Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қардош қозоқ, қардошингни талама…

Қардош қозоқ, қардошингни талама…
10 Nisan 2017 - 11:00 'да юкланди ва 1303 марта ўқилди.

Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири

Қардош қозоқ, қардошингни талама…
(“Анвармирзо ҳикоятлари китобидан”)

Москвадан Тошкент сари йўл олган
Мардикорлар фарёдини тингладим,
Қозоғистон ҳудудидан ўтаркан,
Расмийларнинг бедодини тингладим.

Поезд ҳар гал тўхтаганда бекатда,
Чиқар эмиш қозоқ божгир, миршаби.
Ўзбекларни талар эмиш албатта,
Ақча эмиш, танга эмиш талаби.

Мардикорлар ўлтирармиш вагонда,
Бечора ҳол, ҳимоясиз, ҳуқуқсиз.
Таланчилар енг шимариб шу онда,
Сумкаларни титкилармиш тинимсиз.

Пулим йўқ деб биров этса эътироз,
Сўкар эмиш ҳеч андиша айламай.
“Шешангни!” деб ёқасидан бўғиб боз,
Ағанатиб, тепар эмиш аямай…

Қардош қозоқ, эсингни йиғ, инсоф қил,
Туғишганинг, қардошингни талама.
Россияда қанча жабр чекди ул,
Сен ҳам энди унга жафо айлама!

Ўзни қўйиб машаққатлар остига,
Боласига нон топибди ниҳоят.
Зулм этсанг сен ҳам бунинг устига,
Қайда қолгай Абай айтган диёнат?

Емишларинг йиғиб ҳаром – ҳаришдан,
Оиламга юқади деб ўйлама.
Жондош қозоқ, уял энди бу ишдан,
Мардикорнинг чўнтагини ковлама.

Ярашади Остонангда гул битса,
Давлатинг зўр, бойликларинг бир жаҳон.
Шу ярамас қилмишингни эшитса,
Нима дейди юрт эгаси Нурсултон?..

31.03.2017
Дўрмон

Манба: facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар