Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

«Озодлик» радиоси тингловчилари саволларига берилган жавоблар

«Озодлик» радиоси тингловчилари саволларига берилган жавоблар
25 Mart 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1295 марта ўқилди.

«Озодлик» радиосининг «Сиз сўраган саволлар» рукни остида бериб борилаётган суҳбатнинг матнини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Программанинг меҳмони таниқли шоир, «ЭРК» демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ. Суҳбатни ҳар галгидай шоира Гулчеҳра Нуруллоҳ қизи олиб боради. Саволларнинг муаллифларини хавфсизлик нуқтаи назаридан исмлари берилмайди.

Гулчеҳра Нуруллоҳ: Ассалому алайкум, Муҳаммаджон!

Муҳаммад Солиҳ: Ваалайкум ассалом, Гулчеҳра опа!

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Хабарингиз бўлса керак, мен олиб бораяпган «Сиз сўраган саволлар» программасининг олдинги меҳмонлари Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи ва таниқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов эдилар. Улар билан ҳам савол-жавоблар ўтказдик ва бу галги саволлар сизга аталган. Рухсатингиз билан саволларни бирма-бир тақдим эта бошласам. Биринчи савол: Ҳурматли Солиҳ ака, илгари шеърларингизни ўқиб турардик, ҳозир ҳам шеър ёзаяпсизми? Агар ёзаётган бўлсангиз, уларни қаердан топиб ўқисак бўлади?

Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат, шеър ҳақида савол берганингиз учун. Совет даврида 1985 йилларнинг ўрталаригача шеърият мен учун мужодала усули бўлиб келди. Қайта қуриш бошланиб, миллатимизнинг зулмдан озод бўлиш имкони туғилгандан кейин мен шеърни ташлаб, мақолалар ёза бошладим. Чунки халқимиз учун бу зарур эди. Сиёсат шеъриятдан муҳимроқ эди. Мен учун бугун ҳам сиёсат шеъриятдан муҳимроқ бўлиб қолаяпти. Бир кун миллатим озодликга эришса, мен сиёсатни ташлаб, шеър ёзаман.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, рухсатингиз билан иккинчи саволни тақдим қилсам.

Савол: Солиҳ ака, эшитишимизча, сиз чет элда яшаяпганмишсиз. Оилангиз сиз билан биргами ва улар нима иш билан машғул бўлишаяпти?

Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат, оилам мен билан ва бешта фарзандим бор, улар ҳам бу ердалар. Ҳар ким ўз кунини кўраяпти. Менинг уйқумни қочирадиган нарса оила ташвиши эмас, албатта. Менинг уйқумни қочирадиган нарсалар Ўзбекистонда чидаб бўлмас зулмдан ва адолатсизликдан ўз жонига қасд қилаётган сингилларимиз, қамоқларда ваҳшиёна қийноқлардан жон таслим қилаётган йигитларимиздир. Мен уларга Оллоҳ ёрдамчилари бўлсин, деб дуо қилишим мумкин, холос.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Марҳамат қилиб, кейинги савол берувчини тингланг.

Савол: Сизнинг Ўзбекистонга қайтишингиз демократик ўзгаришларга сабабчи бўлади ва халқимиз ҳам буни кутаяпти. Сиз қачон қайтмоқчисиз? Кечаётган ҳар бир кун йўқотишдир, буни сиз ҳам билсангиз керак.

Муҳаммад Солиҳ: Албатта, кечаётган ҳар бир кун мен учун йўқотишдир, буни биламан, аммо қайтиш, афсуски, менинг қўлимда эмас. Ватанга қайтиш – мени тутиб турган тиргаклардан бири десам, муболаға бўлмайди. 1993 йилдан 1999 йилгача ҳар кун мен ватанга қайтиш учун шай бўлиб турдим. Бугун ҳам шу тайёргарлик ичидаман. 1999 йил феврал портлашлари менинг кабиларнинг ватанга қайтишини тўхтатиш учун қилинган ҳийла, деб биламан. Бу портлашлар менга қарши уюштирилган туҳматларнинг энг даҳшатлисидир. Менинг ягона умидим халқимниг фаросатидир ва у бу туҳматни эртами-кеч, англаяжак, албатта. Шу саволни берган синглимга ишонтириб айтаманки, сизлар чекаётган қийинчиликларни баҳам кўришга мен ҳар доим тайёрман. Лекин қайтиш менинг қўлимда эмас.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Сиз учун саволлар яна давом этаяпти. Мана, яна савол берувчимизни тингланг.

Савол: Сиз ўз сиёсий фаолиятингизда қандай камчиликларга йўл қўйдим, деб ўйлайсиз. Улар нималардан иборат?

Муҳаммад Солиҳ: Менинг сиёсатда камчиликларим жуда кўп. Лекин мен учун бўртиб кўрингани ва баъзан пушаймонлик туйғусини бошдан кечиришга мажбур қилган нарсалардан бириси одам танлашдаги бепарволигим, десам бўлади. Буни қайта қуриш даврида «Бирлик» ҳаракатини тузган пайтимиз яққол кўринди. Аммо кеч бўлди, ўшанда менинг тавсиям билан «Бирлик»ка қабул қилинган ва унинг раҳбариятига келтирилган оғайниларимиз бу ташкилотни халқ ҳаракатидан бир маҳаллий группага айлантиришга эришдилар. Ҳаракатга қўшилган бизнинг зиёлиларимиз бу ҳаракатдан кетдилар ёки қувилдилар. Ҳатто мени ҳам бу ҳаракатдан кетишга мажбур қилишди. Устига-устак мен бу ҳаракатдан айрилгандан кейин Муҳаммад Солиҳ бу ҳаракатни бўлди, деган туҳматга маъруз қолдик. Бу менинг одам танлашдаги хатоларимдан биттаси ва буни ўзимнинг зиммамга оламан. Бу мен учун бир дарс бўлди ва бундан кейин анча эҳтиёт бўлишга ҳаракат қиламиз.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, ҳозир эшитадиган савол ҳамма учун шунчаки бўлмаса керак.

Савол: Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистонда Сизга қарши бир нечта жиноий иш очилган. Агар сиз ўзингизни беайб, деб ҳисоблайдиган бўлсангиз, нима учун халқаро маҳкамаларга мурожаат қилмайсиз? Агар мурожаат қилган бўлсангиз, булар ҳақида нималар дея оласиз?

Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат! Хабарингиз бўлса, ўтган йил ноябр ойида Прагада мени ҳибсга олишганди. Ўзбекистон ҳукуматининг илтимосига биноан. Лекин Прага шаҳри маҳкамаси Ўзбекистон Олий судининг менга қарши айбномасини ўқиб, мени айбдор, деб топмади, аксинча, Ўзбекистон режимини айбдор, деб топди. Энди дунё жамоатчилиги Ўзбекистон режимининг «ЭРК» партиясига қарши ва каминага қарши уюштирилган айбловларнинг сохта эканлигини ва жуда саёз эканлигини билади. Буни сиз ҳам билишингизни истардим.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Кейинги савол берувчи сизнинг фаолиятингиздан анча хабардор кўринади.

Савол: Муҳтарам Муҳаммад Солиҳ ака, ўтган 1991 йилги сайловларда сизга 54 % овоз берган хоразмлик сайловчиларга айтадиган сўзингиз борми?

Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат. Хоразмдаги сайловчиларимга яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдираман. У ердаги бундай натижа олинишининг бир сири бор. Хоразмлик ёшлар ўша сайловларда ғалати бир усул қўллашган. Улар сайлов қутиларини сайлов комиссияси санагунларича сақлаб ўтиришган. Ҳокимият одамлари учта район қутиларини баробар ўғирлаб кетишга эришишган ва сайлов натижаларини ўзгартиришга улгуришган. Агар ўша учта район ҳам қутиларни яхши қўриқланганида эди, натижалар ундан ҳам юқори бўлган бўларди. Қутиларни қўриқлаш усули бутун жумҳуриятда қилинганда эди, ҳукумат сайлов натижаларини ўзгартиришга анча қийналган бўларди. Сайловлар халқнинг ҳукуматларни ўзгартиришга қаратилган қонуний қуролидир. Агар халқимиз бундан ўз вақтида фойдаланса, бугунгидай диктатура остида яшамаган бўларди.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Мана бу саволни берувчи сизнинг ўқувчилар орасидан бўлса керак.

Савол: Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ ака, Сиз ўз вақтида лотин имлосига ўтиш тарафдори эдингиз. Мана, ҳозир бу имлога ҳам ўтилди, аммо дарсликлар ва бадиий китобларни лотин имлосида қайта босишнинг имкони йўқлигидан болалар чаласавод бўлиб қолишаяпти. Ҳозирги вазиятда лотин имлосига ўтиш масаласига қандай қараган бўлардингиз?

Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат, синглим, мен доимо лотин имлосига ўтиш тарафдори бўлиб келганман. Фақат лотин имлосига ўтиш учун бир асос ҳозирланиши керак эди. Давлат сиз айтаётган муаммоларни олдиндан кўра билиши керак эди. Шунга яраша тадбир олиб ўтилиши керак эди бу имлога. Аммо ҳукуматнинг бошқа соҳада бўлгани каби бу соҳада ҳам ишлари расво. Энг биринчиси, халққа тақдим қилинган алифбо расво. Нега кириллдан лотинга ўтишга тарафдор эдик, чунки кирилл алифбосида ўзбек тилидаги унли товушларнинг баъзиларини ифодалайдиган белги йўқ эди. Кирилл алифбоси тилимиздаги сингармонизм қонунларига зид бир алифбо эди. Лекин янги алифбода инглизча транскрипция тақдим қилинаяпти. Бу шаклдаги алифбо кириллдан ҳам баттар бўлди биз учун. Биз бундай алифбо тарафдори эмасмиз, албатта.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, галдаги савол қуйидагича.

Савол: Ассалому алайкум. Ўзбекистоннинг ўзига хос, ўзига мос йўли бор, дейишади, аммо биз бу йўлда фақат қашшоқликни кўраяпмиз, холос. Ўзбекистон бунақа “йўллардан” чиқиб, ҳамма ривожланаётган давлатлар йўлига чиқиб олса бўлмасмикин?

Муҳаммад Солиҳ: Ваалайкум ассалом, албатта бўлади. Лекин демократия йўлига тушиш учун шу йўлнинг тарафдори бўлган зеҳниятдаги одамлар томонидан бошқарилиши керак ватанимиз. Лекин ҳозирги айтилаётган ўзига хос, ўзига мос йўл, жуда нари борса, тажовузкор режимнинг йўлидир. Яна нари борса, юртбоши ва унинг атрофидаги коррупционерларнинг йўлидир. Лекин асло ўзбек миллатининг йўли эмас, ўзбек миллатининг йўли сиз айтгандай ва биз орзу қилаётган, халқимиз истаётган демократия йўлидир.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Навбат зиёлиларнинг саволига.

Савол: Солиҳ ака, Ўзбекистонда зиёлиларнинг аҳволи жуда ачинарли аҳволда. Академик билан лаборантнинг ойлиги орасида фақат беш минг сўмгина фарқ бор, холос. Олимларга эътибор шу бўлса, келажагимиз буюк бўлармикин?

Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат савол учун. Аслида, бу масала ҳақида катта бир эшиттириш бериш мумкин бўларди. Мен қисқача қилиб шуни айтишим мумкинки, олимини хўрлаган ҳукумат ўзи ҳам хор бўлади. Аслида, шундай бўлаяпти ҳам. Бундай давлатнинг «келажаги буюк» дейиш, ўша халқнинг устидан кулиш билан баробардир. Олимлар ҳар бир давлатнинг буюк бир потенциалидир. Буни кўрмаган давлат бошлиғи нафақат келажагини, ҳатто бугунини ҳам кўролмаган давлат бошлиғидир. Лекин бугунги қийин давр олимлар учун эмас, бутун халқимиз учун бўлаяпти. Худо хоҳласа, сабр билан чидаб турилса, олимларимиз ва халқимиз ҳам ойдинлик кунларга яқинда чиқиб оламиз.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, мухолифат фаолиятига қизиқадиган ёшлардан бири сизга шу саволни берибди.

Савол: Эшитишимга қараганда, «ЭРК» Партияси билан Бирлик раҳбарлари бир-бири билан чиқишмайди, дейишади. Бу Ўзбекистон ҳукуматига жуда ҳам қўл келмаяптими?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳа, албатта, ҳукуматга жуда қўл келади. Лекин воқеалардан хабари бор кишилар билади, Бирлик раҳбари деган одамлардан келаётган фисқу-фасод, иғволарни. Биз Бирлик веб-саҳифасида берилаётган бундай иғволарга йиллардан бери, на мен ва на-да партия, бирон марта жавоб бермадик. Буни давом эттириш уларнинг инсофига ҳавола. Менинг мухолифим Ўзбекистондаги зулм режимидир. Унга қарши кучим етганча курашишга ҳаракат қилаяпман. Ҳозир ҳам ўзини Бирлик раҳбарияти деган кимсалар ҳақида бир нарса демоқчи эмасман. Сиз айтгандай, ҳукуматга қулай келмаслиги учун мен бир нарса демоқчи эмасман. Уларни Оллоҳ ислоҳ қилсин.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, ниҳоят, охирги савол берувчига ҳам етиб келдик. Лекин бу овоз соҳиби сизга савол бермаяпти. Балки… келинг, яхшиси уни ўзингиз эшитинг.

«Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, мен сизга савол бермоқчи эмасман. Бир оз гапирмоқчиман, холос. Айтишларича, учта укангиз қамоқда экан. Бирининг тирноқлари суғирилиб олинибди, бирининг кўзи чиқарилибди, яна бирининг бир оёғи синдирилибди. Буни эшитишнинг ўзиёқ даҳшат. Худо сизга сабр берсин, соғ-омон бўлинг».

Муҳаммад Солиҳ: Оллоҳ рози бўлсин сиздан. Мен бу ҳақда бир нарса демоқчи эмасман, чунки менинг оиламнинг ва қариндошларимнинг бошига тушган нарса, менинг миллатимнинг бошига тушган зулм олдида кичик бир нарса.

Гулчеҳра Нуриллоҳ: Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, бу эшиттириш орқали ватандошларингиз саволларига жавоб берганингиз учун сизга катта раҳмат ва омонлик тилаб қоламиз.

Муҳаммад Солиҳ: Сизга ҳам катта раҳмат, Гулчеҳра опа, омон бўлинг ва кўришгунча хайр.

«Озодлик», 08.05.2002

(91)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (263-268-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар