Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистонда қийноқ тақиқланадими?

Ўзбекистонда қийноқ тақиқланадими?
20 Mart 2017 - 11:02 'да юкланди ва 1615 марта ўқилди.

Мамлакатдаги Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ходимлар фаолиятини тартибга соладиган қонун 2017 йил 17 мартидан амал қила бошлаган.

Қонунда Ички ишлар органлари зиммасига фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш вазифалари юклатилган.

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда ушбу тизим ходимларига қийноқларни қўллаш тақиқланган.

Ҳар қандай сабаб билан Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларга зид келадиган амалларга қўл уриш маън этилган.

“Ички ишлар идоралари ходимлари ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Конституцияси, «Ички ишлар органлари тўғрисида» қонун ва бошқа қонунчилик актларига риоя этишлари шарт. Ички ишлар органлари ходимлари хизмат мажбуриятларини бажаришда ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини оқлаш учун хизмат манфаатларини рўкач қилиши, иқтисодий манфаат кўриши, ноқонуний талаб қўйиши, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф буйруқ ва кўрсатмаларини бажаришлари мумкин эмас”, дейилади унда.

Қонун шунингдек, инсон шаъни ва ғурурини поймол қилувчи ҳар қандай зўравонлик, тажовуз ва бошқа турли ҳаракат ва усулларни қўллашни ички ишлар ходимига тақиқлайди. Кўрсатилишича, Ички ишлар вазирлиги бевосита Президентга, айрим масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади. Ички ишлар вазири бош вазир тавсиясига биноан Президент томонидан тасдиқланади ва Президент томонидан вазифасидан озод этилади.

Қонунда милиция номи ўзгаришсиз қолдирилган. Илгари милицияни полицияга ўзгартириш борасида фаразлар билдирилганди.

Шу тариқа Ўзбекистон собиқ шўро давлатлари орасида милиция ҳақидаги қонунни қабул қилган энг сўнгги давлат бўлган.

Бунга қадар Ўзбекистон милицияси 1990 йилда қабул қилинган Низом асосида ишлаб келаётганди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатда инсон ҳақлари энг кўп милиция томонидан поймол этилишини айтиб, йиллар давомида уларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаб берувчи махсус қонунни қабул қилишга чақириб келганлар.

Фаолларга кўра, ички ишлар органлари ҳақидаги қонуннинг йўқлиги хизмат ваколатларини суистеъмол қилган ва қийноқ қўллаган ходимларни маҳкамага тортишни қийинлаштириб келган.

Қонун Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси томонидан 2016 йил 12 августида қабул қилинган, 24 август куни юқори палата – Сенат томонидан тасдиыланган эди.

2016 йил 16 сентябрь куни эса ўша вақтда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланганди.

Қонун 17 сентябрь куни «Халқ сўзи» ва «Народное слово» рўзномаларида эълон қилинган ва матбуотда эълон қилинганидан олти ой ўтиб кучга кириши кўзда тутилган эди.

Манба: Би-би-си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар