Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Махсус “воиз”лар тайин бўлди

Махсус “воиз”лар тайин бўлди
01 Nisan 2017 - 10:00 'да юкланди ва 2902 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(эллигинчи мақола) 

МАХСУС “ВОИЗ”ЛАР ТАЙИН БЎЛДИ

Махсус йиғинга тайёргарлик бошланди. Албатта унда маъруза қилувчи асосий кишилар рўйхати ЎзМТРК раиси А.Ходжаев томонидан маъқулланган ҳамда тасдиқланган. Қанчалик яшириш ва сир тутишга уринилмасин, аллақачон бу ҳақдаги тўлиқ маълумотнинг бизга махфийлиги ҳам қолмаганди.

Шундай қилиб: биринчи бош маърузачи, бу – радионинг “Ахборот” муҳарририятидаги бош қулоқ ва бош муҳаррир Абдувалиев Анвар. Унинг мулойимлиги ва ўзини сипо тутиши, мусичадек беозор кўринишидан унга разм солган ҳар қандай киши бир қарашда “Бу инсон жуда маданиятли, табитан юмшоқ, муомалани жойига қўядиган, ўз миллати, халқи учун ёниб- куядиган самимий қалб эгаси бўлса керак”, деган хулосага келиши мумкин. Аслида эса бунинг бутунлай тескариси эканлигини маълум вақт оралиғида билиб олиши қийин эмас.

Чунки, “Ўзбекистон” радиосида ва умуман, радиода қандай номаъқулчиликлар бўлса; яъни бировга шантаж қилиш, фитна уюштириш ва яна кимнидир қўрқитиш, ёмонотлиқ қилиш билан боғлиқ барча манфур ва қабиҳ ишларнинг бошида худди шу Анвар турган бўлади. Камина унинг бу каби  қилмишларига гувоҳ бўлганман. Сабаби, менга нисбатан ҳам ана шундай бир шантажни уюштириш ва ташкил этишда шахсан унинг ўзи бош-қош бўлган. Бунинг исботи ва тасдиғи сифатида шуни айтишим мумкинки, бир вақтлар радиога келиб менга нисбатан шантаж қилганлар “Радио уйи”дан чиқиб кетишаётиб, Анвар Абдувалиевга ушбу ишни ташкил қилиб берганлиги учун менинг кўз ўнгимда чуқур миннатдорлик изҳор қилганлар. Айни пайтда худди шу ҳатти-ҳаракатлари билан шантажчилар мулойимхунук Анварнинг бош муҳаррирлик, катта “қулоқ”ликдан ташқари яна қанақанги манфур ишлар билан машғул эканлигини билдиргани ҳолда унинг ҳақиқий қиёфасини фош этиб қўйгандилар. Мен бу ҳолатни кўриб жуда ҳам ҳайрон-у лол қолганман. Чунки, бир-икки соат олдин сенга кулиб боқиб, сен билан гўзал муомала қилиб туриб, ҳаял ўтмай сенга нисбатан шантаж уюштирилиши учун шарт-шароит яратиб беришнинг бевосита ташаббускори ва бу ишда ўзи биратўла камарбасталик қилиши ҳар қандай кишининг ақлини шошириб қўйиши табиий.

Биргина менга нисбатан шундай қабиҳ ниятли ишини амалга оширган бўлса майли эди. Афсуски, бошқаларга ҳам, айниқса, миллатимиз, халқимизнинг келажаги бўлган ёш, иқтидорли кадрларга нисабатан ҳам мана шундай усулларни қўллашдан тап тортмади. Бундай нопок ишлар унинг турмуш тарзига, кундалик юмушига айланиб улгурган. Бу тоифа кишилар жамият учун нақадар таҳликали эканлигини кўз олдимизга келтиришимиз қийин эмас. Азалда ҳам, яқин тарихимизда ҳам миллат фидойилари, истеъдодли ва билимли фарзандларининг бошига Анварга ўхшаб пана-пастқамда фитна уюштириб, юзга кулиб қараб, кўзга чўп суқадиган мунофиқ-пасткашлар етишган. Пихини ёрган, ўта маккор ва айёр Анвар Абдувалиевнинг бу каби фитнакорлиги, сохтакорлиги, пахтакорлигига оид кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Ёзаверсак, гап кўп…

Ҳозирча фикримиздан чалғимасдан маърузачилар рўйхатига қайтсак. Рўйхатдаги иккинчи рақамли “махсус” маърузачи, бу – телевидениедаги жуда кўп қинғирликлари ва асл “қулоқ”лардан эканлиги фош бўлиб қолганидан сўнг радиога “сургун” қилинган собиқ спорт шарҳловчиси Пўлатов Азим. Бу киши ҳам ўзини катта бир ишни қотириб қўйгандек, алланималар билан куйиб-пишгандек қилиб намойиш қилишга уста. Лекин унинг асосий ишхонаси қаерда ва у ерга қачон, қайси пайтда боришини кўпчилик жуда яхши билиб қолишган. Хусусан, у ишлаётган муҳарририятдаги “Ахборот”чилар ҳам унинг баъзи бир ҳатти-ҳаракатларидан шубҳаланишган ва бу шубҳа бекорга эмаслиги ўз исботини топган. Чунки, бу собиқ спорт шарҳловчиси бўлган Азимбой ишхонада тушдан кейин дабдурустдан йўқолиб қоладиган одат чиқариб қолган. Қанчалик излашмасин, ер-у кўкда қорасини кўришмаган. Шу боисдан ҳам унинг тушдан кейинги ҳар бир ҳаракатини кузатишга киришишган. Натижада  қай манзилга бориб келаётганлиги жамоадагиларига маълум бўлган.

Яъни МХХнинг “Зарафшон” ресторани ёнидаги асосий биносига бемалол кириб чиқиб юришининг гувоҳи бўлишган. Кунларнинг бирида камина ҳам А.Пўлатовга:“Сизни рестораннинг ёнидаги конторага алоқангиз борлиги борасидаги гап-сўзлар урчиб кетди, асосий иш жойингиз ўша ерми ростданам?” – дея савол ташлаб кўрдим. Шунда у жазавага тушиб, асабийлашганидан қалтирай бошлади. Қаттиқ қизишиб кетди, бўғила бошлади. Сўнг: “Ким айтган бўлса ҳам…” – дея ўта қўпол сўзлар билан сўкина бошлади. Авваллари уни ҳеч ҳам бунақа ҳолатда кўрмаган эдим. Муттаҳамнинг муттаҳамлигини юзига айтсанг жазавага тушгани каби Пўлатов ҳам бу ҳолати билан  ўзини ўзи фош этиб қўйгандек бўлди…

Энди навбат учинчи маърузачига келди: Фақат рус тилидан таржима қилиш ҳамда кўчирмакашлик билан шуғулланиш ортидан сиёсий шарҳловчилик “мақом”ига амаллаб эришган бу ҳовлиқма одам ўзини саводхон қилиб кўрсатишга чунонам чиранадики… Баъзан шошма-шошарлигидан ўзининг “қулоқ”лигини ҳам билдириб қўяди бу Тўлаганов Шарофиддин. У  “Тўлаган” тахаллуси билан бир вақтнинг ўзида ҳам “Ўзбекистон” радиосида  ҳам хориж радиосида ишлаган. Саводсизлиги етмагандай манманлиги, довдирроқлиги боисми ёки бўлмаса қайсидир “контора”га алоқаси борлигини сездириб қўйганлиги боисми, кўп ўтмасдан ўша чет эл радиосининг Тошкентдаги бюроси раҳбари билан келиша олмай қолган. Ўша раҳбарини судга бермоқчи ҳам бўлиб юрди. Энг сўнгида бу ишидан бир натижа чиқмагач, у ердаги ишидан қувилди.

“Ахборот” муҳарририятининг уч нафар ходими-Аҳмаджон Бузруков, Азим Пўлатов ва Шарофиддин Тўлагановгагина бир вақтнинг ўзида ҳам давлат радиосида ва ҳам хориж радиосида ишлашга рухсат берилган. Қизиқ, тарихда бўлганмикин шунақаси? Ва бу ҳол нимани англатади?… Табиийки, ҳар кимга ҳам берилавермайди бунақа айрича имтиёзлар. Фақат тегишли “идора” изни билангина амалга оширилади бу “келишув”лар. Тўлагановнинг куракда турмайдиган сўзлари-ю, хурмача қилиқларининг ўзи алоҳида бир мавзу.              

Муҳтарам ўқувчи!

Агар ёдингизда бўлса, мен  илгарироқ эълон қилган “Ўзбекистон” радиосидаги “гестапо”чилар деб номланган мақоламда ҳам бу учала нусханинг “хос” хусусиятларига мисоллар келтирганман.

Шундай қилиб, ҳар доим ҳар фитна-атаканинг бошида тайёр тургувчи бу учала “Гестапо”чи-маърузачилар сафидан тўртинчи маърузачига ҳам жой берилди. Бу киши – “Ўзбекистон” телерадиоканалининг асосан телевидениядаги “Янги жамият” сиёсий ва ҳуқуқий-маърифий кўрсатув ва эшиттиришлар студияси бош муҳаррири, ўзининг “артист”лиги билан машҳуру жаҳон бўлган Қуддус Аъзамовдир.

Худди шу студиянинг радиодаги бўлим бошлиғи камина эдим ва у менинг бевосита раҳбарим эди. Аслида бу одам бўлар-бўлмасга ишимга аралашавермасди-ю, лекин радиода мен билан бир бўлимда ишлайдиган ёши каттароқ киши билан қуда бўлди-ю, дафъатан  камина билан “шуғулланиш”ни бошлаб юборди.

Бор кучини ишга солиб, ҳар томонлама жонбозлик ва артистлик маҳоратини кўрсатиб, нима қилиб бўлса-да, руҳий зарба бериш асносида каминани “синдириш”га тайёрланган ва тайинланган маърузачилар шулардан иборат эди. Айтиш жоизки, уларнинг барчасига раҳбарият томонидан катта имтиёз ва ваколатлар берилган. Яъни, улар ишга ҳуши тутган, хоҳлаган вақтида келиб кетади.  Истаган мавзуси ва истаган соҳаси бўйича эшиттириш ёки кўрсатув тайёрлашлари мумкин. У талабга жавоб берадими-йўқми, долзарбми ёки муҳим эмасми бу томонлари раҳбариятни мутлақо қизиқтирмайди.

Айнан шундан ҳам билса ва жуда яхши англаса бўладики, бу тоифанинг асосий бажарадиган иши бутунлай бошқа бир нарсага йўналтирилган. Зарурат туғилган маҳалда уларнинг ана шу ўзгача “салоҳият”лари – “хос” хусусиятларидан фойдаланилади, қурол сифатида қўлланилади. Бу кимсалар бутун иш фаолияти давомида ўзгача фикрловчи, мустақил кўз қарашга эга бўлган журналистларга чоҳ қазиб келганлар. Айниқса, журналист ё ижодкор ўз ҳақини едирмайдиган, тикка гапли бўлиб чиқадиган бўлса, ундайларнинг попугини пасайтириб қўйишда ўзларига хос шаклдаги турли фитналарда иштирок этиб, раҳбарият айтган ролни қойилмақом қилиб бажариб беришга бажонидил ҳозиру нозир туришади.

Аслида мана шундай кир хусусиятли фасодчиларнинг жирканч қилмишлари боис жамиятда жиддий ўзгаришлар, мамлакатда илгари силжишлар бўлмаяпти. Ўз шахсий манфаатини эл-юрт манфаатидан устун қўядиган, муттаҳам раҳбарлар имо қилса бас, зомбига ўхшаб ҳар қандай қабиҳ ишларни ҳам бажариб кетаверадиганлар миллатимиз, халқимизнинг онгу-тафаккурини заҳарламоқда ва тараққиётнинг йўлига ғов бўлмоқда.

21.09.2015 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар