Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Наришкин Тошкентга нима учун келган эди?

Усмон Ҳақназаров: Наришкин Тошкентга нима учун келган эди?
22 Mart 2017 - 13:42 'да юкланди ва 3688 марта ўқилди.

Шу йилнинг март ойи бошида Тошкентга Россия Федерацияси Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ташриф буюрган эди. Икки тарафнинг оммавий ахборот воситалари Сергей Наришкин ва Шавкат Мирзиёевнинг минтақа хавфсизлиги, экстремизм ва терроризмга қарши кураш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш масалаларини ўзаро муҳокама қилишгани ҳақида хабар беришди. Аммо рус разведкачиси ва ўзбек президенти учрашувида бошқа масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди. Шундай қилиб…

«Чўлоқ»қа Кремл томонидан огоҳлантириш

Наришкин ва Мирзиёев учрашувида шунингдек Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) раиси Рустам Иноятов ҳам иштирок этди. Учрашувнинг ёпиқ қисмида Сергей Наришкин ўзбек махсус хизматлари раҳбарининг президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган ташаббус ва ислоҳотларга қарши ҳаракатлари масаласига ҳам тўхтаб ўтди. Россиянинг бош разведкачиси Иноятов ва унинг хизмати, фақатгина шахсий ва тижорий мақсадлари ортидан, қаердадир яширинча, яна қаердадир очиқчасига Ўзбекистоннинг янги ҳукумати ташаббусларини сусайтиришга уринаётганликларига ўз норозилигини билдирган.

Рустам Иноятов, «бундай маълумотларни ёлғончилар тарқатмоқда ва бу гапларнинг ҳеч бири ҳақиқатга тўғри келмайди», дея ушбу айбловларни рад қилишга урунган. Аммо рус разведкаси хизмати раҳбари, «бундай маълумотларнинг ҳақиқатга яқин эканлигини рус манбалари ҳам тасдиқлашмоқда», деб жавоб берган. Учрашув сўнггида С.Наришкин Иноятовдан «республика президенти ташаббусларига қарши саботажни тўхтатиш»ни сўраган. Наришкиннинг ушбу мурожаати қуруқ ва бироз қаттиқ оҳангда бўлган. Бундан ташқари Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари МХХ раисига, ҳаттоки у нафақага чиққан тақдирда ҳам, шахсий ва мулкий даҳлсизлиги таъминланишини ваъда қилган.

Музокаралар залига чўлоқланиб кириб келган Иноятов, у ердан соғлом қадам қўйиб, чўлоқланмасдан қайтиб чиқган. Иноятов ўзининг юқори мартабали шахсларнинг раҳмига мўлжалланган ёлғон чўлоқланиш номери ўтмаганини ва ўтмаслигини тушунган кўринади. Балки Иноятовни Сергей Наришкиннинг ўзбек махсус хизматлари раисига шахсий ва мулкий даҳлсизликни ваъда қилгани руҳлантиргандир. Наришкин билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг ўзбек контораси раҳбари шу даражада сокин эдики, ҳатто уни энди президент Мирзиёевни МХХнинг бизнес-империясига ҳужумлари ҳам ўйлантирмай қўйгандек гўё. Шундай қилиб…

“Ўзбекистон Темир Йўллари” МХХ унсурларидан тўлиқ тозаланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан шу йилнинг феврал ойида “Ўзбекистон Темир Йўллари” давлат акционерлик компанияси республика Миллий хавфсизлик хизмати билан у ёки бу даражада боғлиқ бўлган хусусий компаниялар ва шахслардан тўлиқ тозаланди. Хусусан, тўрт нафар энг йирик чекистлар компанияси темирйўл компанияси фаолиятида тендер қатнашишларидан четлатилди. Бундан ташқари, аввал МХХ раҳбари томонидан тайинланган ва фақатгина “контора” раҳбариятига бўйсунган раис ўринбосари ваколатлари сезиларли даражада чекланди. Эндиликда “режимчилар” ўринбосари темирйўл компанияси  раҳбари томонидан тайинланади ва бевосита давлат акционерлик компанияси раисига бўйсунади.

«Режимчи»-ўринбосарлар ваколатларини чеклаш барча давлат компанияларида амалга оширилиши кутилмоқда. Тез орада давлат компанияларини мххчи-коммерсантлардан ҳимоя қилиш бўйича шу ва шунга ўхшаш бошқа чора-тадбирлар “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”да ҳам бошланади. Мамлакат иқтисодини Иноятов босими ва босқинчилигидан тозалашга қатъий қарор қилган президент Шавкат Мирзиёев, шундай фирма ва компаниялар фаолиятини текширишни бошлади. Бу вазиятда баъзи чекист бизнесменлар қутулишнинг сўнгги чораларига мурожаат қилишга мажбурлар. Шундай қилиб…

Жавобгарликдан қочиш илинжида ўз-мулкига ўт қўйиш

Шу йилнинг бошида Иноятов чекистлари, барча молиявий хужжатларни йўқ қилиш ва «фавқулодда вазиятлар сабаб» фаолиятларини тўхтатиш учун ўз фирмалари офисларига ўт қўя бошладилар. Шундай ҳолатда Тошкентда, Иноятовга яқин бўлган, нафақадаги мххчи хўжайини ташаббуси билан ўт қўйилган, «Манас» ресторани ёниб кетди.

Бундан ташқари, «Чуқурсой» қурилиш моллари савдо мажмуасида Иноятов унсурлари, ўзларининг молиявий фирибгарликлари изини йўқ қилиш учун, ўз фирмаларининг бешта офисини ёқиб юборишди. Иноятов унсурлари томонидан шунингдек Кадастр ва ер ресурслари бўйича давлат қўмитасидаги ҳужжатлар ҳам ёқиб юборилди.

Иноятов бизнес-империяси кўлами ва қудрати ҳисобга олинса, бу йил биз чекист унсурлари томонидан у ёки бу компанияларда ва давлат ташкилотларида уюштирилган яна кўплаб ёнғин-ўт қўйишларни кўрамиз. Шундай қилиб…

Сўнгсўз ўрнида

«Чўлоқ» назорати ва бизнеси даври ўз ниҳоясига етмоқда. Агарда бу ҳақиқатдан ҳам амалга ошса, у ҳолда ўзбек иқтисоди тоза ҳаводан нафас олиб, хақиқий тараққиёт йўлидан юра бошлайди.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
22.03.2017

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар