Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Дунё умри ҳам охирига етиб тамом бўлгай…”

“Дунё умри ҳам охирига етиб тамом бўлгай…”
19 Mart 2017 - 10:00 'да юкланди ва 1789 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 154
(давоми)

АДИЙ ИБН ҲОТАМ (ҲОТИМ) ҚИССАСИ

Адий ибн Ҳотам бутун дунёга номи чиққан машҳур Ҳотам Тойнинг ўғлидур. Ҳотам Той ўзи Расулуллоҳ замонларида тирик бўлган бўлса ҳам Пайғамбарлик даврига етмасдан вафот топди. Ўзидан кейин унинг ўғли Адийни отаси ўрнига қабила раиси қилдилар.

Араблар ичида атоғлик катта раислардан саналур эди. Той қабиласи бутпарастлардан бўлса ҳам, Адий оиласи билан насоро динига кирмиш эди. Бошқа қабилалар каби Мадинага элчи юбориб, Расулуллоҳ билан кўришмакни ҳам тиламади. Балки Расулуллоҳга қарши кўнглида қаттиқ адоват сақлади. Лекин у кунларда бутун араблар ё ўзлари, ё элчи орқалик иймон келтириб итоатга келганликларини кўрар эди.

Сўнгги кунларда ўз олдига мундоқ яшаб туролмаслиги билди. Ислом ҳайбатига қарши туролмаслигини тушунди. Бир кун бўлмаса, бир куни Ислом аскари келиб босиб қолмасин деб ўзига энг яқин ишончлик кишисини чақириб атрофига югурук от, елмаён туялардан сафарга ярагудек бирмунчасини тайёрлаб қўйишини буюрди. Йўл-йўлга қоровуллар қўйиб, соқлик билан кутишиб турдилар. Шу орада Ҳазрати Али бошлиқ бир бўлук Ислом аскари келаётган хабари унга англанди. Ҳар жойга қўйган қоровулларидан бириси:

— Эй Адий, Муҳаммад аскарининг қоровуллари еримизга етиб келди, — деди.

Дарҳол ҳозирланган от-туяларни келтириб, Шом тарафига қараб қочдилар. Қочолмай қолганлари эрса аскар босқинига қолиб, асир олиндилар. Булар ичида Ҳотам Тойнинг бир қизи ҳам асир тушган эди. Асирлар Мадинага келтирилгандан сўнгра у қизнинг кўзи Расулуллоҳга тушди. Қилғон ишларини кўриб, отаси Ҳотамни эслаб:

— Ё Расулаллоҳ, мен эрсам саховатда оламга номи чиққан Ҳотам Тойнинг қизи эрурман. Эшитгандурсиз, отам Ҳотам Той мурувват соҳиби эрди. Очларни тўйғизур, яланғочларни кийгузур, яёв қолганларни мингизур эди. Мазлумларни золимлардан қутқазур эди. У эрса ҳожатлик кишиларни ҳеч қуруқ қайтармаган эди. Мана шундоқ кишининг қизи эрдим, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Отангнинг бу қилғон ишлари эрса чин мўминлар ахлоқи эрур, Аллоҳ суйган сифатлардур. Бундай улуғ ахлоқ эгаси бўлган кишининг қизи экан, асирликда ётмасин, — деб дарҳол ани бўшатмоққа буюрдилар.

Бош-оёқ кийинтириб, яхши туяга миндириб, ўз элига қайтмоққа рухсат қилдилар.

Расулуллоҳдан бу яхшиликни кўргандан кейин дарҳол шаҳодат айтиб, иймон келтирди ва акаси Адий ибн Ҳотамни Ислом динига далолат қилмоқ учун Шом шаҳрига қараб йўлга тушди. Бир неча кун йўл юриб, акаси турган ерга яқин етди. Булар эрса кўчманчи эрдилар, чодир олдида ўлтирган Адий йироқдан келаётган туя минган бир кишининг қорасини кўрди. Синчиклаб қараб турди ва бу келаётган Ҳотам қизи Сафона бўлғай, деди.

Яқинлашиб келди эрса кўрдиларким, Ҳотам қизи Сафона эмишдур. Қучоқлашиб йиғлашиб кўришдилар. Сўнгра оғаси Адийга боқиб:

— Эй раҳмсиз, золим қариндошим! Ўз оиланг билан қочиб қутулдинг. Отанг Ҳотам оиласини душман қўлида асоратга қолдирдинг, — деди. Адий бу сўздин қаттиқ уялиб:

— Узр айтмоққа тилим йўқдур, айтган сўзларингнинг ҳаммаси тўғридур. Кел энди, мундан ортиқ мени уялтириб хижолат қилма, — деди.

Ҳар иккови нари-бери айтишиб бўлгандан кейин қариндошлик аразлари тарқалди. Сўнгра ўзаро кенгашиб сўзлашгали турдилар. Оғаси Адий эрса, ўзи тўғрисида Сафонадан маслаҳат сўради. Бул хотун очиқ кўнгиллик, ҳар ишга кенгаш бергудек хотун бўлуб, анга шундай сўз қилди:

— Эндиги маслаҳат шулдурким, бу ишга кейин қолмай тезлик билан бориб, бу кишига иймон келтиргил. Агар у киши Пайғамбар бўлса, анинг динига илгарироқ кирган бўлурсан. Агар подшо бўлса бошқалардан олдинроқ борганинг яна яхшироқдур, — деди.

Адийга ҳам шу сўз маъқул бўлди. Шу билан икковлашиб йўлга чиқишдилар. Беш-ўн кун юриб Мадинага келдилар. Шу чоғда Расулуллоҳ масжидда ўлтирган эдилар. Тўғри келиб ул зотга салом қилди.

— Бу киши ким бўлур? — деб сўрадилар.

— Ҳотам ўғли Адий эрурман, — деди.

Расулуллоҳ ўринларидан туриб келиб у билан кўришгандан сўнгра, уйларига қараб бошладилар. Йўлда кетаётганларида бир камбағал кампир хотин йўл устида Расулуллоҳни тўхтатиб ўз ҳожатидан анча узоқ гапирди. Кампир сўзини тамом қилгунча қулоқ солиб турдилар. Буни кўриб Адий ҳайрон қолиб:

— Бу киши эрса подшо бўлмаса керак, — деди.

Сўнгра Расулуллоҳ Адийни бошлаб қутлуғ уйларига кирдилар, ичига хурмо қобиғи солинган бир тўшаклари бор эди. Уни Адийга тақдим қилиб:

— Устига ўлтиргил, — дедилар.

Анда ул:

— Сиз ўлтиринг, — деди.

— Йўқ, сен ўлтир, — деб ўзлари қуруқ ер устига ўлтирдилар.

Буни кўргач, Адий айтди:

— Қасам қилурманким, бу киши подшо эмасдур, бу иш пайғамбарлар ахлоқи эрур.

Сўнгра Расулуллоҳ:

— Эй Адий, Ислом динига киргил, икки дунёда саломат бўлурсан, — дедилар.

Анда ул:

— Мен эрсам насроният динида эрурман, менинг тутган диним бордур, — деди.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Мен сенинг тутган динингни сендан яхшироқ билурман. Ўзингга қарам бўлган қабилалардан марбаъ солиғини олурсан, буни олмоқ сенинг динингда ҳаромдур.

Адий буни эшитгач:

— Агар бу киши пайғамбар бўлмаса, бу дин ҳукмини қайдан билур эди? — деб кўнгли Исломга мойил бўлди. Шуларни ўйлаб турганида яна Расулуллоҳ айтдилар:

— Эй Адий, кўрурсанки, бу динга киргувчилар кўпроқ фақир кишилардур. Ўзлари озчиликда бўлиб ҳам кучсиздурлар, душманлари эрса кўпчиликда бўлиб, ҳам қурол кучига эгадурлар. Шу ишлар иймон келтурмакдан сени тўсди. Аллоҳ оти билан қасамёд қилурман, кўп узоқ замон ўтмасдан туриб булар ичида мол шундоқ кўпайгусидир, уни олғани киши топмагайлар, дунё, хазиналарига эга бўлғайлар. Ҳозирча салтанат, ҳукумат бошқалар қўлида турғонлиги сени қўрқитмасин. Яқин кунларда кўрурсан Бобил шаҳрининг оқ саройлари, подшолар пойтахтлари алар қўлида фатҳ бўлғай, Кўфа шаҳридан йўлдошсиз чиққан ёлғиз хотун Маккага келиб Байтуллоҳни зиёрат қилиб қайтгай. Йўллар тинчланганликдан Аллоҳдан ўзга нимарсадан бу хотуннинг қўрқинчиси бўлмагай.

Бу сўзларни англагач, Адий дарҳол иймон келтирди. Бу киши кейин айтур эди:

— Ёлғиз хотун Кўфадан хавф-хатарсиз Маккага келиб, Байтуллоҳни зиёрат қилиб қайтганини кўрдим. Қасам қилурманким, қолган иккови ҳам Расулуллоҳ деганларидек албатта бўлғусидур. Бу иккови эрса — биринчи, мусулмонлар дунё, хазиналарига эга бўлишиб моллари кўпайишидур, яна бири, молдан закот чиқарилса, уни олгали қалў (камбағал) киши топилмагай. Ислом бошлангандан бери ҳалигача бу ишнинг бўлиб ўтганлиги маълум эмас, чунки Исломнинг энг кучли даври ҳисобланган Ҳазрати Умар замонларида Рум, Эрон, Миср хазиналари Мадинага оқиб турган бўлса ҳам, яна фақир-мискинлар ҳар ерда кўп эдилар.

Биз кўрган ҳадис китобларининг ҳеч бирида фалон замонда мол кўпайиб, халқ бойиб кетганлигидан закот беришга фақир киши топилмай қолди деган сўзни кўрган эмасмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бу сўзларига қаралса, албатта, бу ишнинг олдимизда бўлиши керакдур. Энди қачон Маҳдий охирзамон келсалар, Исо пайғамбар осмондан тушсалар, ана шу чоғда бутун дунё, халқи Ислом динини қабул қилғайлар.

Бир ривоятда айтилишича, қирқ йилгача буларнинг адолатли ҳукмлари остида тинч-роҳатда яшагайлар. Шу орқали ер хазиналари юзага чиқиб, бутун халқ бойиб кетганликдан камбағал киши топилмагай. Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзлари шу вақтда келган бўлур. Имом Шавқоний раҳматуллоҳи алайҳ Ҳазрати Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, имом Маҳдийнинг хуружлари, Дажжолнинг чиқиши, бу малъунни Ҳазрати Исо ўлдиришлари — мана шулар ҳақида келган ҳадисларнинг мазмуни тавотурга етгандур, деди. Агар ҳадис тавотур даражасига етди эрса оят ҳукмини олиб, унга инкор қилиш оятга инкор қилгандек бўлур.

Мунга қаралса, юқориги ишлар олдимиздаги кунларда албатта бўлғусидур, деб ишониш лозимдур. Чунки ҳадис оят ҳукмини олгач, унга гумон қилиш мумкин эмасдур. Мўтабар баъзи ҳадис китобларида қиёмат аломатларини Расулуллоҳнинг айтишларича, юзга етказибдурлар. Шу кунларда улардан саксон саккиз кичик аломатлари тамом ўтиб бўлмишдур. Қолмишлари эрса ўн икки улуғ аломатларидур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Буларнинг энг аввали Хуружи Маҳдий бўлгай. Қолганлари ҳам кетма-кет узилмай келиб тугангач, дунё умри ҳам охирига етиб тамом бўлғай, — дедилар. Соллаллоҳу алайҳи васаллам.

 (давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар