Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хайриддин Султонов ва Алишер Ходжаевнинг махфий аҳдлашуви

Хайриддин Султонов ва Алишер Ходжаевнинг махфий аҳдлашуви
24 Mart 2017 - 9:00 'да юкланди ва 2585 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(қирқ еттинчи мақола) 

ХАЙРИДДИН СУЛТОНОВ ВА АЛИШЕР ХОДЖАЕВНИНГ МАХФИЙ АҲДЛАШУВИ

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига 2005 йил май ойидан раҳбар бўлиб келаркан, А.Ходжаевга олдига қўйилган мақсадларига эришиш учун катта ваколатлар берилганига ҳеч қандай шубҳа қолмади. Президент девонидаги миллий хавфсизлик кенгашида кечган фаолиятига назар ташланадиган бўлса, қанақанги режалар билан ЎзМТРКга қадам ранжида қилганлигини янада теранроқ англаш мумкин. Энг муҳим нарса шуки, у ЎзМТРКда ўзгача фикрлайдиган журналистлар ва бошқа ходимларига нисбатан қўллаган ўта айёрликка асосланган усулини хавфсизлик кенгашида ва ҳатто ундан олдин ҳам қўллаганлиги ҳамда бу борада катта тажриба орттирганлигини кўпчиликка билдириб қўйди. Чунки, унинг телерадиога раис бўлиб келишидан олдин ҳам қатор журналистларга нисбатан ноҳақ муносабатда бўлинганлиги ва уларнинг оилалари, фарзандларига-да жиддий шикаст етказилганлиги, ҳаттоки баъзи бирларининг дилбанди дунёдан кўз юмишгача бориб етганлигига оид фожиавий воқеалар ҳам Ходжаевнинг хавфсизлик кенгашида ишлаб юрган даврига тўғри келиши ҳар қандай кишини янада сергаклантиради.

Шундан келиб чиқиб хулоса қилинадиган бўлса, бу одам қиёфасидаги шайтоннинг инсонни ҳар қандай куйга солиш ва жисмонан маҳв этиш борасида қўлидан келмайдиган ҳунарининг ўзи йўқ эканлиги, пасткашлик, тубанлик унга хос бўлган характер эканлиги очиқдан-очиқ кўзга ташланади. Бироқ у каминага нисбатан туҳмат уюштиришда бироз шошди ва адашди. Аниқроғи, план тузувчиларнинг хайрлиси бўлган Ҳақ Парвардигорнинг бу иш устидаги адолатли плани у шайтонни ёвуз планинидан адаштирди, мисини чиқарди, фитнасини фош этди.  

Қарангки, у туҳмат қилувчилардан ўз номига каминанинг устимдан шикоят аризаси ёздириб олиб, сўнгра уни шахсан ўзининг имзоси билан Тошкент шаҳар прокуратурасига юборди. Шаҳардан эса шикоят Мирзо Улуғбек тумани прокуратурасига жўнатилган. У ердагилар эса бу уйдирма шикоятни туман ички ишлар бошқармасига жўнатган. Шундан сўнг  дастлаб томонларга эмас, аниқланиши мумкин бўлган факт бўйича 168-модда (фирибгарлик) асосида жиноий иш қўзғатилган. Қарашдики, ушбу модда билан ўзлари хоҳлагандек бирор бир натижага эришишлари мушкул. Бу ҳолат уларни, хусусан, Ходжаевни қаттиқ безовта қила бошлади. Шунинг учун нима қилишини билмай турганда бирданига калласига ўзи пишира олмаётган ошига яна кимнидир жалб этиш лозим деган фикр келиб қолади.Амалга ошиши қийин кечаётган хом-хатала ишини ўзи ёлғиз  у қадар ҳам уддалай олмаслигига кўзи етгач, бу туҳмат уюштириш операциясига кўмак беришини сўраб, президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновни “ўйин”га тортади.

Қолаверса, Хайриддин билан иккаласи президент девонидаги бир неча йиллик фаолияти мобайнида анча қадрдонлашиб қолишган. Ўрни келганда билдириб қўйиш лозимки, Ходжаевнинг маънавият ишлари бўйича собиқ биринчи ўринбосари Ғолибшер Зиёев Хайриддин Султоновнинг бир тумандоши, ҳаттоки қишлоқдошидир. Яъни иккиси-да Тошкент вилоятининг Паркент туманидан. Ходжаев ҳам  Тошкент вилоятида туғилган. Шундан ҳам билса бўладики, бу маҳаллийчи тўда алоқачи-монтёрлар ўз-ўзидан телерадиокомпанияга раҳбар бўлиб келмаган. Хуллас, бу уччовлон маҳаллийчининг бир-биридан яширадиган сири бўлмаган, қинғир ишларининг қийиғи чиқиб қолган пайтларда бир-бирларини қўллаб юбораверган…

Шундай қилиб, кунларнинг бирида қайсидир бир кўрсатув кенгашдан ўтказилиши зарур бўлганида Х.Султонов ЎзМТРКга келади ва кўрик тугаганидан кейин  “муҳим масала” юзасидан маслаҳатлашиб олиши зарурлигини айтиб, Ходжаев уни ўз кабинетига таклиф этади. Уларнинг ўзаро суҳбати бир ярим-икки соат давом этади. Шунча вақт давомида ичкарига ҳеч ким қўйилмайди. Қабулга келганларнинг ҳам хуноби ошиб, кўпчилиги қайтиб кетади.

Эшик ортида муҳокама қилинаётган “асосий масала” ЎзМТРК раҳбарининг мутлақо ишга лаёқатсизлигини акс эттирувчи “Билдиришнома” эди. Аниқроғи, буни юқорига ёзганлигим учун менга нисбатан қандай муносабат қилиниши лозимлиги кун тартибидаги муҳим мавзу эди. “Билдиришнома”дан икки тараф  ҳам  жуда яхши хабардор. Унда кўтарилган муаммолар муҳокама этилиши керак бўлса, бу жараён менинг иштирокимда кечиши лозим эди. Шундай йўл тутилса, мақсадга мувофиқ бўлар ва мавжуд тартиб-қоидага ҳам риоя қилинган ҳолда иш юритилган бўлар эди, ҳар ҳолда. Аммо, асосий масала четда қолиб, бутунлай бир бошқа жиҳат уларнинг диққат марказида бўлган. Яъни менинг масалам: “ё у ёқлик ё бу ёқлик қилиш” энг шартли муҳокама мавзуси этиб олинган…

Раис ўз дарди ва бу борадаги режасини уқтиришга ҳаракат қилар экан, ҳадеб “Нима қилсак бўлади?” деган битта гапни қайта-қайта такрорлайверган. Бу билан “Хайриддин нима дер экан?”, дея уни кўпроқ гапиртириб қўйган, яъни ҳатто ўз ҳамтовоғига ҳам МХХча  усулини қўллай бошлаган. Қулоғининг тагида фақат битта гап такрорланавергач, Султоновнинг юраги ғаш бўлиб хуноби оша бошлагач, МТРК раҳбари шубҳага ўрин қолдирмаслик учун  гапни бошқа томонга буриб юборади. Кабинетда мақсадини очиқ айтишдан ўзини тияди. Пухталиги, маккорлиги ҳам шунда-да бу Алишер деганларининг. Яъни у қурғур “деворнинг ҳам қулоғи бўлади”ган иш кабинетида журналистни бадном қилиш ташаббуси Хайриддиннинг оғзидан чиқишини кутади. Ўзининг тиши ўтмаётган журналистни “Хайриддиннинг тили ва қўли билан йўқотиш” ва бу жиддий масаланинг миси чиқиб қолгудай бўлса, ўзини сувдан қуруқ олиб чиқиб кетишнинг йўлини қилиб кўради бу билан.Қойилмисиз?

Афсуски, давлат маслаҳатчисидан ҳам тузукроқ маслаҳат чиқавермагач, суҳбат сўнгида ҳийлакор Ходжаев унга: “Бизга мурожаат қилган ўша икки нафар шикоятчи сизга ҳам икки энлик хат ёзсалар, нима дейсиз?” деган ишорани беради. Бунга Султонов монелик кўрсатмайди. Демак, Ходжаевга Хайриддиннинг “фишка”си билан“Яъни юқоридан ҳам  келди, тегишли топшириқ…” мазмунида тушунилиши учун. Шунда Хайриддин аслида иш нима ҳақда кетаётганлигини  тушунгандай бўлади-ю, лекин унга ёзилган ва унинг номидан имзо қўйилиб, “тегишли чора кўрилсин” деган мазмунда телерадиокомпанияга юборилган шикоят хати Ходжаев учун муҳим бир дастак сифатида қўлланиши мумкинлигини балки чуқур ўйлаб кўрмагандир. Аммо Х.Султоновнинг кейинги пайтларда отаётган одимлари ва у ҳақда урчиб бораётган гап-сўзларга қараганда, ўзи қўяётган имзонинг нимага яраши мумкинлигини билмаслиги, эътиборга олмаслиги, англамаслиги мумкин эмас. Чунки, Ходжаев ўз номига ёздириб, ўзи уюштирган шикояти хати билан 168-модда асосида қўзғатилган жиноий ишдан бирор бир натижа чиқмаслигига кейинроқ-кеч кўзи етган. Шунинг учун ҳам юқорироқ инстанциядан мадад исташга мажбур бўлган. Яъни 168-моддани янада оғирроқ ҳолатни ифодалайдиган моддага алмаштириш учун…

Сабаби, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг қоғозда-қонунда кўзда тутилмаган қоидасига кўра, кимники атайлаб бадном қилиш ишлари олиб борилаётган бўлса, бир парча қоғоз асосида икки жумла билан бўлса-да, энг юқори инстанцияни хабардор қилиб қўйиш ва розилигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритиш урф бўлган. Эртага гап-сўз кўпайиб кетмаслиги учун. Бу ерда албатта, гўёки “юқоридагиларни хабардор қилиб қўйиш” асносида ишни хотиржам олиб бориш мақсади ҳам бор. Шунинг учун ҳам айтилмаган қоида бизга нисбатан қўлланилди, дейиш мумкин. Яъни мен фаолият кўрсатаётган соҳа бўйича энг юқори интсанция демак, маънавият, матбуот ишлари бўйича масъул-давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ҳисобланади. Шундан келиб чиқиладиган бўлса, Хайриддиннинг биргина шикоят хатига қўйган имзоси тақдирнинг ўзгариб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Яъни ундан нечоғлик усталик-маҳорат билан фойдаланилишига боғлиқ, албатта. Хуллас, Х.Султонов ва А.Ходжаевнинг махфий аҳдлашув-келишуви ўзлари учун муваффақиятли-манфаатли якун топган бўлса керакки, каминани кунларнинг бирида яна телерадиокомпаниянинг режим ва хавфсизлик бўлимига чақиришди. У ердаги ходим Фазлиддин Худойқулов: “Неъматов Улуғбек ва (сохта адвокат) Қодиров Тўралар давлат маслаҳатчиси Хайриддинга сизнинг устингиздан шикоят билан мурожаат қилганлар, шу асосда тушутириш хати олишим лозим”, деди. Камина аввал ҳам шикоятчиларнинг Ходжаев номига ёзган хати асосида қандай “тушунтиришнома” ёзиб берган бўлсам яна айнан  шундай мазмунда; шикоятдаги илгари сурилаётган гап-сўзлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги ва буларнинг барчаси туҳмат эканлигини акс эттирувчи тушунтириш хати ёзиб бердим. Шу билан қутулдим, деб ўйлагандим. Лекин…

10.05.2015 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар