Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Президент девонининг хатлар бўлими ЎзМТРКда жойлашганми?

Президент девонининг хатлар бўлими ЎзМТРКда жойлашганми?
20 Mart 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1488 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(қирқ олтинчи мақола) 

ПРЕЗИДЕНТ ДЕВОНИНИНГ ХАТЛАР БЎЛИМИ ЎзМТРКда ЖОЙЛАШГАНМИ?

Ташқаридаги бирон бир кишига гапирсанг инонмайди. Ишониши мушкул. Аммо бугунги кунда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида содир этилаётган бунақанги ғалати ишлар у ердаги ходимларни унчалик ҳам ҳайратлантирмай қўйган. Бир-иккитагина мисолга мурожаат қиламиз. Мана масалан, Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларнинг арз-додини эшитадиган биронта ҳаттоки, номига бўлса-да биронта ташкилот ё идора топилдими? Йўқ, албатта. Уларнинг ёзмаган ва бормаган жойи қолмади. Президент девонигача боришди. Яна шу Ўзтвнинг ходими Мастура Фармонованинг ёзганларини-чи? Унга жавоб қуйидагича бўлди. Яъни бу журналистнинг ёзганларига сен кимсан деб боқишмади ҳам. Аксинча, бу ёзганларига жавоб сифатида у бир неча бор калтакланиб шифохоналарда қайд этилмасдан-касаллик тарихисиз даволаниб чиқишга мажбур бўлди. Деярли ҳар бир каналдан бу каби шикоятлар юқори ташкилотларга ёзилди. Лекин натижа йўқ.

Масаланинг энг қизиқ ва ажабланарли томони шундаки, ёзилган шикоятларнинг барчаси, яна асл нусхаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида пайдо бўлади. Яна кимда-нимада денг, албатта, юрист Муҳайё Қалқонованинг қўлида.  Ҳеч қачон ушбу аризалар юқори ташкилот вакиллари томонидан унинг муаллифи иштирокида ўрганилган эмас. Бундан шу нарсани англаш мумкинки, шикоят ёзган шахслар одатда ё инсон ўрнида кўрилмайди ёки бўлмаса, ёки ёзилган аризалар тегишли манзилга ўз вақтида ва ёхуд умуман етиб бормайди. Почтанинг ўзида конвертларнинг барчаси амал-тақал қилиб тинчитиб юборилиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ҳар бир хатнинг ортида инсон тақдири билан боғлиқ муаммолар мужассам экан, нега унга шунчалар бефарқлик билан қаралмоқда. Ундаги кўтарилган масалаларни президент девонидагилар ўқиб кўрмаса, ўрганмаса ва унга тегишли муносабат билдирмаса унда бундай девоннинг-гу, оқсаройнинг нимага, кимга кераги бор дейдиган одамнинг ўзи. Президент ва унинг ўнлаб маслаҳатчилари-ю ва бошқа мулозимлари оппоқ саройда нима билан машғул бўлиб ўтиришидикан? Канцелярия ёки хатлар бўлими-чи?

Сен ноҳақликардан жабрланавериб, эзилиб охирги илинжинг сифатида нима қилишингни билмасдан президентга ишониб бир нома битсанг-да у ҳам ерда қолиб кетса. Ёзган аризангнинг асл нусхаси худди ўша ўзинг шикоят қилган ташкилот раҳбарининг қўлига тутқазилиб қўйилса. Бу ҳам етмаганидек, ана шу хат асосида ундаги келтирилган масалалар муҳокама этилмасдан аксига олиб сенинг тақдирингни ҳал қилиш унинг ҳукмида бўлса.

Юқорида исми-шарифлари келтирилган дастлабки икки нафар журналист ҳам ҳеч бир асосга эга бўлмаган ҳолда ишдан ҳайдалган. Миллий телерадиокомпаниянинг фавқулодда чақирилган қирқ кишилик мажлисида уларнинг ҳар иккаласи ҳам ўртага олиниб изза қилинган ёки қўполроқ айтиладиган  бўлса таланган. Улар ёзган аризадаги муаммоли масалалар умуман муҳокама этилмаган. Яна ўша эски ҳолат раис Ходжаев ўзининг устидан ёзилган шикоят хатини ўзи кўриб-ўрганиб чиқиб, ўзи келган хулосага кўра мажлис чақиртирилиб бу икки ходим устидан тегишли ҳукмни ўқишган.

Энди бу ерда ишловчиларнинг ноҳақликлардан безиб ёзган ариза-ю шикоятлари юқори идораларда инобатга олинмаса ва у мутлақо ўрганилмасдан ўша ташкилотнинг ўзига қайтариб юборилиб унинг ҳукмига ҳавола этилаверса, унда юқори инстанция ташкилотларнинг нима кераги бор экан, ўзи. Агарда фуқароларнинг мурожаатларига қулоқ тутилмаётган ва бу мурожаат уларнинг ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқилмаётган экан, унда қатор вазирлиг-у, идоралар, ҳуқуқ-тартибот органлари нимага фаолият кўрасатаяпти? Улар кимга борсин? Кимга дардини айтсин?

Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, яъни жамоатчилик-аҳоли билан ишлашни исташмаётган ушбу ташкилотлар ўз фаолиятларини тўхтатиб қўя қолишса ҳам бўлади. Яхшиси, унда президент аппаратининг канцелярияси ёки хатлар бўлими аслида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига қарашли, шунинг учун унинг қошида жойлаштирилган деб айтилса, ёзиб қўйилса ходимлар ҳам ҳадеб овора бўлмасди, балки. Йўқ, ундай йўл тутилса, мантиққа тўғри келмай қолишини улар жуда яхши тушунишади. Шунинг учун ҳам уни ёзиб, айтиб ўтирмасдан бу борадаги фаолиятларини ёпиқ шаклда давом эттирилиши ва шикоят этувчиларни вақтини ўғирлаб уларни қанчалик сарсонини чиқариб ҳолдан тойдиришса, шунчалик улар учун энг мақбул ва энг қулай усулдир бу.

Қолаверса, ЎзМТРК раҳбари А.Ходжаев президент ҳузуридаги миллий хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Шунинг учун унинг ҳурматини жойига қўйлишини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди. Бундан ташқари, президент девонида фаолият олиб бораётганларни барчасининг ҳам орқаси тоза деб айтиб бўлмайди. Шунингдек, унинг махсус хизмат ходими сифатида уларнинг ҳар ерда ҳам айнан ана шу айтилиб бўлинмайдиган жиҳат-у нозик томонларидан ҳар тарафлама, керак бўлса тўлиқ маълумотларга эга эканлигини ҳам девондагилар жуда яхши билишади.

Шунинг учун улар ўзларига нисбатан тегиб кетиши мумкин ўта жиддий сабаблар борлиги важидан ҳам  балки лом-лим демасдан борган хат-шикоятларни қўш-қўллаб асл нусхасигача Ходжаевнинг ўзига топширишларига мажбур бўлаётганига шубҳаланмаса бўлади. Хуллас, бирма-бир санайверсангиз бунинг жуда кўп сабаб-у омилларининг адоғига етиш қийин. Навбатдаги мақолаларимизда худди ана шу жиҳатларга мисоллар асосида тўхталамиз.

04.04.2015 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар