Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шуҳрат-“Домдрабадский”ни ҳибсга олиш қандай кечган эди?

Шуҳрат-“Домдрабадский”ни ҳибсга олиш қандай кечган эди?
02 Nisan 2017 - 20:25 'да юкланди ва 2592 марта ўқилди.

ИККИ ГЕНЕРАЛ СОТИЛГАН, ПОЛКОВНИК-ЧИ?
ЁХУД
ШУҲРАТ-“ДОМДРАБАДСКИЙ”НИ ҲИБСГА ОЛИШ ҚАНДАЙ КЕЧГАН ЭДИ?

Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, ўтган асрнинг 1989-90 чи йиллари бошларида Ўзбекистонда, хусусан, Тошкентда “разборщик”лар фаолияти авж ола бошлаганди. Улар асосан ўз “разбор”ларини чойхоналарда олиб боришга одатланишганди. Шулар қаторида ўғри-каззоблар ва айниқса, одамларнинг енгил автомашиналарини кўпроқ тунайдиган гуруҳ фаолияти янада жонланганди.

Автомашинасини (агарда у янги бўлса-ку тамом)  ўғирлатмаганлар сони кундан-кунга камайиб бораётган бир паллага кириб борилаётганди. Олиб қочилган автомобилни ўз вақтида қайтариб олиш чораси кўрилмаса, дарҳол у парча-парча этилиб эҳтиёт қисмлар сифатида сотилиб кетиши мумкинлиги хусусидаги огоҳлантириш-даъволар янада шиддатли ва хатарли тус олаётганди. Қизиғи шундаки, кейинроқ бора-бора катта-катта лавозимдаги баъзи мансабдорлар ҳам бир кечада енгил автомобилидан мосуво бўлиб қолаверди.

Нима бўлади-ю, кунларнинг бирида бир “нозик”роқ шахснинг ҳам автомашинаси “йўқолиб” қолади. Бу хабар асносида “разборщик”лар ва ўша машина ўғирликлари билан боғлиқ барча тафсилотлар “юқори”га, ҳаттоки, мамлакат раҳбаригача етиб боради. Бундан ғазабланган президент тезда ушбу жиноий гуруҳ раҳбарларини аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш кераклиги борасида топшириқ беради. Албатта, бу ишга куч ишлатар тизимидагилар жалб этилиб, хусусан, ички ишлар вазирлигига маълум муддат белгиланиб, ўғриларнинг пайини қирқиш кераклиги уқтирилади.

Бу муҳим ва ўта “қувончли” топшириқдан илҳомланиб кетган ички ишлар вазирлигидагилар дарҳол ишга киришиб, жиноятчиларнинг ҳатти-ҳаракатларига барҳам бериш мақсадида махсус гуруҳ тузади. Гуруҳ ишга киришар экан, аввало машина ўғрилари ва унинг раҳбари кимлиги ҳақида тўлиқ маълумот тўплаш билан шуғуллана бошлайди.

Аён бўладики, Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги “Домбрабад”(Дўмбиробод) мавзесида истиқомат қиладиган Шуҳрат-“Домбрабадский” лақаби билан танилган шахс енгил автомобилларни олиб қочиб сотадиган жиноий гуруҳнинг асосий раҳбарларидан бири экан.иИчки ишлар вазирлигидаги махсус гуруҳ вакиллари уни бирдан қўл олишга негадир унчалик ҳам шошилмайдилар. Шу тахлитда бир неча кун ўтади.

Автомобилларни ўғирлаш пойтахт ва баъзи вилоят туманларида ҳам авжлана бошлаганди. Жиноятчиларнинг пайини қирқиш учун аввало унга раҳнамолик ролини бажараётган Шуҳратилло Носировни қўлга олиш лозим эди. Шундай қилиб, операцияни бошлашга қарор қилинади. Ишга жиддий тус берилгани ҳолда ушбу амалиётга дастлаб раҳбарлик қилиш иши ички ишлар вазирлигининг обрўли генералларидан бирига ишонилади.

Биринчиси бир дипломат пулга сотилгани боис иккинчи операцияга яна бошқа бир генерал гуруҳга бошлиқ этиб юборилади. Иккинчисида ҳам негадир худди шу ҳол такрорланади, яъни бу гал ҳам таклиф қилинган пулнинг чўғи устунлик қилиб ўғрибошини қўлга олиш амалиёти яна барбод бўлиб орқага сурилади. Учинчисида эса энг ишончли ходимлардан дея ҳисобланган бир полковник ушбу ишни охиригача етказиб уни муваффақиятли якунлайди.

Биринчи генерал раҳбарлик қилган гуруҳ амалиётнинг дастлабкисига  ҳозирликни бошлаб юборишади. Қизиғи, тезкор гуруҳ воқеа жойига етиб бормасдан ва ҳаттоки, ҳали ички ишлар вазирлиги остонасини ҳатлаб ўтмасданоқ асосан енгил автомашиналарни туновчилар бошлиғи-Шуҳрат уларнинг қачон ва қайси пайт келиши ҳақидаги тўлиқ маълумотга эга бўлган. Шунга кўра, ўз “ҳозирлик”ларини ҳам кўриб қўйган. Бир неча ходимлардан иборат гуруҳ йўлга чиқиб, “Домбрабадский”нинг ҳовлисига яқинлашганда кузатув олиб боришиб қарашадики, уйнинг атрофида ҳеч кимса кўринмайди. Бу қадар сокинлик-жимжитлик ҳукм сураётганлигидан улар бироз таажжубга тушишган. Шунда генерал ўз ходимларидан бирига бориб уй эшигининг қўнғироғини чалишни ва қўлга олиниши зарур бўлган ўғрибошининг бор-йўқлигини суриштириб кўришни буюрган. Ходим бориб қўнғироқ тугмасини босганида эса дарвоза қия очилиб, ичкаридан бириси чиққан ва ҳали эшиккагача келган кишининг кимлигини сўраб-суриштирмасдан “ҳе” йўқ “бе” йўқ тезкор гуруҳ бошлиғини сўраган. Бошлиқни ичкарида кутишаётганлигини маълум қилган. Бундан хабардор қилинган бошлиқ ўз-ўзидан ходимларини ҳайрон қолдириб, ўтирган автомашинасидан секин тушиб боришга мажбур бўлган.

Шундай қилиб, гуруҳ бошлиғи ичкарига ташриф буюрган. Анча вақт ўтса-да негадир бошлиқдан дарак бўлавермаган. Тезкор ходимлар қўлга олиш операциясининг ажойиб ва ғаройиб тахлитда кечаётганлигидан тобора ҳайратлари оша бошлаган. Яна бироздан сўнг Шуҳратнинг ҳовлисидан бириси чиқиб “оперативчи”лардан бирини ўзининг ёнига чорлаган ва уни ҳам ичкарига таклиф этган. Маълум вақтдан кейин ўша ҳовлига олиб кириб кетилган ходим чиқиб, тезкор амалиёт шу ернинг ўзида адоғига етганлигини ва барча ортга қайтиши мумкинлиги хусусида бошлиқдан буйруқ олганлигини билдирган. Шу билан асл амалиёт ниҳояланмасдан “тезкор”лар ортга қайтишган. Биргина гуруҳ раҳабари-генералнинг ҳайдовчиси хизмат машинасида кутиб туриши лозимлиги тушунтирилган. Бир фурсатдан сўнг ҳайдовчи ҳам ичкарига чақирилган ва у қўлида каттагина дипломат  билан бошлиғига ҳамдам бўлиб ҳовлидан чиқиб келишган ҳамда хизмат машинасида ортга қайтишган. Ичкаридан уларни ҳеч ким автомобилига қадар кузатиб қўймаган. Дарвозани очиб ҳар иккисини ҳовлидан кузатиб қўйган кимса ташқарига мутлақо кўриниш бермаган. Бундан англашиладики, тезкор гуруҳ бошлиғи – генерал пулга сотилган! “Биринчи юриш”даёқ қўлга олиниши керак бўлган ўғрибоши-Шуҳрат “Домбрабадский” бир дипломат маблағ билан қутилиб қолган. Амалиёт натижасиз якун топган.

“Иккинчи юриш”-ҳаракатда ҳам деярли худди шу ҳолат такрорланган. Гуруҳга бошчилик қилган юксак рутбали бошқа бир зобит-генерал ҳам сотилган. Фақат дипломатнинг янаям семизроқлигига қараганда, олинган маблағ-пора миқдори аввалгисидан-да чўғи баландроқ бўлган. Шуҳратнинг томири шу қадар чуқурлашиб кетганлигини навбатдаги уриниш ҳам самарали кечмаганлигидан англаш қийин эмас. Ҳа, чиндан ҳам уни икки маротаба ҳибсга олиш уриниш ва бу билан боғлиқ жараён мураккаб бир кўриниш касб этган бўлса ажабмас.

Агарда “юқори”дан бу иш нега пайсалга солинаётганлиги ҳақида сўралмаганида балки учинчи уринишга ҳожат ҳам қолмасди. Йўқ ундай бўлиб чиқмади. “Тепа”дан  ички ишлар вазирлигига ушбу масала жиддийлиги боис кун тартибидан тушмаганлиги яна бир бор эслатиб қўйилган. Қарашсаки, иш пачава. Нима қилиш керак? Албатта, буйруқ бажарилиши ва унинг ижроси ҳақида ҳисобот берилиши шарт. Балки ўша ҳисоботни сўраётганларга дипломатдагилардан узатишнинг имкони ёки йўли бўлмагандир? Ёки очкўзлик сабаб ИИВдагилар ўзларининг ошқозонида пулларнинг барини  ҳазм қилиб юборишдимикин? Савол устига саволлар…

Шундан сўнг учинчи уринишга “старт” беришга мажбур бўлишган. Ўз ишига виждонан, сидқидиллик билан ёндошиб, ишхонасидаги ходимлардан ҳар жиҳатдан ажралиб турадиган  полковник Ҳамидхон Мирзараҳимов бошлиқ гуруҳга ушбу амалиётга киришишлари лозим эканлиги уқтирилиб, ҳозирлик кўришлари учун буйруқ берилади. Айтишларича, полковник қатъиятли, айтганининг устидан чиқадиган чўрткесар, табиатан тўғрисўзлиги ва берилган топшириққа ўта масъулият билан қарайдиган, қийин вазиятда ҳам унча-мунчага осонликча сотилиб кетишга у қадар мойиллиги бўлмаган шахс бўлган.

Шунинг учун у бир томондан унга ишониб топширилаётган ушбу ишнинг ўта мураккаб эканлигини ич-ичидан сезиб турган. Сабаби, таёқнинг икки учи бор: ўғрилар бошлиғини ҳибсга олса ҳам, ҳибсга олмаса ҳам бир балога гирифтор бўлиши эҳтимоли икки томонлама таҳдид солиб турган. Бундай ҳолатни баъзан икки ўтнинг орасида қолишга ҳам ўхшатадилар. Бунинг устига икки генерал ҳам ишни қойиллата олмасдан пулга сотилиб қайтиб келишга мажбур бўлишганида ҳам жуда катта сир борлигини диққатдан соқит қилиб бўлмайди, албатта. Чунки айрим вақтларда топшириқни бекамукўст бажарганлар ҳам раҳмат эшитиш ўрнига “нозик” жойдан раҳбарига қўнғироқ ё-да қаттиқроқ босим бўлиши ортидан сўкиш эшитиб қолиши, ҳатто бошлиғи билан бирга эгаллаб турган лавозими пасайтирилиши, ҳаттоки ишдан ҳайдалиши даражасигача етиб борган ҳолатлар тажрибада бор бўлган ҳодисадир. Аксинча, ҳаммаси рисоладагидек бўлиши ҳам мумкин…

Қизиқ-да энди, топшириқни бажарсанг ҳам бир бало, бажармасанг ҳам бир бало. Ана шундай мавҳумлик ҳолати ҳар қандай кишини иккилантириб-гангитиб, довдиратиб қўйиши турган гап. Айниқса, мамлакат миқёсида бир кеча-кундузнинг ўзида қанчадан-қанча автомбилларнинг ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолиши билан боғлиқ кўлами кенг бўлган ўғрилик ҳолати шунчаки бир ёки икки шахснинг ташаббуси билан бўлиб кетадиган иш эмас. Автомашиналарининг тунаш ишлари бу қадар ишонч билан кенг қулоч ёзиб авж олиб кетавериши эса бу жараённинг боши ва охири ким-кимларга бориб тақалиши мумкинлигидан далолат беради ва шубҳаларни янада чуқурлаштиради.

Худди мана шу ҳолатларни тарози палласига қўйиб, унинг ўртасини топиб ҳаракат қилиш, унга ёндошишда энг аниқ ва энг тўғри йўлни танлаш ҳам ўзига хос маҳоратни талаб этади. Бундай пайтларда буйруқни бажарувчининг битта ножўя ҳаракати ёки ўйламай қўйган қадами унинг ҳаётини остин-устин қилиб юбориши мумкин. Қолаверса, юксак рутбали ходимнинг нима учун дипломат тўла пул билан қайтганлари ички ишлар вазирлигида яшин тезлигида тарқалиб улгурган бир маҳалда ушбу ишни учинчи уринувчи бўлиб зиммага олиш жуда ҳам оғир вазифа эканлигини ҳам тушуниш керакдир, балки.

Полковник Ҳ.Мирзарахимов бу топшириқни  оларкан, “операция” қандай амалга оширилиши зарурлигини ҳар тарафлама ўйлаб, обдон ўзининг хаёл чиғириқларидан бир сидра ўтказади. Шундан сўнг аввало ўз виждони олдидаги қарорда янада қатъийроқ бўлиш хулосасига келади ва буни кўнглига тугиб қўяди. У бошлиқ тезкор гуруҳ ўғрибоши-Шуҳратни қўлга олиш операциясига киришар экан, ички ишлар вазирлиги ҳудудидан чиқибоқ ходимларига ўзларидаги барча алоқа мосламаларини, мобиль телефон, рацияларини ўчириш билан боғлиқ ноодатий буйруқни беради. Токи ҳибсга олиш жараёни ниҳоясига етиб, қайтиб ИИВлиги ҳудудига кирилгунига қадар битта ҳам алоқа мосламаси ишлатилмаслиги лозимлигини қатъий қилиб уқтиради.

“Учинчи юриш”-ҳаракатнинг тезкор вакиллари учун бу гал Шуҳрат яшаётган уйнинг дарвозаси ҳадеганда очилавермайди. Эшик қўнғироғи қайта-қайта чалинса-да, негадир ичкаридан ҳам жавоб бўлмайди. Лекин уйда одам борлигини сезиш қийин бўлмаган. Шунча чақириқларга садо берилмагач, ҳовлига дарвоза орқали киришга уриниш бефойда эканлиги ўз-ўзидан тушунилган.

Шу тариқа қўлга олиш билан боғлиқ жараён мураккаблаша бошлаган. Вазиятга кўра полковник ўз ходимларига уйни ташқаридан бутунлай қуршаб олиш командасини беради. Ҳибс этилиши кўзда тутилаётган объект ҳудуди ўраб олингач, шахсан гуруҳ раҳбари Ҳамидхон Мирзараҳимовнинг ўзи уй атрофидаги девордан ошиб ҳовлига тушишга мажбур бўлган. Ташқаридаги дарвозадан ҳеч кимса жавоб беришга шошилмаган бўлса-да, уйнинг ичкаридаги эшиклари ланг очиқ турганлиги кўзга яққол ташланиб турарди. Лекин бирор-бир кишининг ҳаракати сезилмаган. Шу боисдан полковник ичкари томон кириб борган ва уй эгасининг номи-Шуҳратни тилга олиб, уни кўриниш бериб чиқишга даъват қилган. Икки марта бўлган овозли чақириққа жавоб бўлмагач, учинчи галдаги чақириқ бироз қатъийроқ оҳангда бўлганлиги учунми, ичкаридан: “Сизга қўнғироқ бўлмадими?” – дея савол билан мурожаат қилинган овоз келган. Мирзараҳимов эса: ”Йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки менда барча алоқа мосламалари ўчирилган”, – деб жавоб берган. Шунда парда ортидан келаётган овоз: “Ҳозир сиз билан телефонда бирисини гаплаштирмоқчиман”, – дейди. Тезкор гуруҳ бошлиғи эса  бунинг иложсиз бир нарса эканлигини ва бундай уринишдан ҳеч қандай фойда чиқмаслигини тушунтиради. Шу он парда орқасидан икки йирик жомадон юкланган коляска (болалар аравачаси) полковник томон йўналтирилади, суриб юборилади ва  “улуш”ларни олиб, уни тинч қўйишлари” сўралади.

Бундан олдинги икки операцияда икки генералга қўлланилган усул ўзига нисбатан ҳам қўлланилаётганлигидан таажжубда қолган полковник коляскани келган томонига қайтариб йўналтираркан, бу гал янада қатъийроқ ва баландроқ овозда: ”Шуҳрат, мен сен ўйлаган одамлардан эмасман, мени пул-бойлик билан қўлга оламан деб бошингни қотириб овора ҳам бўлма. Бу ерга фақат битта мақсад билан келдим – у ҳам бўлса сени олиб кетиш. Қаршилик кўрсатиш беҳуда. Чунки, сен яшаётган уй ҳар тарафдан қуршовга  олинган. Шунинг учун яхшиси, таслим бўлишингни талаб қиламан. Йўқса, куч ишлатишга мажбур бўламан. Агар ушбу амалиётни бошлайдиган бўлсак, бутун маҳаллага томоша бўласан!” –дея огоҳлантиради. Ҳар томонга қўнғироқ қилиб ўзини ўтга, чўғга минг урмасин иши пишмаётган ва ҳар қандай йўл билан бўлса-да қаршилик кўрсатишга  уринишдан барибир бир наф бўлмаслигини тушуниб етган Шуҳрат “Домбрабадский” ахийри таслим бўлиб, қўлини кишанга тутиб беришга мажбур бўлади…

Ана шундай кескин амалиёт асосида полковник Ҳамидхон Мирзараҳимов бошлиқ тезкор гуруҳ томонидан қўлган олинган ўғрибоши-Шуҳратилла Носиров ички ишлар вазирлигига олиб келинади.  Хуллас, полковник ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб, виждони олдидаги қарорида қатъий эканлигини намойиш этади.

Лекин иш шу билан ўз ниҳоясига етдими?

Афсуски, йўқ. Чунки…

Юқорида биз сизга таёқнинг икки учи бор эканлигини бежиз эслатмадик. Сабаби, орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас ўз хизмат вазифасини бекаму-кўст ва сидқидилдан бажарган полковник ички ишлар вазирлигидан узоқлаштирилди. Уни мамлакат шимолий ҳудудидаги Хоразм вилоятига “сургун” қилишди. Ички ишлар бошқармасига бошлиқ қилиб жўнатишди. Бу унинг қилган хизматларига яраша бир сийловдек эди, гўё. Аслида эса…

Бу-ку майли, хизмат бирпасда ўтади-кетади. Энг қизиғи, ҳар қандай кишини таажжубга соладиган, ҳайрон қолдирадиган воқеалар бўлди. Айтсак, биров ишониши қийиндир, эҳтимол. Нима бўлди денг? Шуҳратни қўлга олиш операциясини барбод қилиб, унинг уйидан икки дипломат маблағ билан қайтган икки генерал давлатнинг юксак мукофотларига муносиб деб топилди ва орден билан тақдирланди… Асл қаҳрамон полковник Ҳамидхон Мирзараҳимов эса ҳақиқий ўғрибошини тутиб ҳибс этганлиги учун пойтахтдан узоқлаштирилди, лавозими пасайтирилди.  Ҳатто оддийгина бир мақтов ёрлиғига ҳам муносиб кўрилмади. Яъни таёқнинг тескари учи унинг бошига келиб тушди.

Мана сизга ҳақиқат-у, ана сизга адолат!

Абдуворис Салом

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Чунки шу пайтда Абду гофур ва буларнинг уйига еврейлар намояндалари тез-тез келиб турарди.Буни Абдугофур телохранитель ларидан бири булган шахрисабзлик тайкванда устаси Илхом деган йигитлар айтиб юришарди!!!

    03/04/2017 21:30
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар