Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Очиқ хат

Очиқ хат
15 Nisan 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1365 марта ўқилди.

(Ўзбекистон Президенти Каримов Ислом Абдуғаниевичга)

Бултур Ўзбекистон Президентига бир хат ёзиб, дўстларимга кўрсатгандим, улар хатни «маъқул, аммо Ўзбекистон Президенти каби сиёсий маҳбусларнинг қийноқ манзараларини томоша қилишни севган бир киши учун ҳаддан ташқари юмшоқ ва адабий, деб топдилар. Уларнинг бу фикридан сўнгра хатни эълон қилиш ниятидан воз кечдим. Фақат Андижондаги ваҳшиёна қатлиомдан сўнгра бу хатнинг у қадар ҳам адабий эмаслигини кўрдим. Мана ўша хат матни:

«Мен бу мактубни сизни истеъфога чақириш учун ёзаётганим йўқ. Бу хатни сизни инсофга чақириш учун ва ҳатто халқингизга қарши репрессияларни тўхтатишга чақириш учун ҳам ёзмадим. Бу хат воситасида сиз билан тортишмоқ ниятим ҳам йўқ.

Бу хатни ёзишга 1998 йилда чиққан «Ислам Каримов – 1998» деган китобда кўрганим бир расм туртки берди. Ғалати бир расм. Бу семиз китобдаги ўнларча расм ичида ягона самимий руҳга соҳиб, лаганбардорларнинг ретушисиз, атрофингизни қуршаган сохта табассумларсиз бир расм. Адолатсиз ҳокимиятнинг совуқ нафаси – ёмонликнинг ҳавоси йўқ бу расмда.

Бу расмда сизнинг қўлингизда бир маъсум болакай – сизнинг набирангиз – ўзининг тоза табассумини объективга йўналтирган ва орқасида бобосининг изтироб тўла нигоҳини асло кўрмайди. Яхшиям кўрмайди. Чунки бу нигоҳдаги аччиқ изтироб унга ҳузур бериши даргумон эди.

Аммо менга ўхшаган ЎЗИГА КЕЛГАНЛАР учун бу расмда – муболағасиз айтаяпман – очиқ бир насиҳат бор эди. Яратганнинг қонунлари нақадар мукаммаллиги ҳақда бир насиҳат: изтироб чектирар экан, изтироб чекажаксиз.

Расмдаги Дарс айнан шу эди.

Расм менинг нафсимни қаттиқ безовта этди. Оллоҳнинг бу каби кинояси олдида гоҳ ёниб, гоҳ сўниб турган Қўрқувимни янгилади. Шундай бир киноя ҳақида «Пайғамбарлар тарихи»да ўқиган эдим:

Намруд (Иброҳим алайҳиссаломни оташга ташлаган мустабид ҳукмдор) Оллоҳга қарши исён қилганида, Оллоҳ унга қарши зилзила мусаллот қилмайди. Тўфон ҳам юбормайди унга қарши. Оллоҳу Таоло унга қарши кичик бир пашшани жўнатади, пашша унинг бурнидан кириб, миясига жойлашади. Мияда ҳар қимирлаганида, Намруд ақл бовар қилмас оғриққа тутилади ва бундан қутилиш учун хизматкорларига бошига тўқмоқ билан уришни буюради. Ниҳоят, содиқ қуллари уни уриб-уриб ўлдиришади.

Намруд замонида фотография йўқ эди. Агар бўлсайди, биз Намруднинг нигоҳини кўрган бўлардик. Даҳшатли оғриқдан қўпган қиёмат тасвири акс этган нигоҳини. Бу 1998 йил чоп этилган ўша китобда кўрганимиз изтиробдан ҳам шиддатлироқ бир тасвир бўларди албатта.

Сизни Намруд билан тенглаштираётганим йўқ. Намруддан фарқли ўлароқ сизнинг содиқ хизматкорларингиз йўқ. Сизнинг хизматкорларингиз сизни сотиш учун қулай фурсат пойлаб турганини сиз ҳам яхши биласиз. Уларга Намруд изтиробидан қутқариш учун берган буйруғингизни бажармасликлари мумкин.

Сизни у даҳшатли оғриқ чангалида қолдириб, қочишлари мумкин. Ана ўшанда – ниҳоят – сиз бугун «жоҳил ва нонкўр» деб атаётган халқингизга мурожаат этажаксиз. Сиз бу азобдан қутқариш учун халқингизга ёлворажаксиз, худди халқингиз сиздан қутулиш учун бугун Оллоҳга ёлворганидай. Мен сизни яхши биламан, чунки сиз бугун чиқа олмай чирпинаётган ўша ботқоқдан чиқдим. Ўлкамдаги сиёсий элитани қамраб олган у маънавий ҳавони назарда тутаяпман.

Эсингиздами, 1991 йилги Президент сайловларидан сўнгра мени ҳузурингизга даъват қилиб, айнан шуни дегандингиз: «Бу сайловлар туфайли тарихда қолдингиз, бунга хурсанд бўлишингиз керак». Ўша пайтда камина сизга «тарихда қолиш учун сайловга муҳтожлигим йўқ», деб жавоб бергандим. Бу билан «адабиётчи сифатида ҳам ўзимга етарли обрўйим бор», демоқчи бўлдим албатта. У пайтларда ёш жиҳатдан сиздан ёшроқ, аммо обрўталаблилик жиҳатидан сиздан кам эмасдим чоғи. Масалан, шундай деб ўйлардим: «нега мен шундай яхши инсон, шундай тўғрисўз, ўз халқини севган ватанпарвар, соф ниятли бир идеал киши тазйиқ ва таъқиб остида, азоб ичида яшашим кераг-у, иккиюзли эски коммунист, Совет Иттифоқининг оташин ҳимоячиси, бир кунда мустақиллик тарафдори бўлиб, халқимга бошчилик қилиши керак?” Шунақа кибрли эдим.

Оллоҳимга шукрлар бўлсинки, мени бу исён ичида яна-да тубанроққа сирғалишимга изн бермади. Ҳеч ҳаялламасдан – сизнинг қўлларингиз билан! – мени ватанимдан бадарға қилди. Дарҳол!

Бу мўъжиза эмасми?

Бу сургун мени қайси қоронғиликдан олиб чиққанини тасаввур қиласизми?

Қандай қўрқинчли зулматлардан суғуриб олди!

Йўқ, сиз тасаввур қилолмайсиз, чунки сиз ҳали ҳам ўша мени қабул қилган кабинетда турибсиз. Ўша 1992 йилда. Каминага тарихда қолганлигим учун қувонишимни тавсия қилганингиз кабинетда. Сиз ўша кабинетдасиз ва ҳеч ўзгармадингиз. Агар ўзгарганингизда эди, у расмдаги нигоҳда шафқатсиз изтиробни биз кўрмаган бўлардик. Агар ўзгарганингизда эди, сиз у кабинетдан истеъфо қилиб, яна ўша набирангиз билан ўтирган бўлардингиз.

Фақат бу ҳолдаги расмингизда ўша даҳшатли изтироб бўлмасди. Қўрқаманки, сиз бу саодатни қўлдан чиқардингиз. Ҳар ҳолда, бугунгача сиз бу бахт қушини тутолганингиз йўқ. Тушунинг, сизнинг устингиздан кулаётганим йўқ.

Дардингизга бир дардкаш бўлмоқ истаяпман. Чунки биламан, сизга нақадар оғирлигини, нақадар қўрқинчли эканини бу дунёнинг. Инсоннинг атрофида одам тўла бўшлиқ бўлса, бу бир даҳшатдир. Инсонда ИНОНЧ йўқ бўлса, ўзидан бошқа ҳеч бир мавжудотга инонч йўқ бўлса бу – бир даҳшатдир.

Мен сизга дардкаш бўлмоқ истайман. Бутун менга ўтказган зулмингизга қарамай, менинг оиламга, менинг яқинларимга, дўстларимга ва ҳатто халқимга ўтказган зулмингизга қарамай, сизга дардкаш бўлмоқ истайман. Дардкашлик истайман, чунки сизнинг ўрнингизда ўзимни тасаввур қилаоламан ва бу тасаввурдан даҳшатга тушаоламан: дардкашлик нима билмаган, ўзининг ҳамиша ҳақлигига ишонган, такаббур, одамларга доим юқоридан боқадиган бир зотни тасаввур қилаоламан. Юмшоқкўнгиллиликни заифлик, инсонийликни эса давлат одамига ярашмайдиган зарарли одат сановчи, ўзининг «реал политикачилиги» билан фаxр туйган бир киши, Макиавеллининг гизли муxлиси бўлган бир тип. Ўзимни бу типнинг қолипида ТАСАВВУР этиш мени шундай даҳшатли қўрқинчга солса, бу тип бўлиб ЯШАШ нақадар даҳшат эканлигини ўйлаб, сизга ачинаман ва шу ачиниш туйғуси ила сизга ҳамдард бўламан.

Буларни сизга ёзиб, бошқаларнинг ўқишини истаяпман. Очиқ бир насиҳат услубида ёзаяпманки, буларни ўқиб, лоақал бир неча киши сизларга ўхшашдан воз кечсин. Сизларга ўхшаб ўйлашдан, ишлашдан ва яшашдан воз кечсин. Сизга ва сизнинг одамларингизга ўхшашдан қўрқсин.

Инсонларни тириклайин қайноқ сувда қайнатадиган одамларингизга ўхшашдан қўрқсин. Ки улар ҳамдардлик нимадир билсин, кўз ўнгида оғриқдан тўлғонаётган инсон боласини кўрганда, қалбларида бу оғриқни ҳис этсинлар.

Бу хатни яна «менинг мамлакатимда «экканингни ўрасан» ҳикматини унутмаган инсонлар ҳали ҳам бор», деган умид билан ёзмоқдаман. Мамлакатимизда золимдан қўрқмаган, Оллоҳдан қўрққанлар ҳали ҳам бор, деган умид билан.

Менга суиқасд қилиш учун юборилган кимсaлар бу сизнинг «буюртма»нгиз эканлигини айтишганда, сизнинг одамлардан қўрқишингизни англадим. Бу бир ҳукмдор учун кечирарли ҳол эмас. Сизга ўз тажрибамни айтай: одам зотидан қўрқмаслик учун Оллоҳдан қўрқишни ўрганиш лозим. Бу санъатга ўрганганингиз он сиз на мухолифлардан, на оломондан ва ҳатто на халқингиздан қўрқажаксиз. Халқ орасига чиқаркан, муҳофизлар лашкарига эҳтиёж қолмаяжак.

Жаноб Президент, камина ўзига келган қуллардан биттасидир. Камтарроқ айтсам, ўзига келиш лозимлигини англаган қуллардан. Яъни Нафс шарридан қутулишга уринаётган, бу мажбуриятдан сесканиб ўзига келганлардан бири. Нафс шарридан қутилиш учун унинг ҳақиқий юзини кўришга ҳаракат қилмоғимиз керак. Уни кўрганларни шундай даҳшатли қўрқув босармишки, худди оёқ остида ер ёрилиб, бошингга қоялар қулаётгандай ҳис этиладиган қўрқув. Ва қўрқув сизни ЎЗИНГИЗГА КЕЛТИРИШИ мумкин. Ўшанда дунё кўзингизга бом-бошқа кўринажакдир.

Бугунги ашаддий душманларингиз дўстга айланажак ва кўзларингиздаги у даҳшатли изтироб буғланиб, ҳавога учажакдир. Камина – Оллоҳга беадад шукрлар бўлсин – бу нуқтадаман, бу ердаман. Унга тинмай шукр қиламан, сабабларим сонсиздир. Унга 1991 йил Президентлик сайловларида сизга ютқаздиргани учун шукр қиламан. Сизнинг воситангиз билан мени сургунларда, ёт элларда саргaрдон этгани учун шукр қиламан. Яна сизнинг воситангиз ила менга фарзандларим, яқинларим билан бирликда бу изтиробни чектиргани учун шукр этаман. Шу улуғ дарсни бергани учун шукр киламан: БУ ДУНЁДА ИЗТИРОБ ЧЕКМАГАН ОДАМ НА ЎЗИНИ, НА ЯҚИНИНИ, НА ДЎСТЛАРИНИ ВА НА-ДА ХАЛҚИНИ ТУШУНИБ, АНГЛАЯЖАКДИР.

Ҳолбуки, халқ номидан майдонга чиққан ҳукмдор ҳар ким бу хилқатни, халқни англамоғи вожибдир. Ки бу хилқат ҳукмдорни бутун хизматкорлари тарк этган ул охират кунида ҳукмдорни ўша пашша азoбидан қутқарсин.

2005

(111)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (330-334-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар