Кимсалар давлатманд, кимсалар ғариб…

Кимсалар давлатманд, кимсалар ғариб…
45 views
22 March 2017 - 7:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Иш бўлмас

Кел, кўнглим сидқ ила ёлвор Аллоҳга,
Хоҳишидан ҳеч яширин иш бўлмас.
Ризқу рўз қайғудир шоҳу гадога,
Ризқни Ўзи берар банда оч бўлмас.

Бир нечалар йўртар тунлар ётмайин,
Биров ётар, уйда заҳмат тортмайин,
Тақдирни тадбирдан йироқ тутмагин,
Кезган ортиқ бўлиб, ётган бош бўлмас.

Бир мард йигит ёлғон дунёга келса,
Тўйлар бошлаб, элга дастурхон ёзса,
Дину диёнатда ҳангомлар тузса,
Етмиш, саксон, юздан ортиқ ёш бўлмас.

Кимсалар давлатманд, кимсалар ғариб,
Кимсалар хайр этиб, закотин бериб,
Кимсалар бир умр қотган нонни еб,
Кимсаларда ёстиқ, тўшак, ош бўлмас.

Махдумқули, бу кунингга шукр айла,
Аллоҳ қудратини кўриб, фикр айла,
Ризқ учун ғам ема, Ҳаққа зикр айла,
Азалда ёзилган сендан дош бўлмас.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди