Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Қилич дамида турурман, қилчалик бу йўлдан четга чекинсам, ҳалок бўлурман…”

“Қилич дамида турурман, қилчалик бу йўлдан четга чекинсам, ҳалок бўлурман…”
22 Mart 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1474 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 155
(давоми)

КИНДА ҚАБИЛАСИНИНГ ЭЛЧИЛАРИ

Кинда қабила бошчиларидан саксон киши сайланиб элчиликка келдилар. Буларнинг раислари эрса Ашъас ибн Қайс деган киши эди. Ёши кичик бўлса ҳам ақли, ахлоқи бўлганликдан мундоғ олий риёсатга эга бўлди. Расулуллоҳ ҳузурларига кириш олдида ўзларига зийнат беришиб, соч-соқолларини тарадилар. Ипаклик кийимлар кийишиб, сўнгра Расулуллоҳ ҳузурларига киришдилар.

Исломдан илгариги араблар одатларича Расулуллоҳга кўзлари тушиши билан «Абайталлаън» деб салом беришди. Жоҳилият замонидаги араблар подшолари олдига киришганда шундай салом беришур эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Мен подшо эмас, Абдуллоҳ ўғли Муҳаммад Абул Қосим эрурман, — дедилар.

Сўнгра улар:

— Эй Абул Қосим, биз сени синамоқ учун кўнглимизда бир нарса яшириб келдик. Агар сен пайғамбар бўлсанг, шу яширган нарсамиз нимадур, топгил, — дедилар.

Бу яширганлари эрса, сарёққа кўмган чигиртка кўзи эрди. Араблар ғайбдан гапирувчи коҳинларини шундай қилиб синар эдилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Субҳоналлоҳ, мундай ишлар коҳинларга қилинур эди. Коҳинлар, фолчиларга ишонувчиларга Аллоҳ таоло дўзахда азоб бергай, — дедилар.

Анда улар айтди:

— Андоғ эрса сизнинг пайғамбарлигингизни қайдан билурмиз?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ердан бир чангал майда тош олиб:

— Мана булар меним пайғамбарлигимга гувоҳлик берурлар, — дейишлари билан майда тошлар тилга кириб, тасбеҳ айтгали туришди. «Субҳоналлоҳ» садосини кўтарган тошлар товушини элчилар эшитгач, барчалари шаҳодат айтишиб иймон келтирдилар.

Алар:

— Энди аниқ билдик, сиз Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари экансиз, — дедилар эрса, Расулуллоҳ айтдилар:

— Мени Аллоҳ таоло бутун дунё, халқига элчи қилиб юборди, Ўзини танитгали, Ислом динини ер устига тарқатгали келдим. Яна Аллоҳ таоло Қуръон отлиқ менга бир китоб юборди, уни олам аҳлига ўргатгали мени юборди. Бу китобнинг олди-орқаси, ости-усти бутунлай ҳақлиқ билан ўралмишдур, — дедилар.

Сўнгра улар Расулуллоҳдан Қуръон сўзини англагач, беш-ўн оят ундан ўқиб беришларини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Вас-саффоти сурасини бошлаб тиловат қилдилар. «Вараббул-машориқ» оятига келганларида тўхтаб қолдилар, муборак кўзларидан ёш оққали турди, соқоллари хўл бўлди. Муни кўришиб улар:

— Ё Расулуллоҳ, сизни юбормиш Раббингизнинг қўрқинчисидан йиғлайдурсизми? — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Ҳа, шундоқдур. Бир тўғри йўл узра турғизиб, халққа мени пайғамбар қилди. Қилич дамида турурман, қилчалик бу йўлдан четга чекинсам, ҳалок бўлурман, — дедилар.

Сўнгра буларнинг раислари Ашъас ибн Қайсдан:

— Неча ўғлинг бор? — деб сўрадилар.

— Ё Расулаллоҳ, шу сафар йўлга чиқаётганимда янгидан бир ўғил туғилди. Етти ўғлим бўлса эди, кошки, — деди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

— «Иннаҳум ламужбинатун мубқилатун муҳзинатун ва иннаҳум қурратул-айни ва самаратул фуоди», яъни «Болалар ботир оталарни қўрқоқ қилурлар. Сахий оталарни бахил қилурлар. Қувончлик оталарни қайғулик қилурлар. Шундоғ бўлсалар ҳам кўзлар қувончиси, кўнгиллар меваси эрурлар».

 (давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар