Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Эски харитадаги янги чизгилар

Эски харитадаги янги чизгилар
14 Nisan 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1050 марта ўқилди.

Қирғизистондаги инқилобни фақат Ғарб демократлари эмас, балки пихини ёрган диктаторлар ҳам диққат билан кузатиб турди. Ўзбек диктатори Каримов бундай инқилобларга Ўзбекистонда асло тоқат қилмаслигини эълон қилди ҳам.

Мен биламан, Каримов бундай инқилобларга нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни ўлкаларда ҳам тоқат қилаолмайди. Баъзилар Каримовнинг инқилоб иқтидорга келтирган янги қирғиз лидерларига хушмуомалада бўлганлигини парадоксал, дея баҳоладилар. Ҳолбуки, бу Каримов инқилобчиларни яхши кўрганидан эмас, инқилобнинг Ўзбекистонга сачрамаслиги учун олинган тадбир.

Диктатор Каримов фикрича, инқилобларда зўравонлик бор эмиш. Унинг айтишича, халқ майдонга чиқиб, ўз инсоний ҳақларини талаб қилса, бу – зўравонлик экан. Шахсий тушунчасини сўйламак, ҳукуматникига ўхшамаган фикрни баён қилиш – ғайриконституцион фаолиятдир. Шунингдек, унинг фикрича, сиёсий партиялар ҳукуматни қўллашлари керак, аммо ўзлари ҳокимиятга интилмасликлари керак. Каримов демократияни шундай тушунади.

Хуллас, собиқ коммунистлар СССР йиқилгандан сўнг осон қўлга киритган ҳокимиятларидан осон айрилишни ҳеч истамаяптилар. Улар дунё жамоатчилиги ҳузурида айтиш лозим бўлган сўзларни яхши ёдлаб олганлар. Масалан, мамлакатдаги турғунликни улар «сиёсий истиқрор» деб атайдиган бўлишди. Жамиятдаги чиришни эса улар «эволюция» деб атамоқдaлар. Айниқса, шу «эволюция» сўзи жуда ҳам мода бўлди.

Диктатор Каримовнинг фикрича, жамият секин ривожланса, яхши бўлар эмиш, тез ривожланиш инқилобга хос хусусият бўлгани учун хавфли эмиш. Унинг фикрича, демократияга 200 йил давомида келган Америка каби секин ривожланиш лозим эмиш. Ва демократияни бугун, дарҳол талаб қилиш телбалик эмиш. Ўзбек халқи ғарб типидаги демократияга тайёр эмас эмиш. Ўзбекларга Революция эмас, Эволюция керак эмиш. Каримовнинг бу ажойиб ғоясини Русия ва Хитой жону дилдан қўллаб-қувватламокда.

СССРнинг дафъатан йиқилишидан саросимага тушган коммунист лидерлар мафкуравий либосларини шу қадар тез ва пала-партиш алмаштира бошладиларки, охирида ўзларининг кимлигини ўзлари ҳам англамай қолдилар. Улар 70 йил сиғинган бутларини бир соат ичида сотдилар ва дарҳол бошқа бутларни ахтара бошладилар. Бу янги бутлар ҳокимиятга қаттиқроқ ёпишишга восита бўлиши лозим эди. Каримов ҳам ўтган асрнинг 90-йилларда воз кечгани Дарвиннинг «эволюция»сига бугун такрор муҳтож бўлишини ким билибди дейсиз?

Аммо бу янги демагогия уни қутқара оладими? Ўзбекистон ўзининг 27 миллионлик аҳолиси, бой ресурслари ва иқтисодий потенциалига қарамай, бугун минтақадаги энг қашшоқ ўлкага айланди. Ўзбекистон бугун ҳам худди Совет давридаги каби кучли давлатлар учун хом ашё базаси бўлиб хизмат қилмоқда: у олтин иҳрожи (экспорт) бўйича олдинги қаторларда, пахта иҳрожи бўйича эса дунёда иккинчи ўриндадир. Ўлка иқтисоди қоғозда Давлат назоратида бўлса ҳам, амалда кланлар ва мафия қўлида ва тамоман коррупциялашгандир. Ўзбекистон иқтисодий эркинликлар бўйича дунёда 149-ўринда. Чет эл сармояси учун ҳеч қандай кафолат йўқ. Чунки Қонун амалдорларга бўйсунади, амалдорлар қонунга эмас. Иқтисоддаги турғунлик ўлка миқёсида оммавий ишсизликка олиб келди. Аҳолининг 65 фоизининг кунлик ҳаражат миқдори 1 доллардан пастдир. Ишсиз ёшлар армияси ҳар хил радикализм ва терроризм учун қулай манбага айланмоқда.

Афғонистон 25 йиллик урушдан чиқди, аммо бу ўлкада келажакдан умид бор. Ўзбекистон (Каримовнинг айтишича), 15 йилдир, тинчлик ва истиқрор қучоғида яшамоқда, аммо инсонларнинг келажакдан умидлари йўқ. Ва тасаввур қилинг, ўзбеклар ўша урушдан чиққан Афғондаги эркин сайловларга ҳавас билан боқмоқдалар! Мана, нимага айлантирдилар Ўзбекистонни!

Демак, истаганим шу: бугун Ўзбекистон, менинг халқим демократияга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тайёр. Бу тайёрлик бадали жуда оғир бўлди. Бу тайёрлик бадали – мингларча сиёсий маҳбусларнинг режим жаллодларининг қийноқлари остида ўтказаётган даҳшатли ҳаётидир. Собиқ совет жумҳуриятларидаги ҳеч бир демократик ҳаракатнинг даво учун тўлаган бадали бизники каби даҳшатли бўлмади. Айни замонда, биз ҳеч қачон демократияга бугунгидай тайёр бўлмагандик. Озодлик учун ҳаётимизни ўртага қўйиш даражасида тайёрмиз унга.

Албатта, бизга дунё жамоатчилигининг ёрдами ҳам керак. Қўлидан келганлар ёрдам этсалар, миннатдор бўламиз, ёрдам этмасалар, хафа бўлмаймиз, етарки, бизга тўсиқ бўлмасинлар. Ҳеч қурса, золим диктаторни қўллаб-қувватламасалар, унинг «эволюция» ҳақидаги эртакларига жўр бўлмасалар, бас. Гуржистон, Украина ва Қирғизистонда юз берган воқеалар ижтимоий воқеалар жараёнининг ажиб бир шаклда тезлашганини кўрсатди. Бу жараёнлар шу қадар тезлашдики, ҳар қандай «эволюция» энди «революция» форматига сиғдирила бошлади.

Ижтимоий ҳаётда, худди технологияда каби, бир сифатдан янгисига сакраш яшин тезлигида юз бераяпти. Башарият ўзининг ижтимоий мақомини ниҳоятда тез ўзгартмоқда; турғунликдан ҳаётий қувватнинг портлашига, тушкунликдан бирдан кўтаринкиликка ўтилмоқда.

Бир йил аввал Украинада инқилоб бўлишини ҳеч ким башорат қилаолмасди. Бу феноменни инқилоб, деб атаяпман, чунки бошқа ном тўғри келмайди. Диктаторлар ҳам бунинг инқилоб эканини эътироф қиладилар, аммо улар бу калима каби у касб этган мазмунни ҳам жону дилдан ёмон кўрадилар. Чунки бу сўзда бир дафъатанлик бор. Таҳликали бир дафъатанлик. Янаги йил Ўзбекистон ва ёки Туркманистонда бу феноменнинг юз кўрсатмаслигига ҳеч ким кафолат бераолмайди. Чунки инқилоблар дафъатан юз беради. Диктаторлар унга қарши қанча кўп тадбир олсалар-да, инқилоб уларни ётоқда ширин уйқуда ётганда, онийдан, кутилмаганда ёқалайди. Диктаторларнинг халққа қарши зўравонликлари ҳам уларни тақдирдан қутулишга ёрдам бераолмайди.

Диктаторларни зимдан қўллаб-қувватлаётган сиёсатчилар «Марказий Осиё Европа эмас, у ерда оммавий митинглар қон тўкилишига олиб келиши мумкин», деган сафсатани тез-тез ишлатадилар. Эсимда, бу сафсатани диктатор Каримов бир пайтлар айнан, сўзма-сўз ишлатганди. 1992 йил 16 январда митингга чиққан талабалардан иккитасини миршаблар отиб ўлдирган куни ишлатганди. Ваҳоланки, қон тўккан ёшлар эмас, Каримовнинг ўзи эди.

Эски Совет ҳудудларида Русия таъсирини сақлаб қолиш тарафдорлари ва баъзи «либерал аналитиклар» Осиёнинг демокрaтияга тайёр эмаслиги хусусидаги Каримовча «таҳлил»лари билан Ғарбни Марказий Осиё давлатларига нисбатан иккиюзли сиёсат юритишга илҳомлантирмоқдалар. Демократияга тайёр бўлмаганлар бизнинг диктаторлар ва уларнинг мафкурачиларидир.

Қирғизистон воқеалари бу ҳақиқатни бутун дунёга намойиш этди. Осиё демократиясига инонмаганларнинг бу сунъий пессимизми шу латифани эсга солади: бир мотоциклчи мотоциклини ўт олдиролмай ҳалак. Ёнида турган бир пессимист эса ҳадеб «бу мотоцикл асло ўт олмайди, беҳуда овора бўлма», деб жаврайди. Ниҳоят, мотоцикл ўт олиб, соҳиби эгарга ўтиради, ёнида турган пессимист эса, «овора бўлма, мотоциклинг барибир юрмайди!» дея бақиради. Лекин мотоцикл юрабошлайди. Буни кўрган пессимист мотоциклчи орқасидан «энди уни тухтатиб бўпсан!» дея ҳайқиради.

Украина мухолифати Виктор Юшченко лидерлигида Мустақиллик майдонига тўпланиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган кунлари диктатуранинг «либерал» тарафдорлари бир овоздан дунёни Украинада муҳтамал истиқрорсизликдан ва унинг ёмон оқибатларидан огоҳлантира бошладилар. Демократик мухолифат ғалаба қилганда эса улар Украинанинг парчаланиш таҳликаси ҳақида жар солдилар. Икки йил аввал эса шунга ўхшаш башоратлар Гуржистон ҳақида, бу йил эса Қирғизистон ҳақида турли интернет нашрларида кўзга ташланмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, эски совет ҳудудларидаги диктатураларга у ёки бу шаклда зиён етишидан манфаатдор бўлмаган сиёсий гуруҳлар ҳали ҳам актив фаолиятдалар. Улар учун демократия ва инсон ҳақлари уларнинг «глобал ҳадаф»ларига халал бермасагина мазмун касб этиши мумкин. Биз учун эса – бу минтақада яшаётганлар учун – демократиядан ҳам глобалроқ бир ҳадаф йўқдир.

Бизнинг «демократиями ёки истиқрорми муҳим» қабилидаги қисир мунозараларга сарф қиладиган вақтимиз йўқ. Биз чеккан 15 йиллик изтироб шу ҳақиқатни бизга кўрсатди. Истиқрор қийматли нарса, аммо озодлик ундан қийматлироқдир. Биз бундан аминмиз. Озод инсонга бу ғалати мантиқни тушунтирмоқ осон эмас. Хаста сиҳҳатнинг қийматини сиҳҳатли кишидан яхшироқ билади. Озод бўлмаган киши озодлик қадрини озод инсондан яхшироқ билади.

Совет Иттифоқи йиқилгандан сўнг бу ҳудудда пайдо бўлган янги давлатлар ўзларининг «Қизил майдон»ларини дарҳол «Озодлик» ва ёки «Мустақиллик» майдонлари деб атадилар. Аммо бу майдонларга озодлик кириб келмади, бу майдонларда диктаторларнинг руҳлари кезиб юрди ва юрмоқда. Аммо сўнгги икки йил ичида Тбилиси, Киев ва Бишкекда юз берган тарихий воқеалар озодликнинг майдон исмидан каттароқ нарсаларга ҳам молик бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Биз бу майдонларда бир халқнинг давлат қуллигидан давлат соҳиблиги мақомига кўтарилиш жараёнига шоҳидлик этдик. Биз буюк бир шавқ билан шуни кўрдикки, бу майдонларда оддий инсонлар ўз мамлакатларининг янги сиймосини ярата бошладилар.

2005

(110)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (325-330-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар