Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бишкекдаги митингда 105 киши қамоққа олинди

Бишкекдаги митингда 105 киши қамоққа олинди
27 Mart 2017 - 10:26 'да юкланди ва 1665 марта ўқилди.
Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди 26 март куни мухолифатчи Садир Жапаровнинг қамоққа олинишига қарши намойиш пайтида қўлга олинган 105 одамнинг 64 нафарини икки кундан беш кунгача қамоқ жазосига ҳукм қилди, 12 нафарига жарима солди, 2 намойшчи огоҳлантирилди. Қўлга олинганларнинг қолганлари милицияда ўтказилган профилактик суҳбатдан сўнг озод этилди.

Садир Жапаров 25 март куни хориждан Бишкекка қайтаётганида қозоқ-қирғиз чегарасида қўлга олинган эди.

– Садир Жапаров 2017 йилнинг 25 мартида Жиноят кодексининг 227, 341, 113 ,234-моддалари билан инсон ҳаётига таҳдид қилиш, гаровга олиш, безорилик ва ҳокимият вакилига куч ишлатиш бўйича айбланиб миллий хавфсизлик хизматига олиб келинди. 26 март куни Садир Жапаровга нисбатан суд тергов якунлангунига қадар қамоқда сақлаш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида қарор чиқарди, -деди Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рахат Сулайманов.

Садир Жапаровнинг қўлга олинишидан норозилик билдирган юзлаб одамлар 25 март куни Миллий хавфсизлик қўмитаси олдига йиғилган. Бу ерда намойшчилар ва милиция ўртасида тўқнашув юзага келди. Хабарларга қараганда, тўқнашувда 5 милиция ходими жароҳатланган.

Бишкекдаги Трамваталогия ва ортопедия маркази бош шифокори Алмазбек Кубатбеков тўқнашув пайтида жароҳатланган норозиларга ҳам биринчи ёрдам кўрсатилганини Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилди.

– Бизга турли жароҳатлар олган 6-7 киши мурожаат қилди. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан сўнг улар уйларига кетган. Ҳозир касалхонамизда митингчилар йўқ, -деди шифокор.

Митинг пайтидаги тўқнашувларда бир автобуснинг ойналари синдирилган. Ҳуқуқ фаоллари милиция митингчиларни қўлга олиш пайтида калтаклаганини билдирмоқда.

Мухолифатчи Садир Жапаров.

Мухолифатчи Садир Жапаров.

2012 йилда Қумтор олтин конини миллийлаштириш талаби билан ўтказилган митингдан сўнг Садир Жапаров мухолифатчилар Қамчибек Ташиев ва Талант Мамитов билан ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганликда айбланиб бир ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Қамоқдан чиққач, Садир Жапаров ҳориж давлатларидан бирида уч йил мобайнида яшаб келди.

Унга нисбатан янги очилган жиноят иши бўйича, Жапаров 2013 йил 7 октябрда Қоракўл шаҳрида ўтган митингда Иссиқкўл вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Эмил Қаптагаевни гаровга олганликда айбланоқда. Бироқ Эмил Қаптагаев қирғиз матбуотига Садир Жапаров устидан ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига ҳеч қандай ариза ёзмаганини маълум қилди.

Аввалроқ мухолифатдаги “Ата Мекен” партияси лидери Ўмурбек Текебаев 27 февраль куни Туркиядан Бишкекка учиб келганида аэропортда қўлга олинган эди. Мухолифат вакилларига кўра, Текебаев президент Атамбаев ва унинг яқинларини коррупциявий қилмишларини фош этишга ҳаракат қилгани учун қамоққа олинган.Бироқ Қирғизистон ҳукумати текебаевни коррупция ва товламачиликда айбламоқда.

Текебаевнинг қамоққа олиниши тортидан Бишкекда бир неча кун мобайнида бир неча юз кишилик норозилик намойшлари ўтган эди.

Манба: “Озодлик” радиоси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар