Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Экстремизм учун Россия фуқаролигидан маҳрум қиламиз”

“Экстремизм учун Россия фуқаролигидан маҳрум қиламиз”
12 Nisan 2017 - 12:40 'да юкланди ва 2115 марта ўқилди.

Россия Президенти Владимир Путин экстремизмга қўл урган инсонлар Россия Федерацияси фуқаролигидан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида айтган.

“Россия Конституциясига мувофиқ биз ҳеч кимни фуқароликдан маҳрум қилолмаймиз. Бироқ биз Россия фуқаролигини қўлга киритишга асос бўлган тегишли қарорларни ўзгартиришимиз мумкин. Биз юристларимиз билан консультациялар олиб борамиз ва ўйлайманки, бундай қарорлар тез орада қабул қилинади”, деб айтган Президент Путин “Мир-24” телекомпаниясига берган интервьюсида.

Асли келиб чиқиши собиқ Шўро республикаларидан бўлган Россия яшовчиларининг фуқаролиги масаласи Санкт-Петербургдаги 3 апрелдаги портлашдан кейин кўпроқ муҳокама қилинмоқда.

Россия расмийларига кўра, Санкт-Петербург метросидаги портлашни Акбаржон Жалилов содир этган.

Унинг Қирғизистон жанубида туғилган ўзбек экани хабар қилинган.

Акбаржон Жалиловнинг Россия фуқаролигини 2011 йилда олгани, бунга унинг отасининг Санкт-Петербургда узоқ йиллар истиқомат қилгани асос бўлгани маълум бўлган.

Аксар таҳлилчиларда Акбаржон Жалилов ҳақиқатдан ҳам Санкт-Петербургдаги террорчилик хуружининг ташкилотчисими, деган саволлар ҳам юзага чиққан, бу саволларга тергов якунида жавоб топиш мумкин, аммо айрим кузатувчилар бу саволларга ойдинлик киритилишига шубҳа ҳам қиладилар.

Акбаржон Жалиловга Россия фуқаролиги тақдим этилиши хато бўлгани ҳақидаги фикрлар ҳам билдириляпти.

Ўз навбатида Россия Федерал Миграция хизмати раҳбари Александр Бортников Россиядаги террорчилик гуруҳларининг асосини МДҲ мамлакатларидан борган мигрантлар ташкил этади, деган баёнот билан ҳам чиқди.

Санкт-Петербург метросидаги портлаш 3 апрель куни тушки соат 14:30 ларда рўй берган.

Метронинг “Сенная площадь” ва “Технологический институт-2” бекатлари ўртасида бораётган вагон портлаган.

Россия терговчиларига кўра, худкуш ҳужумчи ўзининг ёнидаги портловчи моддани портлатган ва бу худкуш ҳужумчи Акбаржон Жалилов бўлган.

Оқибатда 14 инсон ҳалок бўлган.

Бундан ташқари метронинг «Қўзғолон майдони» бекатида қўлбола бомба ҳам топилган.

Терговчиларнинг тахминича, портлашни ташкил қилишда гумон қилинаётган Акбаржон Жалилов аввал бомбани «Қўзғолон майдони» бекатида қолдирган, сўнг вагон ичида ўзини порталтган.

Россия терговчилари ушбу тергов доирасида саккиз киши ҳибсга олингани, улар бир террорчилик гуруҳининг аъзолари деб гумон қилинаётгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Қамоққа олинганларнинг олти нафари Санкт-Петербургда, иккитаси Москва шаҳрида бўлганлари, уларнинг ҳаммаси Марказий Осиё республикалари фуқаролари экани айтилган.

Шарҳловчиларга кўра, агар Акбаржон Жалиловнинг чиндан ҳам айбдорлиги тасдиқланса, бу асли келиб чиқиши Марказий осиёлик инсоннинг Россия ҳудудида илк бор худкушликка қўл уриши бўлади.

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар