Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Афғонистон хавотирлари

Афғонистон хавотирлари
19 Mart 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1432 марта ўқилди.

Энди Ўзбекистон Ўрта Осиё минтақасида Американинг энг яқин иттифоқдоши. Афғонистон энди бизнинг тупроқларимиздан туриб жиловланади. Бу жаноб Каримовнинг режими учун жуда шарафли бир мақом (статус). Фақат, асос мавзуга ўтмасдан олдин, бу воқеада баъзи унутилган нуқта, вергулларни қўйиб кетмоғимиз лозим.

11 сентябр куни расмий Тошкент бу террор воқеаларини ўз халқидан яширишга уринди. Бу ақлга сиғмайдиган ҳаракатни кўплар тушунмади, аммо Ўзбекистонни ва унинг раҳбарини таниган одамлар учун бу ғалати кўрингани йўқ.

Ўзбекистон мустақил бўлгандан бери ҳеч бир вақт ўзининг мустақил ташқи сиёсатига эга бўлмаган. Шунинг учун ҳам бу ўлканинг раҳбари Нью-Йоркда фожеа юз берган куни йиғлаш керакми ёки севиниш керакми, била олмай анча гарангсиб турди.

Нима қилиши лозимлигини билиш учун Русиянинг кўзларига боқди, Русия дунё билан бирга қайғураётган эди, буни кўриб, бунга амин бўлгандан кейингина Америка Президентига таъзия йўллашга қарор қилди. Аммо бу таьзия Американинг анъанавий душмани ҳисобланган Эроннинг таъзиясидан ҳам кечроқ борди Вашингтонга.

Ҳа, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати шу қадар шаффоф, манзиллари шу қадар аниқ, дўстлари шу қадар муайян эди. Шу қадарки, то 11 сентябр куни Америкага дўстонами ёки душманонами муомала қилишни билмай эсанкираш даражасида.

Лекин сал ўтмай бу террор фожеасидан жунбушга келган бу Супер Давлатнинг ғазаби Ўзбекистон раҳбарияти учун худди атом энергияси каби бир қудратли восита эканлиги ва бу кучнинг душманларни енгиш учун бир имкон эканлигини англади. Балки раҳбариятнинг фожеадан тўкилмаган кўзёшлари, шу қудратли кучга яқин бўлиш севинчидан тўкилган бўлса ажаб эмас.

Истеҳзосиз айтганда, ҳақиқатан ҳам 11 сентябр фожеаси Ўрта Осиёдаги диктаторлар учун бир омад бўлди. Масалан, бу воқеа Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигини йиллар давомида эришолмаган дипломатик орзусига бир кунда эриштирди. Бу орзу Американинг хайрихоҳлигини қозониш орзуси эканлигини ҳамма билади. Американинг ҳамкорлик таклиф қилиши мумкинлиги раҳбариятнинг етти ухлаб тушига кирмаганди. Ишнинг янада мўъжиза тарафи, Афғонистондаги қуролли ўзбек радикалларини ҳам Американинг ўзи йўқ қилишни бўйнига олаётган эди. Боз устига, бу шовқин-сурон сояси остида сиёсий мухолифатга босимни янада кучайтириш, уни яна бир марта «террорист»га чиқариш имкони туғилди, деб ҳам умидланган бўлсалар ажаб эмас.

Яна бир миш-миш: 11 сентябрдан олдин Америкага яхши кўриниш учун амнистия қилинган маҳбуслар рўйхатига бир нечта сиёсий ва диний мухолифат вакилини ҳам киритишган экан, Америкага дўст бўлгандан сўнг бу бечораларни яна рўйхатдан чиқаришибди, энди бу маҳбуслар Америкага дуо қилиб ётган бўлсалар ажаб эмас. Ҳар ҳолда, энди Америка ҳамкор, ҳамдард ва муттафиқ, энди аввалгидай инсон ҳақлари ва сиёсий мухолифат каби сафсаталар билан бош оғритмайди, деб ўйлаган бўлиши ҳам турган гап.

Шундай ўйлаганини диндорлар устидан ўтказилган кейинги маҳкамалар кўрсатди. Бу маҳкамаларда судланувчиларга энди «ҳизбут-таҳрирчи», деб эмас, «бин лодинчи», деб мурожаат қилаётган эканлар.

Американинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги ҳозирча фақат ҳарбий соҳада эканлигини унутмаслик керак. Агар Америка Афғон кампаниясини муваффақиятли тамомласа, у бу минтақада узоқроқ қолишга ҳаракат қилиши, ўзининг стратегик мақсадларини, юксалаётган Хитой қаршисида мавқеини ҳозирдан мустаҳкамлашга интилиши табиийдир.

Яна бир масала: баъзилар ўйлаётгандек, Америка ҳарбий базаси борди, энди биз ҳам Ўзбекистонга сармоя етказайлик деб, американ сармоячилари чопиб келмайди, чунки улар етказаётган сармоя Ўзбекистонда Америка қонунлари тарафидан эмас, Ўзбекистон қонунлари тарафидан кафолатланиши лозим. Ўзбекистонда қонун кўп, аммо америкалик сармоячи бу қонунларга ишонмайди. Бу қонунлар унинг сармоясини ҳимоя қилишга қодир эмас. Лекин Ўзбекистон раҳбарининг омади чопди, Рус манбаларининг билдиришига кўра, Америка ўз ҳарбий базаларига жой бергани ва бошқа хизматлари учун Ўзбекистонга 8 миллиард доллар тўлаган ёки тўлаяпти. Бу катта пул. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон раҳбарини Русиядан яна бир фарсах узоқлаштириш учун етарли пул.

Энди демократлашувга келсак, менимча, Американинг ҳарбий базалари бизга демократия олиб келиши амри маҳол. Агар ҳарбий базаларда бундай бир қобилият бўлганда эди, Американинг Араб ярим оролидаги муттафиқи Саудия Арабистони аллақачон демократик давлатга айланарди. Ҳар бир халқ ўзи учун ўзи яратмоғи керак демократияни. Ҳар бир халқ ўз тақдирини ўзи белгиламоғи керак.

Энди энг долзарб мавзу – Афғонистонга келайлик. Бу ерда шу кундан эътиборан, жабҳалар аниқ бўлди: руслар Афғонистон баҳонасида Американинг бўлгада жойлашувидан қўрқмоқдалар. Афғонистондаги Толибонга қарши урушда энди жабҳаларнинг асос чизиқлари аниқ кўрина бошлади. Руслар тожик қўшинларини, Америка (Ўзбекистон) эса Абдурашид Дўстумни қўллаяптилар. Бу икки жабҳа орасида ҳозирдан рақобат бошланди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Руслар тожик қўшинларининг тез суратда иложи борича кўпроқ территорияни эгаллашга ундамоқда. Улар бунга эришишлари учун рус генераллари Путиндан тожикларга тез ёрдам кўрсатиш зарурлигини уқдирмоқда. Балки америкаликларнинг Дўстумга ёрдами ҳам Русларнинг уйдирмаси бўлиши мумкин, буни тожикларга ёрдамни тезлатиш учун қўллаган тактикаси бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, Толибондан кейин Афғонистонда руслар иложи борича кенгроқ майдонда, иложи борича стратегик муҳимроқ бўлгаларни тожиклар қўлига топшириб, улар орқали Афғонистонда ҳукмронликларини ўрнатиш ниятини яширмаяптилар ҳам. Масалан, руслар Шимолий Афғонистонда аньанавий бўлган ўзбекларнинг эмас, тожикларнинг нуфузи оғир босиши учун ҳаракат қилаётгани кўриниб турибди. Қисқаси, ҳали Толибон кетмасдан туриб, бўлажак Афғонистон учун жанг бошланди. Ва бу ҳолда, Толибондан кейинги Афғонистонми ёки ундан кейингисими, қайси бири кўпроқ истиқрорли бўлишини ҳеч ким башорат қилолмайди.

Ғарб давлатлари ва Америка Толибондан кейинги Афғонистон учун Зоҳир Шоҳни топишди. Фақат Зоҳир Шоҳ Афғонистонга ёрдам этолмайди, менимча. Авваламбор унинг Афғонистонда сиёсий платформаси йўқ, лидер сифатида кўпчилик ижтимоий гуруҳларни таъсири остига олиш имкони оз. Албатта, Америка ва бошқа давлатларнинг ёрдамида тахтга ўтқазилиши мумкин, лекин Америка ўлкадан чиққандан кейин, бошланадиган ғавғони тўхтатадиган сиёсий оғирлиги йўқ унинг.

Аслида, наинки Зоҳир Шоҳ, бутун халқларни бирлаштириб, битта давлат шамсияси остида тўплая билажак қадар обрўли лидер бугунги Афғонистонда йўқ. Йигирма йиллик тинимсиз уруш фақат мамлакатнинг эмас, партияларнинг ҳам, фақат партияларнинг эмас, лидерларнинг ҳам тароватини қочирди. Ортиқ халқ ҳеч бир партияга, ҳеч бир лидерга ишонмай қўйди. Айниқса, бу партия бошқа қавмлар тузган партия бўлса. Ортиқ ҳеч қандай Миллий Келишув Ҳукумати билан бу халқларни алдаб бўлмайди.

Дунёнинг «миллий озчилик» деб атагани ўзбек, ҳазара, туркман, белуйлар ортиқ на пуштун ва на-да бошқа биттасининг бўйинтуруғи остига кирмоқ истайдилар. Чунки на пуштун, на-да бошқаси бу «миллий озчилик»ларнинг истаган ҳақларини бера олмайдилар. Бу миллий озчиликлар эса, ўзлари истаган ҳақларини олмагунга қадар қўлидан қуролни ташламайдилар. Айни гап бундан 7 йил аввал ҳам айтилганди, афсус, такрорлашга тўғри келаяпти.

Баъзилар бу халқларнинг ўтмишига ишора қилиб, улар икки юз йил бирга бахтиёр яшагандилар, бундан кейин ҳам бахтиёр яшайверадилар, дейишади. Аммо бу жуда заиф аргумент. Бундай мантиқ билан замонавий дунёнинг ярмини Туркия (эски Усмонли Империяси)га ва яна ярмини, масалан, Русия (эски Совет Иттифоқи)га топширишингиз керак бўлади. Чунки бу икки Империя ҳудудларида юздан ошиқ миллатлар юз йилларча бирга Афғонистондагидай бахтиёр, балки ундан-да бахтиёрроқ яшагандилар.

Дунё ўзгармоқда, жаноблар, нафақат «маданий» саналган қисмида, балки у қадар «маданий» саналмаган қисмида ҳам ўзгармоқда. Афғонистон учун бу ўзгариш давридаги бурилиш нуқтаси 1989 йил бўлди. Ўша йили рус қўшинлари Афғонистонни тарк этди. Ва ўша йили Афғонистон халқлари дафъатан бир ҳақиқатни тушундилар. Бу ҳақиқат уларнинг ўзлари учун ҳам янгилик эди. Улардан ҳеч бири бошқасининг ҳукмронлиги остида яшай олмасликларини англадилар бирданига. Улар руслар билан 10 йил урушда ҳуррият учун шу қадар ихлос билан курашдиларки, энди бу ҳурриятга ҳатто ўз қардошлари ҳам заррача монеълик қиладиган бўлса, унга ҳам қарши жиҳод қилиш азмига эга бўлди бу халқлар.

Албатта, доим ҳукмронлик қилиб келган пуштунлар ва Афғонистонни доим ўз сиёсий мақсадларига восита қилишга уринган давлатлар Афғонистон халқларидаги бу буюк эврилишни ҳеч севмадилар.

Ва руслар Афғонистондан чиқар-чиқмас, у ерда ўзаро уруш бошланди.

Бу уруш руслар билан бўлган урушдан ҳам қонлироқ, шафқатсизроқ, аммо ундан шарафсизроқ бўлди.

Энди тан олиш пайти келди. Афғонистонда 12 йилдир давом этаётган бу қонли урушнинг ягона сабаби – этник масаладир. Бошқа кичик сабабларнинг ҳаммаси бу асос сабабдан туғилгандир.

Бу масала ҳал этилмагунча уруш давом этажакдир. Бу ҳақиқатга ҳаммадан аввал қарши чиқадиган пуштунлар ва Покистон давлати. Улар Афғонистондаги халқларнинг пуштун ҳукмронлиги ва Покистоннинг ниқобли протекторати остида бахтиёр яшашлари керак, деб ўйлайдилар.

Пуштунлар Афғонистонда ҳеч қандай «миллий озчилик» йўқ, бу ерда ҳамма муслимон, бир-бирига диндош биродар, этник масалани Афғонистон бирлигининг душманлари уйдираяпти, дейишади. Лекин қўлларига ҳокимият ўтса, давлат мақомларига бирорта диндош биродарини яқинлаштирмайди, қондош биродарини танлайди. Ва бу ўзини уммат деб ташвиқ қилган «ҳақиқий муслимон»лар бир зумда ҳақиқий ирқчиларга айланадилар.

Улар ўзларининг дин қардошларининг она тилларини ва маданиятларини инкор қиладилар, уларни ўлкадаги ҳукмрон қавм тилида ўқиш ва ёзишга, ўз тилларини эса унутишга мажбур қиладилар ва булар ҳаммаси Дини Ислом ва Уммати Муҳаммад номидан қилинади. Аслида эса Динимиз ҳам, Пайғамбаримиз ҳам бундай бир зулмни қатъиян маън қилгандир. Бу дин ниқобидаги ирқчиликка чиққанлар «муслимонларни» бўлишда ва «ирқчиликда» айбланадилар. Афсуски, бу бошқарув усули Афғонистонда, фақат Афғонистон эмас, ўзини муслимон давлати атаган бошқа давлатларда ҳам асрлардан бери давом этиб келаяпти. Хўп, Афғонистонда ҳокимиятга пуштунлар эмас, тожиклар келса, вазият ўзгарадими?

Йўқ, тожиклар ҳам ҳокимиятга келиб кўрди, вазият ўзгармади. Улар ҳам пуштунларнинг қилганини айнан такрорлади, бошқарув тизимларини ўз қавми мансубларига тўлдирди. Балки ҳокимиятга ўзбеклар келса ҳам шундай бўларди. Мен асло бир қавмнинг иккинчисидан афзаллигини айтмоқчи эмасман, аксинча, бу дунёда токи бир қавм иккинчисида афзал кўринар экан, уруш ҳеч қачон тўхтамаслигини айтмоқчиман. Афғонистон халқлари ҳур яшашни, ҳатто ўз биродарига ҳам қарам бўлмасликни истаяпти, бунга монеъ бўлиш керакми?

Тасаввур қилинг, 19-аср охирида Оврупо халқлари қандай миллий ўзликларни дафъатан таниган бўлсалар, Афғонистоннинг халқлари ҳам бугун шундай ўзликларини танимоқда. Бу муқоясада уяладиган нима бор?

Ниҳоят, давлатлар ҳам одамлар каби тақдири аввалдан чизилган махлуқлардир. Уларнинг ҳам тарих саҳифасига ёзилган муайян умри бор, бу умрдан бир кун, бир соат ҳам ортиқ яшай олмайдилар, умри битган давлатни ҳеч нарса билан ушлаб қолиш мумкин эмас, буни Совет Иттифоқи мисолида бутун дунё кўрди. Бир замонлар Буюк Британия ва Русия Империяси томонидан буфер давлат ўлароқ вужудга келтирилган Афғонистоннинг тақдирида ёзилган умри битганга ўхшайди. Кўпларнинг ғашини келтириши шубҳасиз, аммо барибир айтишга тўғри келади: Афғонистон Ўрта Осиёнинг «касал одами»дир.

Бу хастага яхшилик қилмоқчи бўлсангиз, уни ҳарбий ва ёки иқтисодий кўкнорлар билан оёқда тутишга уринманг. У давлат сифатида бугунги мавжуд унитар шаклида яшай олмаслиги аниқ. Бу ҳудудларда бир янги шаклдаги давлат, масалан, Афғонистон Конфедерацияси қурилиши мумкин.

Албатта, Ғарб давлатлари Афғонистон унитар давлат экан, унинг территориясидан нефть, газ ва ёки бошқа энергия воситаларини денгизга чиқариш осонлиги ҳақида ўйлайдилар. Лекин Афғонистон Федератив ёки Конфедератив давлат бўлса, бу транзит ўлка хусусиятини йўқотади, деб ваҳимага тушишнинг ҳам кераги йўқ. Балки у бўлгага тинчлик ва истиқрор келса, транзит муаммолари умуман қолмайди, деб умид қилиш мумкин.

Охир-оқибатда, биз самимий эсак, биринчи навбатда, Афғон халқининг манфаатлари, ундан кейин бошқа манфааатлар ҳақида гапиришимиз, қарорлар ҳам шунга кўра олиниши лозим. Ҳар қандай бошқа ҳолда, Совет Армияси Қобулни тарк этгани каби сўнг пуштунлар, тожиклар, ўзбеклар, ҳазаралар бир-бирига қарши қандай ҳужум қилган эсалар, Америка кетгандан кейин ҳам, бу қавмлар худди шундай бир-бирларига ҳужум қиладилар, деган хавотирдамиз.

(11.11.2001)

(85)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (245-251-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар