Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хавфсизлик хизмати ходими ва юристнинг алжираши

Хавфсизлик хизмати ходими ва юристнинг алжираши
25 Mart 2017 - 9:00 'да юкланди ва 3956 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(қирқ саккизинчи мақола) 

ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ ХОДИМИ ВА ЮРИСТНИНГ АЛЖИРАШИ

“Мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўлади”, деганларича бор экан. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси режим ва хавфсизлик хизматининг телевидениядаги бўлими бошлиғи Фазлиддин Худойқуловнинг “артист”лиги ва бироз алмойи-алжойилиги унинг худдиким Ходжаевсифат характерга эга эканлигининг намойишидан дарак эди. Сабаби, Фазлиддин сўраган тушунтириш хатини ёзиб берганимдан сўнг ҳам у яна қанақадир мурожаатга оид алламбалолардан гап оча бошлади. Нима эмиш, менинг устимдан шикоят хатлари келиши давом этаётган эмиш. Бу алжираши билан у нафақат ўзининг муттаҳамлигини, балки ЎзМТРК раҳбари бошлиқ фитна уюштирувчилар гуруҳининг олдиндан тайёрлаб қўйган режаси асосида амалга оширилаётган ҳаракатларнинг қандай тартибда олиб борилаётганлигини фош этиб қўйди.

Унинг ушбу сўзларига унчалик ҳам эътибор қилмагандек: “Қани, кўрайлик-чи, ўша шикоятнинг асосий муаллифи ким, буниси нима деб ёзган экан?” – дедим.  У эса: “Ҳозирча менда бу арзнома йўқ, кейинроқ фурсати бўлганда танишасиз”, – деди.  “Ҳа, унда навбатдаги шикоят аризасига бироз кечроқ буюртма берилибди-да”, – дедим. Бу гапимдан сўнг Худойқуловнинг кўзлари қинидан чиққудек бўлиб гезариб-бўзариб, тажанглиги тутиб-қизишиб, тилига калима келмай қолди. Хавфсизлик хизмати ходими нима деб алаҳсираб-алжираб қўйганлигининг фаҳмига бормай қолганди.

Шу ондаги кесатиқ гапим унинг нақ миясига ургандай бўлди. Бирдан телефонга ёпишди ва аллақандай рақамларни тера бошлади. Нариги томон телефон гўшагини олмади шекилли, эшиги очиқ турган иккинчи бир кабинетдаги ходимларига юзланиб: “Опани чақиринглар, опани!” – деди. Бу “опа”си ким экан десам, ўша – ўзимиз билган “Ходжаевнинг қалқони”, олий маълумотли юристка-Муҳайё Қалқонова бўлиб чиқди. Бироз нарироқдаги коридордан овози эшитилиб, сўнг биз ўтирган кабинетга кириб келди. Ўзининг хонасидан чиқиб, режим ва хавфсизлик бўлими бошлиғининг ёнига келаётганлиги учун ҳам телефон гўшагини олмаганлиги маълум бўлди. У курсига ўтираркан, мен билан сўрашгандек бўлди, гўё.

ЎзМТРКнинг ҳуқуқшунос “опа”си ҳам бирданига ўз ишини бизга ваъз ўқишдан бошлади. Сўнгги пайтларда менинг устимдан арз қилиб келаётганларнинг сони тобора ошиб бораётганмиш ва бунинг оқибатлари яхшилик билан тугамасмиш. Шунинг учун ўзимни эҳтиёт қилишим ва ўнг-у сўлимга қараб юришим керакмиш. Шунда Қалқоновага қараб: “Ҳозирча аризачилар сони икки нафар бўлибди, уни ҳам битта ҳисоблашимиз мумкин. Чунки, улар уюшган ва уюштирилган ҳолда- биргаликда, бир вақтнинг ўзида келиб шахсан компания раисининг ўзига ёзишибди. Ҳа, дарвоқе, мана Фазлиддин ҳозиргина сиз келишингиздан бироз илгарироқ маълум қилди – яна бир шикоят йўлда келаётганмиш. Унга салгина кечикиброқ “буюртма” берилган бўлса керак, деб турувдим ўзи…” – дедим хотиржам оҳангда. Бу гапимни тинглаган юристнинг кўзлари аланг-жаланг бўлиб бир сапчимоқчи бўлди-ю, лекин қараса, мен ҳам гапимни едириб қўядиганмас. Унинг ҳар қандай ҳатти-ҳаракатига нисбатан жавоб беришга шай турганлигимни сезди, шекилли, бироз ҳовуридан тушиб: “Ўзи сиз биздан нима истайсиз?” –  деб қолди томдан тарша тушгандай.

Шунда мен уларнинг икковидан ҳам бу ерга бирон бир нарса хоҳлаганим учун келмаганлигимни, аксинча, чақирилганлигим сабабли бу жойда ҳозир бўлганлигимни эслатиб қўйишимга тўғри келди.  Кошки эди бу гапларни тушунишса, англашса… Англаса-да англамасликка олаётганлиги шундоқ юз-кўзидан сезилиб турибди.  Яъни, уларнинг “тактикаси” – режасига кўра, “Сенинг орқангдан шикоят қилаётганлар кўпаймоқда”, деб айтишгани ҳамоно мен уларнинг бу гапидан қўрқиб кетиб,  аризачиларни тинчитишни сўраб ялиниб-ёлворишга ўтиб олишим керак эди. Афсуски, улар бунақа усул-услуб билан мени чўчитамиз дея калта ўйлаган эдилар.

Суҳбат сўнгида бу иккала қовун туширгувчиларга бир нарсани аниқ-тиниқ қилиб айтдим. Яъни, сценарийлаштирилган шикоятбозлик асосидаги фитна-ўйинларига барҳам беришларини, агар бу каби найрангларга нуқта қўйилмас экан, бундан кейин мен бир хил мазмунга эга бўлган бир қатор тушунтириш хатлари ёзиб бермаслигимни англатдим. Йўқ, англашни исташмади. Аксинча, “Иккинчи марта устингиздан шикоят бўлаяпти”, дея яна ҳужум бошлашди.

-Ахир, қанақасига иккинчи марта шикоят бўлиши мумкинки, ўша ўзларинг ариза ёздирган одамларинг  – Т.Қодиров ва У.Неъматовлар ҳеч бир мазмунини ўзгартирмасдан, худди олдин қандай бўлса шундайлигича Хайриддин Султоновга жўнатибди ўша шикоятини? Алихўжадан-Хайриалига, Хайриалидан яна Алихўжага бориб-келиб юрган ўша уйдирмаларингдан бошқа яна нима бор? Яна нима ўзгарди? Шикоят ва шикоятчилар бир хил, тушунтириш хати ҳам айнан ўша-ўша; бунақа чақир-чақирларингнинг бир қизиқ жойи, бирор манфаати бўлса, айтинглар, биз ҳам билиб қўяйлик. Бўлмаса, ўзларингни ҳам, мени ҳам ишдан қолдириб, бунақа сақич чайнашнинг нима кераги бор? Тўғри, бир нарсада ўзгариш бор: у ҳам бўлса, олдингисида ариза ЎзМТРК раиси Ходжаевга ёзилган,  бу гал эса давлат маслаҳатчисига ёзилибди. Лекин, мазмун –ўша, одамлар ҳам – ўшалар. Қолаверса, факт бўйича жиноят иши қўзғатишга эришибсизлар. Шундай экан, яна нима кераги бор шунча судра-судранинг, шунча оворагарчиликнинг? Бундан кимга қандай наф бор? Ё журналистларни фикрлашдан чалғитиш учун тинмай эговлаб туриш вазифаси топширилганми сизларга?

Бу гапларим ботиб кетдими, бирдан шантажга ўтишди шоввоз-шаллақилар. “Нима, сиз президент давлат маслаҳатчисини одам ҳисобламайсизми? Ёки у кишини бир тийинга илмайсизми? Ўшандай юқори жойдан хат келади-ю, биз жим қараб туришимиз керакми?” –  дея жаврай кетди юристхон.  Сўзида давом этаркан, “Сиз Хайриддин Султоновни танийсизми, кимлигини биласизми? Билмасангиз билиб қўйинг, у киши шунчаки хатга имзо қўйиб, “фишка”си билан бизга  юбормайди”,  деб қолди бир маҳал бу Қалқонова деганлари.

Мен ҳам унинг гапини шарт кесдим:

-Билиниб турибди ҳаммаси аввалдан келишилгани сиз оғзингиздан гулламасангиз ҳам. Бежиз шундай йўл тутилмаганини тушуниш учун ҳам катта ақл керак эмас одамга. Қолаверса, шикоятда келтирилган важлар  миллий телерадиокомпания ва унинг раҳбари Ходжаев ёки президент давлат маслаҳатчиси ваколати доирасида ҳал бўладиган масала эмаслигини юрист сифатида сиз яхши билишингиз керак.  Бу икки аризагўйга “даъво”лари бўйича тўғридан-тўғри ички ишлар, прокуратура ва судга мурожаат қилишлари кераклиги тушунтирилиши керак эмасмиди? Ҳеч бўлмаганда ўз ходимининг устидан шикоят этилган экан, раҳбар деган валломат ўша шикоятчилар билан ўз ходимини юзма-юз учраштириб, масаланинг туб моҳиятига етиши мақсадга мувофиқ бўлмасмиди? Ҳали ЎзМТРК раҳбарига ва яна ҳали худди шу мазмундаги хат билан айнан шу одамлар давлат маслаҳатчисига мурожаат қилиши, шикоятбозликнинг янада кучайтирилиши, боз устига иккалангизнинг ҳадеб каминага “атака” қилишингиз замирида қандай сир-синоатлар ётганлигини одамлар тушунмайди деб ўйлайсизларми? Унда мутлақо хато ўйлабсизлар. Уялинглар шу ишларингдан!

Ўша шикоятчилар билан исталган пайтда юзма-юз учраштиришларига тайёр эканлигимни  қайта-қайта айтдим. Лекин,улар буни исташмади. Учраштиришолмади. Қўрқишди. Чунки аризагўйлар уларнинг ёнида мен билан юзма-юз учрашадиган бўлса, ҳеч иккиланмасдан айтишим мумкинки, режим ва хавфсизлик ходими Фазлиддин Худойқуловнинг ҳам , юрист Муҳайё Қалқонованинг ҳам ва ЎзМТРК раиси Алишер Ходжаевнинг ҳам,  қолаверса, давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг фитнаси фош бўлиб қоларди. Бу гуруҳ худди шу тарзда шарманда бўлишларидан қўрқишди. Шу боисдан ҳам бу фитначиларда очиқдан-очиқ курашиш учун на юз бор, на субут бор, на сабот бор. “Қинғирнинг иши қоронғуда бўлади”, деган ибора шундайларга нисбатан айтилган асли…

21.07.2015 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар