Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шунчалар осонми, кечмоқ ўзликдан?

Шунчалар осонми, кечмоқ ўзликдан?
30 Mart 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1453 марта ўқилди.

Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР

 

Унинг кўзлари

1
Мен кенглик истадим, тор бу дунёда,
Йўлимда кўзларинг бўлди нажоткор.
Охири, барчаси қолар фанода,
Уларсиз, бошимда икки олам дор.

Ҳаётим йўлида тополмадим, не,
Кўзингдан қидирдим, Мажнундек ахир.
Умримнинг тонгидан изласам, маъни,
Кўзингга қамади, қалбимни тақдир.

2
Ўшанда, тунд эди кузнинг ҳавоси,
Йўлимда учради бир соҳибжамол.
Сийми тани анинг баҳор сиймоси,
Сочини ўйнарди, бетийиқ шамол.

Мени ушлаб қолди, тишида фурсат,
Қуюндек ер юзин, айладим, сайр.
Минг йилдек туюлди, бир лаҳза муддат,
Қутулганим бўлсин, аросат, хайр!

3
Бинафша рангида ёғаётган қор,
Муҳаббатдан ивиб, тош қотган вужуд.
Қартайганида ҳам, оппоқ беғубор,
Музлаган жонида, ишқ қони мавжуд.

На ўқлар тешади, унинг кўксини,
На босиб қолади, қулаган чўққи.
Кўзлар кўра олмас нурдан аксини,
У севилаверар, Яратган ҳаққи.

4
Эски чилкўприкдан ўтмади кимлар,
Чинор соясига боғлаб отини.
Йўлига кўз тикиб юлдузли тунлар,
Қайтишини кутди кимнинг хотини.

Кутганлардан кўпи, қайтмади ҳамон,
Ҳеч ким кутмаганлар, қайтди изига.
Ботирни хотини унутган замон,
Ем тушди отининг икки тиззига.

5
Тангрига бўйсунмас, у нур, қандай нур,
Шайтондан ҳам шаккок экан у демак.
Бундай синоатни илғамас шуур,
Биттага кўпайди, тағин кўрнамак.

Аммо, исёнкорни нур деб атамоқ,
Келтирмасми, инсон шаънига иснод.
Мен бўйнимга солмоқ истамам, сиртмоқ,
Шундай ҳам ғафлатдан кунларим барбод.

6
Сени унутмоқлик эканми, осон,
Шунчалар осонми, кечмоқ ўзликдан?
Бундан кўра менга яқиндир, осмон,
Қўлдан келмас ишни, сўрама мендан.

Дунёда топганим, битта ўзингсан,
Ўзингдан-ўзганинг сояси тегмас.
Унутирмоқликдан аввал ўлдирсанг,
Етарсан муродга, бўлмаса, бўлмас.

7
Энг қисқа фаслда узоқ яшамоқ,
Ипак ўраётган қуртларнинг иши.
Булутли кунда ҳам юракдан кулмоқ,
Миллатнинг бошидан аритар қишни.

Ватанни сўз билан суйгувчилар кўп,
Кўксига муштлаган номардлар, қанча.
Мардлар, гўё четга ташланган бир чўп,
Дардлари ичига чўккан тугунча.

Тўй-байрамда, улар ортиқча мудом,
Улар мисли Сирдай тинч оқади, тинч.
Ватан учун мардлар содиқ бир ғулом,
Миллат ғилоф бўлса, улар бир қилич.

8
Юрак ҳудудини шуур танглиги,
Илғай олармикан, идроклар аро?
Янги иттифоқларнинг холис кенглиги
Кафолати рамзи бўлса шуаро?

Ёлғизликдан синар кўкдаги парвоз,
Орқадоғинг бўлса, кенгаяр торлар.
Қўшнининг кўппаги, ҳуриб турса, соз,
Айланиб ўтади, боғингдан зўрлар.

* * *

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort