Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ойдинойнинг саргузаштлари

Ойдинойнинг саргузаштлари
14 Nisan 2017 - 11:14 'да юкланди ва 1382 марта ўқилди.

Азиз дўстларим!

Янги бир лойиҳа устида ишлаяпман. Хориж анимацион филмларининг ҳаммаси ҳам менталитетимизга тўғри келавермайди. Шунинг учун, янги қаҳрамон қиёфасини яратишга уриниб, ушбу саргузашт эртакни ёзишга қарор қилдим. Эртак оддий эмас, ҳар бир қисмида болажонлар табиат ва табобат сирларидан содда усулда таништирилиб борилади. Қолаверса болажонлар саломатлиги учун фойдали маслаҳатлар бериб борилади.

Ўқиб, хулосаларингизни, фикрларингизни билдиринг. Хато ва камчиликларимни айтинг. Бирга тўғирлаймиз. Зеро, фарзандлар тарбясида барчамиз масъулмиз. Эртакни ёзишимга сабабчи бўлган устозимни дуо қилинг, охирати обод бўлсин!

ОЙДИНОЙНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ

Бор эканда йўқ экан, оч эканда тўқ экан. Яқин ўтган замонда, оддий бир хонадонда Ойдиной исмли қизча яшар экан. У ниҳоятда пок кўнгил, доно, маҳмадона бўлгани билан зукко экан.

У келажакда ким бўлиши хақида ўйлаб кўрмаган бўлсада, яқинлари “Сен албатта табиб бўлишинг керак” дейишарди. Нимага дейсизми?

Чунки унинг қалби меҳрга лиммо-лим эканда! Қаноти синган қушча, қўли қайирилган кучукча ёки бошига жомча тушиб кетган Бароқвойни “Жониворлар шифохонаси”га олиб боргани ҳам ёлғон эмас. Ростини айтсам ўша кучукча, мушукча ва қушчалар жониворлар дўхтирининг аччиқ дориларидан эмас, Ойдинойнинг эътибори ва меҳри туфайли тузалиб қолишганини ҳамма билади. Қуриллай олмай қолган қурбақанинг овоз бойламларини мойчечак дамламаси билан даволаганидан сўнг эса эса, ота-онаси унинг айтган китобларини олиб берадиган бўлишди.

У ростдан ҳам жуда кўп ўқирди. Мутоаладан сўнг эса уйидан узоқ бўлмаган денгиз олдига бориб, қадрдон дўстларига китобдан олган таъсуротларини гапириб берарди.

Дўстлари ким деяпсизми?

Сал қолса ёдимдан кўтарилар экан. Ойдиной нафақат инсонлар, балки жони бор барча мавжудотлар билан гаплаша олар эди.

У қадрдон қирғоқ бўйига чопиб келгач, аввал шўх балиқчаларни тарбияга чақираётган денгизга салом берарди.

-Ассалому алайкум Тенгсиз бува!

Кекса денгизга қизча қўйган ном ёқсада ҳар доимгидай камтарлик билан алик оларди.

-Ваалайкум ассалом . Яна Тенгсиз бува деяпсанми?

Ойдиной яйраб кулар экан, оёқчаларига урилаётган шўх тўлқинлардан хузурланиб, жавоб қайтаради.

-Ростдан ҳам тенгингиз йўқ! Охирингиз кўринмаса. Жахлингиз чиқса баҳайбат кемаларни ҳам адабини бериб қўясизку.

Денгиз шўр сувларини кўпиртириб кулар экан, бир оз виқорланиб жавоб қайтарарди:

-Тўғри, жудаям каттаман. Баҳайбат кемаларни чирпирак қилишим ҳам рост, аммо шу кичкина балиқчаларимни ҳеч тарбиялай олмаяпманда!

Қизча денгиз сувида бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнаётган балиқчаларни хузурланиб кузатар экан, уларнинг шўхлиги сабабини асослаб беришга харакат қилди:

– Тенгсиз бува, балиқчаларни тинчлантира олмайсиз.

-Нега энди?

-Чунки балиқчаларингизда Омега-3 ярим тўйинмаган ёғ кислоталари бўлиб, улар яхшигина қувват манбайику! ! Айниқса скумбрия, сельд, сардина, палтусда тўйинмаган ёғлар кўпроқ бўлади. Ўша ярим тўйинмаган ёғлар юраги заифроқ беморлар учун энг зўр дорида! Биласизми Тенгсиз бува, умуман балиқчалари йўқ денгиз ҳам бор экан. Шунинг учун уни Ўлик денгиз дейишади. Лут алайхиссалом давригача унда турли жонзотлар яшаган. Кейин нимагадир ўлиб қолишган . Ўлик денгизнинг сувичи, сизникидан ҳам шўр. Лекин Жибути давлатидаги Ассаал кўли ундан хам шўрроқ экан.

-Тўхта-тўхта, маҳмадона- деди, денгиз чайқалганча, –Буларни яна қайси китобдан ўқидинг? Ўзинг жимитдай бўлсанг, шунча нарсани ўрганиш оғирлик қилмайдими?

Ойдиной тиззаларига уриб кулар экан, дона-дона қилиб жавоб берди:

– Керакли юкни оғири йўқ Тенгсиз бува! Яхшиси, менга айтингчи, сиздан каттароқ денгизлар ҳам борми?

– Албатта,-деди денгиз, қизалоқни хайратга солмоқ учун овозига сирли тус берар экан,- Мендан ҳам каттароқ денгизлар ва уммонлар бор. Катта бўлсанг, уларни ҳам кўрасан. Хўп майли… Қани айтчи, бугун қандай китобларни ўқидинг. Нималар хақида билиб олдинг?

Ойдиной шифобаҳш денгиз ҳавосидан чуқур нафас олгандан сўнг жавоб бердии:

-Бугунчи, сув хақида ўқидим ва кўп нарсаларни билиб олдим. Ўзим ҳам бир нарсалар ёзгим келганди ёзиб қўйдим.

-Хўш-хўш,- мавжланибди денгиз,- Қани, менга ҳам гапириб берчи. Сув хақида бўлса жудаям қизиқку! Хой балиқчалар, денгиз ўтлари , чағалайлар сизлар ҳам яқинроқ келинг. Бугунги маъруза сув хақида экан.

Ойдиной яна кулиб юборди:

-Қанақа маъруза, Тенгсиз бува? Нима, мен сизга профессормидим?

Денгиз ҳам бўш келмади, қизчанинг туфлисига қўнган ғуборни ювиб қўйганча шовуллади:

-Шу кетишда профессор эмас, академик ҳам бўласан билағон! Мен эса “кичкиналигида туфличасини ювиб қўяр эдим” деб фахрланаман.

Ойдиной ялтираб қолган туфличасидаги ўз аксига қараб жилмаяр экан, раҳмат айтди;

-Ташаккур Тенгсизбува! Тўлқинларингиз дард кўрмасин! Ўзингиз айтганингидек академик бўлганимда ҳам ёнингизга келиб туришга ваъда бераман.

Ҳамма мазза қилиб кулиб олишгач, унинг оғзига тикилишди.

Ғаройиб ҳикояларга ўрганиб қолган чағалайлар, катта-кичик балиқлар ва турли жонзотлар янги ҳикояларни яйраб тинглашарди. Ойдиной кўп куттириш яхши эмаслигини билгани учун, томоқ қириб олгач ҳикоясини бошлади:

– Кунчиқар мамлакатда бир олим яшар экан. У сув намуналари музлатиб, расмини олибди.

Қўҳна денгиз кўпни кўрган, музлайдиган уммонлар хақида ҳам эшитган, аммо ўзи музлаб қолишини тасаввур эта олмасди. Шунинг учун қовоғини уюб, жахлини чиққанини яширмади:

-Беадаблик! Суратга олиши яхши, лекин бунинг учун музлатиш шартмикан? Мана мени неччи марта суратга олишган. Ўзинг ҳам мени манзарамда суратга тушишни ёқтирасан тўғрими? Шунақа экан, музлатиш шарт эмас!

-Шарт эканда Тенгсиз бува, -деди қизалоқ, уни жахлдан туширишга харакат қилиб, – Музлатганда сувнинг юрагини кўриш мумкин.

-Ола! Демак, ўша кунчиқарлик олимнинг фикрича музламайдиган сувда юрак бўлмайди, тўғрими?

-Йўқ, буважон! Сиз нотўғри тушундингиз. Сувни музлатиб унинг фазилатларини кўриш мумкин экан. Табиий оққан сувлар музлатилганда чиройли кристаллар ҳосил қилибди. Кран суви эса кристаллашмаган, кристаллашса ҳам бузуқ кристаллар ҳосил қилган.

-Кристалл дегани яна нимаси? – чийиллади чағалайлардан бири.

-Шошманг . Ҳаммасини айтаман, -давом этибди қизалоқ, – Кристалл юнонча сўз бўлиб, муз деган маънони англатади.

-Хўш, кейин нима бўлибди?

-Олим тажрибани яна давом эттириб, учта яхши сўз ёзилган қоғозчалар ёпиштирилган шишаларга сув қуйиб, уларни ҳам музлатган. Учта шишадаги сув ҳам жудаям чиройли кристаллар ҳосил қилган . Қоғозчасига “Шайтон” сўзи ёзилган тўртинчи шишадаги сув эса қоп-қоронғу тешик шаклини олиб, хунук музлаганмиш…

-Вой, ростданми?- хайратланибди, қояга ёпишган денгиз ўтлар шивирлаб, -Демак, сув ҳам Шайтонни ёмонлигини билар эканда?

-Бўлмасамчи,-деди денгиз, -Сув яхши –ёмонни фарқига боради. Мана, менинг бағримда сузиб юрган кемаларда турли –туман феълдаги одамлар бор. Уларни қалбидаги меҳрни ҳам, қахрни ҳам кўриб тураман. Баъзан ёмонларни қаттиқ жазолайман. Уларнинг ичида жахлимни кўргач тавба қилиб, яхши томонга ўзгарганлари ҳам бор. Хулоса чиқармаганлар эса, албатта ўз жазосини олади… Кейин, нима бўлибди қизим, давом эт!

-Кейинчи, олим яна кўўўпгина тажрибалар ўтказибди. Мен ҳам ўша тажрибалардан бирини қилмоқчиман.

-Нима қилмоқчисан? Қанақа тажриба?

-Биз ҳам эшитайлик.

-Тажрибада иштирок этсак бўладими?

Чағалайлар ва балиқчаларнинг ҳали қилиб кўрмаган тажрибасида қандай иштирок этишларини тасаввур қила олмай кулиб юборган қизалоқ, ваъда бера қолди.

-Албатта. Фақат хозир эмас. Аввал ўзим яхшилаб ўрганиб олай, ана ундан кейин боплаймиз!

-Майли -деди, хафсаласи пир бўлган чағалайлар,- Cув хақида яна нималарни ўқидинг?

-Яначи, тоғ музларидан ва эриган қорлардан дарёларга окқан сувлар соғлом сувлар экан. Тепа булоқлардан, пастга, тошларга тушган, тез ва кўп оққан, тўхтамай ҳаракатда бўлган енгиллашган сувлар соғлиқ учун жудаям фойдали эмиш. Ёмғир суви ҳам зўр. Чунки у ҳавони тозалайди. Қолаверса ич кетишини (диареяни) тўхтатади ва жигар, буйрак касалликларини енгиллаштиради.

-Вой, бў…-дебди хайратини яшира олмаган денгиз. Анча маълумотларни билмас эканман.

-Мен ҳам- деди, Ойдиной жилмайганча. Биласизми, кўл суви ҳаракатининг озлигидан оғир сув ҳисобланар экан. Ер ости сувларининг, ғор ва қудуқ сувларининг таркиби эса қаттиқ бўлармиш.

-Ростданми?

-Ха рост! Дарё суви билан қудуқ сувининг қоришмаси, қайнатилган ва қайнатилмаган сувларнинг аралашмаси, ичига муз солинган сувлар соғлик учун жуда зарарли экан. Идишларда сақланиб, дўконларда сотиладиган сувлар ҳам энг оғир сувлар эканини ҳам билмас эдим.

-Мен хақимда ҳам ўқидингми? –дебди, денгиз унинг кўзларига жавдираганча.

-Йўқ Тенгсиз бобо. Улгурмадим, аммо ваъда бераман. Ўқиб ҳамма- ҳаммасини айтиб бераман.

Қизалоқнинг эркатойи бўлган Чағчағжон исимли лўппи чағалай тумшуғини чўччайтириб луқма ташлади:

– Боядан бери қулоқ соламан аввал балиқлар, кейин қанақадир ёғлар, сув хақидагина гапиряпсан. Дўстингман дейсану, хафа қилиб қўйяпсанда ўртоғ. Биз хақимизда ҳам бирор нарсалар ёзилганми китобларда.

-Ёзилган, – деди у, эркатой дўстини оппоқ бўйнини қитиқлаганча, Масалан, чағалайлар ақлли қушлардан хисобланиб, йирикроқлари йигирма йил яшаши мумкин. Кейинчи, мутахасислар асабийлашган, чарчаган одамларга денгиз олдига келиб чағалайларни кузатишни тавсия қилишар экан. Чунки сизнинг овозингиз ва парвозингиз асаб тизимини тинчлантиришга ёрдам берармиш.

-Йўғ-ей! Оширвормадингми? Овозимиз жа унақа чиройли эмаску! Кейин ўлгудай очофатмиз.

Сўнг овозини пастлатиб шивирлади;

-Ўша сен айтган 3-омегали, тўйинмаган ёғлари бор балиқчалар жону-дилимизда. Кўўп еворяпмиз. Хозир ҳам зўрға турибман. Анави сенга мўлтираб турган балиқтойларни лиқ этиб ютиб юборсам.

Ойдиной очофат дўстининг иқрори табиийлигин билса ҳам , балиқчаларга ачиниб пўписа қилиб қўйди.

– Балиқчаларни камроқ егин. Денгиз ўтларидан тотиб кўрмайсанми?

Чағчағжонни афти буришди:

-Нима, сен мени парҳезга ўтирғизмоқчимисан? Манави ялтираб турган тўшим, чиройли патларим яхши озуқамданку!

Қизалоқ ўзбилармон чағалайни фикридан қайтара олмаслигини билсада, ўз фикрини айтди:

Соғлом бўлиш учун Чағчағжон, тўғри овқатланиш керак! Қадимги ҳакимлар “Касаллик нима?” саволига “Ейилганни ҳазм қилмасдан, устига таом ейишдир”, деб жавоб беришган экан.

Касалликларнинг асосий сабаблардан бири ҳазмнинг тамомланишини кутмасдан, бир овқатнинг устига бошка овқат ейишдир.

– Йўғ-ей, эътироз билдирди Чағчағжон катта кўзлари яна каттариб:

– Омегали балиқчалар мен айбдорманми? Ошқозонимга сиғяптику деб ютавераманда. Сени қараю, юрагимга ботмайдиган нарсалар хақида ҳам гапириб бер…

Ойдиной саломатлигидан хавотир олиб қолган Чағчағжоони соддалигидан кулиб, уни юпатар экан, астойдил ваъда берди:

– Албатта гапириб бераман. Фақат, келаси сафар. Бугун вақтим озроқ

– Нега вақтинг оз, бирор жойга шошиляпсанми? –деди Чағчағжон, унинг кетиб қолишидан қўрқиб.

-Ха. Дарс тайёрлашим керак.

Сув хақида кўпроқ нарсаларни билгиси келаётган бўлсада, қизалоқни билим олишга интилаётганидан қувонган денгиз уч –тўртта чиройли чиғаноқ чиқариб, камтарона мавжланибди.

-Бу сенга совға. Улар хақида ҳам бир нарсалар ўқиб келгин. Биз эса сени соғиниб кутамиз. Ха, айтганча сенга хушхабар бор эди. Тўғрими Зоғоражон?

Зоғоражон дегани ўзи думалоқ зоғорага ўхшасада чаққонгина, хушёру- хушфеългина зоғора балиқ эди.

-Хой тўйинмаган ёғлари ялтиратиб турган Зоғоражон. Қўрқмай бошингини кўтаравер, бугун сени емайман. Хозиргина тўғри овқатланиш хақида хавотирли огоҳлантириш олдим. Шахсан бўладиган академикнинг ўзидан!

Чағчағжоннинг гапидан ҳамма кулиб юборгач, тўлқинлар ичида Зоғоражоннинг калласи кўринди

– Салом Ойдиной! Салом Чағчағ ва бошқалар. Ростдан ҳам хушхабарим бор.

У сузғичларини уфқда сузиб келаётган улкан кемага ишора қилиб давом этди:

– Хов анави кемани кўряпссизларми? Унда келаётган савдогар балиқлар хақида зўр китоблар олиб келяптида. Ойдиной, сув хақида анча нарсаларни билиб олибсан, биз хақимизда ҳам билгинг келмаяптими?

Боядан бери нотўғри овқатланишни зарарлари хақида ўйлаб тушкунликка тушган Чағчағжонни жиғибийрони чиқиб, яна чийиллади:

– Хов зоғора! Бугунга балиқлар хақида етарли бўлгандир? Иштаҳамни жиловлашга харакат қилганим сари ўзинг яна балиқлар хақида сўз очяпсан. Нима бундан бошқа мавзу йўқми?

Қизча Зоғоражонга кўз қисиб, айрона жилмайди:

– Бошқа мавзулар ҳам бор. Аммо балиқлар дунёсини ҳали тўлиғича ўрганмаганманда. Тўғрими миттивой? Зўр китоб эканини сен қаердан билдинг?

Зоғоражон эркаланиб сузғичлари билан сувни шалоплатар экан, ёйилиб илжайди:

– Нега билмай? Ўша савдогарнинг худди сен каби мовий кўз қизалоғи кема айвончасида китоб ўқиш билан банд экан. Биз қувлашмачоқ ўйнаётган эдик. Китоб муқовасидаги зарҳал сурат кўзимни олди. Қарасам, ўзимга икки томчи сувдек ўхшайдиган балиқ…

Унинг гапи тугамай Ойдиной шарақлаб кулиб юборибди.

-Нега куляпсан? Менга ишонмаяпсанми?

-Хали муқовадаги ёзувни ҳам ўқидим дерсан Зоғоражон? Чағчағжон сен ҳам кўргандирсан, ростдан ўша кемада китоблар борми?

Чағчағжон “Яна балиқлар мавзусими?” деганча ғўддайган қоятош томон ўгирилиб олгач, тўдабоши бўлган кекса чағалай бошини қимирлатди:

-Балиқча рост гапиряпти Ойдиной. Ўша кемада яна табобатга доир китоблар ҳам кўп экан. Биз қушлар хақида ҳам бор. Айтишларича шаҳардаги китоб дўконларида сотилармиш…

Кўзини юмганча ахборот бераётган кекса чағалайнинг гаплари охирига етмай, қизча ўрнидан сакраб турди. Оёқлари ерга тегмай уй томон югурар экан, бутун ҳаёли китобларда эди…

Муаззам Иброҳимова

facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар