими”ни ёпишга қарор бериб кетган экан.

Бу оламшумул воқеадан кейин фаррош, ҳамшира, шифокор, бўлим бошлиғидан тортиб бош шифокорга қадар палатамизга кириб, мени “зиёрат” қилиб кетишди: барчасида зўр иштиёқ: “Гўдаклар бўлими”ни ёпилишига сабабчи бўлган “ойиси”ни – шикоятчини кўриш, саволга тутиш”.

Сўроқ-жавоблар бошланиб кетди:
– Сиз кимсиз?
– Бувисиман…
– Қандай касал билан келгансизлар?
– Баланд ҳарорат билан…
– Таракан борми?
– Ҳисобсиз.
– Арз қилган сизми?
– Мен.
– Нима дедингиз?
– Таракан тиқилиб ётибди. Ёпиш керак дедим….

Йўқ, энг қизиғи бу эмас, энг қизиғини ҳали айтмадим. Кульманацион нуқтаси ҳали олдинда. Хуллас, мен гапимга исбот олмоқ истадим-да уйдагиларга қўнғироқ қилдим: “Эртага менга ўртоғимнинг видеокамерасини келтиринглар, бу ерда тараканлар базмини тасвирга олишни режалаштирганман” дедим.

Аммо шу кеча гарчи қўлимда видеокамерам бўлса-да ошхонадаги миллионлаб тараканларни суратга тушира олмадим.

Нимага дейсизми?: Видеокамера келтиришганидан, менинг мақсадимдан палатадошларим хабардор эди.

Тунги соат 3 да набирамни овқатлантиришга турганимда бирдан ошхонага югургиламасдим, одатимга кўра аввалига қизалоғимни овқатлантирардим, ана ундан кейингина идишларини ювиш мақсадида ошхона томон йўл олардим.

Қизиғи шундаки, ҳар куни мен қатори ярим тунда туриб, қизалоғига кўкрагини тутиб, уйқуга кетадиган палатадошим шартта ўрнидан туриб, мендан илгарироқ ташқарига шошилди. “Ҳожатга чиқди-да” деб ўйлагандим….

Набирамни овқатлантириб бўлиб, ошхонага борсам, не кўз билан кўрайки, электр чироқлари ёниқ, овқат тарқатадиган столнинг усти топ-тоза –чиннидек. Тараканлардан дарак йўқ. Кўзларимга ишонмадим. Кейин суриштириб билсам, уйғона солиб гўдагини эмизмасдан ташқарига чиқиб кетган палатадошим ошхонага бориб тараканлар билан махсус шуғулланиб қайтган экан. Негаки, унинг опаси айнан мана шу, биз ётган бўлимда “Старшей медсестра» бўлиб ишларкан….

11 март куни янги келган беморлар бошқа бўлимга кўчирилди. Гўдаклари тузук бўлиб қолган оналарга уйларига жавоб беришди.
Бизнинг палатамиздаги барчага жавоб тегди.

Қизиғи шундаки, бу касалхонадан кимки уйига кетадиган бўлса, албатта “Тилхат” ёзиб бериб кетиши шарт экан:
“Мен фалончи, боламни соғ-саломат ўз ихтиёрим билан уйимга олиб кетмоқдаман. Ҳеч кимга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Ҳамширалар бир марталик шприцни кўз олдимда очиб, қўлига бир марталик қўлқоб кийиб укол қилди”

Шунингдек мазмундаги “Тилхат”ни ёзиб беришингиз мажбурий экан.

Мен ёзишдан бош тортгандим. Қўйишмади.

Шу савилни ёзиб бермасангиз, «выписка из истории” беришмаскан.

“Завотдел”имизга учрашинг” дейшиди.

Учрашдим. “Аввал ёзинг” деган эди:
– Нега энди «Одноразивый перчатка»да укол қилишди” деб ёзишим керак экан? Ахир, менинг набирамга бир марталик қўлқопда укол қилишмагану? –эътироз билдирдим.

Шу тобда ёнимдаги стулда ўтириб, “Тилхат” ёзаётган ёш она қарйиб бўғзимдан олаёзди:
– Нега унақа дейсиз?! Нега ёлғон гапирасиз?! Ахир ҳаммамизнинг боламизга ҳамширалар «Одноразивый перчатка»да укол қилишди-ку?! Ёлғон гапиришга уялмайсизми? Сизда ўша, ёлғоннинг ортидан касалхонани ёптирган?!- дея бобиллаб берса бўладими?

– Тушунмадим, қанақанги ёлғон ҳақида гап кетаяпти ўзи? – ажабландим. Эҳтимол, сизнинг болангизни «Одноразивый перчатка»да укол қилишган бўлса, бордир, бироқ менинг набирамни қилишган эмас. Сиз ўзингиз учун жавоб беринг, мен учун жавоб беришни ўзимга қўйиб берсангиз, майлими? Яна қай бир ёлғонга изоҳ керак? –сўрадим.

– Йўқ тараканга ваҳима кўтарганингизчи? Мана, мақсадингизга эришдингиз!

– Ҳа-я, шуни айтинг!

– Ҳиммм…

Ён-атрофдаги аёллар ҳам қувватлашди уни.

– Нега тараканни кўриб, кўрмадим дейсиз? Ёлғон гапиришга сиз уялишингиз керак эмасми? Таракан 40 аёл кириб чиқаётган ўша ифлос ҳожатхонадаги болаларингизнинг “памперс”лари-ю, сиз эвлаб ташлолмаган “олвис”ларингиз орасида ўрмалаб, тўйиниб, ўша оёқчалари, ўша мўйловчалари билан келиб сизнинг, мана бу чақалоғингизнинг идишида, пиёласи, ликопчасида, қошиқчаларида юрадиган, расво қиладиган, инфекция тарқатадиган паразит-ку у. Эрталаб турасизу, идишлардаги таракан қолдирган ифлос изларни кўрмайсиз сиз. Ё ювасиз, ёки чала ювиб, яна болангизга ўша идишда овқат берасиз, ўзингиз ҳам овқталанасиз. Сизга шундай идишларда овқталаниш, инфекциялар орасида, тараканлар даврасида яшаш ёқадими? Ёқса, марҳамат, яшайверишингиз мумкин, лекин болангиз учун, мен учун, менинг болам учун жавоб берманг сиз, тушунарлими? – энди ростанам жаҳлим чиққанди. Шу сабаб аёлнинг кўз олдига аниқ-тиниқ келтириш учун борича тасвирлаб бериб қўя қолдим.

– Эй, бўлди, бўлди қилинг-э, энди овқат ҳам еяолмайман кўнглим айниб, – деди “Тилхат” ёзаётган аёллардан бири.

– Кўнглингиз айнимасин, аллақачонлар шундай идишлардаги овқталарни ҳазм қилиб бўлгансиз, – дедим-да, ўзим билганимча “Тилхат” ёзиб, кетдим.

Ортимдан “Зав отдел”нинг “Ойиси, имкониятингиз етса, ўзингиз ётган простиналарни ювиш, хоналарни тозалаш учун битта кир сода билан битта кир ювиш совуни сотиб олиб, ташлаб кетсангиз” деган талаби эшитилиб қолди…

Эҳ, тиланчиликнинг қандай йўлларини ўйлаб топишмайди-я, бизнинг одамлар?!…

Ваҳоланки, бу шифохонада бирорта “ойиси” ёки “боласи” касалхонанинг чойшабларида ётган эмас. Ҳатто кўрпа, болишигадовур уйидан келтирганлар бор.

Бироқ, бирорта “ойиси” “Нега энди кир сода, кир совун сотиб олиб беришим керак? Мен касалхонангизнинг чойшабларидан фойдаланмадим-ку?” дейиш хусусида ўйлаб ҳам кўрган эмас.

“Ҳаҳ, боламизнинг бош-кўзидан садақа” дея биттамас, иккитадан кир сода ва совун ташлаб кетишмоқда….

Мен юқоридаги воқеаларни беҳудага ҳижжалаб, миридан-сиригача ёзган эмасман….

Бу билан одамларимизнинг феъл-атворини, дунёқарашини очиб бермоқчиман, холос.

Нега биз шунақа халқмиз-а?

Нега оқни қора, қорани оқ деймиз? Нега рост гапирмаймиз? Нега ҳақиқатни тан олмаймиз? Нега ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилмаймиз? Нима учун рост гапирганларга, ҳаққини талаб қилганларга ёвқараш қиламиз, айбситамиз?

Ёлғонлар уммонида сузиш шунчалар ёқадими бизга?

Ахир, куни келиб айнан ўша уммондаги ёлғонлар гирдоби ютиб юборадику бизни, миллатимизни….

Нега биз ҲАҚ гапдан ҳайиқамиз?…

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист ва ҳуқуқбон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар