Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Термани ошпазга топшириб кўрсак-чи!..

Термани ошпазга топшириб кўрсак-чи!..
24 Mart 2017 - 10:53 'да юкланди ва 2110 марта ўқилди.

ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга ОЧИҚ ХАТ

Ҳурматли Мираброр Зуфарович!

Термага мураббий танлашда бошқа мамлакатлар футбол федерациялари раҳбарлари номзодларнинг фақат ПРО лицензиясига эмас, мураббийлик (!!!), ҳа, ҳа, МУРАББИЙЛИК тажрибасига, мураббийликдаги халқаро тажрибасига, қолаверса, терма жамоалар билан эришган ютуқларига қарашади.

Сизга бу мезонлар муҳим эмас, шекилли, асосий фаолияти футбол мураббийлиги эмас, менежерлиги, яъни бошқарувчилиги бўлган шахсни термага бош мураббий қилиб тайинладингиз. Номзодингизнинг ПРО лицензияси ва “Пахтакор”ни Олий лигада чемпион қилгани Сиз учун асосий мезон бўлгани шак-шубҳасиз.

Футболда мураббий машғулот жараёнларига ва спорт натижаларига жавобгар бўлади. Менежер эса олди-сотди, инфратузилма ва бошқа хўжалик ишларига масъул бўлади. Буни мендан яхши биласиз, албатта! Шуни билатуриб, футболдаги асосий фаолияти хўжалик ишлари билан боғлиқ бўлган бир одамга бутун бошли миллат термасини топширишга фақат Сиз ва Сиз бошқараётган ЎФФ қодир бўлса керак.

Хуллас, шу ва бошқа сабаблар туфайли Сизнинг доно раҳнамолигингизда жаҳон футболи тарихида илгари кўрилмаган ҳолат юз берди: термага менежер бош мураббий қилиб тайинланди. Антиқа тайинловингизнинг натижаси энди бўй кўрсата бошлади: суюкли менежерингиз нейтрал майдонда Сурияга ҳам ютқазди.

Мираброр Зуфарович!

Самвел Бабаянга меҳрингиз кўпроқ, шекилли. Чунки термада ундан олдин ишлаган мураббийларни (Абрамов ва Қосимовни) битта мағлубият туфайли ишдан олган эдингиз. Суюкли менежерингиз жаҳон чемпионати саралашининг сўнгги босқичида бир эмас, уч учрашувни бой берди. Лекин уни лавозимидан четлатишдан дарак йўқ.

Шундай экан, Россия-2018 йўлланмасидан ҳам дарак йўқ ва бўлмайди ҳам. Шахсан мен яқинлашаётган жаҳон чемпионатидан умидимни узиб бўлганман. Хўжалик бошқарувчиси термани жаҳон чемпионатига олиб чиқишига фақат қип-қизил каззоблар ва футболдан бехабар аҳмоқларгина ишонишади.

Шу сабабдан саралашнинг қолган ўйинларида янада антиқароқ, янада мисли кўрилмаган бир тажриба ўтказангиз, деган эдим. Аниқроғи, термага мураббийлик қилишни бирон бир ошпазгами, қандолатчигами, салатчигами ёки завзалгами топширсангиз қандай бўлар экан? Бундай ишнинг яхши томони шунда-ки, бу тоифа мураббийга кўп пул сарфлаш керак эмас. Ресторан тўлайдиган маошга ҳам ишлайверади.

Ахир бош мураббий лавозимига тайинланаётган одамнинг асл касб-кори Сизни қизиқтирмайди-ку!

Бобомурод АБДУЛЛА

Манба: facebook ижтимоий тармоғидан олинди

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар