Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Закот ҳикмати

Закот ҳикмати
09 Nisan 2017 - 13:49 'да юкланди ва 1372 марта ўқилди.

Бир устозимиз ҳикоя қилган эдилар.

Бир кун, олдимга бир киши закот масаласида савол билан келиб қолди.

“Домла, мен пулимга қўй олиб қўйсам закот бермасам бўлаверадими?” – деб қолди.

Саволини эшитдиму бир нарса ёдимга тушиб кетди. Ўша вақтларда Аллоҳ закотга қодир қилган эди. Доим Аллоҳ қодир қилганига ҳамд айтиб закотни шоду ҳуррамлик билан берар эдим. Ўша йил ромазонда пулларимни хисоб китоб қилдим, қарасам пулим нисобга етмас экан. (Ўша йили бир миллион қилиб белгиланган эди) менда эса саккиз юз минг бор экан.

“Ҳай нисобга етмаса ҳам бераверай, Аллоҳ қалбимни кўргувчики, янаги йил яна нисобга етқизсин” деб ният қилиб, пул ажратиб закотни бердим.

Орадан бир оз вақт ўтиб, бир танишим катта партияда этик тикиб беришимни сўраб келиб қолди. (Косибчилик билан шуғулланар эдилар) ўша ортирган пулимга қўшиб яна бир оз қарз ҳам кўтардим. Айтилган вақтга, айтилган маҳсулотни қилиб бердим. У танишим Россияга олиб бориб сотишини, пулини ўн беш – йигирма кунда беришини айтиб олиб кетди.

Айтилган муддат ўтди ҳамки танишимдан дарак йўқ. Яхши таниган инсоним бўлгани учун алдамаслигига амин эдим. Бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, бир аҳволда келиб қолди. Ҳайрон бўлиб нима бўлганини сўрадим.

Россияга кетишда йўлда “рекетларга” дуч келганини, улар молларини талаганини айтиб бердида, бирдан жим бўлиб қолди.

“Ака, мени ажаблантирган бир нарса бор. Рекетлар бошлиғи биздан олган нарсаларни кўздан кечирар экан, қопдаги этикларни сўраб қолди. Этиклар эканлигини билганидан сўнг, мен томонга отиб юбориб “ўзинг бориб киясан” деди. Очиғи караҳт бўлиб қолдим. Мана молларингиз” деб оёғим остига ташлади, у гапирар эди, аммо мен хайратдан котиб колган эдим.

У йигит мендаги ҳайратни молимнинг ҳурсандчилигидан деб тушунди. Аммо мендан кўз ёшлар оқаётган эди. Аллоҳнинг ҳикматини кўриб турган эдим. Закоти берилган молни асраганини ўз кўзим билан кўриб турган эдим. Аллоҳ Ҳаким зот.

Домла шу воқеани айтиб тугатганларида, савол берган одамга нима деб жавоб берганларини сўраб қолдим.

Шунда айтдиларки “модомики, Аллоҳни макр қилиб алдамоқчи экансиз, сиз қўй олмасдан ҳам бермай қўяверинг. Шунда ўзингизга яхши бўлади дедим” – деган эдилар.

05.04.2016

Sayyid Islom

Манба: facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар