Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жуғрофия ўқумоқ мусулмонларға лозимдур

Жуғрофия ўқумоқ мусулмонларға лозимдур
18 Mart 2017 - 9:00 'да юкланди ва 890 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(63)

ЖУҒРОФИЯ ЎҚУМОҚ МУСУЛМОНЛАРҒА ЛОЗИМДУР

Баъзи китобларимизға ер тўғрисиға ҳар хил сўзлар ёзилган ва ўшал китоблар кўб йиллардан бери ўқилуб, фикримизга қолган. Авомимиз бўлса, ҳар на рости ва ялғон сўз китобға ёзилган бўлса ёинки «калом ун-нос биқадри уқулу ҳум»[1] мазмунича ёзилган бўлса ҳам инонадур.

Бора-бора ул эътиқодға уламолар ҳам одат қилиб, аралашиб, қабиҳи* номаълум бўлиб кетадур. Шул тариқа ишларни биров сабабини сўраса, ё нотўғрилигини исбот қилса, тингламай; дуруст жавоб бермай, кофир кўзи ила анга қараладур. Шул тариқа хилофи ақл ва нақл сўзлик ҳикоят китоблар бизларни истеъмолимизға борки, илм ва хабарлик одам зеҳн қўйса биладур.

Чунончи, мутолаамизға юрган баъзи китобларға ёзилгайки, ер ялпоқ, бир бошдан бошқа бошиғача беш юз йиллик йўл, атрофиға Кўҳи Қоф деган забаржаддин девори муҳити бор. Ер ҳўкуз шохига, ҳўкуз балиғга, балиғ сувға, сув ҳавоға, казо-казо (ҳоло осмон тўғрисидаги сўзларни қўйдук)…

Аммо ҳозирги жуғрофия илми тажриба ва рўияти башарийядан билинадурки, ер курравий (юмалоқ), остиға ҳўкуз, балиғ йўқ, атрофиға девори йўқ (муҳити тошдан эмас, бошқа) ва ер айланадур, ҳавоға муаллақ турадур. Бизни назаримизға сокин ва аммо ҳақиқатда айланадур. Бу айлангани кўз ила кўрулмай, хусусан тўрт-беш асрдин бери илм, тажриба, қоидаи асбоб ва ақл ила собит бўлгандур, деб ҳар бир ҳукамо хоҳ мусулмон бўлсун ва ғайри мусулмон бўлсун, айтадур ва китоблариға ҳам ёзибдурлар.

Бас, икки йўл аросиға қолдук. Ўтган уламоларни китоблариға ер сокин, янги уламоларни китобиға ер айланадур деб таъкид қиладур. Бу икки илм ёинки китоб инсонни кўб ташвиш ва изтиробга соладур. Ҳукамо ё динға душман қиладур. Ҳар на бўлса, ушбу ихтилоф эскидур, чунки Имом Ғаззолий ҳазратлари ва Иброҳим Ҳаққий жаноблари ушбу ҳўкуз, балиғ тўғрисиға «Таҳофат ул-фалосафа…» (маърифатнома) деган китоблариға очиқ баён ва жавоблар ёзибдурлар. Ва бошқа китобларға ҳам ушбу тўғриға уламолар жавоб ва таъвил ёзиб, ҳўкуз ва балиғни йўқлигиға ва ерни муаллақлиги дурустлигиға таслим қилгандурларки, инсон то ўшал арабий ва туркий китобларни ўқуб кўрмаса, гирдоби ваҳшатангиз ҳайратдан чиқолмайдур.

Ғаззолий ҳазратлари ва бошқа муҳаққиқини киром* ер ва осмон тўғрисиға ҳар хил далилларни ҳикмат ва ақли башарға қараб таъвил қилиб, мусулмонларни бул тўғридаги изтироблардан нажот топишлариға сабаб бўлубдурлар. Ушбу таъвилларни* мунда ёзмоқға маҳал йўқ, маҳсудимиз жуғрофияни риёзий ва табиийдан намуна кўрсатиб, сўнгра ер юзидаги ободликдан баён қилмоқ эди.

Иншоолло, замони ояндаға илми ҳайъат тўғрисинда бир китоб ёзиб, ўтган уламо ва ҳукамо ва ҳозирғи уламо ва ҳукамони ихтилоф, далил ва таъвилларидан очиқ ёзармиз (ушбу китоб тайёр бўлган ва ояндаға босилса керак, иншоолло таоло).

Бизлар бу таъвиллар ва ўтган уламои аҳл шаръийни ақл ва ҳикматға мувофиқ ёзган китоблари ва ҳозирги аҳли шаръ уламони янгидан тасниф қилган китобларини ўқуб кўрмай, бехабарона жуғрофия илмиға мункир бўлуб, ерни атрофиға девори бор ва ҳўкуз устиғадур, десак, жуғрофиядан хабарли киши ўз ўғлимиз бўлса ҳам, бизни ақлсиз фаҳмлаб ёинки дини ҳақ ..Муҳаммадийға шак келтирадур. Чунончи, ҳоло ақлий илмларни ўқуб, илм дини ўқумаган кишиларни кам эътиқодлигидек.

Агарда жуғрофия ўқумасак, дунёға тараққий қилолмаймиз. Дунёға тараққий қилмасак, дин ишларимизни баржой келтиролмаймиз. Маа фиҳи, жуғрофия ўқугонлар оғиз ила, китоб ва газит ила баҳс қилиб, жуғрофия важҳидин бизни далил ақли ила мулзам қилиб, охири динимизға таъна берадур. Илми динни кам билатургонларимизни бўшатадур.

Ҳозир дунёни катта шаҳарларини мактаблариға жуғрофия илмидан ўқутмоқ одат ва лозим бўлубдур. Истанбул, Миср, Арабистон, Ҳиндистон, Русия мамлакатларидаги одамлар ва мусулмонлар бу илмдан ўқумоқни лозим билибдурлар.

Русия мактаблариға ўқугон болаларимиз ўқуйдирлар-ки, ер юмалоқ ва муаллақдур, атрофиға Кўҳи Қоф йўқ, ҳўкуз, балиғ йўқ. Ва аларға маълумдурки, Петербургдан бир одам темир йўл ила Валодивостўкға боруб, андан Америкаға парахўд ила чиқиб ва Америкадан яна парахўд ила ерни ул тарафи (ости) ила юруб Франсия мамлакатиға чиқиб, яна темур йўли ила юруб, хулоса, Шарқдан боруб Ғарбдан Петербургға келиб, 40 кундан кам муддатға ерни бир айланмоқ мумкиндур.

Харита — глобус ва ўқугон илмлари юзасидан аларға ушбу сафар ниҳоят маълум ва собит бўладур. Мактабға жуғрофия ўқумаганлар ҳам форсий, туркий тилиға ёзилган жуғрофияларни ўқуб, агарда илми динийдан камхабар бўлсалар, албатта, дини исломға шубҳа қиладурлар. Энди бу икки тоифа аросиға кириб, ер ва осмон тўғрисиндаги нақлий далилларға Ғаззолий… дек муҳаққиқлар сўзларини билдирмоқ керак. Токи ёшларимиз ва нодонларимизни эътиқоди суст ва заиф, бўлмасун.

Бу баҳслар жуғрофияи риёзий, табиий, тарихийни ўқуб билмоқ ҳам уламойи мутақаддимин ва мутаохирин аҳли исломни ер тўғрисидаги далиллари ва таъвилот ва истидлол*ларини диққат қилиб кўрмоқ ила бўладур. Яъни илми тафсир, ҳадис, ҳикмат ва ҳайъати қадима ҳам ҳикмат ва ҳайъати жадида илмларини таҳсил ва тафтиш қилмоқ керак. Илгари замонға ҳукамоларни кашфиёти қайси йўл илаки динимиз ва эътиқодимизга ирод* ва зарар келтурса, уламойи динимиз фавран* ўшал йўлға банди важҳ тайёрлабдурларки, китоблардан маълум бўладур.

Букунги ҳукамони иродиға керакки, букунги уламомиз садду далил тайёр қилсалар, лиҳаза*, аввалан янги ҳукамони барча муддао ва кашфиёту сўзини билмоқ ва таржима қилиб, ҳар ким ўз ҳолича уламоға арз қилмоқ керак, токи алар танқид қилсунлар. Валлоҳ, келар замонға эътиқодимизға зарар келадур.

Бас, лозим бўлдики, жуғрофия, ҳайъат илмларини аввал ўқуб, эътиқодимизға мухолифат қилатургон жойларға важҳ этмоқ керак. Илгари ўтган юнон ҳукамолар сўзини, лозим бўлса, китобларимиздан чиқармоқ керак. Ушбу китобни оянда варақлариға «тафсил ва танбиҳ» деган фаслиға ушбу мақсадға тейишли баъзи баён ва шаръий далиллар ёзилгандур, диққат қилинсун. Ҳозир на мулло ва на авомларимизға жуғрофияни берадургон хабари маъқул бўлмайдур. Маъқул бўлса, истеъмолимиздаги баъзи мусулмоний китобларидан кўнгли совийдур. Асл афсуслик жойи шудур.

Икки илмдан ҳам кўброқ ўқулса, бу ихтилоф ва иштибоҳлар, таваҳҳумлар* йўқ ва яксў бўладур, дини покимизға эътиқод мустаҳкамроқ бўладур. Ерни сайёрлигини билиб, яна дини исломни мунга монийи йўқлигини билса, динға шубҳа қилмайдур. Ҳоло, ерни сайёр деб айтатургонларни хилофи зоҳирни айтадур деб маломат қиладурлар. Жуғрофиячилар бўлса, шундай одамларни нодон ёинки далили қандай далилдур, хилофи нафс ул-амр ва ақлни айтадур деб яна шубҳа қиладур.

Ва икки тараф аросиға маънавий бир нифоқ пайдо бўладур. Оллоҳ бу нифоқни йўқ этгай. Туркистон уламолари йигирма йил муддат ўқуб, хатм қиладурларки, беш санаси илм, ибодат ва ақидаға сарф бўлса, бақияси йўқ бўлган ҳукамои юнония ва фарқи золлаи муҳаррама тарафидан оид баҳсларни жавоби ва хасми мафрузани мужодаласи ила ўтадур, яхшидур[2]. Мутақаддиминимиз* ҳукамо ва фарқи золаи асриялариға яроқ тайёрлаб, фалон баҳсиға бу жавоб, ул раддиға бу истидлол деб далойили ақлий* ва нақлий ила зафар топибдурлар. Ҳозирги замонамизни ҳукамоси ва фарқи зола ва даҳриясини сўзи иродаи кашфиёти ақлиёти бус-бутун бошқа. Ва буларға яраша асбоб керакдур.

Ҳукамои жадид оламни ҳудус* ва фано*сиға қойил ва аммо бошқа навъ эътиқод ва кашфиётлари борки, ани жавобини ҳама билмоғи лозимдур. Матлабимиз жуғрофия эди, фалсафа ва калом тарафиға мойил бўлганимни кўрдум. Бу сўзларни биз ўзимиздан айтмай, балки мусулмоний китоблардан баъзисини олиб ёздук, баъзисини кўрдук, баҳс ва жавобини бошимиздан ўткардук.

(Давоми бор)

*
Қабиҳи – бузуқи, беҳаё
Муҳаққиқини киром – улуғ ҳақиқатчилар
Таъвил – сўзни бошқа маънога буриш
Истидлол – далил келтириш
Ирод – эътироз
Фавран – аччиқланиб; дарҳол
Лиҳаза – шу сабабли
Таваҳҳум – ваҳима
Мутақаддимин – қадимда ўтган
Далойили ақлий – доно далиллар
Ҳудус – тасодифлар, ҳодисалар
Фано – кечмиш, йўқлик

[1] Таржимаси: «Ҳар кимнинг сўзи ўз ақлига кўрадур».
[2] Маъноси: ..қолгани ўтиб кетган юнон олимлари ва насро нийларнинг баҳс ва муҳокамаларига жавоб бериш, мухолифларнинг фикр-мулоҳазалари билан баҳслашишга сарф бўладики, бу яхши, албатта.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар