Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Янги ҳукамоларни сўзидан намуна

Янги ҳукамоларни сўзидан намуна
11 Nisan 2017 - 9:00 'да юкланди ва 952 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(65)

ЯНГИ ҲУКАМОЛАРНИ СЎЗИДАН НАМУНА

Аҳли ҳайъати жадида, яъни янги ҳукамолар айтадурки, Офтоб дунёни ўртасиға халқ бўлубдурки, Аторуддан бошлаб қадима беш сайёра ва янги топилган икки сайёра ва кўз ила кўрулмай, янгидан дурбин ила топилган уч юзға яқин сайёралар ва буларни ичиға биз устиға турган Еримиз Офтобни атрофиға ҳар бири ўзиға тейишли доира — айланасига айланнб юрадурлар!

Еримиз Офтобға нисбат учланчи сайёра (юргувчи юлдуз)дур. Юргувчи юлдузларни ҳаммаси бенур ва ёруғликни Офтобдан оладур. Барчаси ва ул қаторға бизни Еримиз ҳам ҳеч бир нимарса устиға турмай, тегмай (маркуз* бўлмай, жисми салбға ёпушмай) барчаси ҳавоға муаллақ ва Офтобни тортқич — жозибасиға гирифтор бўлуб (яъни Олло таоло халқ қилгон ва ҳукамо тилинча қонуни жозиба сабаби ила ўзлариға тейишли айланма майдонни ҳавоға айланиб юрадур.

Офтоб ҳам бирор нимарсаға маркуз (михланган) эмас, фазо, яъни Худои таолони халқ қилгон бўшлиқ дунёсиға ҳам ҳаракат меҳвари ва ҳам ҳаракат жараёни ила дўнадур юмалайдур. Гунбадға* ўхшаган қаттиғ тўққуз осмон маълум бўлмайдур. Барча ажроми самовий, яъни осмоний нарсалар (кўк—бўшлиқ), яъни фазои лотиноҳо алҳиййя Худони майдони қудратиға балиғни сувға сузуб юрганидек, доим ҳаракатғадурлар.

Барча осмонни нимарсалар ўзиға тейишли низом ила Офтоб атрофиға айланиб юруб, қоида бўйича охири барчаси олдин ва кейин фано (йўқ) бўлуб, бузулуб кетадур.

Офтобни нури ҳам охири кетиб бўлуб, бу олам ҳозирги ҳолини йўқотиб казо, казо бўладур. Боз бир тарафдан бошқа оламлар пайдо бўладур! Аммо мазкур ҳукамолар ҳозирғи дунёмиз нега ушбу Офтобға тобеъдур, халқ бўлгонидан бери ушбу кунғача ва яна йўқ ва фано бўлатургон вақтиғача қоидаи ҳайъати жадида ила ҳисоблаб, далиллар тайёр қилгандурларки, баъзиси Қуръон ва Ҳадис хабариға тўғри ва баъзиси тўғри келмайдур.

Ҳозирги мисрий, туркий, нўғойи уламолари ҳайъати жадидаи ҳукамоларини тайёрлаган китобларини ўқуб, билиб ва баъзи китоблар ўз тарафларидан қилибдурларки, ҳозирги ҳукамони баъзи сўзи айни шаръдур. Ва аммо, афсуски, ўшал китобларни ўқумоғи бизни Туркистонға тезлик ила расм бўлмайдур. Янги ҳукамолар осмондаги юлдузларни аҳволидан эскилардан кўра яхшироқ огоҳ бўлубдурлар. Чунончи, айтадурлар-ки, юлдузларни баъзиси бизни еримиздек тоғи ва туфроқлик, қор-ёмғурлик нимарсалардур. Миррих (Марс) юлдузини устиға туфроқ, тош, ўт, сув, гиёҳ, булут, ёмғур, қор бордур. Миррихни гиёҳлари қизилдур. Аввалги асрларға йўқ экан, ўтган аср ичиға Миррихга икки канал (катта ариқ) пайдо бўлубдурки, режа тортиб қозғондек тўғри ва иккисини ароси уч юз чақиримдан зиёда.

Узунликлари 5000, эни бир юз чақиримдур. Буларни қозилиши илми ҳандаса ва режаға мувофиқ бўлгон учун, ҳукм қиладурларки, албатта Миррихга одам бор ва илми бизлардан зиёдадур. Одам бўлмаса, бу икки катга ариғ қандай тартиб ила тайёр бўладур, деб хаёл қиладурлар. Дурбин ила Миррихга қаралса, денгиз ва дарёларини тошқуни ва суви тортилгони ва қанча қуруқ ерини сув босгани маълум бўлуб, ер юзидаги тошқунлардек муқаррарий фаслларға бўладур.

Миррихни еримизға яқин келатургон вақтлари бўладурки, ўшал ҳолатға дунёдаги барча расадхоналар Миррихга расад ва катта дурбинлар ила қараб диққат қиладурлар. Бизни Ерни қутблари доим қор остиға ётгандек, Миррихни қутбларини қори ҳам асло кетмас эмиш. Они бир кеча-қундузи 24 соатдаи зиёда ва бир йили бизға қарийб икки йил бўладур. Ўзи еримиздан олти марта кичик ва кеча-кундуз, ёз-қиш, казо-казолари бордур. Ой (қамар)и икки адад эмишки, ҳар оқшом бири ғарб, бошқаси шарқидан чиқиб ярим оқшомға Миррихни осмони (уфқи) ўртасиға икки ой бир-бири ила йўлуқуб, ҳар бири ўз мағрибиға кетиб, бир кеча-кундузиға бир даврасини тамом қилар эмиш.

Ҳозирги ҳукамолар ўшал Миррих ойларини хусуф, яъни тутулишини Ердан туиб, ҳисоблаб, мунтазир, бўлуб ваҳтиға кўрадурлар. Сайёра, яъни юргувчи юлдузларни ҳаммаси қаронғу ва нурни офтобдан оладур. Бизни Еримиздек бошқа юлдузға одам бўлса, бизни Еримизии ҳам юлдуздек ёруғ кўрмоҳлари тайиндур. Янги ҳукамолар ялғуз Миррих эмас, барча сайёралар аҳволини таҳқиқлаб, воқиф бўлубдурлар. Ҳар бири тўғрисиға ажиб баёнлари бордур.

Ялғуз Миррихни барча ахборотини далиллари ила ёзмакға беш-ўн варақ лозим. Ани учун шугина хабарни таржима ҳилиб, бошқаларини аниқ билмоқ учун ҳайъати жадида китобларини ўқумакға кераклигини арз қиларман. Ўзумни форсий тилиға ёзгон ҳайъат китобимни, Худо еткурса, бостуруб чиқорсам, ниҳоят муфассал ва очиҳ баён ва юлдузларни аҳволи ва хабари анда ўқулса керак.

Туркчани билатургонлар Истанбул, Қозон китобфурушларидан ҳайъати жадида китобларини талаб қилуб, ўқусалар, баҳра топадурлар.

Миррихга Ердек одам борлиги, казо-казолиги дини ислом хабарлариға зарар еткурмай, балки наф еткурса керак. Чунки баъзи уламо ва тафсир қилғувчилар Ерни етти қабат ва баъзилари етти адад, ҳар бириға ҳайвон халқ бор деб ёзғандурлар. Ҳало ҳукамолар барча юлдузларни таҳқиқлаб, ўз хаёлларича билган киши бўлуб каҳкашон (сомон йўли)даги оқ-оқ булутға ўхшаган ва яна кўз ила кўрунмай, дурбин ила кўрунатургон «булут парчалари» тўғрисинда таҳқиқ бошлаб, ўшал парчаларни ҳар бири бизни олами шамсдек милйўнлар олами шамсни қабатма-қабат, устма-уст турганлари ва мунча нуроний нимарсаларни, ниҳоят биздан узоқға турганлари сабабидан бизға абр шуъласидек кўрунса керак, деб қоида юзасидан ҳисоб қиладурлар.

Бу сўзлариға қараганда милйўнлар ила офтобу олам бўлиши лозим келадур. Офтобға нисбат саккизланчи сайёраға илгари маълум йўқ эди. 1346 санайи милодийға топилган Нептун сайёрасини офтобдан узоқлиги 4175 милйўн чақирим ва бизни Ердан саксон беш мартаба катта ва доирасини катталигидан бизни 165 санамизға бир мартаба Офтоб атрофиға айланиб бўладур. Бир дона қамари бордур, казо-казо деб ҳукм қилгандурлар. Оф тобдан сўнгра осмонға бизни назаримизға катта кўрунатургон нимарсани бири Ой эдики, эски ҳукамолар иккинчи сайёра ҳисоб қилар эдилар.

Янги ҳукамолар Ойни сайёралик мансабидан тушуруб, Ерни тобеьй деган исмни қўйдилар. Курраи қамар устидаги тоғ, сон, чўл, ўчган тоғлар[1] ва дараларини дурбин ила таҳқиқлаб, ўлчаб, плонини олдилар. Ҳар жойиға кераклик ва муносиб исмлар қўйдилар. Бу янги ҳукамоларни қилган ишларини ўн бу қадар ва эллик мунча китобға ёзилса ҳам тамом бўлмайдур. Бу тағйирот ва табдилот янги ишлар ва ажойибларға сабаби илм, тажриба ва саъйдур. Ҳикмати илоҳия ила халқ бўлгон* Ердаги нимарсалар табиатини фаранг ҳукамолари юнонийлардан яхшироқ билдилар, яхши ва саъй ила ишладилар.

Ҳикмати табиия илмини яхши тажриба ила ўқудилар. Они учун ойлик йўлни кунға, йиллик хабарни дақиқаға юрмоқға, келмоқға асбоб тайёр қилдилар. Шул тариқа осмондаги нимарсаларни билмоқ учун ажиб асбоблар тайёрладилар, яъни назариёти илмияни тажриба ила бадиҳоти амалияға солиштуруб амалға киргузгонларидан тилгироф, тилифўн, тилгирофи ҳавойи, парахўд, темур йўл, болун, телескўп, микрискўп, казолар чиқардилар. Ва ушбу асбоблар сабаби ила Ер юзиға бугун ғалаба қилдилар. Шул тариқа осмон тўғрисиға ҳам асбоб ила эски ҳукамолардан яхшироқ илм ҳосил қилдилар. Ҳоло тилгироф ва темур йўлни натижа ва хосиятидан бехабар бир одамға баён қилинса, ҳеч-ҳеч бовар қилмайдур, ишонмайдур, балки кучи етса урадур. Мунча жаҳли бор экан, албатта, ўлдурадур! Орий, кўрмагунча ишонмайдур, кўргандан сўнгра, то ўқумаса билмайдур. Яъни у нодон, жоҳил, замондан, табиати ашёдан, подоши саъйдан… бебаҳрадур.

Илгари замонларға осмондаги юлдузларни, от, айиқ, ҳўкуз(ни) баъзилар Худо деб атадилар, парастиш қилдиларки, илмни камлигидан экан…

Ҳозирги илм ва асбоблар илгариги замонға бўлса, шундай букунги ишлар, ҳақиқатлар, бадоҳатлар кўб илгари шоён бўлар эди. Букунға балки қандай тараққий қилар эди. Агарда бу замонға ҳам илм бўлмаса эди, осмон, Ер ва ашё тўғрисиндаги сўз ва баҳслар қадима ҳолиға турар эди. Чунончи, бир чўпон ва бир тоифаи саҳройи беилм ва бефандан сўралса, ашё ва олам тўғрисиға 2000 йил илгари ёзилган афсона ва кўрулган тушларни айтиб ва инонадур, нафс ул-амрни* ялғон биладур. Ўзиға, диниға ўз нодонлигидан таънани сотиб оладур. Ҳазрати Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳи раҳматул-борийни марҳамат қилганидек, дўсти нодон (садиқи жоҳил) сифатиға кириб, нодон мусулмон дини исломға зарар келтирадур. Олло таоло шул тариқа нодонликдан бизни сақлагай, омин…

Янги илмдан бехабар уламоларимиз… чуқур ўйламай, бизға ўхшаш ноқилларни ямон кўруб, ямон кўз ила қарайдурлар. Билмайдурларки, эски ҳукамо ва ҳайъатчи ва сайёҳларни сўзи «ҳикоят» мақомиға тафсирларимизғача сўқулгани учун «Ояти файласуф сўзидур, ҳаким ва роҳиб каломидур» деб баҳс қилатургон ҳозирги баъзи аҳли замонимиз ва ажнабийларға биргина далил ва кам илмлар олдиға дастаи ҳужжат бўладур. Шул сабабли асотири аввалин (эски афсоналар) ҳисобиға кирган сўзлардан китобларимизни тозаламоқ керак деб гоҳ-гоҳ олами матбуотға довуш (садо) эшитиладур. Тақсирлар, бу сўзни фақат ман айтганим йўқ, мусулмон донишмандлари айтадурлар.

Дарвоқеъ, ҳайъати жуғрофий, ҳикмати табиия ва казо-казони билатургон ёшларимиз, ҳақиқати исломдан бехабарларимиз эски афсоналарни мусулмон китоблариға кўруб, мусулмон китобларидан эътиқодлари бўшайдур. Кейинги вақтға шундай кам эътиқод ёшларимиз тез кўзга кўрунадур. Энди мунга бир даво чора лозимдур. Худоға шукрки, яна чораси эски ва янги илмларни ўқумоқ ва саъй қилмоқ ила бўладур. Аммо афсуски, эскиларимиз, хусусан, Туркистонға эски ҳолға ва янгиларимиз ўз рафторлариға бир-бирларидан хабарсиз ва балки нафрат қиладурлар, тонимайдурлар. Эй азизлар, эски ва янгилар, бир-бирингиздан хабар олмоқ ва фикрингиз, илмингиз, иштибоҳингизни айтмоқ, эшитмоқ, дардингиз давосиға қора ахтармоқингиз лозимдур. Валлоҳ, бу ҳолат ила биз кундан-кун зоҳиран ва ботинан кейин қолармиз. Кошки фақат ўзимиз кейин қолсак, балки аҳкоми диниямиз кейин қолгандек, эътиқодимиз ҳам кейин қолиб дунё ва охиратға зомин ва масъул бўлармиз. Олло таоло барчамизни беэътиқод ва нодонликдан сақлаб, илм ва хабардан бонасиб этгай. Лекин ялғуз дуо ила бўлмас, саъй ва ғайрат лозимдур.

(Давоми бор)

*
Маркуз бўлмаган – қоқилмаган, осилмаган
Гунбад – гумбаз
Халқ бўлгон – яратган
Нафс ул-амрни – моҳият

[1] Ёнартоғлар, вулқонлар дейилмоқчи.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар