Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳаром ва ҳаромзода ҳикояти

Ҳаром ва ҳаромзода ҳикояти
12 Nisan 2017 - 11:35 'да юкланди ва 1468 марта ўқилди.

Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири

Ҳаром ва ҳаромзода ҳикояти
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)

Бола эдим, шоша-пиша
кириб бир гал ҳовлига,
Нафасларим тиқилганча,
бордим бувим олдига.

Буви, дедим, юзларимдан
арта туриб теримни,
Рауф бор-ку, “онагни” деб
сўкди боя Каримни.

Бувим деди: “Ҳай – ҳай, болам,
пиёлага олиб сув,
Оғзингни чай, ўша сўздан
оғзинг ҳаром бўлди-ку!

Уч марта чай!”. Айтганини
адо этдим мен ҳамон,
“Тавба қилдим дегин энди! ”
тавба қилдим, бувижон…

Бувим яна тинчимади,
давом этди дарсини:
“Бориб, ўша жўрангга айт,
у ҳам чайсин оғзини… ”

“Ҳаром” деган сўзни илк бор
эшитгандим ўшанда,
Ҳаромларни кўрдим кейин
ҳам пасту ҳам баландда.

Умр деган масофадан
йиллар ўтиб галма – гал,
Билдим роса ҳаром нима,
ҳаромзода ким ўшал.

Эй биродар, фуқарога
муштумзўрлик ҳаромдир,
бешикдан то қабргача
порахўрлик ҳаромдир.

Ёлғон – ҳаром, бўҳтон – ҳаром,
ирғитмоққа тош қани?
Ўзи ўғри бўла туриб,
ўғри деса бошқани!..

Боланг ҳаром луқма еса,
разолатга тўлгуси,
у ҳам бир кун юртига ёт,
ҳаромзода бўлгуси.

Ундан ўтар боласига,
боласидан нарига.
Авлодингни тортар ҳаром
жаҳаннамнинг қаърига…

Дадил туриб бергил бугун
ўз-ўзингга саволни,
фарқ қилолмай қолдик нечун
ҳаром билан ҳалолни?

Қайдан келди бу касофат,
бу жамият, бу тақдир?
Ҳокимлари юҳо эса,
ходимлари таъмагир…

Жавоб излаб, ҳазар айла
ҳаром деган маромдан,
Бисмиллоҳ, деб оғзингни чай,
қутқар ўзни ҳаромдан!..

p.s.
Бу шеърни ўқиган синглим Ибодат Хусаинова 30 йилдан ортиқ Бухоро шаҳридаги мактабларда бошланғич таълим ўқитувчиси бўлган шундай деди: “Акамулло, авалло Жамол Камолга менинг миннатдорчилигим ва таъзимимни етказинг. Ушбу шеърни АЛИФБО китобига киритиш ва биринчи иккинчи синф ўқувчиларига ёдлатиш керак. Токи болажонлар ҳаром нима ҳаромзодалик нималигини болаликларида англаб олсинлар. Ҳаромдан хазар қилишни ўргатмоқ эса ҳар бир ота онанинг ва ўқитувчининг муқаддас бурчидир.”.

facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар