Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Янги душман ким?

Янги душман ким?
27 Mart 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1653 марта ўқилди.

АҚШнинг Ўрта Осиёдан масъул ҳарбий раҳбари генерал Томми Франкс Афғонистондаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз лидерини йўқотди, деганига ҳам анча вақт бўлди. Бу хабар тўғрига ўхшайди, чунки шунча вақт ичида буни инкор қиладиган бирорта хабар чиқмади.

Агар бу тўғри бўлса, Ўзбекистондаги режимнинг асос душмани энди ким, деган ҳақли савол туғилади. Бу савол Ўзбекистондаги мавжуд тузумни билган ҳар бир одамнинг хаёлига келиши табиийдир. Чунки Ислом Каримов 13 йилдан бери ҳокимиятда экан, бирор марта ҳам «душмансиз» яшагани йўқ. Ҳар йил албатта бир «душман»ни ихтиро қилди, уни дунё афкор оммаси олдида «фош қилди» ва маҳкамага чиқариб, узун муддатли қамоқ жазоларига маҳкум этди.

Маълумки, бу душманларнинг энг таҳликалиси Исломий гуруҳлар бўлди. Бу исломий душманни ўйлаб чиқарган пайтда бу душман йўқ эди. Яъни «ислом фундаментализми» Ўзбекистонда ҳеч йўқ эди. Йўқ бўлгани учун ҳам ўйлаб чиқарилди-да. Масалан, 1990 йилда Ўзбекистонда шундай «фундаментализм» бор эди, деб ким айта олади?

У пайтлар «фундаментализм» калимасини нима эканлигини билмасди одамлар. Аммо Ҳукумат исломий фундаментализмни уйдириб, мусулмонларга қарши террорни оширган сари, норози исломий гуруҳлар кўпая борди ва ниҳоят, «Исломий ҳаракат» деган гуруҳ пайдо бўлди. Унга қарши кураш баҳонасида қанча-қанча бегуноҳ инсонлар қирилиб кетганини кўрдик. Бугун ҳам қанча-қанча ёшлар фақат намоз қилгани учун қамалиб кетяптилар.

Хўш, энди Афғонистондаги таҳликани Ғарбнинг ёрдами билан йўқ қилишга эришган Ўзбекистон ҳукумати қайси душманга қарши курашади?

Ёки душман образидан воз кечадими? Ўз халқига эркинлик берадими?

Бизнингча, бу режимнинг душман образидан воз кечиши қийин.

Чунки унинг мухолифат ва ўзга фикрлиларни назорат қилиши учун, уларга тазйиқни давом эттириш учун энг ози битта, баъзан ҳатто иккита душман образига эҳтиёжи бор. Ҳукуматнинг бугун «Ҳизбут-таҳрир» қўрқувини халққа эслатиб, бегуноҳ ёшларни қамоққа ташлаб туриши, «Ҳизбут-таҳрир»нинг витринадаги 1-номерли душман сифатида белгиланганини кўрсатмоқда. Лекин ҳукуматининг витринага қўймаган асл душмани «ЭРК» Партиясидир. Бу ташкилотни ҳукумат доим ўзига энг катта таҳлика ҳисоблаган. Шунинг учун ҳам йиллар давомида бу ташкилотни обрўсизлантиришга ва синдиришга уриниб келмоқда.

Бу партияга қарши кураш фақат қамоқ ва қийноқлар эмас, балки кундалик тазйиқ ва таъқиблар билан ҳам давом этмоқда. Масалан, шу кунларда Тошкентда «ЭРК» аъзоларига ҳатто чойхонада ҳам тўпланиш маън қилинган. Ҳатто бир дўстиникига бешта «эрк»чи тўпланса, бу ҳам жиноят ҳисобланмоқда. «ЭРК»дан бошқа ҳамма ташкилотлар Тошкентда ва вилоятларда тўпланишмоқда, мажлисларини ўтказмоқда. Айниқса, «Бирлик» партиясини Президент Каримовнинг расмий рўйхатга олишга ваьда бергани эълон қилингандан сўнг «ЭРК» Партиясига тазйиқлар янада ортди.

Ҳақиқатан, «ЭРК» витринада бўлмаса ҳам, режимнинг 1-номерли душмани статусига олиб келинганга ўхшайди. Яъни ҳукуматнинг лойиқ кўрган асл мартабасига юксалтирилди. «ЭРК» партиясининг халқ ичидаги обрўси ҳукуматни унга асос таҳлика сифатида қарашга мажбур этмоқда.

Шундай экан, ўзбек ҳукумати Исломий ҳаракатдан кейин ўзига янги душман яратадими, агар яратса, у ким бўлиши мумкин, деган саволга жавоб шу: ҳа, ўзбек ҳукумати Исломий ҳаракатдан кейин янги душман яратди, бу ҳам унинг эски душмани, яъни «ЭРК» Партияси.

Аслида эса Ўзбекистонда пайдо бўлган ва пайдо бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай радикализмнинг илдизи ҳукуматнинг халққа қарши олиб боряётган репрессив сиёсатидадир. Бутун таҳликаларни яратаётган режимнинг ўзидир. Демак режимнинг энг хавфли душмани – унинг ўзидир.

(08.07.2002)

(93)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (269-271-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар