Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Бой-камбағал демай барча мўминларни дўст тутадур”

“Бой-камбағал демай барча мўминларни дўст тутадур”
13 Nisan 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1260 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 157
(давоми)

ҲИМЯР ПОДШОСИ ЭЛЧИЛАРИ

Яман вилоятида яшайдиган катта бир қабила бор эди. Унинг подшоси Ҳорис ибн Абдукулол кўришмай турубоқ Ислом динини қабул қилди. Сўнгра ўзининг мусулмон бўлғонлигини билдириб, Расулуллоҳга элчи юборди. Элчи қўлига нома ёзиб бермиш эди.

Мадинага келгач, Расулуллоҳ билан кўришиб номани топширди. Ўқиб кўргач, шундай кенг бир ўлка подшоси бошлиқ бутун халқи билан Ислом динини қабул қилганлиги учун Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Сўнгра уларнинг номларига шу мазмунда жавоб ёздилар:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Ҳорис ибн Кулолга ва Маофир ва Ҳамдон қабилаларига салом.

Улуғ Аллоҳга ҳамду сано айтгандан кейин шулки, Табук ғазотидан қайтган кунларимизда сизларнинг юбормиш элчиларингиз Мадинага келишди. Улар билан кўришиб, ёзган номаларингизни ўқидик. У ёқда бўлган бутун хабарларни келтирдилар.

Ҳидоят топиб Ислом динини қабул қилганларингизни англаб, Аллоҳга ҳамду сано айтдик. Эндиги иш эрса, Аллоҳга ва анинг Пайғамбарига ҳар ишда итоат қилурсиз. Ҳар куни беш вақт намозни ўз вақти билан адо қилурсиз. Бой кишиларнинг закот беришлари фарздур. Закотни чала бермасдан тугал бергайлар.

Муҳаммад эрса Аллоҳнинг юборган Пайғамбаридур. Бой-камбағал демай барча мўминларни дўст тутадур. Закот—садақа емоқ Муҳаммадга ва унинг оилаларига ҳалол эмасдур. Закот, садақани бой мусулмонлардан олурмиз ва уларни камбағал, фақир, мискин, муҳтож мусулмонларга берурмиз. Аллоҳнинг амри шудир.

Мусулмонлардан йиғилган закот, садақаларни, бошқалардан олинган олиқ-солиқларни биз томондан юборилмиш кишиларга топширинглар. Буларнинг раислари эрса Муъоз ибн Жабалдур. Бу киши сизлардан рози бўлиб қайтсин.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ».

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар